Ислом Нури

Мақолалар

 

 

  Муаллиф: Абдуллоҳ Жоруллоҳ ал-Жоруллоҳ
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

Рамазон насиҳатлари

 

1.     Бу муборак ой - муҳосаба вақтидир. Шунинг учун амалларингни тадқиқ эт ва ҳаётингни тузат!

2.     Таровиҳ намозларини жамоат билан адо эт! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом билан, то у намозини тугатгунига қадар, намоз ўқиган одамга кечани (ибодат билан) бедор қилган кишининг савоби ёзилади»- дедилар.

3.     Молу-мулк ва бошқа нарсаларда исроф қилишдан сақлан! Чунки исроф қилиш  ҳаромдир ва ажр олишинг мумкин бўлган садақаларингдаги улушингни камайтиради.

4.     Рамазонда чиниққан нарсаларингга рамазондан кейин ҳам давом этишга интил!

5.     Замоннинг ўтиши ва умрнинг кетишига сабаб бўлаётган ҳолатлардан ибрат ол!

6.     Тилингни доимо зикр қилишга одатлантир ва Аллоҳни оз зикр қиладиганлардан бўлма!

7.     Очликни ҳис этган пайтингда заиф эканинг, таом ва Аллоҳнинг бошқа неъматларига муҳтож эканингни эсла!

8.     Сенга фойда эмас, зарар берадиган нарсалардан сақланиш учун, бу ойни доимо ғанимат бил!

9.     Амал омонат эканини бил ва ўзингни текшириб кўр: уни лойиқ бўлганидек адо этдингми ёки йўқми,!

10. Сенинг қилган яхшиликларингдан олишларидан аввал, жабр қилган одамларингдан кечирим сўра!

11. Сен рўзадор бўлиб ўз ҳисобингга ифтор қилишга ҳаракат қил, рўзангнинг савоби ўзингга қолсин!

12. Аллоҳ таолонинг карамлилар карамлироғи, раҳмлилар раҳмлироғи бўлиб, тавбакорларнинг тавбасини қабул қилиши ва азобини кечиктирса-да, эътиборсиз қўймайдиган, жазоси қаттиқ зот эканини унутма!

13. Гуноҳ ишни қилсанг-у, Аллоҳ уни пардаласа, бу сенинг тавба қилишинг учун огоҳлантиришдир. Сен тавба қилишга шошил ва у гуноҳни қайта қилмасликка аҳд қил!

14. Аллоҳ таоло нафсни ҳаром бўлмаган нарсалар билан шодлантиришни мубоҳ қилган бўлса-да, лекин, вақтнинг барчасини кўнгил очиш учун сарфлаш, яхшиликларнинг зиёда бўлишига тўсқинлик қилишини унутма!

15. Қуръон Карим тафсирлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, ҳаётлари ва дин илмларини кўпроқ ўрганишга тириш! Чунки илм излаш ибодатдир.

16. Бадхулқ одамлар билан бирга ўтирма ва солиҳ одамлар билан ҳамсуҳбат бўл!

17. Масжидларга барвақт бориш ибодат, Холиққа муножот қилиш билан унс топиш ва шавқ олишга катта далилдир.

18. Қўл остингдаги барчани, диний манфаатлари бўлган нарсаларга йўлла! Чунки улар сендан, бошқалардан кўра осонроқ қабул қиладилар.

19. Ифтор дастурхонига қўйиладиган таомлар сонини кўпайтирма! Чунки бу, оила аъзоларингни рамазоннинг кундузлари Қуръон тиловати ва бошқа ибодатлардан чалғитади.

20. Рамазонда, кечасими кундузими, бозорларга озроқ бор! Чунки ундай қилишинг қимматбаҳо вақтингнинг сақланишига сабабдир.

21. Бу муборак ой – узоқ қолмайдиган меҳмондир. Уни чиройли меҳмон қил! Чунки у кетганидан сўнг, тезда қўмсаб қолишинг мумкин.

22. Сўнгги ўн куннинг кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказишга тириш! Чунки у кечалар - фазилатли кечалардир. У кечалар ичида минг йилдан кўра хайрлироқ бўлган Қадр кечаси бор.

23. Оз бўлса-да, эътикофдан насибангни ол!

24. Шаръий сабабсиз рамазон рўзасини бузма! Чунки рамазон кунларининг бирида рўза тутмаган одам, умр бўйи рўза тутса-да, у куннинг бадалини тўлай олмайди.

25. Ҳайит куни – Аллоҳ таолога шукр қилиш кунидир. Сен у кунни рамазон ойида нафсинг одатланган нарсалардан қутулиш куни қилиб олма!

26. Ўзинг шоду хуррам бўлган ҳайит кунида, етимлар ва ногиронларни ҳам эсла! Чунки сени улар олдида соғлом қилиб қўйган зот, бу ҳолатни ўзгартириб қўйишга ҳам қодирдир. Шунинг учун ҳам, шукроналар келтириш ва ҳамдард бўлишга шошил!

27. Ҳайит куни намозни ўқигунга қадар, такбирни чиройли айт!

28.  Нафл рўзалардан ҳам насибангни ол! Рўзага рамазон ойидан бошқа пайтларда ҳам ўртоқ бўл!

29. Барча ишларингда нафсингни текшириб кўр: Намозни жамоат билан ўқидингми? Закотни бердингми? Силаи раҳм ва ота-онангга яхшилик қилдингми? Қўшнинг билан муносабатинг қандай? Ўртангизда адоват бўлган одамни кечирдингми? Исроф қилдингми ёки йўқми? Қўл остингдаги кимсаларни тарбия қилдингми, йўқми? Мусулмон дўстларинг ишига эътибор бердингми? Мансабингни ўз манфаатинг йўлида ишлатдингми? Насиҳат қилинса шод бўлиб, қабул қилдингми? Риёдан сақландингми? Дўстларингга ўзинг севган нарсаларни илиндингми? Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилдингми? Дўстларингни ғийбат қилдингми? Қуръонни тиловат қилиб, маънолари ҳақида тафаккурда бўлдингми? Қуръон эшитганда хушуъда бўлдингми?

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча Саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

15 / 11 / 2002

 

 

   ЮкоригаÎ