Ислом Нури
Мақолалар
Рамазон аҳкомлари ва одоблари
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг бутун Оламларга раҳмат қилиб юборган сўнгги Пайғамбарига салавот ва саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло ўз пайғомини юборган, инсон ва жинларга дунёю охиратдаги бахтли ҳаётларини кафолатлаган ва ибодатларни фарз қилган. Шу ибодатлардан бири – рамазон ойида рўза тутишдир.
Рўза – саҳардан Қуёш ботгунига қадар жисмга озуқа бўладиган барча нарсаларнинг танага киришидан, жинсий алоқа ва ғийбатдан сақланиш, демакдир.
Рўза – Аллоҳ таоло бевосита қабул қиладиган хос ибодатлардан биридир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар; «Одам фарзанди қилган, рўзадан бошқа барча амал ўзи учун. Рўза эса, Мен учун ва Ўзим унга мукофот бераман»» (Ҳадис қудсий. Имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Насоий ривоятлари).
Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўза қалқондир...» (Имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Насоий ривоятлари).
Рўза – Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»- дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»- дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).
Рўза – банданинг жаҳаннамдан узоқ бўлишига сабабдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган банданинг юзидан етмиш йил (лик масофага) узоқ қилади» (Имом Абу Довуддан бошқа барча ишончли Муҳаддислар ривоят қилдилар).
Рўза сабабли пайдо бўлган рўзадор оғзидаги ҳид (бўй) Аллоҳ учун мушку анбардан кўра хушбўйроқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, рўзадор оғзининг ҳиди Қиёмат кунида, Аллоҳ ҳузурида мушку-анбардан кўра хушбўйроқ бўлади» (Имом Бухорий ва имом Абу Довуд ривоятлари).
Рўзадорлар жаннатга Райён давозасидан кирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатнинг Райён номли дарвозаси бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қаерда?» дейилади ва улар кирганларидан сўнг Райён дарвозаси ёпилади» (Муттафақун алайҳи).
Рўза ҳукм нуқтаи назаридан фарз ва мустаҳаб бўлиб, фарз бўлган рўза уч қисмга бўлинади: Рамазон, каффорот ва назр рўзалари.
Рамазон ойида рўза тутиш Қуръон Карим, суннат ва мусулмонлар ижмоси билан фарздир.
Қуръон Каримдаги рўзанинг фарзлигига далиллар:
Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди.» (Бақара: 183)
«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. » (Бақара: 185).
Рўзанинг фарзлигига суннатдан далиллар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ислом беш нарсага асосланган: «Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, рамазон рўзасини тутиш ва Каъбага ҳаж қилиш».
Талҳа ибн Убайдуллоҳ деди: «Бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг менга фарз қилган рўзасидан хабар беринг»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон рўзаси»- дедилар...».
Ислом Уммати ҳам рамазон рўзасини тутиш фарз экани, унинг Исломдан экани маълум бўлган ва инкор этган одам кофир бўладиган рукни эканига ижмо қилдилар.
Рамазон ойининг рўзаси ҳижрий иккинчи йилнинг шаъбон ойининг иккинчи куни Аллоҳ таоло тарафидан фарз қилинган.
Рамазон ойи қачон бошланади ва қачон тугайди?
Рамазон ойи рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан бошланади ва шаввол ойининг ҳилолини кўриш билан тугайди. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «(Рамазон ойининг) ҳилолини кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилолини кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)!»- деб айтганларини эшитганман» (Имом Муслим ривояти).
Агар ҳаво булутли бўлса ҳар икки ойни ўттиз кун қилиб, тўла қилинади ва кейинги кун ҳайит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ҳилолни кўришга қайд қилингани учун, қамарий ой ҳилолларини ойлар охирида кузатиш керак. Чунки қамарий ойлар ўттиз ёки йигирма тўққиз кун бўлиши мумкин.
Рамазон ойидаги ибодатлар
Аллоҳ таоло рамазон ойини баракотли қилгани, юқорида келтирилган оятда очиқ намоён бўлмокда. «Барака» сўзини баъзи одамлар моддий жиҳатдангина тушунадилар. Гарчи бу ҳам бир ҳақиқат бўлса-да, бироқ, рамазон ойидаги барака инсон учун маънавийликни ўз ичига олади. Банданинг бу ойда қилаётган ибодатлари бошқа ойлардагидан кўра савоблироқ бўлади. Буни ҳатто банданинг ўзи ҳам ҳис қилгандек бўлади. Натижада банда савоб ишларни қилишдан чарчамайди. Банда шахсий тарбияси ва муомалаларига жиддий эътибор беради. У ғийбат, туҳмат, хиёнат, бидъат, сотқинлик, ҳаёсизлик, товламачилик, фирибгарлик, қаллоблик, ўғирлик ва шу каби Аллоҳ ва одамлар тарафидан ёмон кўрилган ва улар учун шариатда жазолар белгиланган ишларни қилмайди.
Рамазон рўзаси саҳарлик қилиш билан бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордир» (Имом Муслим ривояти).
Рўза ниятсиз бўлмас ва кечки уйқуга кетишдан аввал мен саҳарликда туриб саҳарлик қилиб сўнгра рўза тутаман деб қалбида ният қилишга одатланиш керак. Эрта тонг – субҳи содиқдан то Қуёш ботгунига қадар тоат-ибодат билан машғул бўлиш қалбларга даводир. Ой давомида кундузлари Қуръон тиловати, садақа бериш, таълим-тарбия ишлари билан шуғулланиш, намозларни жамоат билан ўқиш мақсадга мувофиқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни ҳар ойда хатм қил!» (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи кириши билан кўплаб салаф олимлари Қуръон тиловат қилишга киришар ва бу ойни ғанимат билар эдилар.
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар ва буларнинг барчасини намоздан ташқари ўқир эди.
Ифтор Қуёш ботиши биланоқ қилиниши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кеча келиб, кундуз кетса ва Қуёш ботса рўзадор ифтор қилади» (Имом Муслим ривояти).
Рўзадорнинг ифтордан аввалги дуолари ижобатдир.
Рамазон ойи ва унда қилинган амалларнинг фазилатлари
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «ҳузурингизга муборак ой кириб келди унинг рўзаси сизларга фарз қилинди. У (ой) да жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, Шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у (кеча) нинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад, имом Насоий ва имом Байҳақий ривоят қилдилар).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Беш вақт намоз, жума (намози келгуси) жумагача, рамазон (келгуси рамазонга қадар ўрталарида (содир бўлган) катта гуноҳлардан бошқа (кичиқ) гуноҳлар учун каффоротдир» (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини тутган ва унинг худудларини билган ҳамда сақланиш керак бўлган нарсалардан сақланган одам(нинг бу ибодатлари) ўтган гуноҳларига каффорот бўлади» (Имом Аҳмад ва имом Байҳақий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Аҳмад ва «Сунан» муаллифлари ривоят қилдилар).
Фаришталар рўзадор учун ифтор пайтига қадар Аллоҳдан мағфират сўрайдилар.
Аллоҳ таоло жаннатини безайди ва унга: «Солиҳ бандаларимнинг устларидаги қийинчилик ва азиятларни ташлаб, сенинг ҳузурингга келишларига оз қолди»- дейди.
Рамазон ойининг сўнгги кунида рўзадорларни мағфират қилинади.
Унутиб қилинган ишларнинг ҳукми
Рўзадор унутиб бирон нарсани еб-ичса, рўзаси бузилмайди, балки Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорлигини унутиб еган ёки ичган одам, рўзасини етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Муслим ривояти).
Рўзадорнинг қасддан оғзини очишининг ҳукми
Рўзадорнинг қасддан оғзини очиши қаттиқ гуноҳлардан биридир. Агар у рўзасини қасддан очган бўлса тавба қилиши ва рамазондан кейин бир кун қазо тутиб бериши керак. Агар рўзанинг фарз эканини инкор этиб, тавба қилмаса кофир бўлади. Рўзасини жимо билан бузган бўлса, тавба қилиб, каффорат беради ва қазосини тутади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бир одам келиб: «Мен ҳалок бўлдим!»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени нима ҳалок қилди?»- деб сўрадилар. У: «Рамазонда (кундуз кунида) хотиним билан жинсий алоқа қилдим»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?»- дедилар. У: «Йўқ»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайдар-пай олтмиш кун рўза тута оласанми?»- дедилар. У одам: «Йўқ»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтмишта мискиннинг қорнини тўйдира оласанми?»- дедилар. У одам: «Йўқ»- деди-да, ўтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хурмо келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шуни садақа қил!»- дедилар...» (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойида рўза тутмаслик оқибати
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исломнинг асоси ва диннинг пойдевори учта бўлиб, улар устига Ислом тикланган. Улардан бирини тарк қилган одам кофир, ва унинг қони ҳалолдир. (Улар): «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бериш, фарз қилинган намозлар ва Рамазон ойининг рўзаси»» (Абу Яъло, Дайламий ва имом Заҳабий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг бир кунида Аллоҳ изн бермаган рухсатсиз (қасддан) рўза тутмаган одам ҳаёти давомида рўза тутсада, қазо ўрнига ўтмас» (Имом Абу Довуд, имом ибн Можжа, имом Термизий ривоятлари).
Имом Заҳабий деди: «Мўминларда бир қоида бор: Ҳаста бўлмай (ва шаръий узрларсиз) рамазон рўзасини тутмаган одам зоний ва маст қилувчи ичимликларни ичишга муккасидан кетган одамдан кўра бадбахтроқдир. Балки, мўъминлар ундай одамнинг Исломидан шубҳаланиб, зиндиқ ва аҳлоқсиз дея гумон қилар эдилар».
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий