Ислом Нури

Мақолалар

 

Қадр кечаси

 

Абу Закарийя ал-Маданий

 

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча Саҳобаларига салавoту саломлар бўлсин.

Муҳтарам ва азиз диндошлар, куни кеча рамазон киришини завқ билан кутиб олгандик. Мана бугун эса унинг кўпи кетиб ози қолибди. Хаш-паш дегунча рамазон тугаб ҳайит ҳам келиб қолади. Ҳаммангизга маълум рамазон ойи ойларнинг энг улуғи бўлганидек, бу ойнинг ҳам кеча ва кундузларининг фазилатли ва улуғлари бор. Улар рамазоннинг охирги ўн кунлиги. Уларнинг фазилати шу кечаларда яширинган «Лайлатул қадр-Қадр кечаси» сабаблидир. Қадр кечасининг қадрини қуйида зикр қилинадиган оят ва ҳадисларни тааммул қилган киши англаб етади. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда деди: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча) да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёрийла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир.» (Қадр сураси)

Духон сурасида эса шундай дейди: «Очиқ-равшан Китоб-Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз (инсу-жинларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантирувчи бўлдик» (Духон: 2,3).

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида бедор бўлса, унинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади»  (Муттафақун алайҳи).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари доимо фазилатли ишларга шошиш ва Умматларини унга тарғиб қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишга тарғиб қилсалар,  ўзлари бу ишда ўрнак бўлардилар. Оиша  розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда бошқасида мисли кўрилмаган даражада ибодатларга тиришар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кечаларнинг ҳаммасида намоз, Қуръон тиловати, Оллоҳнинг зикри ва эътикоф каби турли хил ибодатлар билан бедор бўлардилар. Ўзларигина бедор бўлмасдан қўл остидагиларини ҳам бунга буюрар эдилар.  Оиша  розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунлик кирса, изорларини маҳкамлардилар (яъни, аёлларидан узлат қилардилар) кечасини бедор ўткизардилар ва аҳли-оиласини (ибодат учун) уйғотар эдилар»  (Муттафақун алайҳи).

Ул зот аҳли-оиласини ибодат, Аллоҳнинг зикри учун уйғотардилар. Чунки, бу кечалар тезда тугаб қоладиган жуда ҳам оздир, уни ғанимат билиб, ибодатлар қилиб қолишга лойиқдир. Бугунги кунда одамлар Қадр кечасини ўткизиш учун уйларда жамланадилар, анвои таомлар тайёрлаб, дастурхон устида туни билан гурунглашиб чиқадилар. Саҳар бўлгач ўзларича биз лайлатул қадрда ухламадик, бизнинг гуноҳлар ҳам кечирилди деб, уй-уйларига тарқаладилар. Уларнинг Қадр кечаси билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қадр кечалари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Эй Расулуллоҳ, агар мен Қадр кечасига мувофиқ келиб қолсам нима деб дуо қилай? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний» «Парвардигоро, Сен афв этувчисан, афвни яхши кўрасан, мени афв эт» денг.

Бу улуғ кечаларни ғанимат билиб, унда мазкур дуони такрор-такрор қилмоғимиз даркор. Киши вақтидан унумли фойдаланмоғи лозим, нафс малолланувчидир, шунинг учун киши кечани малолланмасдан ўткизиши учун турли ибодатлар билан машғул бўлиши керак. Масалан: аввал намоз ўқисин, намоздан чарчаса, ўтириб Қуръон тиловат қилсин, маълум вақт Қуръон ўқигач, дуога қўл очиб, Парвардигорга ёлборсин. Ёлбориш юқорида зикри ўтгани каби дуоларни қайта-қайта қилишдир. Ва ҳоказо шу тартибни қайтадан такрорласа ҳам бўлади. Муҳими вақтини беҳуда ўткизмасин.

Қадр кечаси ойнинг муайян бир кунида деб биров жазм қила олмайди. Чунки, одамлар кўпроқ ибодатда бўлишлари ва унга мувофиқ келишга тиришишлари учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни охирги ўн кунликда яшириб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини охриги ўн куннинг тоқ кечаларидан изланглар» (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Таймийя  роҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тоқ ўтган кунлар эътибори билан бўлиши мумкин. У ҳолда қадр кечаси 21-кеча, 23- кеча, 25- кеча, 27- кеча ва 29- кечалардан изланади. Тоқ қолган кунлар эътибори билан бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Уни қолган тўққизинчи кечадан, қолган еттинчи кечадан, қолган бешинчи кечадан изланглар» (Имом Бухорий ривояти).  Бунга кўра агар ой ўттиз кун бўлса, мазкур кечалар жуфт сонли кечаларда бўлади. Яъни, 22- қолган тўққизинчи, 24- қолган еттинчи ва ҳоказо. Абу Саъийд ал-Худрий буни саҳиҳ ҳадисда шундай изоҳлаганлар. Агар ой 29 кун бўлса, юқорида айтганимиздек бўлади. Яъни ўтган кунлар эътибори билан ҳам, қолган кунлар эътибори билан ҳам тоқ кечалар айни кечага тўғри келади.

Демак, муъмин киши Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг ҳаммасида излаши керак бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда ишора қилганлар: «Уни охирги ўн кундан изланглар» (Имом Бухорий ривояти).

Қадр кечаси охирги етти кечада бўлиши кўпроқ, бунга Абдуллоҳ ибн Умар  розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси далолат қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир нечталари тушларида Қадр кечасини охирги етти кечадалигини кўрдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг тушларингиз охирги етти кечага мувофиқ келганини кўрмоқдаман. Кимки Қадр кечасини изламоқчи бўлса, охириги етти кечада изласин» — дедилар. Имом Муслим қилган ривоятда: «Уни охирги ўн кунликдан изланглар, агар сизлардан бирингиз заифлик қилса ёки ожиз бўлса, қолган етти кечада (уйқуга) мағлуб бўлмасин».

Охирги етти кечанинг тоқларининг эҳтимолга яқинроғи 27- кечадир. Бунга Убай ибн Каъбнинг ҳадиси далолат қилади: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни туришга буюрган кеча қайси кечалигини биламан. У 27- кечадир» (Имом Муслим ривояти). Ундан сиз буни қандай билдингиз деб сўрадилар? У: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган белги билан, деди. «Қадр кечасининг тонгида Қуёш чиққанида унинг нури бўлмайди то кўтарилгунча худди тоғорадек бўлиб тураверади» деганлар. Бу хабар саҳиҳ бўлсада, киши ялқовлик қилмасдан Қадр кечасини топиш учун қаттиқ тиришиши лозим. Юқорида зикр қилганимиздек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда ўзлари бедор бўлар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотар эдилар. Алий ва Фотима  розияллоҳу анҳумоларнинг эшикларини қоқиб, «Туриб намоз ўқимайсизларми!» дердилар. Кейин Уммаҳотул муъмининларнинг ҳужраларига юзланиб: «Ҳужра соҳибаларини уйғотинглар, бу дунёда қанча-қанча кийимлилар бор, Қиёмат кунида яланғочдир» дердилар. (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимизни Қадр кечасига муваффақ қилиши, тутган рўзаларимизни ва таровеҳ намозларимизни қабул қилишини сўраймиз.

 

 

   ЮкоригаÎ