Ислом Нури
Мақолалар
Рамазондаги мукофотлар
Тўпловчи: Абу Жаъфар ал-Бухорий
* Рамазон - мўъминлар учун суюнчидир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларга рамазон ойи – муборакли ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, Шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди»» (Имом Аҳмад ва имом Насоий ривоятлари).
* Рўза – Аллоҳ таоло бевосита қабул қиладиган нодир ибодатлардан биридир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одам фарзанди қилган рўзадан бошқа барча амали ўзи учун. Рўза эса Мен учун ва Ўзим унга мукофот бераман»» (Ҳадис қудсий. Имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Насоий ривоятлари).
* Рамазон рўзаси – гуноҳларга каффоратдир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Беш вақт намоз, жума (намози келгуси) жумагача, рамазон (келгуси) рамазонга қадар ўрталарида (содир бўлган) катта гуноҳлардан бошқа (кичиқ) гуноҳлар учун каффоратдир» (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини тутган ва унинг ҳудудларини билган ҳамда сақланиш керак бўлган нарсалардан сақланган одам(нинг бу ибодатлари) ўтган гуноҳларига каффорот бўлади» (Имом Аҳмад ва имом Байҳақий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Аҳмад ва «Сунан» муаллифлари ривоят қилдилар).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Рамазон (кечаларида) иймон билан ва савоб умидида бедор бўлиб намоз ўқиган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ (рамазон) рўзасини фарз қилди. Мен эса мусулмонларга (рамазон кечаларининг бир қисмини намоз билан) бедор (ўтказишни) суннат қилдим. Ким иймон билан ва савоб умидида (рамазон) рўза(сини) тутса ва (кечаларида намоз билан) бедор бўлса, онасидан туғилган кундагидек гуноҳлардан тозаланади»- дедилар» (Имом Насоий ривояти).
* Рамазондаги рўза сабабли Аллоҳ таоло раҳматлар ёғдиради
Убода разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Аллоҳ раҳматини ёғдириб, хатоларни кечиради ва дуоларни ижобат қилади...» (Имом Табароний ривояти).
* Рўзадор мудом ибодатдадир
Абу Олия раҳимаҳуллоҳ деди: «Рўзадор, модомики, ғийбат қилмас экан, ҳатто ухласа ҳам, ибодатдадир» (Абдурраззоқ Мусаннафида ривоят қилган).
* Рамазондаги ибодатларга бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ савоб берилади деганлар
Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ деди: «Рамазоннинг бир кунидаги рўза, минг кунлик ибодатдан, унда айтилган бир тасбиҳ, бошқа ойларда айтилган минг тасбиҳдан, унда ўқилган бир ракаат намоз бошқа ойларда ўқилган минг ракаат намоздан кўра афзалроқдир».
Ибн Аби Марям раҳимаҳуллоҳ ўзининг устозларидан қуйидаги сўзларни нақл этди: «Рамазон ойи келса оилангизга ҳаражатни сероб қилинглар! Чунки бу ҳаражат Аллоҳ йўлида қилинган ҳаражат каби мўл савоблидир. Бу ойдаги бир тасбиҳ, бошқа ойлардаги минг тасбиҳдан афзалроқдир».
* Рамазондаги садақа - энг афзал садақадир
Анас разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Садақаларнинг афзали қайси?»- деб савол берилганида: «Рамазондаги садақа» - деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).
* Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўза қалқондир...» (Муттафақун алайҳи).
* Рўза инсонни бардошли қилади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳақида «сабр ойидир» дедилар: (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).
* Рўзадор оғзидаги ҳид (бўй), Аллоҳ учун мушку анбардан кўра хушбўйроқдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, рўзадор оғзининг ҳиди Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мушку-анбардан кўра хушбўйроқ бўлади» (Имом Бухорий ривояти).
Макҳул раҳимаҳуллоҳ деди; «Жаннат аҳли бир ҳидни ҳис этадилар-да: «Роббимиз жаннатга кирганимиздан буён бу ҳидни ҳис этамиз ва ундан хушбўйроғини топмадик» дейдилар. Уларга: «У – рўзадорлар оғзининг бўйидир», дейилади».
Ҳорис Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Закариё алайҳиссалом Бани Исроилга деди: «Мен сизларни рўза тутишга буюраман. Бунинг мисоли бир жамоа ичидаги, ёнидаги халтачасида мушк бўлган кишининг мисолига ўхшайди. Унинг бўйи (ҳиди) ҳаммани ҳайратга солади. Рўзадорнинг ҳиди Аллоҳнинг ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир»» (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).
* Рўзадор Аллоҳнинг муҳаббатига ва яхшиликка эга бўлади
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларимнинг менга севимлироғи ифторни энг аввалги вақтида қилганларидир»- деди»» (Имом Термизий ривояти).
Абу Зар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим модомики ифторни энг аввалги вақтида қилса ва саҳарни охирги вақтига кечиктирсалар, яхшилик узра бўладилар»- дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
* Рўзадорнинг икки қувончи бор
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўзадорнинг икки қувончи бор: бириси ифтори олдида, иккинчиси Роббисига йўлиққанида...» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
* Рўзадорнинг дуоси ижобатдир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Учта дуо рад қилинмас: рўзадорнинг оғзини очишидан аввалги дуоси...» - дедилар» (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир рўзадор банданинг ифтори олдида ижобат қилинадиган дуоси бордир. (У) ё шу дунёда берилади, ёки охиратга сақлаб қўйилади»- дедилар» (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривоятлари).
* Рамазондаги умранинг савоби ҳажга баробардир
Анас разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондаги умра ҳажга баробардир» ёки «мен билан бирга ҳаж қилишга баробардир»- дедилар» (Муттафақун алайҳи).
* Қадр кечаси – кўп яхшиликлар олинадиган кечадир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳузурингизга муборакли ой кириб келди унинг рўзаси сизларга фарз қилинди. У (ой) да жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у (кеча) нинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад, имом Нисоий ва имом Байҳақий ривоят қилдилар).
* Рўза – Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликларидан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!» - дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»- дейди. Шундан сўнг уларниг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).
* Рўзадорнинг гуноҳлари рамазон ойининг охирги кечасида кечирилади
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойида умматимга бошқа умматларга берилмаган беш ҳислат берилди: Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир; Фаришталар рўзадор учун ифтор пайтига қадар Аллоҳдан мағфират сўрайдилар; Аллоҳ таоло жаннатини безайди ва унга: «Солиҳ бандаларимнинг устларидаги қийинчилик ва азиятларни ташлаб, сенинг ҳузурингга келишларига оз қолди»- дейди; Бу ойда (кофир) жинлар занжирбанд қилинади-да, бошқа ойларда қилган ишлари (васвасалари) ни қила олмайдилар; У (рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, у кеча қадр кечасими?» - деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини тугатганидан сўнг савоби тўла қилиб берилади» - дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
* Рўза – банданинг жаннатга киришига сабабдир
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: «Мени жаннатга олиб кирадиган амалга буюринг»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўза тут, чунки унинг тенги йўқдир»- дедилар. У одам иккинчи марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, аввалги саволларини қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яна: «Рўза тут!»- деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад, имом Насоий ва имом Ҳоким ривоятлари).
* Рўза – банданинг жаҳаннамдан узоқ бўлишига сабабдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган банданинг юзидан етмиш йил (лик масофага) узоқ қилади» (Имом Абу Довуддан бошқа барча сунан соҳиблари ривоят қилдилар).
* Рўзадорлар жаннатга Райён дарвозасидан кирадилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатнинг Райён номли дарвозаси бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қаерда?» дейилади ва улар кирганларидан сўнг бу дарвоза ёпилади» (Муттафақун алайҳи).
* Рўзадор сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир
Амр ибн Мурра разияллоҳу анҳу деди: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниннг ҳузурига келиб: «Менга айтсангиз, мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Сизнинг Аллоҳнинг элчиси эканингизга гувоҳлик берсам, беш вақт намозни ўқисам, рамазон рўзасини тутиб, кечалари ибодат билан бедор бўлсам, мен кимлар билан биргаман?»- деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сиддиқлар ва шаҳидлардан бирисан»- деб жавоб бердилар» (Ибн Хузайма ва ибн Ҳиббон ривоятлари).
* Рўзадорлар учун Аршнинг остида дастурхон ёзилади
Анас разияллоҳу анҳу деди: «Рўзадорларнинг оғзидан мушк уфуради ва улар учун Аршнинг остига дастурхон ёзилади. Рўзадорлар, одамлар (Қиёматгоҳда) ҳисоб берар эканлар, зиёфатда бўладилар»;
«Аллоҳнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган дастурхони бор. Унинг атрофига рўзадорларгина ўтирадилар» (Ибн Абид-Дунё ривояти).
Баъзи салаф уламоларидан қуйидаги сўзлар нақл қилинган: «Бизга етиб келган хабарларга кўра, (Қиёмат куни) рўзадорлар учун дастурхон ёзилади ва улар, одамлар ҳисоб берар эканлар, зиёфатда бўладилар. Одамлар: «Роббимиз, биз ҳисоб бермоқдамиз, нега улар еб-ичаяптилар?» - деб сўрайдилар. Уларга: «Улар рўза тутганида сизлар рўза тутмаган эдингизлар», деб жавоб берилади» (Ибн Ражаб, «Вазоифу рамазон»).
* Рўзадорлар жаннат меваларини еб, шаробларини ичадилар
Алий разияллоҳу анҳу дедилар: «Аллоҳ еб-ичишларига рўза монеълик қилган одамларга жаннат меваларидан едириб, шаробларидан ичиради» (Имом Байҳақий ривояти).
Яъқуб ибн Юсуф деди: «Бизга етиб келган хабарларга кўра Аллоҳ таоло Қиёмат куни ўзининг дўстларига қараб: «Эй дўстларим, мен сизларга дунё ҳаётида эканингизда боқар эдим. Сизларнинг лабларингиз чанқоқдан қақраган, кўзларингиз киртайган ва қоринларингиз кичрайган эди. Бугун сизлар неъматларингиз ичрасиз! Бас ўртангизда косаларни айлантиринг ва ўтмишда қолдирганингиз нарсаларни қувонч билан еб-ичингиз!»- дейди» (Ибн Ражаб, «Вазоифу рамазон»).
* Рўзадор ҳурга уйланади
Ҳасан деди: «Аллоҳнинг дўсти (жаннатда) Асал дарёси лабида ҳур билан бирга ёнбошлаб, ҳур унга косани узатар экан шундай дейди: «Аллоҳ сизга узун ва ўта иссиқ ёз кунида қаради. Сиз ўта чанқаган эдингиз. Аллоҳ сизни фаришталарга мақтади ва: «Бандамга қаранглар, у хотини, шаҳвати, таоми ва шаробини мен учун ва менинг ҳузуримдаги нарсаларга рағбат қилиб тарк этди. Мен уни кечирганимга сизларни гувоҳ қиламан»- деди-да, сизни кечирди ва менга уйлаб қўйди» (Ибн Ражаб, «Вазоифу рамазон»).
* Рўзадорга жаннатда ғаройиб уй берилади
Алий разияллоҳу анҳу ривоят қилади; «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда ташқари тарафидан ичи, ич тарафидан ташқариси кўринадиган хоналар бор» - дедилар. Саҳобалар: «У хоналар кимлар учун?» - деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўзини ширин қилган, таом едирган, давомий рўза тутган ва тунлари одамлар уйқуда бўлганларида, намоз ўқиган кишилар учун»- дедилар».
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз, унинг оиласи, Саҳобалари ва унга Қиёмат кунига қадар яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар йўлласин.