Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

Абон ибн Саид бошчилигидаги сарийя

Уруш ҳаром қилинган ойлар ниҳоясига етганидан кейин, атрофда бадавийлар тиш қайраб турган ва мусулмонларни ғафлатда қолдириб, талончилик ва қароқчилик қилишга тайёр бўлиб турган ҳолда Мадинани бутунлай ҳимоясиз қолдириб кетиш маъқул иш эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай ҳарбий қўмондондан-да яхшироқ ҳис қилардилар. Шунинг учун ўзлари Хайбарга йўл оларканлар, бадавийларнинг дилига қўрқув солиб қўйиш мақсадида Абон ибн Саид бошчилигидаги бир сарийяни Наждга йўллаган эдилар. Ушбу сарийя ўзига юклатилган вазифани адо этганидан сўнг қайтиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Хайбарда учрашди. Бу пайтда ул зот Хайбарни фатҳ этиб бўлган эдилар.

Кўпчилик фикрича, бу сарийянинг юборилиши 7-ҳижрийнинг сафар ойида бўлган ва унинг зикри Бухорийда келган. Ибн Ҳажар: «Мен бу сарийянинг ҳолидан воқиф бўлмадим», дейди.[1]

ЕТТИНЧИ ЙИЛДА БЎЛИБ ЎТГАН БОШҚА САРИЙЯ ВА ҒАЗОТЛАР

Зотур-риқоъ ғазоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг учта қанотидан энг кучли икки қанотини синдиришга муваффақ бўлганларидан кейин энди бутун диққат-эътиборларини учинчи қанотга қаратиш учун тамомила фориғ бўлдилар. Учинчи қанот – Нажд даштликларида изғиб юрган тошбағир ва жангари бадавийлар бўлиб, вақти-вақти билан талончилик ва қароқчилик қилиб, осойишталикка путур етказишарди.

Ушбу бадавийларнинг бошини бириктириб турадиган шаҳар ё қишлоқлари бўлмагани ва улар қалъа ёки қўрғонларда истиқомат қилишмагани боис улар устидан тўла ҳукмронлик ўрнатиш ва ёмонлик ўтларини батамом ўчириб ташлаш Макка ва Хайбар аҳлига нисбатан анча қийин кечиши маълум эди. Уларга фақатгина эсларини жойига келтириб қўйиш ва дилларига қўрқув солиб қўйиш мақсадида уюштириладиган фавқулодда ҳамлаларгина фойда берарди. Шу боис мусулмонлар бирин-кетин ана шундай ҳамлаларни уюштириб турдилар.

Мадина атрофларида бочқинчилик мақсадида йиғилишиб турадиган бадавийларнинг шавкатини синдириб қўйиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг эсларини жойига киритиб қўядиган бир ҳарбий юриш ўтказдилар. Бу юриш тарихда Зотур-риқоъ ғазоти номи билан маълум.

Аксарият тарихчилар ушбу ғазотнинг тўртинчи ҳижрийда бўлганини айтишган. Бироқ, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумонинг ушбу ғазотда иштирок этганликлари унинг Хайбар ғазотидан кейин бўлганига далолат қилади. Аниқроғи, у 7-ҳижрийнинг рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган.

Сийратшуносларнинг бу ғазот ҳақида айтган сўзларининг хулосаси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ғатафоннинг Бану Анмор ёки Бану Муҳориб ва Бану Саълаба қабилалари йиғилганлиги хабари етиб келди. Шундан сўнг зудлик билан улар устига 400та ёки 700та саҳобалари билан юриш қилдилар. Мадинага Абу Зарни ёки Усмон ибн Аффонни халифа қилиб қолдирдилар. Уларнинг диёрларига етиб бориб, Мадинадан икки кунлик йўл узоқликдаги Нахл деб аталган жойга тушдилар. Ўша ерда Ғатафондан бўлган бир гуруҳга дуч келдилар. Ҳар икки томон бир-бирига яқинлашиб, рақиб томонни чўчитишга ҳаракатлар бўлди, бироқ ўртада жанг бўлмади. Шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан хавф намозини ўқидилар. Бухорий ривоят қилишича: «Намозга иқомат айтилгач, у зот бир тоифа билан икки ракъат ўқидилар, сўнг улар орқага ўтишди ва иккинчи тоифа билан икки ракъат ўқидилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари тўрт ракъат, қавмнинг намози икки ракъат бўлди.[2]

Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтиради: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан чиқдик, олти кишининг ўртасида битта туя бўлиб, уни навбатлашиб минардик. Шунда оёқларимиз ёрилиб кетди. Менинг ҳам оёқларим ости ёрилиб, тирноқларим кўчиб кетди. Оёқларимизга латталар боғлаб олдик. Шунинг учун бу ғазот «Зотур-риқоъ» (ямоқли) деб номланди».[3]

Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Зотур-риқоъ ғазотига чиққан эдик. Бир сояли дарахт олдига етиб келиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қолдирдик, у зот ўша ерга тушдилар. Одамлар бутазорга тарқалиб, буталар соясига тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличларини дарахт шохига илиб қўйиб, дам олгани ётдилар. Биз ухлаб ётганимизда мушриклардан бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларини суғуриб олиб: «Мендан қўрқасанми?», деб сўрабди. У зот: «Йўқ», деб жавоб берибдилар». «Сени ким мендан ҳимоя қила олади?», деб сўрабди. «Аллоҳ», дебдилар. Бир вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни чақириб қолдилар. Борсак, олдиларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одам мен ухлаётган пайтда келиб, қиличимни суғуриб олибди. Уйғонсам, у қилич яланғочлаб турибди. Шунда у мендан: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», деди. Мен: «Аллоҳ», дедим. Мана, у олдимда ўтирибди», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳеч қандай итоб қилмадилар». Абу Авона ривоятида: «Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўлларига олиб: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», дедилар. У: «Менга шафқат қилинг», деб илтимос қилди. «Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?», дедилар. Аъробий: «Мен сизга қарши урушмасликка ва сиз билан урушадиган қавм билан бирга бўлмасликка аҳд бераман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўйиб юбордилар. У қавмига бориб: «Мен ҳозир одамларнинг энг яхшиси олдидан келдим», деди».[4]

Бухорий ривоятида: Мусаддад Абу Авонадан, у Абу Бишрдан ривоят қилади: «Ҳалиги кишининг исми Ғаврас ибн Ҳорис эди, у исломни қабул қилди».[5]

Ибн Ҳажар айтади: «Воқидий ушбу қиссанинг сабабини сўзларкан, аъробийнинг исми Дуъсур бўлиб, у исломни қабул қилганини ёзади. Бироқ, унинг сўзлари зоҳиридан бу бошқа ғазотдаги бошқа қисса экани кўринади. Валлоҳу аълам».[6]

Мана шу ғазотдан қайтишларида мушрикларнинг бир аёлини асирга туширдилар. Унинг эри Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бировининг қонини тўкмагунча ортга қайтмасликни назр қилиб чиқди ва тунда мусулмонлар дам олаётган жойга етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кишини мусулмонларни қўриқлаб туришга пойлоқчи қилиб қўйган эдилар. Улар Аббод ибн Бишр ва Аммор ибн Ёсир эдилар. Ҳалиги мушрик яқинлашганида Аббод намоз ўқиётган эди, уни камон ўқи билан яралади. У ўқни суғуриб ташлаб, намозида давом этди. Ана шу тарзда унга кетма-кет учта ўқ тегди. Шунда ҳам у намозини бузмади. Намозидан салом бергач, шеригини уйғотди. Шунда у: «Субҳаналлоҳ! Мени уйғотиб қўйсанг бўлмасмиди?!», деган эди: «Бир сурани ўқиб турган эдим, уни бўлгим келмади», деб жавоб берди.[7]

Ушбу ғазотнинг аъробийлар дилига қўрқув солиб қўйишда катта таъсири бўлди. Агар шу ғазотдан кейинги сарийялар тафсилотига назар ташласак, Ғатафон қабилалари мана шу ғазотдан сўнг бош кўтаришга журъат қилолмай қолишганини, аксинча, бора-бора овозлари ўчиб, айримлари таслим бўлиб,айримлари мусулмон бўлишганини кўрамиз. Ҳатто, ушбу аъробийларнинг бир неча қабилалари Макка фатҳида мусулмонлар сафида турганликларини, Ҳунайн жангида ҳам иштирок этиб, ўлжаларга эга бўлишганини, Фатҳ ғазотидан қайтишганидан сўнг ҳузурларига закот йиғувчилар келганида закотларини берганликларини кўриш мумкин.

Шу билан аҳзобларнинг қанотлари сифатида кўрилган ҳар уччала қанот тўла-тўкис синдирилиб, минтақада тинчлик-осойишталик ҳукм сура бошлади. Шундан сўнг мусулмонлар айрим минтақаларда айрим қабилалар тарафидан содир бўлган исён ва тажовузларни осонлик билан бартараф этишга қодир бўлдилар. Ва ҳатто энди катта мамлакатлар ва диёрларни фатҳ қилиш учун тайёргарликлар бошланиб қолди. Чунки, ўлканинг ичкарисидаги вазиятлар энди тўлалигича Ислом ва мусулмонлар фойдасига ривожланаётган эди.

Ушбу ғазотдан кейин юборилган сарийялар

Ушбу ғазотдан қайтганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари то 7-ҳижрийнинг шаввол ойигача ғазотга чиқмадилар. Шу муддат оралиғида бир неча сарийялар юбордилар. Қуйида уларнинг айрим тафсилоти билан танишасиз:

1) 7-ҳижрийнинг сафар ёки рабиул-аввал ойида Қудайддаги Бану Мулавваҳ қабиласи устига юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий бошчилигидаги сарийя.

Бану Мулавваҳ Башир ибн Сувайднинг ҳамроҳларини ўлдиришган бўлиб, ушбу сарийя улардан қасос олиш мақсадида юборилди. Улар тунда бориб, қабилага ҳамла қилиб, ўлдирганларини ўлдириб, чорваларини ҳайдаб кетишди. Ортларидан душманнинг каттагина қўшини қувиб чиқди ва мусулмонларга яқинлашиб қолганларида ёмғир қуйиб, улкан сел оқими икки гуруҳ ўртасини тўсиб қўйди. Мусулмонлар саломат қайтиб келдилар.

2) 7-ҳижрийнинг жумодус-сония ойида юборилган Ҳисмо сарийяси.

Бу ҳақда подшоҳларга мактублар йўлланиши ҳақидаги саҳифаларда айтиб ўтилди.

3) 7-ҳижрийнинг шаъбон ойида Турабага юборилган Умар ибн Хаттоб бошчилигидаги 30 кишилик сарийя.

Улар тунда йўл босиб, кундузлари яшириниб боришаркан, барибир Ҳавозин бундан хабар топиб, қочиб қолдилар. Умар уларнинг маҳаллаларига бориб, ҳеч кимни учратолмай, Мадинага қайтиб кетдилар.

4) 7-ҳижрийнинг шаъбон ойида Фадак ноҳиясидаги Бану Мурра қабиласига юборилган Башир ибн Саъд ал-Ансорий бошчилигидаги 30 кишилик сарийя.

Улар бориб, қавмнинг қўйларини ва туяларини ҳайдаб кетишди. Тунда душман ортларидан қувиб етиб келиб, уларни камондан ўққа тутишди. Башир ва шерикларининг ўқлари тугаб қолиб, натижада барчаси душман томонидан ўлдирилдилар. Биргина Башир жароҳатланган ҳолда топилиб, Фадакка олиб келинди ва то жароҳати тузалгунича яҳудлар олдида туриб, сўнг Мадинага қайтиб келди.

5) 7-ҳижрийнинг рамазон ойида Майфаъадаги Бану Увол ва Бану Абд ибн Саълаба қабилаларига – баъзи ривоятларда Жуҳайнадаги Ҳурақотга – юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий бошчилигидаги 130 кишилик сарийя.

Сарийя айтилган жойга етиб келиб, қавмга ҳужум қилди ва қаршиларидан чиққанларни ўлдириб, туялар ва қўйларни ҳайдаб кетди. Мана шу сарийяда Усома ибн Зайд Наҳик ибн Мирдос деган одамни «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтганидан кейин ўлдириб қўйди. Мадинага қайтганларидан сўнг бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берилгач, у зот Усоманинг бу ишини номаъқул санадилар ва: «Қандай қилиб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан сўнг ўлдирасан?!», дедилар. «У бу калимани жонини сақлаб қолиш учун айтганди», деди Усома. «Қалбини ёриб кўрмабсан-да, ростми, ёлғонлигини билардинг?!», дедилар.

6) 7-ҳижрийнинг шаввол ойида Хайбарга юборилган Абдуллоҳ ибн Равоҳа бошчилигидаги 30 отлиқдан иборат сарийя.

Сабаби, Усайр – ёки Башир – ибн Зорим Ғатафонни мусулмонлар билан урушиш учун жамлашга уринаётган эди. Шунда ушбу сарийя аъзолари бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Хайбарга бошлиқ қилиб қўйишларини айтиб, уни Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишга кўндирдилар. У ўттизта шериги билан йўлга чиқди. Йўлда келаётганларида Қарқара Ниёр деган жойда иккала гуруҳ ўртасида келишмовчилик чиқиб, охир-оқибат бу урушга айланиб кетди ва Усайр ҳам, унинг шериклари ҳам ўлдирилди. Воқидий бу сарийяни 6-йилнинг шавволида, Хайбар жангидан бир неча ой илгари бўлганини айтади.

7) 7-ҳижрийнинг шаввол ойида Яман ва Жаборга (Ғатафонга қарашли ер номи) – ёки Фазора ва Узрага – юборилган Башир ибн Саъд ал-Ансорий бошчилигидаги 300 кишилик сарийя.

Ушбу сарийя Мадина атрофига босқинчилик уюштириш мақсадида жамланган каттагина қўшин билан тўқнашиш учун юборилган эди. Улар кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб, етиб борганларида душман бундан хабар топиб қолиб, қочиб кетишга улгурди. Башир кўплаб туяларни қўлга киритди ва икки кишини асир олиб, Мадинага олиб келди. Улар иккаласи ҳам мусулмон бўлдилар.

8) Абу Ҳадрад ал-Асламий бошчилигидаги Ғобага юборилган сарийя.

Ибнул Қаййим ушбу сарийяни 7-йилда Умратул-Қазодан олдин бўлиб ўтган сарийялар қаторида келтирган. Унинг қисқача баёни шундан иборатки, Жушам ибн Муовия қавмидан бир киши кўпчиликни йиғиб, Ғобага келган, мақсади Қайсни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга олиб чиқиш эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳадрадни икки киши билан бирга уларнинг хабарини аниқлаб келишга юбордилар. Улар қавм жойлашган ерга кун ботиш пайтида етиб келдилар ва Абу Ҳадрад бир тарафга, иккала шериги бошқа тарафга яшириндилар. Қавмнинг чўпони унинг чорваларини ҳадеганда ҳайдаб келавермай, қоронғи тушиб кетгач, қавмнинг раиси чорваларидан хавотир олиб, ёлғиз ўзи чиқиб келиб, Абу Ҳадраднинг ёнидан ўтаётганида Абу Ҳадрад отган камон ўқи уни ерга қулатди, ўқ унинг юрагига теккан экан, бир калима сўз айтишга улгирмай жони чиқди. Абу Ҳадрад унинг калласини кесиб олди. Сўнг баланд овозда «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтганича қавм тарафга қараб югурди. Унинг иккала шериги ҳам такбир айтиб югурдилар. Саросимага тушиб қолган қавм орқа-олдига қарамай қочишга тушди. Учта мусулмон жуда кўп туя ва қўйларни ҳайдаб кетдилар.

Қазо умраси

Муҳаддис уламолардан Ҳокимнинг айтишича, мутавотир хабарларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зул-қаъда ойида асҳобларини ўтган йилги умраларининг қазосини қилиш учун сафарга чорладилар. Ҳудайбияда ҳозир бўлганлардан бирор киши ҳам қолмаслигини тайинладилар. Ҳудайбиядан кейин шаҳид бўлганлардан бошқа ҳамма йўлга отланди. Улардан бошқа саҳобалар ҳам умрага отландилар. Йўлга чиққанларнинг сони аёлу болалардан ташқари икки минг киши бўлди.[8]

Мадинага Увайф ибн Азбат ад-Дийлийни – ёки Абу Руҳм Ал-Ғифорийни – халифа қилиб қолдирдилар. Олтмишта туяни ҳадй (қурбонлик) қилиш учун олдилар, уларни Ножия ибн Жундуб ал-Асламий қарамоғига топширдилар. Шундай қилиб, барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда талбия айтган ҳолда йўлга тушдилар. Қурайшнинг хиёнат қилишидан қўрқиб, эҳтиётан қурол-яроғларни ҳам ўзлари билан олдилар. Яъжужга етиб борганларида барча қуролларни – қалқонлар, ўқдонлар, найзалар ва ўқ-ёйларни қолдириб, уларга Авс ибн Хавлий ал-Ансорий бошчилигида 200 кишини қўриқчи қилиб қолдирдилар, йўловчининг доимий ҳамроҳи бўлмиш қиндаги қиличлар билангина Маккага кириб бордилар.[9]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туялари Қасвога миниб олгандилар, атрофларида мусулмонлар қилич таққан ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўзларини узмасдан, талбия айтиб боришарди.

Мушриклар Каъбанинг шимол тарафидаги Қуъайқиъон тоғига чиқиб олиб, мусулмонларни кузатиб туришарди. Улар бир-бирларига: «Ҳузурингизга Ясрибнинг иситмаси ҳолдан тойдириб қўйган кишилар келишмоқда», дейишган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига тавофнинг аввалги учта айланишини рамл билан (яъни лўкиллаб югуриб) ўтказишга, икки рукн ўртасини эса юриб ўтказишга буюрдилар. Асҳобларини аяганлари учунгина тавофни бошидан охиригача югуриб ўтказишга буюрмадилар. Уларни югуришга буюришлари сабаби – мушрикларга мусулмонларнинг куч-қувватларини кўрсатиб қўйиш учун бўлган эди.[10] Шунингдек, уларни изтибоъга – яъни, ўнг елкаларини очиб олишга ва ридонинг иккала тарафини ҳам чап елкалари устига ташлаб олишга буюрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага Ҳажун тоғига олиб борувчи тепаликдан кириб келдилар. Мушриклар саф тортиб, у зотга қараб туришарди. То рукнга етиб бориб, унга ҳассаларини теккизиб, ўпгунларича тинимсиз талбия айтиб бордилар. Кейин Байтулоҳни тавоф қилдилар, мусулмонлар ҳам у зот билан бирга тавоф қилдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа қилич тақиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ражз-шеър ўқиб борди:

Эй кофирлар, ўтингиз ўнгу сўлга,

Йўл бўшатинг келаётган Расулга.

Раҳмон унга Китобини индирди,

Неки яхши хислат борки, билдирди.

Унинг ушбу сўзларини ҳақ билдим

Тасдиқ этиб, чин дилдан амал қилдим:

«Энг яхши жанг Аллоҳ йўлидаги жанг»,

Мен инондим бу сўзга чин қалбимдан.

Бизлар Қуръон амрича жанг қиламиз,

Кофирларнинг ҳолини танг қиламиз.

Қиличлар зарбидан бошлар учади,

Дўст оҳ тортиб дўстин қабрин қучади.

 

خلُّوا بني الكفّار عن سبيله           خلوا فكل الخير في رسوله

قد أنزل الرحمن في تنزيله          في صُحُف تتلى على رسوله

 يا ربِّ،  إنِّي مؤمن   بقِيِلهِ          إني رأيت الحق  في   قبوله   

  بأنَّ خير القتل في سبيله            اليوم نضربكم على تنزيله

ضرباً يزيل الهام عن مقيله         ويذهل الخليل عن خليل   

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Ибн Равоҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида, Аллоҳнинг Ҳарамида шеър айтасанми?!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўяверинг, эй Умар! Бу уларга камон ўқи ёғдиргандан ҳам ёмонроқ таъсир қилмоқда», дедилар.[11]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва мусулмонларнинг уч марта югуриб айланганларини кўрган мушриклар: «Иситма ҳолдан тойдирган деган кишиларингиз шуларми?! Улар фалончи-фалончилардан ҳам бақувватроқ-ку!», дейишди.[12]

Тавоф қилиб бўлганларидан сўнг Сафо ва Марва ўртасида саъй қилдилар. Саъйдан сўнг Марва олдида жонлиқларини бўғизладилар ва: «Жонлиқларни бўғизлайдиган жой шудир, Макканинг ҳамма жойида ҳам бўғизлаш жоиз», дедилар. Сўнг сочларини олдирдилар. Мусулмонлар ҳам у зот қилган амалларни бажардилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яжужга, қуролларга қараб туришга бир қанча кишиларни юбордилар. У ерда қолганлар ҳам келишиб, умра амалларини адо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада уч кун турдилар. Тўртинчи куннинг тонгида мушриклар Алийнинг олдига келишиб: «Соҳибингга айт, вақт тугади, чиқиб кетсин», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан чиқиб кетиб, Сарифга бориб турдилар.

Маккадан чиқиб кетмоқчи бўлиб турганларида Ҳамзанинг қизчаси: «Амаки! Амаки!» деб эргаша бошлади. Шунда Алий уни қўлига олди. Алий, Жаъфар ва Зайд қизчани кафолатга олишни талашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Жаъфарга ҳукм қилдилар. Чунки, Жаъфарнинг аёли қизчага хола эди.

Мана шу сафарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна бинт Ҳорис ал-Омирийяга уйландилар. У зот Жаъфар ибн Аби Толибни Маймунага совчиликка юборганларида у ихтиёрини Аббоснинг қўлига топширди. Чунки, Аббоснинг аёли Уммул Фазл унинг опаси эди. Аббос уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан чиққанларида орқаларидан Маймунани етказиб бориши учун Абу Рофиъни  қолдирдилар. Сўнг Сарифда унга уйландилар.[13]

Ушбу умранинг Қазо умраси деб аталишига сабаб – ё Ҳудайбия умрасининг қазоси бўлгани учун ё эса Ҳудайбияда келишилган сулҳ тақозосига кўра бўлгани учундир. Муҳаққиқлар мазкур иккинчи сабабни тўғрироқ санаганлар.[14]

Бу умра тўртта ном билан: Қазо, Қазийя, Қасос ва Сулҳ умраси номлари билан аталиб қолган.[15]

Ушбу умрадан кейин юборилган сарийялар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу умраларидан қайтиб келганларидан сўнг бир неча сарийялар юбордилар:

1) 7-ҳижрийнинг зул-ҳижжа ойида юборилган Абул Авжо бошчилигидаги 50 кишилик сарийя.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Бану Сулаймни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. Улар: «Сен даъват қилаётган нарсага ҳожатимиз йўқ», дейишди. Сўнг икки ўртада уруш бўлиб, унда Абул Авжо яраланди ва душмандан икки киши асир олинди.

2) 8-ҳижрийннг сафар ойида Фадакдаги Башир ибн Саъднинг шериклари ҳалок бўлган жойга юборилган Ғолиб ибн Абдуллоҳ бошчилигидаги сарийя.

Ушбу сарийя 200 кишидан иборат бўлиб, улар душманнинг бир қанча кишиларини ўлдириб, чорваларини қўлга киритиб, қайтдилар.

3) 8-ҳижрийнинг рабиъул-аввалида юборилган Зоту Атлаҳ сарийяси.

Бану Қузоъа мусулмонларга босқин уюштириш учун каттагина қўшин йиққан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Умайр ал-Ансорийни ўн беш кишига бош қилиб улар ҳузурига юбордилар. Улар душманга рўпара келиб, уларни Исломга даъват қилдилар. Душман уларнинг даъватини қабул қилмасдан, уларга камондан ўқ ёғдириб, барчаларини шаҳид қилишди. Фақат бир киши ўликлар орасидан жароҳатланган ҳолда топилди.[16]

4) 8- ҳижрийннг рабиъул-аввалида Бану Ҳавозинга юборилган Зоту ирқ сарийяси.

Бану Ҳавозин душманларга тўхтовсиз ёрдам бериб келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши Шужоъ ибн Ваҳб бошчилигида йигирма беш кишилик сарийя юбордилар. Улар душманнинг чорва молларини ҳайдаб келдилар ва ўзлари бирон кор-ҳолга учрамадилар.[17]

МУЪТА ЖАНГИ

Бу уруш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида мусулмонлар олиб борган энг оғир жанг ва энг қонли тўқнашув сифатида тарихга кирди. У 8-ҳижрийнинг жумодул-увло ойида – 629-милодийнинг август ёки сентябрида – бўлиб ўтди ва насроний ўлкаларни фатҳ этишга тайёргарлик ва дебоча бўлиб қолди.

Муъта – Шомнинг Балқоъ ўлкасидаги бир қишлоқ номи бўлиб, у билан Байтул Мақдис ораси икки босқич йўл эди.

Жангнинг сабаби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни мактуб билан Бусро ҳокимига юборгандилар. Йўлда унга Шомнинг Балқо ўлкасига Қайсар тарафидан ҳоким қилиб қўйилган Шураҳбил ибн Амр ал-Ғассоний дуч келиб қолди ва бошини танидан жудо қилдирди.

Элчи ва чопарларни ўлдириш энг қабиҳ жиноятлардан саналар, бундай қилиш уруш эълон қилиш билан баробар, балки ундан-да ортиқроқ иш ҳисобланарди. Ушбу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда қаттиқ таъсир қилди ва уларга қарши уч минг кишилик қўшин ҳозирладилар.[18] Бу жуда катта қўшин бўлиб, Аҳзоб жангидан бошқа бирон жанг учун ҳали бунчалик кўп сонли қўшин жамламаган эдилар.

Лашкарбошилар тайинлашлари ва уларга йўл-йўриқлар кўрсатишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинга Зайд ибн Ҳорисани амир қилиб тайинладилар ва: «Агар Зайд ҳалок бўлса Жаъфар, Жаъфар ҳалок бўлса Абдуллоҳ ибн Равоҳа амир бўлади», дедилар.[19] Оқ рангли байроқ тикиб, уни Зайд ибн Ҳорисага бердилар.

Уларга Ҳорис ибн Умайр ўлдирилган жойга бориб, у ердагиларни Исломга даъват қилишни, агар қабул қилмасалар, Аллоҳдан мадад сўраб, уларга қарши уруш қилишни буюрдилар. «Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ йўлида, Аллоҳга кофир бўлганларга қарши жангга киринглар. Хиёнаткорлик ва ғаддорлик қилманглар. Гўдак болани, аёл кишини, мўйсафидни ва ибодатхонада узлатга чекинган роҳибни ўлдирманглар. Хурмо ва бошқа дарахтлрни кесманглар, уй-жойларни вайрон қилманглар», деб насиҳат қилдилар.[20]

Қўшинни кузатиб қолишлари ва Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг йиғлаши

Исломий қўшин йўлга чиқиши олдидан одамлар йиғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амирлари ҳақларига дуо-у саломлар йўлладилар. Шунда қўшиннинг қўмондонларидан бири Абдуллоҳ ибн Равоҳа йиғлаб юборди. Ундан йиғиси сабабини сўрашганда: «Аллоҳга қасамки, мен ҳаёти дунёни яхши кўрганимдан ёки сизлардан айрилишни истамаганимдан йиғламадим. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китобидан дўзах зикр этилган: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир» (Марям: 71) оятини ўқиганларини эшитдим. Унга тушганимдан кейин қайтиб чиқа оламанми, йўқми, билмайман. Шунинг учун йиғламоқдаман», деди. Мусулмонлар: «Аллоҳ сизларни саломат асраб, душманларни даф қилиб, соғ-саломат ва ғаниматлар билан қайтиб келишингизга насиб этсин», дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ушбу шеърни ўқиди:

Мен Раҳмоннинг мағфиратин тилайман,

Қоним оқсин, шаҳидликни сўрайман.

 

Майли қилич, майли найза урсинлар,

Баданимни бурда-бурда қилсинлар.

 

Ҳавас қилсин жасадимни кўрганлар,

Шаҳид бўлиш умидида юрганлар.

 

لكنني أسأل الرحمن مغفــرة ** وضربة ذات فرغ تقذف الزبدا

أو طعنة بيدَي حرانَ مجـهزة ** بحربة تنفذ الأحشـاء والكبدا

حتى يقال إذا مروا على جدثي ** أرشده الله من غاز وقد رشدا

Шундан сўнг қўшин йўлга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни то Вадоъ тепаликларигача кузатиб бордилар, сўнг тўхтаб, хайрлашдилар.[21]

Қўшиннинг ҳаракат йўналиши ва унинг кутилмаган оғир вазиятга дуч келиши

Исломий қўшин шимол йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бориб, шимолий Ҳижоз яқинидаги Шомга қарашли Маъон деган жойга бориб тушди. Ўша жойда уларга Ҳирақл юз минг кишилик Рум лашкари билан Балқоънинг Маъоб деган жойида тургани, уларга Лахм, Жузом, Балқайн, Баҳро ва Бали қабилаларидан яна юз минг киши келиб қўшилгани ҳақида хабар етиб келди.

Маъондаги маслаҳат мажлиси

Мусулмонлар узоқ мусофир юртда бу қадар қудратли ва кўпсонли қўшинга дуч келишни хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бор йўғи уч минг кишидан ташкил топган бир қўшин уммондек чек-чегараси кўринмайдиган, икки юз минг кишилик улкан қўшин қаршисига чиқсинми, йўқми? Мусулмонлар мана шу савол қаршисида тараддудланиб туриб қолдилар ва икки кеча Маъонда мана шу масала атрофида фикр алмашдилар, баҳсу мунозара қилдилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юзага келган аҳволдан хабардор қилиб мактуб йўллашга, шундан сўнг у зот қўшимча куч ё бирон буйруқ юборишларини кутиб, у зотнинг буйруқларига кўра иш қилиш фикрига тўхтадилар.

Бироқ, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бу фикрга эътироз билдирди ва: «Эй қавм! Аллоҳга қасамки, сизлар аслида ҳозир ўзингиз ёқтирмай турган ишни – шаҳидликни талаб қилиб чиққансиз. Биз одамлар билан саноқ, куч-қудрат ва кўплик эътибори билан жанг қилмаймиз. Биз фақат Аллоҳ бизни у билан мукаррам этган мана шу дин туфайли жанг қиламиз. Шундай экан, жангга отланинг! Албатта, икки яхшиликнинг бирига – ё ғалабага ёки шаҳидликка эришасиз», деб уларни шижоатлантирди. Шундай қилиб, кенгаш Абдуллоҳ ибн Равоҳа чақирган ишни қилишга иттифоқ қилди.

Ислом қўшини душман томонга яқинлашади

Ислом қўшини Маъонда икки кечани ўтказганидан сўнг душман ерига қараб йўл олди. Балқоъ қишлоқларидан Шориф деб аталувчи бир қишлоқда уларни Ҳирақлнинг қўшини қаршилади. Душман яқинлашиб кела бошлагач, мусулмонлар орқароқ қайтиб, Муъта деган жойда қароргоҳ тикдилар ва урушга ҳозирлана бошладилар. Ўнг қанотга Қутба ибн Қатода ал-Узрийни, чап қанотга Убода ибн Молик ал-Ансорийни қўйилди.

Жанг бошланиши ва қўмондонлар алмашиниши

Шундай қилиб иккала қўшин Муътада тўқнаш келди ва шиддатли жанг бошланиб кетди. Уч минг киши икки юз минг кишилик лашкарга қарши жанг қилаётган эди. Бутун дунёнинг ақли шошиб, ҳайратдан лол қоладиган ажиб бир манзара эди бу! Лекин, иймон руҳи ҳукм суриб турган муҳитда бундай ажойиботлар одатий ҳолга айланади!

Байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюмли кишилари бўлмиш Зайд ибн Ҳориса қўлга олди ва фақат ўзи каби Ислом баҳодирларигина қодир бўладиган мислсиз мардлик ва қаҳрамонлик билан жангга шўнғиб кетди. Тинимсиз жанг қилиб, охири душман найзаларидан ерга қулади.

Сўнг байроқ Жаъфар ибн Аби Толибнинг қўлига ўтди. У ҳам жанг майдонида мислсиз мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Эгар устида жанг қилиш қийинлашиб қолгач, отидан сакраб тушиб, унга қилич тортиб юборди, сўнг яна шиддат билан жангга кириб кетди. Душман қиличи унинг байроқ тутган ўнг қўлини чопиб ташлаган эди, байроқни чап қўли билан тутиб қолди. Чап қўли ҳам кесилиб кетгач, байроқни азудлари (қўлнинг чиғаноқдан елкагача бўлган қисми) билан бағрига босганича тик тутиб турди. То шаҳид бўлгунича шу зайлда туриб берди. Айтишларича, бир рум аскари уни қиличи билан уриб, икки бўлакка бўлиб ташлаган экан. Аллоҳ таоло жаннатда унга икки қанот ато этган бўлиб, у ўша қанотлари билан истаган жойига учиб юради. Шунинг учун ҳам у Жаъфар ат-тайёр (учувчи Жаъфар) ва Жаъфар зул-жаноҳайн (икки қанотли Жаъфар) деб аталди.

Имом Бухорий Нофеъдан ривоят қилишича, Ибн Умар унга ўша куни Жаъфарнинг жасади устида турганини айтиб: «Мен унда элликта қилич ва найза зарбалари изини санадим, улардан бирортаси ҳам орқа томонида эмасди», деди.[22]

Бошқа бир ривоятда Ибн Умар айтади: «Мен ҳам ўша ғазотда бор эдим. Жаъфар ибн Аби Толибни қидириб, ўлганлар орасидан топдик. Унинг жасадида тўқсондан ортиқроқ қилич ва найза асарларини топдик.[23] Ал-Амрийнинг Нофеъдан қилган ривоятида: «Буларнинг ҳаммасини унинг жасадининг олди тарафида топдик», деб қўшимча қилинган.[24]

Жаъфар ана шундай баҳодирларча жанг қилиб, шаҳид бўлгач, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўлига олиб, отга минганича олдинга интилди. Ўзида бироз тараддуд топгандек бўлгач, ўз-ўзини жангга ундаб шундай шеър ўқиди:

Онт ичаман эй нафсим,

                   Албат жангга кирасан,

Истасанг, истамасанг

                     Майдон ичра турасан.

Барча ҳайё-ҳуй қилиб,

                     Жангга отланиб турса,

Сенга нима бўлдики,

                      Жаннатдан юз бурасан?!

أقسمت يا نفس لتنزلنه     كارهة أو لتطاوعنه

إن أجلب الناس وشدوا الرنه    ما لي أراك تكرهين الجنة

 

Шундай деб, у майдонга тушди. Шу пайт амакисининг ўғли унга бир бўлак гўшт узатиб: «Мана буни еб олинг, қувват бўлади. Чунки, шу кунларда анча уриниб қолдингиз», деди. Гўштни унинг қўлидан олиб, бир тишлади, сўнг отиб юбориб, қўлига қиличини олиб, жангга кириб кетди ва қаттиқ жанг қилиб, шаҳид бўлди.

Байроқ Аллоҳнинг қиличларидан бир қиличга ўтди

Шунда Бану Ажлон қабиласидан Собит ибн Ақрам исмли бир киши байроқни қўлига олиб: «Эй мусулмонлар! Ичларингиздан бир кишини амирликка танланглар!», деб хитоб қилди. «Сени танлаймиз», дейишган эди, у: «Мен эплай олмайман», деди. Шундан сўнг Холид ибн Валидни амир этиб танладилар. Холид байроқни қўлига олиб, шиддат билан жангга отилди. Имом Бухорий Холид ибн Валиддан ривоят қилади: «Муъта куни менинг қўлимда тўққизта қилич синди, охири қўлимда бир яманий энлик қилич қолди».[25] Бир ривоятда: «Муъта куни менинг қўлимда тўққизта қилич бўлиниб кетди. Охири яманий қиличим чидаб берди».[26]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъта куни, жанг майдонидан хабарлар етиб келмасидан олдин, ваҳий орқали хабар қилиб, дедилар: «Байроқни Зайд олди, бас нобуд бўлди. Сўнг Жаъфар олди, у ҳам нобуд бўлди. Сўнг Ибн Равоҳа олди, у ҳам нобуд бўлди – сўзларканлар, кўзларидан ёш оқарди – сўнг байроқ Аллоҳнинг қиличларидан бир қилич қўлига ўтди. Шундан сўнг Аллоҳ уларга фатҳ ато этди».[27]

Жангнинг ниҳояси

Ҳар қанча шижоатли бўлмасин, ҳар қанча матонат ва жасорат билан жанг қилмасин, барибир бу кичик лашкарнинг Рум лашкаридан бўлган чек-чегарасиз уммоннинг қудратли тўлқинлари олдида бардош бериши жуда қийин эди. Ана шундай оғир дамда Холид ибн Валид ўзининг тенгсиз ҳарбий маҳоратини намоён қилиб, мусулмонларни улар тушиб қолган қийин аҳволдан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлди.

Ушбу жангнинг қай йўсинда ниҳоясига етгани борасида ривоятлар турлича келган. Барча ривоятларни синчиклаб ўрганилгач, уларнинг хулосаси сифатида айтиш мумкинки, Холид ибн Валид бошчилигидаги Ислом қўшини ўша куни бутун кун бўйи Рум лашкари қаршисида матонат билан жанг олиб борди. Холид қўмондон сифатида румликлар қалбига қўрқув олиб кирадиган ва мусулмонларни эсон-омон улар чангалидан олиб чиқиб кетадиган бир ҳарбий ҳийла ишлатиш зарурлигини ҳис қилиб турарди. Чунки, очиқдан-очиқ чекиниш билан мусулмонлар румликларнинг таъқибларидан саломат қутулиб кетишлари жуда ҳам мушкул эди.

Шунинг учун урушнинг иккинчи куни у қўшиннинг тартибини ўзгартирди ва олдини орқага, ўнгини чапга қилиб қайтадан жойлаштириб чиқди. Душман қўшиннинг кўриниши кечагидан бошқача эканига кўзи тушгач, мусулмонларга қўшимча мадад етиб келибди, деб ўйлаб, дилларига қўрқув оралади. Томонлар бир-бирига тўқнашиб, бир мунча жанг олиб борилгач, Холид мусулмонларни аста-аста ва тартибли равишда ортга чекинтира бошлади. Румликлар буни мусулмонларнинг макр-ҳийласи сифатида қабул қилиб, уларни ҳийла билан саҳро ичкарисига олиб киришга уриниш деб баҳоладилар ва мусулмонлар ортидан таъқиб қилмасликка қарор қилдилар.

Шундай қилиб душман мусулмон қўшини ортидан таъқиб қилишни тўхтатди ва ўз юртига қараб йўл олди. Мусулмонлар ҳам эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар.

Икки томондан ўлдирилганлар сони

Ўша куни мусулмонлардан жами ўн икки киши шаҳид бўлди. Румликлардан неча киши ўлдирилгани борасида маълумотлар мавжуд эмас. Лекин, жангнинг тафсилотлари улардан анча кўп аскар ўлганига далолат қилади.

Ушбу жангнинг таъсири

Ушбу жангда мусулмонлар гарчи уларни жангга етаклаган мақсадга – қасос олишга эришолмаган бўлсалар-да, унинг мусулмонлар обрў-эътибори ошишига жуда катта таъсири бўлди. Чунки, у бутун араб дунёсини ҳайратга солиб қўйди. Араблар тасаввурида Рум давлати ер юзидаги энг қудратли давлат бўлиб, унга қарши туриш дегани ўзини ҳалокатга ташлаш ва ажали ортидан қувиш билан баробар эди. Уч минг кишилик бу кичик қўшиннинг икки юз минг аскарга эга бўлган қудратли ва чек-чегарасиз қўшин билан тўқнашиши, кейин жангдан деярли зиён-заҳматсиз қайтиб келиши даврнинг энг ажабтовур ҳодисаси эди. Бу воқеа мусулмонларнинг араб олами шу пайтгача таниган ва билганидан бутунлай бошқа намунадаги инсонлар эканига, улар Аллоҳ таоло тарафидан қўллаб-қувватланиб ва мададланиб турганликларига, уларнинг йўлбошчилари ҳақиқатан Аллоҳнинг элчиси эканига далолат қилиб турарди. Шунинг учун ҳам шу пайтгача мусулмонларга қарши хуруж қилишда давом этиб келаётган кўпгина араб қабилалари шу жангдан кейин Исломга мойил бўлиб, Бану Сулайм, Ашжаъ, Ғатафон, Зубён, Фазора ва бошқа қабилалар Исломни қабул қилишди.

Муъта жанги румликлар билан қонли тўқнашувларнинг бошланиши бўлиб, румга қарашли ерларнинг фатҳ қилинишига ҳозиргарлик ва мусулмонларнинг узоқ ўлкаларни эгаллашларига муқаддима сифатида тарихга кирди.

 

[1] Фатҳул Борий: 7/491.

[2] Саҳиҳул Бухорий: 1/407, 408, 2/593.

[3] Саҳиҳул Бухорий: 2/592, Саҳиҳ Муслим: 2/118.

[4] Абдуллоҳ Наждий, Мухтасар сийратир-расул: 264-с, Фатҳул Борий: 7/428.

[5] Саҳиҳул Бухорий: 2/593.

[6] Фатҳул Борий: 7/428.

[7] Зодул маод: 2/112. Мазкур ғазот тафсилотлари билан танишишни истасангиз Ибн Ҳишом (2/203-209), Зодул маод (2/110-112) ва Фатҳул Борийга (7/417-428) мурожаат қилинг.

[8] Фатҳул Борий: 7/500

[9] Фатҳул Борий:7/500, Зодул маод: 2/151.

[10] Саҳиҳул Бухорий: 1/218, 2/610, 611, Саҳиҳ Муслим: 1/412.

[11] Имом Термизий ривояти: 2/107.

[12] Имом Муслим ривояти: 1/412.

[13] Зодул маод: 2/152.

[14] Зодул маод: 1/172, Фатҳул Борий: 7/500.

[15] Фатҳул Борий: 7/500.

[16] Раҳматан лил-аламийн: 2/231.

[17] Раҳматан лил-аламийн: 2/231, Ибнул Жавзий, Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 33-саҳифа ҳошияси.

[18] Зодул маод: 2/155, Фатҳул Борий: 7/511.

[19] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

[20] Мухтасарус-сийра: 327-с. Ушбу ҳадис Саҳиҳ Муслим, Сунан Абу Довуд, Сунан ат-Термизий, Сунан Ибн Можа ва бошқа ҳадис тўпламларида турлича лафзлар билан ривоят қилинган.

[21] Ибн Ҳишом: 2/373, 374, Зодул маод: 2/156.

[22] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

[23] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

[24] Қаранг: Фатҳул Борий: 7/512. Иккала ҳадиснинг зоҳирига қаралса, жароҳатлар сонида икки хил гап айтилган бўлиб чиқади. Бироқ, иккинчи ҳадисдаги зиёдалик камон ўқларидан қолган изларни ҳам қўшиб айтилган бўлиши керак.

[25] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

[26] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

[27] Саҳиҳул Бухорий: 2/611.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ