Ислом Нури
Китоблар
الرحيق المختوم
بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام
صفي الرحمن المباركفوري
Ар-раҳиқ ал-махтум
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар
Ислом Нури таржимаси
Мадинага ғалаба муждаси етиб келади
Мусулмонлар узил-кесил ғалабага эришганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига ғалаба хабарини етказиш учун иккита чопар йўлладилар, Абдуллоҳ ибн Равоҳани Олия (юқори тараф) аҳлига, Зайд ибн Ҳорисани эса Софила (қуйи тараф) аҳлига юбордилар.
Яҳуд ва мунофиқлар бунгача Мадинада ёлғон миш-мишлар тарқатиб, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилганликлари хабарини ёйишга улгуришганди. Мунофиқлардан бири Зайд ибн Ҳорисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари Қасвога миниб келаётганини кўриб: «Ана, Муҳаммад ўлдирилгани рост экан, мана унинг туяси, унинг устида ҳаллослаганича қочиб келаётган анови Зайд эса қўрқувдан нафаси ичига тушиб кетиб гапиролмай ҳам қолган кўринади», деб шовқинлади.
Иккала элчи етиб келгач, мусулмонлар хабар эшитиш иштиёқида уларни ўраб олишди, мусулмонларнинг ғалаба қозонганига ишонч ҳосил қилишгач, ҳамма ёқни шод-хуррамлик тутиб кетди, Мадинанинг чор-атрофи гулдурос таҳлил ва такбирлар остида ларзага келди. Мадинадаги мусулмонларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу улкан ғалаба билан муборакбод этиш учун Бадр йўли сари отланишди.
Усома ибн Зайд айтади: «Бизга ғалаба хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайянинг қабри устига тупроқ тортаётган пайтимизда етиб келди, у Усмон ибн Аффоннинг никоҳида бўлиб, Усмон билан мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб туриш учун қолдиргандилар».
Ислом лашкари Мадина сари йўл олади
Жанг ниҳоясига етганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда уч кун турдилар. Жанггоҳдан қўзғалишаридан олдин лашкар ичида ўлжа хусусида келишмовчилик юзага чиқди. Тортишув кучайиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан ҳамма қўлидаги нарсаларни бир жойга ташлади. Сўнг ушбу муаммони ечиб берувчи ваҳий нозил бўлди.
Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Бадрда ҳозир бўлдим. Тўқнашув бўлиб, унда Аллоҳ душманни мағлуб қилгач, бир гуруҳ кишилар душман ортидан қувиб, ўлдириш ва асир олишда давом этдилар, бир гуруҳ эса ғанимат ва ўлжаларни йиғишга киришдилар, яна бир гуруҳ эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида, душман ғафлатда қўйиб у зотга бирон зиён етказишидан қўрқиб, ҳимоя қилиб турдилар. Қоронғи тушиб, ҳамма жой-жойига қайтгач, ўлжа йиққан кишилар: «Ўлжаларни биз тўпладик, уларда биздан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейишса, душман ортидан қувиб кетганлар: «Биз ўлжага ҳаммадан ҳақлироқмиз, чунки душманни ундан узоқлатиб, сизлар учун имконият яратиб бердик», дейишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида қолганлар ҳам: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўз-қулоқ бўлиб туриш мақсадида ўрнимиздан жилолмадик», дейишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!» (Анфол: 1) оятини нозил қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар ўртасида тақсимладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда уч кун турганларидан сўнг лашкар ҳамроҳлигида Мадина сари йўлга отландилар. Мушрик асирларни ва мушриклардан олинган ўлжаларни ҳам бирга олиб кетдилар, ўлжаларга Абдуллоҳ ибн Каъбни масъул қилиб қўйдилар. Сафро дарасидан ўтгач, дара билан Нозия ўрталиғидаги тепаликда тўхтадилар. Ўша ерда ўлжалардан хумус (бешдан бирини) ажратиб олгач, қолганини мусулмонларга баб-баробар бўлиб бердилар.
Сафрога етганларида Назр ибн Ҳорисни ўлдиришга буйруқ бердилар. У Бадрда мушрикларнинг байроқдори бўлган, Қурайшнинг энг катта жиноятчиларидан бири, Исломнинг ашаддий душманларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озори энг қаттиқ кимсалардан бири эди. Алий ибн Аби Толиб унинг бошини танидан жудо қилди.
Ирқуз-зубяга етганларида Уқба ибн Аби Муийтни қатл қилишга буйруқ бердилар. Юқорида биз унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нақадар ёмон азиятлар етказганини айтиб ўтганмиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида сўйилган туянинг қоғоноқини[1] келтириб, у зотнинг елкаларига ташлаган ҳам, ридоси билан у зотни бўғиб, ўлдириб қўяёзган ҳам мана шу бадбахт эди. Уни қатл қилишга буюрганларида: «Гўдак болаларимни ким қарамоғига олади, эй Муҳаммад?», деган эди: «Ўт», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[2]. Уни Осим ибн Собит ал-Ансорий қатл қилди, баъзилар Алий ибн Аби Толиб қатл қилган ҳам дейишади.
Бу икки муштумзўрнинг қатл қилиниши уларнинг ўтмишдаги жиноятларига берилган жазо ҳам эди. Зеро, улар нафақат асирлар, балки замонавий тил билан айтганда уруш жиноятчилари ҳам эди.
Муборакбод этувчи вакиллар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага юборган икки элчиларидан хушхабарни эшитиб, у зотни муборакбод этиш учун йўлларига пешвоз чиқиб келаётган мусулмонларнинг бошлиқлари у зот билан Равҳога етиб келганларида учрашдилар ва ғалаба билан муборакбод этдилар. Шунда Салама ибн Салома уларга: «Бизни нимага қутлаяпсизлар? Аллоҳга қасамки, биз бор-йўғи тушовланган туяларга ўхшаш, тепакал қарияларга тўқнашиб, уларни бўғизладик, холос», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва: «Эй жиян, улар қавмнинг энг шарафли кишилари эди», дедилар.
Усайд ибн Ҳузайр: «Ё Расулуллоҳ, сизни музаффар ва шод-хуррам этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, менинг Бадрдан қолишимга сабаб – сизни душман билан тўқнашувга бораётганингизни билмагандим, фақат карвон учун бораяпсиз, деб ўйлаган эдим, агар жанг бўлишини билсам, ҳаргиз қолмаган бўлардим», деди. «Рост айтдингиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага музаффар ва ғолиб бўлиб кириб келдилар. Мадина ва унинг атрофларидаги душманлар у кишидан ҳайиқиб қолишди. Мадина аҳлининг жуда кўпчилиги исломни қабул қилишди. Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамтовоқлари ҳам зоҳирда исломга киришди.
Мадинага келганларининг эртаси куни асирларни ҳам етказиб келишди. Уларни асҳоблари ўртасида тақсимладилар ва уларга асирларига яхши муомалада бўлишни буюрдилар. Асҳоблари у зотнинг тавсияларига амал қилиб, ўзлари хурмо еб, асирларига нон берардилар.
Асирлар масаласи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага етиб келганларидан сўнг асирлар хусусида асҳобларига маслаҳат солдилар. Абу Бакр: «Ё Расулуллоҳ, улар бизнинг амакиваччаларимиз, қариндош-уруғ ва оға-иниларимиз. Фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, улардан олган маблағлар кофирларга қарши биз учун қувват бўларди. Қолаверса, ажабмаски, Аллоҳ уларни ҳидоятга йўлласа ва бизга ёрдамчиларга айланишса», деди.
«Сиз нима дейсиз, эй Ибн Хаттоб?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Аксинча, улар ҳақида менинг фикрим шуки, менга фалончини (яъни, ўзининг қариндошларидан бирини) беринг, бошини танасидан жудо қилай, Алийга Ақил ибн Аби Толибни беринг, бошини танасидан жудо қилсин, Ҳамзага акаси фалончини беринг, бошини танасидан жудо қилсин. Токи қалбимизда мушрикларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлигини Аллоҳга билдириб қўяйлик. Қолаверса, улар қавмнинг энг шарафли кишилари, бошлиқ ва қўмондонлари», деди.
Умар айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг фикримни олмадилар, Абу Бакрнинг фикрига мойил бўлдилар ва улардан фидя олдилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борсам, у зот билан Абу Бакр икковлари йиғлаб ўтиришган экан. Мен: «Ё Расулуллоҳ, дўстингиз билан сизни нима нарса йиғлатди? Менга ҳам айтинг, агар йиғлайдиган иш бўлса мен ҳам йиғлай, агар йиғлаёлмасам ўзимни йиғлаганга солай», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улардан фидя олганликлари туфайли биродарларингиз йўлиқадиган иш учун йиғлаяпман. Менга уларнинг азобланишлари мана бу дарахтдан ҳам яқин экани кўрсатилди», деб яқинларидаги бир дарахтга ишора қилдилар.
Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилганди:
«Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга товон олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди» (Анфол: 67, 68).
Баъзи муфассирлар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида ёзиб қўйилган нарса: «Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар ё (уларни қўйиб юбориш учун) фидя-товон олурсизлар» (Муҳаммад: 4) ояти эди, бунда асирлардан фидя олиб, қўйиб юборишга изн берилганди, шу боис ҳам бу иш учун азоб тушмади, фақат ерда мустаҳкам ўрнашиб олмасдан туриб асир олингани учун итоб-танбеҳ нозил бўлди, дейдилар.
Баъзилар эса: «Йўқ, бу оят кейинроқ нозил бўлган, Аллоҳнинг илми азалийсида ёзилган китобдан мурод – бу уматга ғанимат-ўлжаларни ҳалол қилиб берганлиги ёки Бадр аҳлини Ўзининг тўла раҳмат ва мағфиратига олганидир», дейишади.
Иш Абу Бакр Сиддиқнинг маслаҳатига кўра асирлардан фидя олишга қарор топгани учун улардан фидя олинди. Фидя миқдори минг дирҳамдан тортиб тўрт минг дирҳамгача бўлди. Макка аҳли ёзув-чизувга қўли келадиган саводхон халқ бўлиб, Мадина аҳли асосан саводсиз эди. Шу боис тўлашга пули бўлмаган асирлар Мадиналик ўнта боланинг саводини чиқариб қўйиш эвазига ҳам озод қилиндилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асирларни ҳеч қандай тўловсиз ҳам озод қилиб юбордилар. Муттолиб ибн Ҳантоб, Сойфий ибн Абу Рифоъа, Абу Изза ал-Жумаҳийлар шулар жумласидан бўлиб, кейинроқ Абу Иззани Уҳудда яна асирга тушганида ўлдиришга буюрганлар.
Куёвлари – қизлари Зайнабнинг эри Абул-Осни ҳам қўйиб юбордилар. Зайнаб унинг фидяси учун юборган моллар ичида онаси Хадижа унга тўйи куни тақиб қўйган сирға ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сирғага кўзлари тушиб, кўнгиллари бузилиб кетди ва асҳобларидан Абул-Осни шундоқ қўйиб юборишга изн сўрадилар, улар ҳам бунга рози бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абул-Осни қўйиб юборарканлар, унга Зайнабнинг йўлини очиб қўйишини шарт қўйдилар. Шартга мувофиқ у Зайнабнинг ҳижрат қилишига йўл очиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса билан бир ансорийни юбориб, Батни Яъжаж деган жойда кутиб туришларини, Зайнаб етиб келгач, уни бирга олиб келишларини буюрдилар. Улар бориб, Зайнабни бирга олиб келдилар. Унинг ҳижрат қиссаси жуда узун ва аламли кечди.
Асирлар ичида Суҳайл ибн Амр ҳам бўлиб, у кучли нотиқ одам эди. Умар деди: «Ё Расулуллоҳ, Суҳайл ибн Амрнинг тишларини қоқиб олинг, тили осилиб, иккинчи сизга қарши гапириб юрмайдиган бўлсин». Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу талабини рад этдилар, бундай қилиш охиратда Аллоҳнинг азобига дучор қилувчи мусла (инсоннинг қулоқ-бурун каби аъзосини кесиш) бўлишидан қўрқдилар.
Саъд ибн Нуъмон исмли саҳобий умра қилиш учун борганида Абу Суфён уни ушлаб қамаб қўйганди. Асирлар ичида бўлган Абу Суфённинг ўғли Амрни Абу Суфёнга юбордилар, у бунинг эвазига Саъдни қўйиб юборди.
Қуръон мазкур жанг хусусида сўз юритади
Ушбу жанг мавзусида «Анфол» сураси нозил бўлди. Бу сура – таъбир жоиз бўлса – мазкур жанг борасидаги илоҳий изоҳ (ҳисобот) бўлиб, у одатда подшоҳ ва қўмондонларнинг ғалабадан кейин нутқ қиладиган изоҳ ва ҳисоботларидан кескин фарқ қилади.
Аллоҳ таоло аввало мусулмонларнинг диққатини уларда сақланиб қолган ва улардан содир бўлган айрим ахлоқий қусурларга жалб қилди ва бу билан уларнинг ўз нафсларини юксак камолот даражаларига кўтариш ва дилларини бу қусурлардан поклашга чорлади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзининг бу ғалабадаги қўллаб-қувватлашини, мусулмонларга бўлган ғойибона мадад ва нусратини баён қилди. Буни уларга ўз шижоатлари ва жасоратлари билан мағрурланиб қолиб, нафсларига манманлик ва кибру-ҳаво томир отмаслиги учун, балки Аллоҳга таваккул қилишлари, Унга ва Унинг расулига итоат қилишлари учун зикр қилди.
Сўнгра уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу қонли тўқнашувга олиб келган юксак мақсад ва ғаразларни баён қилди, уларни жангларда ғалабага сабаб бўлувчи сифат ва ахлоқларга йўллади.
Сўнг мушрик ва мунофиқларга, яҳудларга ва уруш асирларига хитоб қилиб, уларга ҳақни қабул қилишларига йўллайдиган етук панд-насиҳатлар қилди.
Сўнгра ғанимат-ўлжалар мавзусида мусулмонларга хитоб қилиб, уларга ушбу масалага оид асос ва қонун-қоидаларни қўйиб берди.
Сўнгра уларга исломий даъват ушбу босқичга кирганидан сўнг муҳтож бўладиган уруш ва тинчликка оид қонун-қоидаларни баён қилди, токи мусулмонларнинг урушлари жоҳилият аҳли урушларидан ажралиб турсин, мусулмонлар ахлоқ-одоб, ўлчов ва намуналарда юксалиб турсинлар, дунё аҳли исломнинг қуруқ дунёқарашдангина иборат эмаслигини, балки у ўзининг аҳлини ўзи чақираётган фикр ва асослар билан амалий равишда тарбияловчи дин эканига ишонч ҳосил қилсин.
Сўнгра ислом давлати қонунларидан ушбу давлат ҳудуди ичида яшаётган мусулмонлар билан унинг ташқарисида яшовчи мусулмонлар ўртасидаги фарқларни барпо қилувчи баъзи бандларни баён қилди.
Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилинди, фитр закоти фарз қилинди, закотнинг бошқа нисоб ва ўлчовлари баён қилиб берилди. Фитр закотининг фарз бўлиши ва закотнинг бошқа нисобларини батафсил баён қилиниши камбағал ва муҳтож бўлган, тирикчилик йўлларини топишга қийналиб юрган муҳожирларнинг бўйинларини эзиб турган оғирликларнинг анча енгиллашига сабаб бўлди.
Энг гўзал воқеа ва ажойиб ҳодисалардан бири – иккинчи ҳижрийнинг шавволида мусулмонлар ҳаётларида биринчи бор байрам қилинган ҳайит байрами бўлди. Бу байрам Бадр ғазотида қозонилган улкан ғалаба ортидан келганлиги унинг яна-да шукуҳли бўлишига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло бошларига ғалаба ва азизлик тожини кийдирганидан сўнг келган бу улуғ ҳайит байрами нақадар ажойиб кўриниш эди! Уйларидан чиқиб борарканлар, баланд овозда такбир, таҳлил ва ҳамд айтиб боришган, қалблари Аллоҳга рағбат билан, Ўзи берган неъматларидан ва ато этган ғалабасидан сўнг Унинг раҳмати ва розилигига интилиш билан тўлиб-тошган ҳолда ўқишган ийд намози нақадар гўзал, таърифига тил ожиз намоз эди! Аллоҳ таоло уларга мана шу ҳолатларни эслатиб, шундай марҳамат қилди: «Ва сизлар ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!» (Анфол: 26).
БАДР ВА УҲУД ОРАЛИҒИДА БЎЛИБ ЎТГАН ЖАНГОВОР ҲАРАКАТЛАР
Бадр маъракаси мусулмонлар билан мушриклар ўртасида бўлиб ўтган биринчи қуролли тўқнашув эди. У мусулмонларга чор атрофдаги бутун араблар шоҳид бўлган узил-кесил ғалабани келтирган жанг бўлди. Ушбу жанг натижаларидан бевосита ундан қақшатқич зарба еганлар, яъни мушриклар, шунингдек мусулмонларнинг иззат ва ғалабаси уларнинг диний ва иқтисодий нуфузига салбий таъсир кўрсатишидан хавфда бўлган яҳудлар энг қаттиқ хафа бўлишди. Бадрда мусулмонлар ғалабага эришганларидан бери бу икки гуруҳ ғазаб ва адоват алангасида қовуриларди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 82). Мадинада бу икки гуруҳнинг сирдош дўстлари ҳам бор бўлиб, улар ўз иззатларини сақлаб қолиш учун исломдан ўзга йўл кўрмагач, ноилож исломга кирган Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг асҳоблари эди. Бу учинчи гуруҳнинг алам-аччиғи ҳам аввалги иккала гуруҳникидан кам эмасди.
Улардан ташқари, тўртинчи гуруҳ ҳам бор эди. Улар Мадина атрофларида кўчиб юрувчи бадавийлар эди. Уларни куфр ва иймон масаласи қизиқтирмас, касблари қароқчилик ва талончилик бўлгани учунгина мусулмонларнинг ғалабасидан безовта бўлиб, ҳаловатларини йўқотишди, Мадинада уларни талончилик билан кун кўришдан тийиб қўядиган кучли бир давлатнинг барпо бўлишидан қўрққанликлари туфайли мусулмонларни ёмон кўриб, уларга душманга айланишди.
Демак, маълум бўлдики, Бадрдаги ғалаба мусулмонларнинг шон-шавкат, иззат ва кароматларига қанчалик сабаб бўлган бўлса, бошқа бир неча томонларнинг адоват ва нафратига ҳам шунчалик сабаб бўлди. Табиийки, ҳар бир гуруҳ ўзини мақсадга эриштирувчи деб билган йўлга эргашарди.
Мадина ва унинг атрофидагилар ўзларини мусулмон кўрсатиб, махфий фитна ва тилбириктирувлар йўлига ўтган, яҳудлардан бир тоифаси эса адоватини эълон қилиб, ғазаб ва нафратини ошкор қилар, Макка эса қақшатқич зарба бериш билан таҳдид қилиб, аёвсиз ўч олишни ваъда қилар, бунинг учун оммавий сафарбарликни ҳам бошлаб юборган, ич-ичидан ана шу кун етиб келишини кутиб яшарди:
Ишонаман, биз учун ҳам бир ёруғ кун келиб етар,
Унда ғаним оҳ-фарёди чор-атрофни тутиб кетар.
(Дарҳақиқат, тарихда Уҳуд ғазоти номини олган урушда Қурайш ўз ниятига етди ва бу ғазот мусулмонларнинг шон-шавкат ва ҳайбатларига жиддий таъсир кўрсатган урушга айланди).
Мусулмонлар ана шундай хатарларни бартараф этиш йўлида жуда катта ишларни амалга оширдилар, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улкан бошқарувчилик қобилиятлари, у зотнинг мазкур хатарларга нисбатан ғоят огоҳлик ва ҳушёрлик билан ёндашганликлари, уларнинг олдини олиш учун тузган режаларининг нақадар тўғрилиги яққол намоён бўлди. Қуйида ана шулар ҳақида мухтасар шаклда зикр қилиб ўтамиз:
Кудрдаги Бану Сулайм ғазоти
Бадр жангидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келган илк хабар Бану Сулайм ва Бану Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплаётани ҳақидаги хабар бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан ҳаракат қилиб, уларни ўз уйларида янчиб ташлаш учун икки юз отлиқ билан йўлга чиқдилар ва уларнинг Кудр[3] деб аталувчи жойдаги манзилларига етиб бордилар. Бану Сулайм водийда 500 та туяни қолдирганча ўзлари тумтарақай қочиб қолдилар. Туяларни мусулмонлар ўлжа сифатида қўлга киритдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бешдан бирини ажратиб олганларидан сўнг қолганини ҳар бир отлиққа иккитадан қилиб бўлиб бердилар, Ясор номли бир қул ҳам қўлга тушган экан, уни озод қилиб юбордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг диёрида уч кун туриб, сўнг Мадинага қайтиб кетдилар.
Ушбу ғазот Бадрдан қайтганларидан етти кун кейин, 2 - ҳижрийнинг шаввол ойида ёки муҳаррамнинг ўртасида бўлиб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғазотга чиқиб кетишларида Мадинага Сибоъ ибн Урфутани халифа қилиб қолдирдилар. Баъзилар: Ибн Умму Мактумни қолдирганлар, ҳам дейишган[4].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд тайёрланиши
Мушриклар Бадрдаги мағлубият таъсирида алам ва ғазаб алангасида ёнишар, Макка Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши худди қозондек қайнарди. Шу орада улар ичидан иккита энг зўри чиқиб, ўз назарларида ушбу ихтилоф ва адоватларнинг ҳамда бу хорлик ва хўрликларининг бош сабабчисини, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилишга қарор қилишди.
Бадр воқеасидан бир оз ўтиб, Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда (яъни Каъба ёнида) ўтиришганди. Умайр Қурайш шайтонларидан бири бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва асҳобларга Маккадалик пайтларида кўп озорлар етказганди. Унинг ўғли Ваҳб ибн Умайр Бадр асирлари ичида эди. Иккаласи Бадрда ҳалок бўлиб, қудуққа ташланган кишилар ҳақида сўзлашиб ўтиришаркан, Сафвон: «Худо ҳаққи, улардан кейин яшашнинг қизиғи қолмади», деди.
Умайр ҳам: «Тўғри айтасан, худо ҳаққи, агар бўйнимдаги тўлай олмаётган қарзим бўлмаганда ҳамда мендан кейин бола-чақамнинг зое бўлиб кетишидан қўрқмаганимда эди, ҳозироқ бориб Муҳаммадни ўлдириб келар эдим. Чунки, менинг у ерга боришимга важ бор, ўғлим улар қўлида асир», деди.
Сафвон ҳам темирни қизиғида босиб қолди: «Қарзинг менинг бўйнимга, ўзим тўлайман. Бола-чақанг менинг бола-чақам билан бирга бўлади, ўзим умрбод уларга қараб тураман», деди.
Умайр: «Ундай бўлса, бу гап иккимиз ўртамизда қолсин», деди.
Сафвон ҳам: «Келишдик», деди.
Шундан сўнг Умайр қиличини ўткирлаб, тиғига заҳар суртди ва Мадинага қараб йўлга отланди. Мадинага етиб келиб, туясини масжид эшиги ёнига чўктираётганида бир неча мусулмонлар билан Бадр кунги ғалаба ҳақида гаплашиб турган Умар ибн Хаттобнинг кўзи унга тушди ва: «Қаранглар, бу кўппак Аллоҳнинг душмани Умайр-ку, у бу ерга яхши ниятда келмаган», деди. Сўнг пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб: «Ё Расулуллоҳ, анови ит, Аллоҳнинг душмани Умайр белида қиличи билан келибди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни олдимга киритинглар», дедилар. Шундан сўнг Умар унинг қиличи тасмасидан маҳкам тутганича бир неча ансор йигитларига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, ёнларида ўтиринглар, мана бу ифлосга ҳушёр бўлинглар, чунки бунга ишонч йўқ», деди, сўнг уни ичкарига олиб кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарни унинг бўйнидаги қиличи тасмасидан маҳкам тутиб турганини кўриб: «Уни қўйиб юборинг эй Умар», дедилар, сўнг: «Бери кел эй Умайр», дедилар. Умайр яқин келиб: «Хайрли тонг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло бизни сенинг бу саломлашувингдан яхшироқ саломлашув билан – жаннат аҳлининг саломи бўлмиш «Ассалом» билан мукаррам қилган эй Умайр», дедилар.
Сўнг: «Нима мақсадда келдинг, эй Умайр?», деб сўрадилар.
У: «Қўлларингизда бўлган асир (ўғлим) учун келдим, унга яхшилик қилинглар», деди.
«Унда нега бўйнингга қилич осиб олдинг?», дедилар.
«Қуриб кетсин қиличи ҳам, бизга унинг нима ҳам фойдаси тегди?!», деди.
«Тўғрисини айт, нега келдинг?», дедилар.
«Тўғриси шу, бошқа мақсадим йўқ», деди.
«Йўқ, ундай эмас, Сен Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда ўтириб, қудуққа жо бўлган қурайшликлар ҳақида сўзашиб ўтириб: «Агар бўйнимда қарзим ва бола-чақам бўлмасайди, бориб Муҳаммадни ўлдирардим», дединг. Шунда Сафвон мени ўлдиришинг эвазига сенинг қарзингни ҳам, бола-чақангни ҳам ўз зиммасига олди. Лекин Аллоҳнинг Ўзи сени бу ишдан тўсувчидир», дедилар.
Шунда Умайр: «Гувоҳлик бераманки, сиз дарҳақиқат Аллоҳнинг Расулисиз. Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг осмондан хабар келтиришингизга ва сизга ваҳий тушишига ишонмас эдик. Аммо, мана бу ишда мен ва Сафвондан бошқа ҳеч ким бўлмаганди. Аллоҳга қасамки, буни сизга фақат Аллоҳнинг Ўзи аён қилган. Мени исломга ҳидоят қилган ва шу ерга етаклаб келган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди ва шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга динини ўргатинглар, Қуръон ўқитинглар, асирини эса бўшатиб юборинглар», дедилар.
Сафвон эса: «Хурсанд бўлаверинглар, яқинда Бадрдаги ҳамма мусибатни эсдан чиқариб юборадиган бир воқеа хабари келади», дер, ўткинчилардан Умайр ҳақида сўраб-суриштирарди. Йўловчилардан бири унга Умайрнинг исломга кирганини айтгач, қайтиб Умайр билан гаплашмасликка ва унга нафи тегадиган бирон ишга қўл урмасликка қасам ичди.
Умайр эса Маккага қайтиб келиб, шу ерда яшаб, исломга даъват қила бошлади. Унинг қўлида кўпчилик исломни қабул қилди[5].
БАНУ ҚАЙНУҚОЪ ҒАЗОТИ
Биз юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудлар билан тузган шартнома бандларини айтиб ўтган эдик. У зот мазкур шартномага амал қилишга қаттиқ ҳаракат қилиб келдилар. Амалда мусулмонлар тарафидан унинг бирон ҳарфига зид келадиган ҳеч қандай иш содир бўлмади. Аммо, тарихлари алдов, хиёнат ва аҳдни бузиш билан тўла бўлган яҳудлар табиийки, ўзларининг ўша қадимий табиатларига заррача хилоф қилмаган ҳолда мусулмонлар сафлари орасида беқарорлик ва нотинчлик келтириб чиқариш мақсадида турли фириб-найранглар қўзғата ва фитналар чиқара бошладилар. Қуйида улардан айрим намуналар келтирамиз.
Яҳудларнинг фириб-найрангларидан бир шингил
Ибн Исҳоқ айтади: Ёши бир жойга бориб қолган мўйсафид яҳудий Шос ибн Қайс куфри кучли, мусулмонларга нисбатан нафрати баланд ва ҳасади қаттиқ одам эди. Бир куни у авслик ва хазражлик бир неча саҳобаларнинг бир даврада гаплашиб ўтиришганини кўрди, уларнинг аҳил ва иноқликларини, Ислом улар ўртасида жоҳилият даврида бўлган барча эски адоватларни унуттириб юборганини кўриб, аламдан ўзини қўйгани жой тополмай қолди, «Бану Қайла уруғлари бу диёрда иттифоқ бўлишса-я?! Йўқ, улар иттифоқ бўлишса, бу диёрда бизга ўрин қолмайди», деди. Сўнг ёнидаги бир яҳудий йигитга: «Бор, улар ёнига бориб ўтир ва гапни Буъос куни ва ундан олдин бўлиб ўтган воқеаларга бур, ўша куни улар айтган шеърлардан айримларини ўқиб бер», деди. Йигит у айтганидек қилди ва қавмни ўша кунги жанг ҳақидаги гап-сўзларга тортиб қўйди. Шунда улар ўзларининг ўша кундаги қаҳрамонликлари ва жасоратлари ҳақида сўзлаб, мақтанишга ва бир-бирларини пастга уришга киришиб кетганларини ўзлари ҳам сезмай қолишди. Охир-оқибат иккала қабила аҳлидан бўлган икки киши бир-бири билан гап талашиб, бири иккинчисига: «Истасанг, ўша воқеани яна такрорлаймиз!» деб юборди. Бу эса улар орасидаги тарихий ички урушлар ўтини яна қайта ёқишга чақириқ маъносини англатарди. Ҳар икки гуруҳ ғазаб отига миниб: «Бўлди, шундай қилганимиз бўлсин! Зоҳирада учрашамиз! Қуролланинг, қуролланинг!» дейишиб, айтилган жойга қараб отлана бошлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, муҳожирлардан бўлган асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач: «Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!», дедилар.
Шундагина қавм ўзларига келдилар, ўзларининг шайтоннинг тўрига илашиб қолганликларини ва душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, йиғлаб, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ортларига қайтдилар. Шундай қилиб, Аллоҳнинг душмани бўлмиш яҳудий Шос ибн Қайснинг макр оловини Аллоҳнинг Ўзи ўчирди[6].
Бу воқеа яҳудларнинг мусулмонлар орасида фитна ва нотинчликлар келтириб чиқариш ва ислом даъвати йўлига тўсиқлар пайдо қилиш учун тинмай қилаётган ҳаракатларига биргина мисол эди. Бу йўлда улар турли хил режалар остида иш олиб боришарди. Иймони заифроқ кишиларнинг қалбларига шак-шубҳа уруғини қадаш мақсадида ёлғон миш-мишлар тарқатишар, эрталаб тасдиқлаб турган нарсаларини кечга бориб инкор қилишар, иймон келтирган кишилар билан агар ўрталарида молиявий алоқалари бўлса, уларга тирикчилик йўлларини имкон қадар қисишга уринишар, мўминлардан бирон киши улардан қарздор бўлса, эртаю кеч қарзини қисташар, агар ўзлари бирор мўминдан қарздор бўлишса, ноҳақ еб кетишар, уни тўлашдан бўйин товлашар ва: «Бу қарзни ота-бобонгнинг динида эканингда олганмиз, сен у диндан қайтдинг, энди сенинг бизда ҳаққинг йўқ», дейишарди[7].
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида тузилган аҳдномани назар-писанд қилмасдан, то Бадр жангигача мусулмонлар билан ана шундай муомала қилиб келишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларни инсофга кириб қолар, деган умидда ва минтақада тинчлик барқарор бўлиб туриши учун тишларини тишларига қўйиб сабр қилиб келишарди.
Бану Қайнуқоъ аҳдни бузади
Аллоҳ таоло Бадрда мўминларга улкан нусрат берганини, шундан сўнг уларда иззат ва шон-шавкат ҳосил бўлганини ҳамда узоқ-яқиндагиларнинг қалбларида улардан ҳайиқиш пайдо бўлганини кўриб, мазкур яҳуд тоифаси аламдан ўзларини қўйгани жой тополмай қолишди, ёмонлик ва адоватларини ошкор қилиб, озору тажовузларини кучайтира бошлашди.
Улар ичида адовати энг кучлиси ва ёмонлиги қаттиқроғи Каъб ибн Ашраф эди, – у ҳақда кейинроқ алоҳида тўхталамиз – уччала яҳуд тоифаси ичида энг ёмони эса Бану Қайнуқоъ яҳудлари бўлиб, улар Мадина ичкарисида, ўз исмлари билан аталувчи маҳаллада яшашар, асосан қуймакорлик (заргарлик), темирчилик ва турли идишлар ясаш билан шуғулланишар, ана шу ҳунарлари боис улардан ҳар бир киши жанговор қурол-яроғларга эга эди. Уларнинг 700 нафар жангга яроқли кишилари бўлиб, Мадина яҳудларининг энг кучлиси эдилар. Мусулмонлар билан ўрталаридаги аҳдномани биринчи бўлиб бузганлар ҳам мана шулар бўлишди.
Аллоҳ таоло Бадрда мусулмонларга ғалаба ато этгач, уларнинг туғёни яна-да зўрайиб, иғво ва фитналари кучайиб кетди, ғалаён ва тартибсизлик келтириб чиқаришлари кенг тус олди, мусулмонларнинг устидан кулиш ва масхара қилишлари авжига чиқди. Уларнинг бозорига кирган ҳар бир мусулмон бирор озорга учрамай чиқиб кетмайдиган бўлиб қолди, ҳатто мусулмонларнинг аёлларига ҳам тажовуз қилишга ўта бошладилар.
Уларнинг ишлари кучайиб, тажовузлари зўрайиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммаларини йиғиб, панд-насиҳат қилдилар, инсоф ва тўғриликка чақирдилар ҳадларидан тажовуз қилишнинг оқибатидан огоҳлантирдилар, лекин уларнинг ёмонликлари кучайса кучайдики, заррача камаймади.
Абу Довуд ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда Қурайш устидан ғалабага эришиб, Мадинага қайтиб келганларидан сўнг яҳудларни Бану Қайнуқоъ бозорига йиғиб: «Эй яҳудлар жамоаси, сизларнинг бошингизга ҳам Қурайшнинг бошига тушган иш тушмасидан туриб исломни қабул қилиб қолинглар», дедилар. Шунда улар: «Эй Муҳаммад! Сен Қурайшнинг жанг қилишни билмайдиган уқувсиз, ғўр кишиларини ўлдирганинг билан кўп ҳам мағрурланма! Мана, биз билан урушиб кўрсанг, ҳақиқий жанг қандай бўлишини билиб оласан! Ҳали сен бизга ўхшаганлар билан тўқнашиб кўрганинг йўқ», деб жавоб қилишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!» (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» (Оли Имрон: 12, 13)»[8].
Бану Қайнуқоънинг ушбу жавобидан очиқ-ойдин уруш эълон қилиш маъноси кўриниб турарди. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабларини ичга ютдилар, мусулмонлар ҳам сабр қилишда давом этдилар.
Бану Қайнуқоъ яҳудларининг эса тобора сурбетликлари кучайиб борди, улар Мадинада нотинчлик ва беқарорлик чиқаришда давом этишди ва бу билан ўзларига ўзлари чоҳ қазиб, охир-оқибат ўзлари учун ҳаёт дарвозаларини ёпиб қўйишди.
Ибн Ҳишом Абу Авндан ривоят қилади: «Бир араб аёли Бану Қайнуқоъ бозорида молини сотгач, бир заргар олдига келиб ўтирди. Ундан юзини очишини талаб қила бошладилар, у кўнмади. Шунда заргар унинг ўзига билдирмасдан кийимининг этагини орқасига боғлаб қўйди. Аёл ўрнидан тургач, унинг аврати очилиб қолди. Улар бундан хохолаб кула бошладилар. Шунда аёл ёрдам сўраб қичқирган эди, мусулмонлардан бири ҳалиги яҳудий заргарга ташланиб, уни ўлдирди. Яҳудлар ҳам мусулмонга ҳужум қилиб, уни ўлдиришди. Шундан сўнг мусулмон кишининг аҳли-оиласи яҳудларга қарши мусулмонлардан ёрдам сўраб, фарёд кўтаришди. Шу билан мусулмонлар ва Бану Қайнуқоъ ўртасида ёмонлик (уруш) келиб чиқди»[9].
Бану Қайнуқоънинг қамал қилиниши, таслим бўлиши ва сургун қилиниши
Шу воқеадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам сабр косалари тўлди. Мадинага Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни халифа қилиб қолдирдилар ва Бану Қайнуқоъ сари лашкар тортиб бордилар, қўшин байроғини Ҳамза ибн Абдулмутталибга бердилар. Қўшинни кўрган Бану Қайнуқоъ ўз қалъаларига кириб ҳимояланишди. Мусулмонлар уларнинг қалъаларини қаттиқ қамалга олиб турдилар. Бу воқеа 2 - ҳижрийнинг шаввол ойи ўртасида, шанба куни бўлди ва қамал то зул-қаъданинг бошларига қадар 15 кун давом этди. Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солди – зотан У бир қавмни расво ва хор қилишни истаса, уларнинг қалбига қўрқув солиб қўяди – ва улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг жонлари, моллари, аёллари ва фарзандлари хусусида нима ҳукм қилсалар шунга рози бўлишларини билдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни боғлаб қўйишга буюрдилар.
Ана шунда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг мунофиқлиги очиқ намоён бўлди. У зўр бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларни афв қилишни талаб қилиб: «Эй Муҳаммад, менинг дўстларимга яхшилик қил», дея бошлади. Чунки, Бану Қайнуқоъ Хазражнинг иттифоқчиси саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўзига парво қилмаган эдилар, у яна сўзларини қайтарди, у зот эса юзларини ўгириб олдилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари ёқасидан тутиб тортди. «Қўйиб юбор!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг юзлари ғазабдан қизариб кетган эди, сўнгра яна: «Қўйиб юбор, деяпман, башаранг қурсин!», дедилар. Лекин, мунофиқ сурбетларча ёпишиб олиб: «Йўқ, Худо ҳаққи, то менинг дўстларимга – 300 совут кийган, 400 совутсиз кишига – раҳм қилмагунингча қўйиб юбормайман, улар мени қизилу-қорадан (яъни душманларимдан) ҳимоя қилиб келишган, сен уларни бир кунда қириб ташламоқчимисан?! Мен, Худо ҳаққи, бу иш ёмон оқибатга олиб келишидан қўрқаман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигини изҳор қилганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган бу мунофиққа чиройли муомала қилдилар ва унинг ҳурматидан уларнинг қонидан кечдилар, бироқ уларни Мадинадан чиқиб кетишга ва унинг яқинида яшамасликка амр этдилар. Шундай қилиб Бану Қайнуқоъ яҳудлари Мадинадан Шомнинг Азруот деган жойига бош олиб кетдилар ва ҳеч қанча ўтмай кўплари ўлиб йўқ бўлиб кетишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг молларини олиб қолдилар. Улар ичидан учта камон, иккита совут, учта қилич ва учта найзани олдилар ва ўлжаларни бешга тақсимладилар. Ўлжаларни йиғишга Муҳаммад ибн Маслама бош-қош бўлди[10].
Савиқ ғазоти
Сафвон ибн Умайя, яҳудлар ва мунофиқлар ўзларининг тилбириктирув ва ҳарбий амалиялари билан машғул бўлиб туришаркан, Абу Суфён ҳам тек ўтирмаганди. У қавмининг обрў-эътиборини сақлаб қолиш ва куч-қувватини кўрсатиб қўйиш учун зарари камроқ ва таъсири кўзга кўринарлироқ бир иш қилиш ҳақида режа тузиб қўйган ва уни тезроқ амалга оширишга шошилаётганди. Қолаверса, у то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши жанг қилмагунича бошига жанобат туфайли сув теккизмасликни (яъни, аёлларга яқинлашмасликни) назр қилганди. Қасамининг устидан чиқиш мақсадида у 200 отлиқ билан йўлга отланди ва Мадинадан бир барид[11] чамаси беридаги Сайб деб аталувчи тоғ ёнбағрига келиб тушди. Бироқ, Мадинага очиқдан-очиқ ҳужум қилишга юраги дов бермасдан, қароқчилардек йўл тутди. Тун қоронғусида билдирмасдан Мадина четидаги маҳаллалар оралаб Ҳуяй ибн Аҳтобникига бориб, эшик қоқди. Бироқ, Ҳуяй қўрқиб эшикни очмади. Шундан сўнг у Бану Назир саййиди ва уларнинг ўша пайтдаги хазинабони Саллом ибн Мишкамникига борди. Саллом уни уйига олиб кириб, меҳмон қилди, шаробга тўйдирди, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни бирма-бир сўзлаб берди. Шундан сўнг Абу Суфён тонгга қолмай шериклари ёнига етиб бориб, улардан бир гуруҳини босқин учун юборди. Улар Мадина четидаги Урайз деб аталган маҳаллани босқин қилиб, ундаги бир қанча хурмоларни кесиб, ўт қўйиб юборишди, ўша жойда бўлган бир ансорийни ва унинг деҳқончиликдаги шеригини ўлдириб кетишди, сўнгра ҳаммалари Маккага қараб қочиб қолишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабари етиб келгач, зудлик билан Абу Суфённинг жамоаси ортидан қувиб чиқдилар. Бироқ, улар катта тезлик билан қочиб қолишган, юкларини енгиллатиш мақсадида ёнларида бўлган кўплаб толқон ва бошқа озуқаларини йўл-йўлакай ташлаб кетишган эди. Шу боис улар қочиб қутулишга муваффақ бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қарқаратул-Кудр деган жойгача бориб, шу ердан орқаларига қайтдилар. Мусулмонлар кофирлар ташлаб кетган толқонларни олиб кетдилар, шунинг учун бу жанг Савиқ (толқон) жанги номини олди. Бу воқеа Бадр жангидан икки ой кейин, 2 - ҳижрийнинг Зул-ҳижжа ойида бўлиб ўтди. Мазкур ғазотда Мадинага Абу Лубоба ибн Абдулмунзирни халифа қилиб кетдилар[12].
Зу Амр ғазоти
Бу Уҳуд жангидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўмондонликлари остида бўлиб ўтган энг катта юриш бўлиб, 3 - ҳижрийнинг муҳаррам ойида бўлди.
Бу жангнинг сабаби шу бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бану Саълаба ва Муҳориб қабилалари катта қўшин йиққани ва Мадина атрофларига ҳужум қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар етиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни жангга сафарбар қилиб, отлиқ ва пиёда бўлиб 450 жангчи билан йўлга отландилар, Мадинага Усмон ибн Аффонни халифа қилиб қолдирдилар.
Йўлда Бану Саълаба қабиласилик Жубор исмли бир кишини қўлга тушириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват қилгандилар, у мусулмон бўлди. Шундан сўнг уни Билолга қўшиб қўйдилар, у мусулмонларни душман ерига бошлаб борди.
Душманлар Мадина қўшинининг келаётгани хабарини эшитгач, қочиб тоғларнинг тепаларига тирқираб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинлари билан уларнинг қароргоҳлари бўлмиш «Зу Амр» деган жойга етиб келиб, аъробийларга мусулмонларнинг куч-қудратини кўрсатиб қўйиш ва улар дилига қўрқув солиш мақсадида у ерда бир ой – сафар ойи – тўла ёки шунга яқин муддат турдилар, кейин Мадинага қайтдилар.
Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши
[1] Қоғоноқ – бачадонда болани ўраб турадиган парда.
[2] Саҳиҳ эгалари ривоят қилганлар, қаранг: Сунан Аби Довуд: 3/12.
[3] Кудр – Наждда, Макка билан Шом ўрталиғидаги шарқий тижорат йўли устида жойлашган Бану Сулаймга қарашли сувли ўрин
[4] Зодул-маъод: 2/90, Ибн Ҳишом: 2/43, 44.
[5] Ибн Ҳишом: 1/661-663.
[6] Ибн Ҳишом: 1/555, 556.
[7] Муфассирлар уларнинг бу каби қилмишларини Оли Имрон сураси ва бошқа суралар тафсирида ёритиб берганлар.
[8] Сунан Аби Довуд маъа Авнил-маъбуд: 3/115, Ибн Ҳишом: 1/552.
[9] Ибн Ҳишом: 2/47, 48.
[10] Зодул-маъод: 2/71, 91, Ибн Ҳишом: 2/47-49.
[11] Барид – 12 милга тенг масофа
[12] Зодул-маъод: 2/90, 91, Ибн Ҳишом: 2/444, 45.
Мундарижа