Ислом Нури

Мақолалар

 

«Аҳлуссунна вал-жамоа» кутубхонаси

 

«Фиқҳ рисолалари» силсиласи

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзасининг сифати

 

Абу Муҳаммад ал-Бухорий

 

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар, Унинг элчисига, элчисининг аҳли-байти ва уни севганларнинг барчасига салавот ва саломлар бўлсин.

Ушбу рисола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай рўза тутганлари, рўзанинг фарзлари, шартлари, одоблари, дуолари, фойдалари, рўза тутиш фарз бўлган кишилар ва рўзани бузувчи нарсалар ҳақидадир.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳаётларининг барча жабҳасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини татбиқ этишларига муваффақ қилсин.

 

Рўзанинг таърифи

Рўза – субҳ содиқдан Қуёшнинг ботишига қадар Аллоҳ таолога ибодат нияти билан рўзани бузадиган барча нарсалардан тийилиш, демакдир.

Рамазон ойида рўза тутиш Ислом динининг пойдеворларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ислом беш нарса асосига қурилгандир: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, рамазон рўзасини тутиш, Байт (Каъба) га ҳаж қилишдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

 

Рўза кимлар учун фарз

Рўза ақлли, балоғат ёшига етган, муқим ва рўза тутишга қудрати етган ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Кофирлар учун рўза тутиш фарз эмас. Агар кофир кейинчалик Ислом динини қабул қилса, кофирлик кунларининг қазо рўзасини тутиб бермайди.

Балоғат ёшига етмаган болага ҳам рўза тутиш фарз эмасдир. Аммо ўрганиши учун рўза тутишга буюриш керак.

Мажнун (жинни) ларга рўза тутишлари фарз эмасдир. Чунки уларнинг зиммасида масъулият-таклиф йўқдир. Уларнинг, гарчи ёшлари катта бўлса ҳам, фидя бериб, бечораларга таом едириш мажбурияти ҳам йўқдир. Ақлан хаста ёки эсар бўлиб қолган қарияларга ҳам рўза тутиш фарз эмасдир.

Бемор (рўза тутишга қодир бўлмаса) тузалганидан сўнг қазосини тутиб беради. Сурункали касалликка чалиниб рўза тута олмаган одамнинг ҳукми ёши улуғ бўлган ёки касаллигидан тузала олмаган одамнинг ҳукмидадир. Бундай одамлар ҳар куни бир фақирнинг қорнини тўйдирадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли хотинларга рўза тутиш оғир бўлса ёки чақалоқларига бирон зарар етишидан қўрқсалар, рамазон ойида рўза тутмай, кейинроқ қазосини тутиб беришлари мумкин.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллар ҳам рамазон ойида (неча кун қон кўрган бўлсалар шунча) кун рўза тутмайдалар ва кейинроқ қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар.

Сувда чўкаётган ёки ёнғинда ёнаётган кимсани қутқариш учун рўзани очиш ва унинг қазосини кейинроқ тутиб бериш мумкин.

Мусофирнинг рўза тутиши ёки тутмаслиги ўз ихтиёридадир. Сафар умра каби тасодифий ёки нақлиётчилик каби давомли бўлса-да, ҳеч бир фарқ йўқдир. Бундай одамлар ўз юртларидан чиққанларидан сўнг рўза тутмасликлари мумкин. Бироқ, кейинроқ тутмаган кунлари миқдорича қазо рўзаси тутадилар.

 

Рамазон рўзасини бошлаш ва тугатиш

Ислом шариати ибодатларни, ҳар бир замон ва ҳар бир шахс учун осонлик билан қилиш мумкин бўлган, меъёр ва белгиларга боғлади. Шулардан бири рамазон ойининг рўзасидир. Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бу ибодатни рамазон ҳилолининг кўриниши билан бошланиб, Шаввол ҳилолининг кўриниши билан тугалланишини баён қилди.

Қуръон Каримда Аллоҳ таоло деди:

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин...» (Бақара: 185).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларининг ҳадис шарифларида ояти каримада зикр этилганидек Рамазон рўзасига етишишни баён қилдилар. Биз у ҳадисларнинг энг ишончли-саҳиҳларини келтирмоқчимиз.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳилолни кўрмай туриб рўза тутишни бошламанглар! Ҳилолни кўрмай туриб рўзани тугатманглар! Агар булутлар ҳилолни кўришингиздан тўсса, ой кунларининг сонини ўттизга еткизинглар!» (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд ва имом Насоий ривоятлари).

Имом Термизийнинг ривояти қуйидагичадир:

«Рамазондан аввал рўза тутмангиз. (Рамазон) ҳилолини кўриб рўза тутишни бошлангиз, (шаввол) ҳилолини кўргандан кейин (эса) оғзингиз очиқ бўлсин. Агар булут ҳилолни кўришга монеълик қилса, у (рамазон ойи) ни ўттиз кунга еткизинг».

Имом Бухорийнинг ривояти эса бундайдир:

«Агар (ҳаво) булутли бўлса шаъбон ойини (нг кунлари) ни ўттизга еткизинглар».

Бошқа бир ривоятда эса: «(Агар рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни) ҳаво булутли бўлиб, шаввол ҳилолини кўра олмасангиз, ўттиз кун рўза тутингиз!».

Яна Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз саводсиз умматмиз: на ёзишни ва на ҳисоблашни биламиз. Ой бундай (икки кафтларининг бармоқларини тўла ёзган ҳолда уч бор ишора қилдилар) ёки бундайдир (икки кафтларининг бармоқларини тўла ёзган ҳолда икки бор, учинчисида бир дона бармоқларини юмган ҳолда ишора қилдилар)»  (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд ва имом Насоий ривоятлари).

Яъни, қамарий ой баъзида ўттиз ва баъзида йигирма тўққиз кун бўлиши мумкин.

Мазкур ҳадислар бу мавзуда ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ичидан танлаб олганимиз намуналар, холос. Зеро, бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўпдир.

Шунга асосан Ислом олимларининг аксарлари Рамазон рўзасини ҳилолни кўриб бошлаш ва шаввол ҳилолини кўриб тугатишга катта эътибор берганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон бу ибодатга ҳам бошқа ибодатларга ҳам эътиборларини қаратишлари ва шариат қўйган меъёр-ўлчовларга диққат этишлари керак.

 

Рўзанинг аҳкомлари

1. Ният

Фарз рўзаларда кечқурун ётишдан олдин ният қилиш шарт. Ниятни субҳ киришидан аввалги вақтгача кечиктирса бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Субҳидан аввал рўзанинг ниятини қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» (Имом Абу Довуд ривояти); бошқа бир ривоятда: «Кечқурун, ётишдан аввал рўзага ният қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» — деганлар.  (Имом Насоий: «Саҳиҳ»).

Ниятнинг ўрни қалбдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан рўза тутиш учун тиллари билан ният қилганлари ривоят қилинган эмас.

 

2. Рўза тутишнинг вақти

Аллоҳ таоло деди:

«То субҳи содиқ вақтига қадар, еб-ичинглар, сўнгра, кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

 

Субҳи икки турлидир:

Субҳи козиб (ёлғон субҳидам): бу субҳида бомдод намозининг вақти кирмаган бўлади. Рўза тутмоқчи бўлган одамнинг бу вақтда еб-ичиши  ҳаром эмасдир. Уфқда тик чизиқ каби ва бўрининг қуйруғига ўхшаган ойдинлик субҳи козибнинг аломатидир.

Субҳи содиқ: бу субҳида бомдод намозининг вақти кирган бўлади. Бу вақтдан сўнг еб-ичиш мумкин эмасдир. Субҳи содиқ тоғлар ва тепаликлар устида ёйилган оқликдир.

Ифтор вақти: кун чиқиш томонда қоронғиликнинг бошланган, кун ботиш томонда эса кундузнинг тугаб, Қуёшнинг юмалоқ шакли бутунлай ботган вақтидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хақда шундай дедилар: «Кеча бу ёқдан бостириб келса, кундуз бу ёққа чекиниб кетса ва Қуёш ботса рўзадор оғзини очади» (Имом Муслим ва имом Бухорий ривояти). Бу - Қуёшнинг бутунлай ботиши, демакдир. Ботгандан сўнг Қуёшнинг ёруғлиги қолса ҳам, ҳукм айнидир.

 

3. Саҳарлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарликдир» (Имом Муслим ривояти). бошқа бир ривоятда: «Барака уч нарсададир: жамоат, сарийд (араблар севиб ейдиган таом) ва саҳарликда» (Саҳиҳ ҳадис, Табароний: «ал-Муъжамул-Кабир»).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракот деб баён қилган саҳарликни тарк қилиш суннатга хилофдир. Чунки саҳарлик қилиш суннатга риоя қилиш, демакдир. Табиийки, рўза тутиш одамлар учун осон эмас. Бироқ, саҳарлик ҳам ҳадисларда баён қилинганидек, баракотли озуқадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Баракотли овқатга келинг» деб айтганларида шунга ишора қилган эдилар (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Саҳарлик – барака емагидир. Гарчи бир ютум сув билан бўлса-да, сизлардан бирингиз саҳарликни тарк этмасин! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилганларга салавот айтадилар» (Имом Аҳмад ибн Ханбал ривояти);

«Хурмо мўъминнинг қандай ҳам яхши саҳарлиги» (Абу Довуд  ривояти).

Саҳарликни субҳи содиққа қадар давом эттириш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.

 

4. Рўзадор тарк қилиши керак бўлган амаллар

Ёлғон сўз

Бунга араб тилида «зу-у-р» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким зу-у-р (фитна ва фасодга сабаб бўладиган ёлғон сўз) ни тарк этмаса Аллоҳ азза ва жалланинг унинг емаклари ва ичмакларини тарк этишига эҳтиёжи йўқдир» (Имом Бухорий ривояти).

Фойдасиз ва ҳаёсиз сўз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза емоқ ва ичмоқдан тийилишгина эмас. Балки, у фойдасиз ва ҳаёсиз сўзларни айтишдан сақланиш ҳамдир. Бирор киши сизни ҳақорат қилса ёки сизга жоҳилона муносабатда бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман» — деб айтинг» (Саҳиҳ ҳадис, ибн Ҳузайма ривояти).

 

5. Рўзадорга мубоҳ (рухсатли) амаллар

Рўзадорнинг жунуб ҳолатда тонг оттириши.

Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли билан жимо қилгани сабаб жунуб ҳолатида тонг отиб қолар, кейин ғусл қилиб рўзаларини тутар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Рўзадорнинг мисвок ишлатиши

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар умматимга оғир бўлмаганда, уларни ҳар бир таҳоратларида мисвок ишлатишларига амр этар эдим» — дедилар  (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ва рўза тутмаган кишиларнинг мисвок ишлатишлари ҳақида бирон бир фарқ бор эканини баён қилмадилар. Зеро, рўзадор бўлган ёки рўзадор бўлмаган пайтларда  ҳар бир мусулмоннинг таҳорат қилганида, намоз олдида мисвок ишлатиши завол (кун оғиши)дан аввал ёки заволдан кейин бўлишининг фарқи йўқдир.

Мазмаза (оғизни чайиш) ва истиншоқ (бурунга сув олиб қоқиб ташлаш).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлик пайтларида мазмаза ва истиншоқ қилганлар, бироқ, уларни муболаға билан қилишдан қайтарганлар: «...Рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил» (Абу Довуд ривояти).

 

Қучоқлаш ва ўпиш

Уммул муъминийн Оиша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор пайтларида хотинларини қучоқлар ва ўпар эдилар. У сизларнинг ичингизда ўз шаҳватига ўта эга бўла олган зот эдилар» — дедилар. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Бу ёшлар учун макруҳдир, қариялар бундан мустасно. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бунинг сабаби сўралганида: «Қари одам ўз нафсига эга бўла олади» — деб жавоб берганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал: «ал-Муснад»).

Қон таҳлилини қилдириш ва озиқлантирмайдиган укол олиш рўзани бузмайди. Чунки булар ошқозонга кетмайди ва озиқлантирмайди ҳам. Бироқ, қувват бўлиши учун бериладиган нина (укол) лар, глюкоза ва гемодез қуйилса рўза бузилади.

Қон олдириш ҳам рўзани бузмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида қон олдирар эдилар» (Имом Бухорий ривояти). Шунингдек тиш олдириш ҳам рўзани бузмайди.

Овқатларнинг таъмини кўриш таомнинг томоққа кетмаслиги шарти билан жоиздир. Тиш маъжуни ҳақида ҳукм ҳам айнидир. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган: «Рўзадор бўла туриб сирканинг таъмини томоққа кетмаслик шарти билан кўришнинг зарари йўқдир» (Имом Бухорий ривояти).

Сурма қўйиш ва кўзга томизиладиган дорилар ҳам рўзани бузмайди. Бу нарсаларнинг таъми димоғда ҳис этилса-да, рўза бузилмайди. Имом Бухорий «Саҳиҳ» тўпламида шундай дейди: «Анас, Ҳасан ва Иброҳим рўзадорнинг сурма қуйишида ҳеч бир кароҳият кўрмадилар».

 

6. Ифтор

Ифтор (ни энг аввалги вақтида қилиш) учун шошилиш.

Ифторни энг аввалги вақтида қилиш учун шошилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ва унда яҳудий ва насронийларга мухолифлик бордир. Чунки улар рўзаларини юлдузлар чиққунига қадар кечиктирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар ифтор (қилиш) га шошилар эканлар, хайр-яхшилик узра бўладилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Яна шундай дедилар: «Юлдузларнинг чиқишини кутмай ифторларини қилар эканлар, умматим менинг суннатим узрадирлар» (Ибн Ҳиббон: «Саҳиҳ»).

 

Шом намозидан аввал ифтор қилиш

Анас разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал ифтор қилар эдилар.» (Абу Довуд ривояти).

 

Нима билан ифтор қилади?

Анас разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал рутаб (хўл хурмо) лар билан ифтор қилар эдилар. Агар у бўлмаса  қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув билан ифтор қилар эдилар» (Абу Довуд ривояти).

 

Ифтордан кейин қилинадиган дуо.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилганларидан сўнг: «Заҳабаз-замау, вабталлатил уру-у-қу ва сабатал ажру ин ша Аллоҳ» Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва савоблар собит бўлди, инша Аллоҳ» — дер эдилар (Абу Довуд ривояти).

 

7. Рўзани бузувчи нарсалар

 

Қасддан ейиш ва ичиш

Фойдали (озиқ-овқат) ва фойдасиз (сигарет каби) бўлса-да, ейиш ва ичиш ва унинг маъносида бўлаган нарсалар рўзани бузади. Бироқ, унутиш, хато ва зўрлаш ҳолатлари, иншааллоҳ, рўзани бузмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳуу алайҳи ва саллам: «Кимки унутиб еб, ичса рўзасини ниҳоясига еткизсин. Чунки Аллоҳ унга едириб, ичирибди» — дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

 

Жинсий алоқа қилиш

Рўза тутиши фарз бўлган ҳар бир одамнинг рўзадорлик пайтида жинсий алоқа қилиши, унинг рўзасини бузади. Бундай одамлар рўзаларининг қазосини тутишлари ва оғир каффорат беришлари керак. Бу каффорат – бир қулни озод қилишдир. Агар буни адо этишга имкони бўлмаса пайдар-пай икки ой рўза тутиб бериши керак. Бунга ҳам имкони бўлмаса, олтмишта фақирнинг қорнини тўйғизиши керак. Бу каффоратларнинг тартиб билан қилиниши суннатда ворид бўлган, уларнинг бирисидан ожиз бўлмай туриб иккинчисига ўтилмайди.

 

Қасддан қусиш

Рўзадор истаги бўлмай қусса рўзаси бузулмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ихтиёрсиз қусган кишининг рўзаси бузилмас. Қасддан ҳаракат қилиб қусса, рўзасининг қазосини тутиб берсин» (Абу Довуд, саҳиҳ ҳадис).

 

Озиқланиш учун қилинган нина (укол) лар

Бу турдаги ниналар озиқ моддаларини ичакларга ёки қонга еткизиш учун  қилинади. Бундай ҳолатларда рўза очилади. Чунки қилинган бу уколлар билан инсон вужуди озиқланади.

 

Ҳайз ва нифос қонларининг келиши

Ҳайз (ва нифос) қони келиши билан хотин-қизларнинг рўзалари бузилади. Кейинчалик қазоларини тутиб берадилар.

 

Маний тўкиш

Уйғоқлик пайтида ҳар қандай ҳаракат билан маний чиқариш, кучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш нарсалар оқибатида манийнинг чиқиши рўзани бузади. Уйқуда эҳтилом бўлиш инсон ихтиёридан ташқари бўлгани учун рўзани бузмайди.

 

Қон қуйдириш

Қон йўқотиши сабабли қон қуйдирган одамнинг рўзаси бузилади.

 

8. Қазо рўзаларни тутиш

Қолдирилган рўзалари бўлган киши, кечиктирмасдан, тезроқ қазоларини тутиб бериши яхши.

Қазо рўзани пайдар-пай тутиш мажбурий эмас. Ислом уламолари вафот этган кишининг зиммасида ўқимай қолдирган намозлари бўлса, уларнинг қазосини  бошқа киши ўқимаслигига ижмо қилганлар. Шунингдек кимки ҳаётида рўза тутишга қодир бўлмаса, унинг ҳаётлигида биров унинг қазосини тутмайди. Балки, ҳар куни эвазидан бир мискиннинг қорни тўйғизилади. Лекин кимки вафот этса, унинг зиммасида рўза бўлса, валийси қазосини тутиб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким вафот этса ва унинг зиммасида рўза бўлса, унинг ўрнига валийси тутиб беради»   (Муттафақун алайҳи).

 

9. Намоз ўқимайдиган одамнинг тутган рўзаси

Рўза тутган ҳолида намоз ўқимаган одам, Исломнинг тавҳиддан сўнгги энг муҳим рукнини қилмаган бўлади. Намоз ўқимаган одамнинг тутган рўзасидан фойда йўқ. Чунки намоз диннинг устунидир.

Аксари уламолар намозни тарк этган кимсанинг кофир эканлигига ҳукм қилганлар. Кофирнинг эса амаллари қабул бўлмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан (кофир ва мушриклар) ўртасидаги аҳд – намоздир. Ким намозни тарк этса, кофирдир» — дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

 

10. Таровиҳ намози

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида жамоат билан таровиҳ намозини адо этишни жорий қилганлар. Бироқ, бу намоз фарз бўлиб қолса, умматларига оғир бўлиб қолишидан кўрққанлари учун уни жамоат билан ўқишни тарк этганлар. Унинг ракаатлари витрдан ташқари саккиз ракаатдир. Оиша  розияллоҳу анҳо Пайғамбармизнинг тунги намозларини шундай баён қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда ҳам ундан бошқасида ҳам ўн бир ракаатдан зиёда ўқимаганлар»  (Муттафақун алайҳи).

Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳу бу суннатни қайта тиклаганларида ўн бир ракаат ўқиган эдилар. Бу ҳам бир суннатдир (Имом Молик: «ал-Муваттаъ»).

Қолаверса учта мазҳабда таровиҳ намози йигирма уч ракаатдир.

Ҳозирги кунда таровиҳ намозини (витр билан бирга) йигирма уч ракаат ўқиётган намозхонлар намознинг таъдилул-аркон – ҳар бир рукнни тўла бажармай, шошилиб ўқимоқдалар. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниниг суннатларида бўлмаган бир ишни қилмоқдалар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу мавзудаги суннатларини тадқиқ этишлари ва у зотдан намуна олишлари керак. Чунки икки дунё бахт саодати шундадир.

Бугунги кундаги мусулмонларнинг қироат, рукуъ ва саждаларда шошилиб ўқиётган намозлари кемтик-хатоли намоздир. Бу кемтиклик баъзида уларнинг намозларини бузади, баъзида эса намознинг ҳайбатини кеткизади.

 

11. Фитр закоти (садақаи фитр)

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда одамларга садақаи фитрни фарз қилдилар»  (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).  Шу ҳадисга биноан садақаи фитрни бериш фарздир.

Садақаи фитр катта, кичик, эркак, хотин, ҳур ва қул мусулмон учун фарздир. Унинг миқдори бир соъ, уни маҳаллий ҳалқнинг кўпроқ истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан чиқариш керак. Уни киши ўзи ва бола-чақасининг бир кунлик ейдиган озиқ-овқатидан ортиғидан чиқаради. Унинг энг афзали эса, фақирлар муҳтож бўладиган нарсалардир.

Садақаи фитрни беришнинг афзал вақти ҳайит намозига чиқишдан аввал. Ҳайитдан бир-икки кун аввал берса ҳам бўлаверади. Бироқ, ҳайит намозидан кейинга қолдирилмаслиги керак.

Аллоҳ бу қилган хизматларимизни ўзининг розилиги учун қабул қилсин ва эртага ҳузурига борганимизда жаннатга киришимизга васила қилсин. Омийн.

 

 

*          *          *

 

 

   ЮкоригаÎ