Ислом Нури

 

Китоблар

 

الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري

Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси

Макка қўшинининг жангга тайёргарлиги

Мушриклар эса қўшинни сафлар тартибига кўра тузишди. Бош қўмондон Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб қўшиннинг марказини эгаллади, ўнг қанотга Холид ибн Валидни, чап қанотга Икрима ибн Аби Жаҳлни қўйди, пиёдаларга Сафвон ибн Умайя, найзабозларга эса Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа бош бўлди.

Байроқ Бану Абдуддор қавмига берилди, чунки байроқдорлик вазифаси – китобнинг бошида айтиб ўтганимиздек – Абдуманоф Қусой ибн Килобдан мерос қолган мансабларни тақсимлаганида Бану Абдуддор чекига тушган, ўшандан бери аждодлар анъанасига содиқ қолишиб, ҳеч бир қавм улардан бу мансабни талашишга ҳақли саналмасди. Шундай бўлса-да, бош қўмондон Абу Суфён Бадр жангида Қурайш қўшинининг байроқдори Назр ибн Ҳорис асирга тушгач, қўшин бошига келган кўргилик ҳақида гапириб, Бану Абдуддорнинг қонини қайнатиш ва ҳамиятини қўзғотиш мақсадида уларга: «Эй Бану Абдуддор, Бадр куни байроқни сизларга бериб қўйиб, бошимизга нима кўргиликлар келганини кўрдингиз, душман биринчи бўлиб байроқ томонга қараб интилади, агар байроқ йиқилса, қўшин пароканда бўлиб кетади. Шундай экан, қўлингиздан келса байроқни олинглар, бўлмаса қўйинглар, ўзимиз унга кифоя қиламиз», деди.

Абу Суфённинг ўқи нишонга бориб тегди, Бану Абдуддор унинг сўзларидан қаттиқ ғазабланиб, ёқасидан олишга яқин бўлди, «Ҳали биз байроғимизни сенга бериб қўярканмизми?! Эртага душман билан тўқнашган пайт бизнинг кимлигимизни билиб оласан!», деб тўполон кўтаришди. Дарҳақиқат, улар жангда қаттиқ матонат кўрсатишиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлиб кетишди.

Қурайшнинг сиёсий найранглари

Жанг бошланишига оз қолганда Қурайш мусулмонлар сафлари ичида бўлиниш ва низо келтириб чиқаришга уриниб кўрди. Абу Суфён ансорларга одам юбориб: «Қавмдошимиз билан бизнинг ўртамизни холи қўйинглар, биз сизларга тегмаймиз, сизлар билан жанг қилиш бизга зарур эмас», деб айттирди. Лекин тоғлар ҳам бас келолмайдиган мустаҳкам иймон олдида бу каби уринишлар нима ҳам қила оларди?! Ансорлар унга жуда қўпол суратда, хунук сўзлар билан жавоб беришди.

Иккала қўшин бир-бирига яқинлашиб, жанг бошланишига саноқли дақиқалар қолганда Қурайш айни мақсад йўлида яна бир уринишга қўл урди. У Абу Омир ал-Фосиқ номли – асли исми Абду Амр ибн Сойфий бўлиб, ар-Роҳиб деб аталар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ал-Фосиқ деб атагандилар – бир хоинни ансорлар ёнига жўнатди, у жоҳилият пайтида Авснинг раҳбарларидан бўлиб, Мадинага Ислом келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адоват йўлини танлаган, Мадинадан чиқиб кетиб, Қурайшга бориб қўшилган ва уларни тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга гижгижлар, Қурайшни: «Қавмим мени кўрса, сўзимни қабул қилиб, жангдан чиқиб кетади», деб ишонтириб келарди. У қавмига ўзини танитиб: «Эй Авс жамоаси, мен Абу Омирман», деб қичқирган эди, улар: «Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, эй фосиқ!», деб жавоб беришди. Шундан сўнг у: «Қавмимга мендан сўнг ёмонлик етибди», деб ноумид ортига қайтди, жанг бошлангач эса улар билан қаттиқ урушди, уларга тошлар улоқтирди.

Шундай қилиб, Қурайш иймон аҳлининг сафларини бўлиб ташлаш мақсадида уюштирган иккинчи уриниш ҳам чиппакка чиқди. Унинг бу уринишлари сон ва қурол-аслаҳа жиҳатидан устун бўлишига қарамай, мусулмонлардан қаттиқ ҳайиқаётганига ва дилларида кучли қўрқув борлигига далолат қиларди.

Қурайш аёлларининг тарғибот-ташвиқот ҳаракатлари

Қурайш аёллари ҳам Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинт Утба бошчилигида жангга етарлича ҳисса қўшишга уриндилар. Улар сафлар орасида айланиб юришар, чилдирмаларини чалиб, эркакларни жангга чорлаб қўшиқлар айтишар, уларнинг руҳиятини кўтаришга, шижоатларига шижоат қўшишга ҳаракат қилишар, ҳамиятларини қўзғатувчи, уруш ва жанг кишиларининг жанговор туйғуларини ҳаракатга келтирувчи шеърлар ўқишарди. Улар гоҳо байроқдорларга қарата:

«Олға, Бану Абдуддор!

Сиз қўшинга байроқдор,

Душманни қилинг абгор!», деб хитоб қилишар, гоҳ қавмларини жангга чорлаб:

«Гар ғолиб бўлсангиз қучоқ очамиз,

 Пойингизга алвон гуллар сочамиз.

Ортга чекинсангиз, минг лаънат ўқиб,

Юз кўришмас бўлиб сиздан қочамиз» дея шеърлар ўқишарди.

Жангнинг бошланиши

Ҳар икки гуруҳ бир-бирига яқинлашиб, жанг онлари етиб келди. Жангни биринчи бўлиб мушрикларнинг байроқдори Талҳа ибн Аби Талҳа ал-Абдарий бошлаб берди. У Қурайшнинг энг баҳодир суворийларидан бўлиб, мусулмонлар уни «лашкарнинг қўчқори» деб аташганди. У туяга миниб, ўртага чиқиб келди ва мубораза (яккама-якка олишув)га чақирди. Одамлар унинг шижоатидан бироз ҳайиқиб, олишувга чиқишдан тўхталиб туришди. Шунда Зубайр ибн Аввом у билан олишувга чиқиб борди ва шердек отилиб, унинг туясига миниб олди, сўнг уни ерга улоқтириб, қиличи билан бошини танидан жудо қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ажойиб олишувни кўриб, такбир айтиб юбордилар, мусулмонлар ҳам Зубайрга тасанно айтиб, такбир айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳаворийси (ёрдамчиси) бўлади, менинг ҳаворийим Зубайрдир», дедилар[1].

Байроқ атрофида оғир жанг бўлиб ўтиши ва байроқдорларнинг қирилиб кетиши

Шундан сўнг уруш олови гуруллаб, гуруҳлар ўртасида майдоннинг ҳар бир нуқтасида шиддатли жанг бошланиб кетди. Жангнинг асосий оғирлиги мушрикларнинг байроғи атрофида кечди. Бану Абдуддор қавми ўз бошлиқлари Талҳа ибн Аби Талҳа ўлдирилгач, байроқни бирин-кетин қабул қилиб ола бошлади. Аввал унинг укаси Абу Шайба Усмон ибн Талҳа байроқни қўлига олиб:

«Байроқдорга ўзга йўл йўқ, фақат жанг!

Ё ўлар, ё душман ҳолин қилар танг!», деганча жангга отилди.

Шунда Ҳамза ибн Абдулмутталиб унга ҳамла қилди ва қиличи билан елкасига зарб билан уриб, қўли билан бирга елкасини ҳам чопиб, киндигигача ёриб юборди ва унинг ўпкаси очилиб қолди.

Сўнгра байроқни Абу Саъд ибн Аби Талҳа қўлга олди. Саъд ибн Аби Ваққос отган камон ўқи унинг бўғзига тегиб, тили осилиб қолди ва ўша заҳоти жон берди. Баъзи ривоятларда: «Абу Саъд муборазага чорлаб ўртага чиққан, шунда Алий ибн Аби Толиб унга талабгор бўлиб чиқиб, ўлдирган», ҳам дейилади.

Ундан сўнг байроқ Мусофиъ ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига ўтди. Осим ибн Собит ибн Аби Афлаҳ отган ўқ уни ҳам ер тишлатди. Ундан сўнг байроқни унинг укаси Килоб ибн Талҳа ибн Аби Талҳа қўлга олди, Зубайр ибн Аввом у билан олишиб, охири уни қатл қилди. Ундан сўнг байроқ уларнинг яна бир инилари Жулос ибн Талҳа ибн Аби Талҳанинг қўлига қолди, у Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг найзаси зарбидан жон берди. Баъзилар уни Осим ибн Собит Ибн Аби Афлаҳ камон ўқи отиб ўлдирган, ҳам дейишади.

Бу олти нафар жангчининг ҳаммаси битта хонадондан, Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Абдуддор хонаданидан эди. Уларнинг барчаси мушрикларнинг байроғи остида ўдирилди.

Улардан сўнг байроқни Бану Абдуддор қавмининг бошқа бир вакили Артот ибн Шураҳбил қўлга олди, уни Алий ибн Аби Толиб ўлдирди, Ҳамза ибн Абдулмутталиб ўлдирганлиги ҳам айтилади. Сўнг байроқни Шурайҳ ибн Қориз қўлга олди, уни Қузмон – ўзи мусулмон бўлмаган, балки ҳамият қилиб мусулмонлар сафида урушга чиққан мунофиқ – ўлдирди. Ундан сўнг байроқни Абу Зайд Амр ибн Абдуманоф ал-Абдарий қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди. Ундан сўнг уни Шураҳбил ибн Ҳошим ал-Абдарийнинг бир ўғли қўлга олди, уни ҳам Қузмон ўлдирди.

Бу ўнта байроқдор Бану Абдуддор қавмидан бўлиб, битта ҳам қолмай ҳаммаси ҳалок бўлди. Шундан сўнг ушбу қавмдан ҳеч ким қолмагач, байроқни уларнинг Суоб номли бир ҳабаш хизматкорлари қўлга олди. У ўзидан олдин ўлдирилган байроқдор хожаларидан ҳам ўтказиб шижоат ва сабот билан урушди, қилич зарбидан қўллари узилиб кетгач, чўккалаганича байроқни бўйни билан қисиб, то ўлгунича ана шу ҳолда тик тутиб турди. Охирги дамларида ҳалок бўлар экан: «Эй тангрим, мен маъзур бўлдимми?», деганича йиқилди.

Мана шу ҳабаш бола ўлдирилгандан сўнг байроқ ерга қулади. Уни кўтаргани одам топилмай, шу кўйи оёқ остида қолиб кетди.

Урушнинг бошқа нуқталаридаги аҳвол

Жангнинг бутун оғирлиги байроқ атрофида кечиб турган пайтда майдоннинг бошқа нуқталарида ҳам жанг кучайгандан кучайиб борарди. Мусулмонларнинг сафлари узра иймон руҳи ҳукм сурар, улар мушриклар устига тўғонларни бузиб бораётган тошқин дарё каби шиддат билан бостириб борарканлар: «ўлдир, ўлдир!» деб такрорлашар, бу сўз уларнинг Уҳуд кунги шиорлари бўлганди.

Абу Дужона бошига қизил боғичини боғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган қиличини маҳкам тутганича, унинг ҳаққини адо этиш мақсадида жангга шўнғиб кетганди. У дуч келганки мушрикни қўймай ўлдирар, мушрикларнинг сафларини ағдар-тўнтар қилиб юрарди.

Зубайр ибн Аввом айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилични менга беришларини сўраганимда бермасдан уни Абу Дужонага берганларида хафа бўлган ва ичимда: «Мен у зотнинг аммалари Софиянинг ўғли бўлсам, ўзим Қурайшдан бўлсам-у, қилични сўраб олдиларига борсам, менга бермадилар-да, мендан кейин сўраб борган шу одамга бердилар. Қани, кўрамиз, нима ҳунарлар кўрсатаркин», деган эдим. Шундан сўнг уни кузата бошладим. У бир қизил пешонабандни олиб, уни пешонасига танғиб олганида ансорлар: «Абу Дужона ўлим боғичини бошига боғлади», дейишди. Шундан сўнг у қуйидаги шеърни ўқиганича жангга шўнғиб кетди:

Дарада аҳд бердим халилимга ман

Тоабад олдинги сафда туришга.

Аллоҳу расулин қиличи билан

Душманга аёвсиз зарба уришга.

Шундан сўнг у дуч келган мушрикни қўймай ўлдира бошлади. Мушриклар ичида бир киши бизнинг жароҳатланган бирон кишимизни қўймай, саранжомлаб қўяётган эди. Абу Дужона билан ўша одам бир-бирига яқин келиб қолишди. Мен Аллоҳдан у иккисини бир-бирига учраштириб қўйишини сўраб дуо қилдим. Иккаласи тўқнашиб, бир-бирига бир-икки зарба уришга ҳаракат қилишди. Мушрик Абу Дужонага қилич урган эди, у қалқони билан тўсди. Шунда қалқон унинг қиличини тишлаб қолди. Абу Дужона фурсатдан фойдаланиб, бир зарб билан мушрикни ер тишлатди[2].

Сўнг Абу Дужона яна сафлар оралаб, учраганни қиличдан ўтказиб бора туриб, аёл кишилигини билмаган ҳолда Қурайш аёлларининг етакчисига дуч келиб қолди. Абу Дужонанинг ўзи ҳикоя қилади: «Бир одамни кўрдимки, ҳаммани қаттиқ туриб жангга чорлаб юрибди. Шаҳд билан ёнига бориб, боши узра қиличимни кўтарган эдим, бирдан чинқириб юборди. Қарасам, аёл киши экан. Шунда аёл кишини ўлдириш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличлари ҳурматини кетказишни истамадим».

Ўша аёл Ҳинд бинт Утба эди. Зубайр ибн Аввом айтади: «Мен Абу Дужонанинг Ҳинд бинт Утбанинг боши узра қилич кўтарганини, кейин уни қайтариб олганини кўриб: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим»[3].

Ҳамза ибн Абдулмутталиб ҳам ғазабланган шердек ҳамла қиларди. У мисли кўрилмаган хавф-хатарлар остида мушриклар қўшинининг қоқ ўртасига кириб борар, не-не паҳлавонлар унинг зарбаларидан шамол силкитган дарахт барглари мисол тўкилиб қолаётган эди. У мушриклар байроқдорларининг ҳалок этилишида фаол иштирок этиши билан бир қаторда уларнинг бошқа паҳлавонларининг ҳам роса адабини берди. Пировардида урушнинг олдинги қаторида эканида ҳалок этилди, юзма-юз олишувда бирон баҳодир жангчи тарафидан эмас, балки билдирмасдан берилган хиёнаткорона зарба оқибатида ерга қулади.

Аллоҳнинг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши

Ҳамзанинг қотили Ваҳший ибн Ҳарб ҳикоя қилади: «Мен Жубайр ибн Мутъимнинг қули эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадр куни ҳалок бўлганди. Қурайш Уҳудга йўл олаётганида Жубайр менга: «Амакимнинг қасосига Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, озодсан», деди. Шундан сўнг мен ҳам одамлар орасида жангга бордим. Ҳабаш бўлганим учун ҳар бир ҳабаш каби найза отишни яхши ўзлаштирган ва нишонни уришда камдан-кам хато қилар эдим. Жанг бошлангач, менинг ишим фақат Ҳамзани кузатиш ва қулай фурсат кутиш бўлди. Мен уни одамлар ичида худди нортуядек савлат тўкиб юрганини, ҳамма унинг олдидан тумтарақай қочиб, ҳеч ким унга бас келолмаётганини кўриб турдим. Худо ҳаққи, мен уни ўлдириш учун фурсат пойлаб, бирон дарахт ё тош ортига беркиниб турар ва яқинроқ келишини кутардим. Тўсатдан менга яқин бир жойда Сибоъ ибн Абдул-уззо пайдо бўлди. Ҳамза уни кўргач: «Бери кел, эй хатначи хотиннинг боласи!», деб қичқирди – унинг онаси аёлларни хатна қиларди – ва бир зарб билан калласини учириб юборди.

Худди шу пайт найзамни ўқталиб, уни нишонга ола бошладим ва қулай фурсат келиши билан унга қараб отдим, найза унинг қорнидан пастроғидан кириб, оёқлари орасидан чиқди. У мен томонга қараб интилди, бироқ жароҳати бунга йўл бермади. Мен уни ўлгунича кутиб турдим-да, сўнг бориб, найзамни суғуриб олдим. Кейин лашкаргоҳга қайтиб бориб, ўша ерда ўтирдим. Чунки, энди менинг бошқа ишим қолмаган эди, мен уни фақат озод бўлиш учун ўлдирган эдим. Дарҳақиқат, Маккага қайтгач, озод этилдим»[4].

Устунликни тўла қўлга киритиш

Аллоҳ ва расулининг шери Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг ўлдирилиши билан мусулмонлар улкан йўқотишга дучор бўлишларига қарамай, жангда тўла устунликни ўз қўлларида сақлаб қолдилар. Шу куни Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Мусъаб ибн Умайр, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Жаҳш, Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Саъд ибн Рабиъ, Анас ибн Назр ва бошқаларнинг жангда кўрсатган афсонавий қаҳрамонликлари мушрикларнинг қатъиятларини синдириб, билак кучларини заифлаштириб юборди.

Аёл қучоғидан қиличлару қалқонлар бағрига

Ўша кунги тенгсиз баҳодирлардан яна бири Ҳанзала ал-Ғасил[5], яъни Ҳанзала ибн Аби Омир бўлиб, у – бироз юқорироқда баён қилиб ўтганимиз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фосиқ деб атаган Абу Омир роҳибнинг ўғли эди. Ҳанзала янги уйланган ва эндигина чимилдиққа кирган бўлиб, жарчининг урушга чорловчи овозини эшитган заҳоти келинчакнинг оғушидан суғурилиб, тўппа-тўғри жиҳодга жўнаб кетганди. Жанг майдонида мушриклар билан тўқнашгач, сафларни ёриб ўтиб, тўппа-тўғри мушрикларнинг бош қўмондони Абу Суфён ибн Ҳарб қаршисига етиб борди ва уни ўлдиришига бир баҳя қолганида шаҳидликка эришди. У Абу Суфёнга ҳамла қилиб, ундан устун келиб турган пайтида Абу Суфёнга ёрдамга етиб келган Шаддод ибн Авс томонидан қатл этилди.

Камончилар гуруҳининг жангга қўшган ҳиссалари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ устига жойлаштирган камончилар гуруҳи ҳам уруш чамбараги мусулмон қўшин фойдасига айланишига жуда катта ҳисса қўшди. Маккаликларнинг Холид ибн Валид бошчилигидаги отлиқ аскарлари Абу Омир Фосиқ (бошчилигидаги гуруҳ) кўмагида исломий лашкарнинг чап қанотини ёриб киришга уриниб, уч бора ҳужум уюштирдилар. Улар бу билан мусулмонларнинг орқа томонидан бостириб келиб, сафлари ичида парокандалик пайдо қилишни ва шу билан уларни қақшатқич мағлубиятга дучор қилишни кўзлаган эдилар. Лекин, камончилар улар устига ўқ ёғдириб, учала ҳужумларини ҳам бартараф этишга муваффақ бўлдилар[6].

Мушрикларга мағлубият келади

Урушнинг даҳшатли тегирмон тоши ана шу тариқа айланиб, кичиккина исломий қўшин майдоннинг барча нуқтасида тўла устунликни ўз қўлида сақлаб турди. Бу ҳолат мушрикларнинг энг баҳодир жангчиларини ҳам саросимага тушириб қўйди, уларнинг сафлари ўнгу-сўлидан, олдию-орқасидан тумтарақай бўлиб сочилиб кета бошлади. Гўё уч мингта мушрик бир неча юз эмас, балки ўттиз мингта мусулмонга тўқнашгандек эди. Мусулмонлар жасорат ва иймоннинг энг ёрқин кўринишларини намоён этдилар.

Қурайш мусулмонларнинг ҳужумини қайтариш учун бор имкониятини сарфлагач, ўзининг бунга ожиз ва кучсизлигини тан олди ва ғайрат-шижоати батамом сўнди. Ҳатто, Суоб ўлдирилганидан сўнг ерга қулаган байроққа яқинлашишга, уни баланд кўтариб жангчиларнинг бошини бир жойга қовуштиришга журъат қилувчи одам топилмади. Оқибатда қўшин чекинишга ва қочишга тушди. Қасос ва интиқом олиш, мусулмонларни янчиб ташлаб, ўз иззат ва шарафларини қайтариб олиш ҳақидаги чақириқлар барчаси унутилди.

Ибн Исҳоқ айтади: Сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўз нусратини нозил қилди, уларга берган ваъдаси устидан чиқди, улар душманларини қиличдан ўтказдилар ва уларни жанггоҳдан суриб чиқардилар, мушрикларнинг мағлубияти ҳақида шак-шубҳа қолмади.

Абдуллоҳ ибн Зубайр отаси Зубайр ибн Аввомдан ривоят қилади: «Аллоҳга қасамки, мен Ҳинд бинт Утба ва дугоналарининг ҳеч нарсага қарамай, жон ҳолатда қочишларини, этакларини кўтариб олишганидан болдирлари очилиб қолганини кўриб турардим»[7].

«Саҳиҳул Бухорий»да Бароъ ибн Озибнинг ҳадисида келади: «Душман билан тўқнаш келганимизда улар қочишди, ҳатто мен аёлларнинг жон ҳолатда тоққа чиқиб боришларини кўрдим, улар болдирларини очиб олишган, халхоллари (оёқларидаги тақинчоқлари) кўриниб турарди»[8]. Мусулмонлар мушриклар ортидан қувиб, уларни қиличдан ўтказишар ва ўлжаларни қўлга киритишарди.

Камончиларнинг қўпол хатоси

Камсонли исломий қўшин Маккаликлар устидан иккинчи бор, гўзалликда Бадрдаги ғалабадан асло қолишмайдиган улкан ғалабага эришиб турганларида камончилар гуруҳининг кўпчилик аъзолари томонидан содир бўлган жуда қўпол хато вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориб, мусулмонларга қақшатқич талафот келтирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатл қилинишларига бир баҳя қолишига сабаб бўлди ва мусулмонларнинг Бадрдан сўнг эришган обрў ва ҳайбатларига жуда катта салбий таъсир кўрсатди.

Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу камончиларга қилган, хоҳ ғалаба, хоҳ мағлубият бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам тоғдаги ўринларидан қимирламаслик ҳақидаги қатъий буйруқлари матнини келтириб ўтгандик. Лекин, шу қадар қаттиқ буйруқлар бўлишига қарамай, камончилар мусулмонларнинг душманни қувиб, ўлжаларни қўлга киритишаётганини кўргач, дунё муҳаббати ғолиб келиб, бир-бирларига: «Ўлжа, ўлжа! Биродарларимиз ғолиб бўлишди! Биз нега қараб турибмиз?!», деб хитоб қилишди.

Аммо бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини эслатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга айтган гапларини унутдингизми?!», деди.

Лекин, уларнинг мутлақ кўпчилиги бу огоҳлантиришларга парво қилмасдан: «Худо ҳаққи, биз ҳам тезроқ бориб, ўлжага эришайлик!», дейишиб[9], қирқ чоғли ё ундан ҳам ошиқроқ киши тоғдаги ўринларини тарк қилишиб, ўлжага шерик бўлиш иштиёқида пастга қараб шошилишди. Оқибатда мусулмонларнинг орқа тарафи ҳимоясиз қолиб, фақат Абдуллоҳ ибн Жубайр билан бирга саккиз-тўққиз жангчигина то изн бўлгунича ёки ҳалок бўлгунларича ўз ўринларида мустаҳкам туравериш аҳди билан қолдилар.

Холид ибн Валид ислом лашкарини қуршаб олиш режасини амалга оширади

Холид ибн Валид олтинга тенг бу фурсатни ғанимат билиб, ислом қўшинининг орқа тарафидан айланиб ўтиш мақсадида ўз отлиқлари билан ўқдек учиб, камончилар тоғига ҳужум уюштирди. Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг ёнида қолган саноқли жангчини бир зумда тинчитиб, орқа томондан мусулмонлар устига бостириб келди. Унинг отлиқларининг ҳайқириғидан мушриклар ҳолат янгича тус олганини билишиб, чекиниб бораётган жойларидан ортларига қайтиб, мусулмонлар устига ёпирилишди. Мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Бир жойга жам бўлишгач, мусулмонларга қарши жангга ташландилар. Шундай қилиб, мусулмонлар олди тарафдан ҳам, орқадан ҳам қуршов ичида қолиб, жуда қийин аҳволга тушиб қолдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуршовда ўзларини мардонавор тутишлари

Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз кишилик кичик бир гуруҳ[10] билан мусулмонларнинг орқаларидан[11] уларнинг шиддатли жангларини ва мушрикларни таъқиб қилишларини кузатиб турардилар. Шу ҳолда Холиднинг отлиқлари тўсатдан бостириб келиб қолишди. У зотнинг олдиларида икки йўлдан бири қолганди: ё ўз жонларини сақлаб қолиш учун ёнларидаги тўққиз нафар саҳобалари ҳамроҳлигида зудлик билан хавфсиз жойга чекинишлари ва қуршовда қолган қўшинни тақдир ҳукмига ҳавола қилишлари, ё эса ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини ўз атрофларига чорлашлари ва улардан кучли бир жабҳа (фронт) ташкил қилиб, улар воситасида душман қуршовини ёриб, қуршовда қолган қўшиннинг Уҳуд тоғи тепаларига чиқиб олиши учун йўл очиб беришлари керак эди.

Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тенгсиз иқтидорлари ва мислсиз шижоатлари намоён бўлди. У зот асҳобларни ўз ёнларига чорлаб, бор овозлари билан: «Ҳой Аллоҳнинг бандалари, менинг ёнимга!», деб нидо қилдилар. Овозлари мусулмонлардан олдинроқ мушриклар қулоғига етиб боришини била туриб, ана шундай оғир вазиятда ўз жонларини хатарга қўйиб, асҳобларини чорладилар.

Дарҳақиқат, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, мусулмонлардан олдин у киши томон интилдилар.

Мусулмонларнинг тумтарақай бўлиб кетишлари

Мусулмонлар қуршовга тушиб қолишгач, улардан бир тоифаси ўзларини бутунлай йўқотиб қўйдилар. Кўзларига ўз жонларидан бошқа нарса кўринмай қолиб, орқада нима гап бўлаётганидан бехабар, жанг майдонини ташлаб, қочишга тушдилар. Улардан баъзилари қочиб бориб, ҳатто Мадинагача етиб бордилар. Айримлари эса тоғ чўққиларига чиқиб кетишди.

Иккинчи бир тоифа эса мушрикларга аралашиб кетиб, тўс-тўполонда ким дўст, ким душманлиги билинмай қолиб, мусулмонлар ичида бир-бирини ўлдириб қўйиш ҳоллари ҳам содир бўлди. Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Уҳуд куни мушриклар очиқ мағлуб бўлиб туришган пайт Иблис: «Эй Аллоҳнинг бандалари, орқангизга эҳтиёт бўлинг!», деб қичқирди. Шунда олдинги қатордагилар орқага қайтишиб, орқадагилар билан тўқнашиб кетишди. Ҳузайфанинг кўзи бирдан отаси Ямонга тушди ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, отам, отам!» деб қичқирди. Бироқ, улар ўзларини тўхтатиб қололмадилар ва унинг отасини ўлдириб қўйишди. Шунда Ҳузайфа: «Сизларни Аллоҳнинг ўзи кечирсин», деди». Урва айтади: «Ҳузайфада то дунёдан ўтгунича ҳам яхшилик сақланиб қолди»[12].

Ушбу тоифа ичида қаттиқ саросима пайдо бўлиб, кўпчилик гангиб қолганидан нима қилишини ва қайси томонга қараб ҳаракатланишини билмай қолди. Бунинг устига шу пайт: «Муҳаммад ўлдирилди!», деган қичқириқ эшитилиб, бу уларнинг қолган-қутган эс-ҳушларини ҳам учириб юборди. Кўпчилигининг руҳияти бутунлай тушиб кетди. Баъзилари жангдан тўхтаб, таслим бўлиш учун қуролларини ташладилар, айримлар эса мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай билан боғланиб, уларга Абу Суфёндан омонлик олиб беришни сўраш фикрига тушишди. Шу ҳолда турганларида улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди. «Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди. Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди.[13]

Собит ибн Даҳдоҳ қавмига қараб: «Эй ансорлар жамоаси, агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, Аллоҳ тирик, У ўлмайди! Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар, Аллоҳнинг Ўзи сизларга зафар ва нусрат ато этади!», деб хитоб қилди. Шунда бир қанча ансорлар унинг ёнига тўпланишиб, биргаликда Холиднинг отлиқларига қарши жангга киришди, унинг ўзи Холиднинг найзасидан ҳалок бўлди, бошқа шериклари ҳам ўлдирилдилар[14].

Муҳожирлардан бир киши қонга беланган бир ансорийнинг ёнидан ўтиб қолди ва: «Эй фалончи, билдингми, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган эмишлар?», деди. Шунда ансорий : «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдирилган бўлсалар, рисолат омонатини етказиб қўйганлар. Сизлар динингиз йўлида жанг қилинглар!», деб жавоб берди[15].

Мана шундай руҳлантирувчи ва далда берувчи сўзу ишлар сабабли мусулмон аскарларига маънавий-руҳий куч-қувват қайтиб келди, улар саросимадан қутулиб, эс-ҳушларини йиғиб олдилар. Таслим бўлиш ёки мунофиқ Ибн Убайга қўшилиш фикридан қайтдилар ва қуролларини қўлга олиб, бошқарув қароргоҳи томонга йўл очиш мақсадида мушрикларга қарши ҳужум бошлаб юбордилар. Бу орада уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганлари ҳақидаги хабарнинг ёлғонлиги ҳам маълум бўлиб, бу уларнинг кучига куч қўшиб юборди. Натижада, оғир ва шиддатли жанглардан сўнг қуршовни ёриб чиқишга ва мустаҳкам марказ атрофида жамланишга муваффақ бўлдилар.

Майдонда учинчи бир тоифа ҳам бор эдики, уларнинг бутун фикру зикрлари фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлди. Бу тоифа қуршовнинг бошиданоқ жон жаҳдлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қараб интилдилар. Уларнинг бошида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳум ва бошқалар бор эди. Улар жангнинг олдинги қаторларида эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан хавф-хатарни ҳис қилишлари биланоқ у зотнинг ҳимояларига етиб келдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида жангнинг шиддатли тус олиши

Мазкур тоифалар қуршов машаққатларини бошдан кечирар ва мушрикларнинг тегирмони гирдобида айланар экан, жанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида қизигандан қизиб борарди. Юқорида айтганимиздек, мушриклар қуршовни бошлаган пайтларида у зотнинг ёнларида тўққиз нафар саҳобадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мусулмонларга қарата: «Менинг ёнимга келинглар, мен Расулуллоҳман!» деб хитоб қилганларида мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитиб, у зотни танишди ва устларига ёпирилиб кела бошлашди, мусулмонлардан олдин ёнларига етиб бориш мақсадида жон-жаҳдлари билан у зот томонга ташланишди. Шунда ўша тўққиз нафар саҳобий билан мушриклар ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтди ва унда муҳаббат, фидокорлик, жасорат ва қаҳрамонликнинг ғоят нодир кўринишлари намоён бўлди.

Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни етти ансор ва икки муҳожир билан ёлғиз қолгандилар. Мушриклар ёпирилиб келишгач: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Шунда ансорлардан бири олдинга ўтиб, то ўлгунича жанг қилди. Кейин яна ёпирилиб кела бошлашгач, яна: «Жаннат эвазига – ёки жаннатда менинг ҳамроҳим бўлиши эвазига – ким уларни биздан даф қилади?!», дедилар. Ансорлардан яна бири олдинга чиқиб, то ўлгунича жанг қилди. Ана шу тарзда бирин-кетин еттовлари ўлдирилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки – муҳожир – саҳобаларига: «Асҳобларимизга инсоф қилмадик», дедилар»[16].

Мазкур етти ансорийнинг охиргиси Амора ибн Язид ибн ас-Сакан эди, у қаттиқ жанг қилди ва оғир жароҳат олиб йиқилди[17].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар

Ибн ас-Сакан йиқилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нафар муҳожир саҳоба билан ёлғиз қолдилар. «Саҳиҳайн»да Абу Усмондан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида жанг қилаётган кунларининг бирида Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Саъд (ибн Аби Ваққос)дан бошқа ҳеч ким қолмаган эди»[18]. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги энг оғир дамлар эди. Мушриклар учун эса бу дамлар олтинга тенг фурсат бўлиб, улар бу фурсатни қўлдан чиқармаслик учун қаттиқ уринишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиш мақсадида ҳужумларини асосан у зотга қаратишди. Утба ибн Ваққос отган тош у зотнинг юзларига тегиб, пастки ўнг курак (яъни олдинги тишлар билан озиқ тиш ўртасидаги) тишлари синиб, пастки лаблари ёрилди. Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий яқинларига келиб, пешоналарига жароҳат етказди. Абдуллоҳ ибн Қамиъа номли ғаддор бир отлиқ келиб, у зотнинг елкаларига шундай зарб билан қилич солдики, унинг зарбидан бир ойдан кўпроқ елкалари оғриб юрди, бироқ бу зарба у зотнинг икки қават совутларини йиртиб ўтишга қодир бўлмади. Кейин ўша ғаддорнинг иккинчи бор туширган ўшандай қаттиқ зарбаси у зотнинг чаккаларига тегиб, дубулғаларининг ҳалқаларидан иккита ҳалқа юзларини ёриб, ичига кириб қолди. У малъун зарба урар экан: «Мана сенга, мен Ибн Қамиъаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан қонни артарканлар: «Сени Аллоҳ хор қилсин», дедилар[19].

«Саҳиҳ»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тишлари синдирилди, бошлари ёрилди. Шунда юзларидан қонни артарканлар: «Уларни Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарларининг юзини ёрган ва тишларини синдирган қавм қандай нажот топсин?!», дердилар. Шундан сўнг Аллоҳ азза ва жалла оят нозил қилдики: «(Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга на­жот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар» (Оли Имрон: 128).[20]

Табароний ривоятида: У зот ўша куни: «Пайғамбарининг юзини қонга белаган қавмга Аллоҳнинг ғазаби қаттиқ бўлди», дедилар. Сўнга бироз муддат тургач: «Эй Парвардигор, қавмимни кечиргайсан, улар билмайдилар», дедилар.[21]

«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинишича: «Эй Роббим, қавмимни мағфират қилгин, улар билмайдилар», дедилар.[22]

Қози Иёзнинг «Аш-Шифо»сида: «Эй Парвардигор, қавмимни ҳидоят қилгин, улар билмайдилар», деганлари ривоят қилинган.[23]

Шубҳасиз, мушрикларнинг асосий мақсадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш бўлган эди. Бироқ, иккала муҳожир - Саъд ибн Аби Ваққос билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатиб, мислсиз жасорат билан жанг қилишди ва икки кишигина бўлишларига қарамай, мушрикларга ўз мақсадларига эришишларига йўл қўймадилар. Чунки, ҳар иккаласи арабларнинг энг моҳир камончиларидан бўлиб, тинимсиз ўқлари билан мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суриб ташлашга муваффақ бўлишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Аби Ваққосга ўқдонларини қоқиб туриб: «Отинг, ота-онам сизга фидо бўлсин!», дедилар, бу эса унинг нақадар юксак жасорат ва лаёқат эгаси бўлганига далолат қилади. Чунки, у зот Саъддан бошқа биронтасига ота-оналарини биргаликда фидо қилмаганлар.[24]

Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳақида гапирадиган бўлсак, мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига ёпирилиб келишлари воқеасини имом Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб қолишганида у зот: «Ким уларга қарши тура олади?» дедилар. Шунда Талҳа: «Мен», деди. (Сўнг Жобир ансорларнинг олдинга чиқишлари ва бирин-кетин шаҳид бўлишларини имом Муслим ривоятидан биз айтиб ўтганимиздек ҳикоя қилгач, сўзида шундай давом этди: ) Сўнг Талҳа олдинга чиқиб, бир ўзи ўн бир кишидек олишди, қўлига қилич тегиб, бармоқларини узиб юборганида: «Ҳасс» (яъни, «иҳ» ёки «аҳ») деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «Бисмиллаҳ» деганингда эди, фаришталар одамлар кўз ўнгида сени баланд кўтаришган бўларди», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ мушрикларни ортга чекинтирди.[25]

Ҳокимнинг «Иклил»ида ривоят қилинишича, Талҳа Уҳуд куни ўттиз тўққизта ёки ўттиз бешта жароҳат олган, кўрсаткич ва ўрта бармоғи фалаж бўлиб, ишламай қолган экан.[26]

«Саҳиҳул Бухорий»да Қайс ибн Абу Ҳозим ривоят қилади: «Мен Талҳанинг шол бўлиб қолган қўлини кўрдим, Уҳуд куни у шу қўли билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилган эди».[27]

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда айтилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни у ҳақида: «Ким ер юзида юрган (яъни тирик) шаҳидни кўришни истаса, Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин», деганлар.[28]

Абу Довуд Таёлисий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Абу Бакр Уҳуд кунини эсласа: «У куннинг ҳаммаси Талҳанинг куни бўлганди», дердилар.[29]

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у ҳақда яна шундай дерди:

Убайдуллоҳ ўғли Талҳа, сенга жаннат мунтазир,

Хизматингга ҳури ғилмон, нозу неъмат мунтазир.[30]

 

Ана шундай таранг вазият ва оғир дамда Аллоҳ таоло ғойибона нусратини туширди. «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Саъд айтади: «Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, ёнларида оппоқ кийимли икки киши у зотни ҳимоя қилиб қаттиқ жанг қиларди, мен уларни аввал ҳам кўрмаганман, кейин ҳам кўрмадим». Бир ривоятда: «Улар Жибрил ва Микоил эдилар»[31].


 

[1] Ас-сийрутал-ҳалабия: 2/18.

[2] Ибн Ҳишом: 2/68, 69.

[3] Ибн Ҳишом: 2/69.

[4] Ибн Ҳишом: 2/69-72, Саҳиҳул Бухорий: 2/583. Ваҳший Тоиф жангидан сўнг мусулмон бўлди, ўша найзаси билан Мусайлама каззобни ўлдирди, румликларга қарши Ярмук жангида иштирок этди.

[5] Ҳанзаланинг лақаби «Ғасил» (ювиб қўйилган) ёки «Ғасилул-малоика» (фаришталар тарафидан ювилган) бўлиб, бунинг сабаби қуйироқда, «Шаҳидларнинг дафн қилиниши» қиссасида келади.

[6] Фатҳул Борий: 7/346.

[7] Ибн Ҳишом: 2/77.

[8] Саҳиҳул Бухорий: 2/579.

[9] Бухорий Бароъ ибн Озиб ҳадисида келтирган: 1/426.

[10] «Саҳиҳул Муслим»да (2/107) айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни 7 ансорий ва 2 муҳожир саҳобалари билан ёлғиз қолгандилар.

[11] «Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди» (Оли Имрон: 153) ояти шунга далолат қилади.

[12] Саҳиҳул Бухорий: 1/539, 2/581, Фатҳул Борий: 7/351, 362, 363. Бухорийдан бошқалар зикр қилишадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфага отасининг диясини (хун пулини) бермоқчи бўлганларида у: «Отамнинг диясини мусулмонларга садақа қилдим», деган, бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздиларида Ҳузайфанинг обрўсини яна ҳам орттирган эди.

[13] Зодул-маод: 2/93-96, Саҳиҳул Бухорий: 2/579.

[14] Ас-сийратул-ҳалабия: 2/22.

[15] Зодул-маод: 2/96.

[16] Саҳиҳ Муслим: 2/107.

[17] Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир гуруҳ мусулмонлар етиб келиб, кофирларни Амора ёнидан суриб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларига келтиришди. У зот оёқларини унга тўшадилар ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига бош қўйганча вафот этди (Ибн Ҳишом: 2/81).

[18] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 2/581.

[19] «Қамиъа» араб тилида тубан, пасткаш, хор маъноларини англатади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мақтаниб айтган «Мен Қамиъанинг ўғлиман» деган сўзига жавобан айни шу сўз билан ўзакдош феълни ишлатиб: «Ақмаъакаллоҳ», яъни Аллоҳ сени хор қилсин, деб дуо қилдилар (таржимон изоҳи). У зотнинг дуоларини Аллоҳ ижобат қилди. Ибн Оиздан ривоят қилинишича: «Ибн Қамиъа уйига қайтганидан сўнг чорвасини боқиб юриб, тоғ чўққисига чиқиб кетган қўй-эчкиларини қайтариб тушиш учун чиққанида ўзининг бир эчкиси уни қаттиқ сузиб, тоғдан қулатиб юборди ва у парча-парча бўлиб кетди» (Фатҳул Борий: 7/373). Табароний ривоятида: «Аллоҳ унга тоғ эчкисини рўбарў қилди, у уни сузавериб, тилкалаб ташлади»  (Фатҳул Борий: 7/366).

[20] Саҳиҳул Бухорий: 2/582, Саҳиҳ Муслим: 2/108.

[21] Фатҳул Борий: 7/373.

[22] Саҳиҳ Муслим: 2/108.

[23] Китобуш-шифо битаърифи ҳуҳуқил-мустафо: 1/81.

[24] Саҳиҳул Бухорий: 1/407, 2/580, 581.

[25] Фатҳул Борий: 7/361, Сунан ан-Насоий: 2/52.

[26] Фатҳул Борий: 7/361.

[27] Саҳиҳул Бухорий: 1/527, 581.

[28] Термизий: Маноқиб (3740-ҳ), Ибн Можа: Муқаддима (125-ҳ).

[29] Фатҳул Борий: 7/361.

[30] Мухтасар тарих Димашқ: 7/82.

[31] Саҳиҳул Бухорий: 2/580. Муслимда ҳам шунга ўхшаш ривоят келган (Ал-фазоил: 4/1082).

 

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ