Ислом Нури
Мақолалар
Рўзани бузувчи замонавий амаллар
Муаллиф: Холид ибн Алий ал-Мушайқиҳ
Ўзбекчага ўгирувчи: Абу Закария ал-Маданий
بسم الله الرحمن الرحيم
Муқаддима
Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.
Шайх Холид ибн Алий ал-Мушайқиҳ "Зодул мустақниъ" китобидан "Китаб ас-сиям"ни шарҳлаб бўлганларидан кейин, бугунги кунимизда янги пайдо бўлган замонавий рўзани бузувчи амалларни баён қилишга киришдилар. Уларни зикр қилдилар ва уламолар сўзларининг кучлиларини баён қилдилар. Аллоҳ таоло шайхга ажру азиймлар берсин, у кишининг илмидан мусулмонларга ва Исломга наф етказсин.
Ушбу рисола шайхга берилди. Шайх ундаги хатоларни тўғрилаб, уни нашр қилишга мувофиқ эканликларини изҳор қилдилар.
Нашрга тайёрловчи: Ийсо ибн Абдурроҳман ал-Утайбий.
Замонавий рўзани бузувчи амаллар
Уламолар рўзани бузувчи амалларнинг тўртта эканига иттифоқ қилганлар:
1. емоқ;
2. ичмоқ;
3. жимоъ (жинсий алоқа);
4. ҳайз ва нифос.
Емоқ, ичмоқ ва жимоъни Аллоҳ таоло Қуръон Каримда баён қилган: «Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгда субҳ содиқ кўрингунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: "...ҳайз кўрганда намоз ўқимайди, рўза тутмайди эмасми?" Бунда рўзани бузувчи амалларнинг тўртинчиси баён қилинган.
Замонавий рўзани бузувчи амаллар кўп бўлиб биз улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
Биринчи: Астмапен
У ичига суюқ дори солинган баллонча бўлиб, бу баллонча уч моддани ўз ичига олади: сув, кислород ва баъзи тиббий доривор моддалар.
Астмапенни ишлатиш рўзани бузадими ёки йўқми?
Замонамиз уламолари бу масъалада турли фикрларни билдирганлар:
1-фикр: У рўзани бузмайди. Бу фикрни шайх Абдулазиз ибн Боз, шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин, шайх Абдуллоҳ ибн Жибрийн ва доимий фатво лажнаси айтган.
Улар қуйидагича далил келтирганлар:
а) Рўзадор оғзини ва бурнини чайқаши мумкин. Бунга уламолар иттифоқ қилишган. Агар у оғзини сув билан чайқаса оғизда сувнинг қолдиғи қолиши муқаррар, тупукни ютиш билан ўша қолдиқ ошқозонга ўтади. Астмапен ишлатилганда қизилўнгачга тушадиган, кейин эса ошқозонга ўтадиган сув (дориси билан) жуда оз миқдорда бўлиб, уни чайқалганда оғизда қолган сувга қиёсланади. Чунки астмапен баллончасига бор йўғи 10 мл суюқлик сиғади. Бу миқдор 200 марта пуркашга мўлжалланган. Бир марта пуркаш 1 мл нинг йигирмадан бирига тенг, бу жуда оз нарса ҳисобланади.
б) Астмапенни ишлатилганда пуркалган нарса ошқозонга кириши муқаррар эмас, балки эҳтимол. Асл эътиборидан рўза боқий, бузилмагандир. Шубҳа ишончни йўқотмайди.
ж) Астмапенни ишлатиш еб-ичишга ўхшамайди, балки таҳлил (анализ) учун қон олиш ва озиқлантирмайдиган уколларга ўхшайди.
д) Шифокорлар мисвок саккизта кимёвий моддага эга эканини айтганлар, ҳолбуки уни ишлатиш рўзадор учун мутлоқо жоиздир. Мана шу мисвокдан нимадир ошқозонга тушиши шубҳасиз. Дори суюқликнинг ошқозонга тушиши мисвок асарининг тушиши кабидир.
2- фикр: рўзадорга астмапенни ишлатиш мумкин эмас, агар уни ишлатишга эҳтиёжи бўлса ишлатади, кейин қазосини тутади.
Улар қуйидагиларни далил қилишди: пуркалган дорининг бир қисми оғиз орқали ошқозонга киради, шу билан унинг рўзаси бузилади.
Бунга жавоб: агар унинг ошқозонга етишига хўп дейилса-да, кирган нарса жуда оз бўлгани учун оғиз чайқашда қолган сув қолдиғига қиёс қилинади.
Бу масъалада биринчиларнинг фикри кучли.
Иккинчи: тил остига қўйиладиган таблеткалар:
Булар баъзи юрак хасталикларини муолажаси учун тил остига қўйиладиган таблеткалардир. Улар тезда сўрилиб кетади, қон уни юракка олиб боради, натижада юракда юз берган хавфли ҳолат барҳам топади.
Уни ишлатишнинг ҳукми: жоиз, чунки ундан бирон нарса ичга ўтмайди, балки оғизнинг ўзида сўрилиб кетади. Шунинг учун у рўзани бузувчи эмас.
Учинчи: Ошқозон скопи.
У тиббий асбоб бўлиб, уни ошқозонга оғиз ва қизилўнгач орқали киритилади. Бундан мақсад, ошқозон ичидаги яраларни суратга олиш, ошқозон ичидан текшириш учун баъзи бўлакларни чиқариб олиш ёки булардан бошқа тиббий амалиётлардир.
Аввалги олимларимиз бу масалада "майда тош ёки бир бўлак темир ё шунга ўхшаш озиқлантирмайдиган нарсани ичига ютса (скоп ҳам шулар каби) рўзани бузадими, деб изланганлар.
Аксар илм аҳллари: Бу рўзани бузади, ҳар бир ичга кирган нарса рўзани бузади, деганлар. Аммо ҳанафийлар: шу кирган нарса рўзадор оғзини очгунича ичда қолса рўзани бузади деганлар, қолганлар бу шартни қилмаганлар. Демак, аксар илм аҳлларининг сўзларига кўра бу рўзани бузади, ҳанафийлар фикрича рўзани бузмайди, чунки скоп ичда қолмайди.
Иккинчи фикр: озиқлантирмайдиган тош ва темир бўлаги каби нарсаларнинг ичга киритилиши рўзани бузмайди. Бу фикрни Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилганлар. Айни фикрни баъзи моликийлар ва Ҳасан ибн Солиҳ ҳам айтган.
Рўзани бузувчи нарса озиқлантирувчи бўлиши кераклигига Қуръон ва Суннат далолат қилмоқда. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурмадан сақланишга буюрган ҳадислари заиф. Шунга кўра скоп рўзани бузмайди. Лекин табиб скоп осонроқ кириши учун унга озиқлантирадиган ёғли модда суртса рўза бузилади.
Тўртинчи: бурунга томизиладиган дорилар.
У рўзани бузадими ёки йўқми? Бу ҳақда уламолар икки хил фикр билдирганлар:
Биринчи фикр: у рўзани бузади. Бу фикрни Ибн Боз ва Ибн Усаймин роҳимаҳумаллоҳлар айтганлар. Фикрларини Лақийт ибн Сабиранинг ҳадиси билан қувватлаганлар, унда: "...бурнингга куч билан сув олиб кейин қоқиб ташла, магарам рўза бўлсанг бундай қилма" дейилган. Бу бурун ошқозонга олиб борувчи йўл эканига далил. Модомики шундай экан, бурунга томизиладиган дорини ишлатишдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган бўладилар.
Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бурунга сув олиб қоқишда муболаға қилишдан қайтаришлари оз бўлсада, ҳар қандай нарсани бурун орқали киритишдан қайтаришни ҳам ўз ичига олади. Чунки муболаға билан бурунга кираётган нарса оз нарсадир.
Иккинчи фикр: у рўзани бузмайди.
Бу фикр соҳиблари юқорида биринчи масъалада ўтган оғиз чайқашда қолган сув қолдиғига қилинган қиёсни далил қилдилар. Бурунга томизиладиган томчилардан жуда оз миқдор ошқозонга етиб боради (агар унинг етиб бориши аниқ бўлса). Бир томчининг миқдори бир см3 нинг 0.06 сига тенгдир. Бу томчи бурунга киради, ошқозонга эса ундан жуда ҳам оз миқдор етиб боради, бу миқдор эса ўта озлиги учун эътиборга олинмайди.
Асл рўзанинг саломат қолиши, бунчалик оз миқдор билан унинг рўзасининг очилган бўлиши шубҳали иш. Асл эътиборидан рўза боқий, бузилмагандир. Ишонч шубҳа билан йўқолмайди.
Бу икки фикрнинг ҳар бирининг қуввати бор.
Бешинчи: бурунга дори пуркагич.
Бунинг баҳси ҳам худди астмапенники кабидир. Бу ҳам рўзани бузмайди.