Ислом Нури
Мақолалар
Таҳажжуд намози
Аҳмад Собит
Ҳамд-мақтов намозни мўминларга роҳат, қўрқувчиларга хотиржамлик ва ёлғизларга нур қилган Аллоҳ учундир.
Ва таҳажжуд намозини ўқувчиларнинг имоми, руку ва сажда қилувчиларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг оиласи, саҳобалари ҳамда уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.
Албатта таҳажжуд намозини ўқиш солиҳ кишиларнинг одати.
Муъминларнинг тижорати.
Ютуққа эришувчиларнинг амалидир.
Тунда муъминлар роббилари билан холи бўлишади, яратганга юзланиб ўзларининг ночор ҳолларини шикоят қиладилар ва унинг фазли-марҳаматидан сўрайдилар.
Қалблари роббиларининг олдида ҳозир. Яратганнинг муножотига бел боғлаган. Раҳмат шамолларидан тин олиб бу яқинлик нуридан ўзгача қувват оладида, бандаларига саҳовати кенг бўлган зотга тазарруълар билан ёлборади.
Қурони Карим таҳажжуд ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб оз ухлашадилар)» (Сажда: 16). Мужоҳид ва Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ: «Бунинг маъноси таҳажжуд» дейишган. Ибн Касир ўзининг тафсирида: «Яъни, бу таҳажжуд намози ва тўшакда ухлаб ётишни тарк этиш» — деган.
Абдулҳақ Ашҳалий роҳимаҳуллоҳ: «Яъни, уларнинг ёнбошлари Аллоҳнинг таҳдидидан қўрққанликлари ва ваъдасини умид қилганликлари учун ётоқда қарор топмайди.
Аллоҳ таоло таҳажжуд ўқувчиларни зикр қилиб айтади: «Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Роббиларидан) мағфират сўрар эдилар.) (Ваззориёт: 17,18). Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Улар кечасида номоз ўқишган, намозни саҳаргача чўзишган ва дуою истиғфорда бўлишган».
Аллоҳ таоло бошқа ўринда айтади: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда – тик турган ҳолда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.» (Зумар: 9)
Яъни: мана шундай сифатли киши билан кечасида ухлаб нафсини зое қилган ва Роббисининг ваъдаси ва таҳдидини билмаган кимса баробар бўладими?!
Эй биродарлар кечада турувчи кишилар қаерда қолди?!
Ибни Адҳам ва Фузайллар қани?!
Шижоатлилар кетиб сусткашлар қолди!!
Илтижолар рад этилмас Ваъдаси ҳеч хилоф бўлмас
Тун эрлари туринглар тез Не-не дуо рад этилмас
Суннати қиёмул лайл ҳақида
Мусулмон биродарим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозига тарғиб қилиб бундай деганлар:
«Сизлар таҳажжуд намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Аллоҳга яқинлашув, ёмонликларга каффорат, гуноҳдан қайтарувчи ва жасаддан дардни кетказувчидир» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари. Албоний саҳиҳ деган)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Абдуллоҳ ибн Умар ҳақида бундай деган: «Агар тунда намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандай яхши одам бўлардия!» (имом Бухорий ва Муслим ривояти) Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар айтди: «Абдуллоҳ мана шундан кейин тунда озгина ухларди, холос.»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда ташқариси ичидан, ичкариси ташқаридан кўриниб турадиган олий бинолар бор». Эй Расулуллоҳ, у бинолар кимлар учун? — деб сўралди. У бинолар - чиройли сўзлаган, таъом едирган ва одамлар уйқуда бўлганда кечани тоат-ибодатлар билан ўтказган - зотлар учундир» — деб жавоб бердилар. (Табароний ва Ҳоким ривоятлари. Албоний уни «саҳиҳ» деган).
Яна бир ҳадисда бундай деганлар: «Менинг олдимга Жаброил алайҳис саллом келиб, шундай дедилар: «Эй Муҳаммад хоҳлаганингизча яшанг, сиз барибир ўлгувчисиз, хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, аниқ ундан ажраласиз ва хоҳлаган амални қилинг албатта у ҳақда сўраласиз, билингки, мўмин кишининг шарафи таҳажжуд намозини ўқишидир, азизлиги эса инсонлардан беҳожат бўлишидир». (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари. Мунзирий ва Албоний ҳасан ҳадис деган).
Бошқа ҳадисда: «Ким тунда ўн оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди, ким юз оят билан намоз ўқиса узоқ ибодат қилувчилардан деб ёзилади ва ким минг оят билан намоз ўқиса муқонтиринлардан деб ёзилади» деганлар. (Абу довуд ривояти. Албоний саҳиҳ деган).
Муқонтиринлар: Тоғдек ажри бор кишилардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида кечасида ётиб то тонг отгунча ухлаган киши зикр қилинди, шунда У зот: «Бу шайтон қулоқларига сийиб қўйган кишидир»!! — дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна бир ривоятда: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир» деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги ибодатлари
Аллоҳ таоло ўзининг китобида Пайғамбарини тунги ибодатга буюриб шундай деган:
«Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина - унинг (кечанинг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёки унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни, кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) тиловат қилинг!». (Муззаммил: 1-4)
Аллоҳ таоло айтди: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўкинг! Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур.» (Исро: 79)
Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси икки оёқлари шишиб кетгунга қадар намоз ўқир эдилар, шунда мен: «Эй Расулуллоҳ нега бундай қиласиз сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?!» — дедим. Ул зот: «Мен Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» — деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадис шукрнинг нафақат тил билан балки, қалб, тил ва аъзолар билан бўлишига далилдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларидаги ислом ақидасини ҳалққа еткизиш, мусулмонларга таълим бериш, Аллоҳ йулида жиҳод қилиш ҳамда оила ва болалар ҳаққини адо этиш вазифалари бўлишига қарамай Аллоҳга ибодат қилиш ҳаққини тўла тўкис адо этганлар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим, ул зот Бақара сурасини ўқий бошладилар, мен Бақара сурасини тугатиб рукуъ қилсалар керак деб ўйладим, кейин Нисо сурасини ўқий бошладилар, уни ҳам тугатиб, Оли-Имрон сурасини ўқидилар. Ўқиганда ҳам шошилмай, тасбеҳ ояти ўтса, тасбеҳ айтиб, сўраш ояти ўтса, сўраб, азоб ояти ўтса, азобдан паноҳ сўраб ўқир эдилар.» (Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: «Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим, У киши намозда узоқ давом этаверганларидан бир ёмон иш қилишни ўйлаб қолдим! Сўрадилар: «нима ёмон иш қилмоқчи бўлдингиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ташлаб, ўтириб олмоқчи бўлдим». (Муттафақун алайҳи)
Ибн Ҳажар деди: «Мана шу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозни жуда узоқ ўқишни яхши кўрганликларига далил бўлади. Ибн Масъуд кучли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга доим эргашувчи бўлганига қарамасдан, ўз одатидагидан узоқроқ намоз ўқилгани учунгина шуни хоҳлаган!).
Салафларнинг ҳаётидаги тунги ибодат
Ҳасан Басрий деди: «Мен туннинг ярмидаги намоз ўқишдан кўра оғирроқ ибодатни кўрмадим».
Абу Усмон ан-Наҳдий деди: «Мен етти марта Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг меҳмони бўлдим, у, аёли ва хизматкори кечани учга тақсимлаб олишган эди, бириси намозни ўқиб бўлса, иккинчисини уйғотар эди».
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу ўрнига ётганда товага тушган дондек тўлғонар, «Эй Аллоҳ, жаҳаннам мени ухлагани қўймаяпти» — деб намозига туриб кетар эди.
Товус ибн Кайсон жойидан шошиб туриб тонггача қиблага юзланиб намоз ўқир эди ва: «Жаҳаннамни эслаш обидлар уйқусини қочириб юборади» — дерди.
Ибодатгўй Замъа кечаси узоқ намоз ўқир, саҳар вақти бўлганда овозининг борича: «Эй дам олиб ётганлар туни билан ухлайверасизларми?! туриб йўлга тушмайсизларми?! — дерди. Шунда, бир томондан йиғлаган кишининг, бошқа томондан дуо қилганнинг, яна бир томондан таҳорат қилаётганнинг овози эшитилар эди. Тонг отгач: «Кечаси йўл босганлар эрталабда кечки ишларидан мамнун бўладилар» деб нидо қиларди.
Салафларнинг таҳажжуд намозидаги табақалари
Ибнул Жавзий айтадилар: Салафлар тунги ибодатда етти хил йўл тутар эдилар;
1. Тунни тўлалигича таҳажжуд билан ўтказувчилар, булар ичида бомдодни хуфтоннинг таҳорати билан ўқувчилар ҳам бўлган.
2. Кечанинг ярмини ибодатда ўтказувчилар.
3. Кечанинг учдан бирида намоз ўқувчилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга энг севимли бўлган таҳажжуд, Довуд алайҳис саломникидир. У Зот кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида намоз ўқир ва кейинги олтидан бирида, ухлар эдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
4. Кечанинг беш ёки олтидан бирини таҳажжуд ўқиб ўтказувчилар.
5. Кечани тақсимлашга эътибор бермай, тоқати етганича намоз ўқиб, ухлаб ва яна қачан уйғонса намоз ўқувчилар.
6. Туннинг бир қисмида тўрт ёки икки ракаат таҳажжуд ўқувчилар.
7. Шом намозидан хуфтонгача, кейин саҳар вақтида ҳам намоз ўқиб кечанинг икки томонини намоз билан ўтказувчилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тунда бир соат бор, шу соатни мусулмон банда Аллоҳдан яхшилик сўраган ҳолда топса, албатта Аллоҳ унинг сўровини беради. Бу ҳар кечададир».
Тунги ибодатни енгиллатувчи сабаблар
Абу Ҳомид ал-Ғаззолий таҳажжуд намозини енгиллаштирадиган ички ва ташқи сабабларни айтиб ўтганлар.
Ташқи сабаблар тўртдир;
1. Кўп еб, кўп ичмаслик, аксинча уйқу ғолиб келиб таҳажжудга туриш оғир бўлиб қолади.
2. Кундузида бефойда ишлар билан ўзини чарчатиб қўймаслик.
3. Қайлула яъни: кундузида озроқ ухлаб дам олиш, бу тундаги бедорликка ёрдам беради.
4. Кундузида гуноҳ ишларни қилмаслик, йўқса, таҳажжуддан маҳрум бўлиб колади.
Ички сабаблар ҳам тўртдир ;
1. Қалбни мусулмонларга гина адоват қилиш, бидъат хурофотлар ва ошиқча дунёга кўнгил қўйишдан сақлаш.
2. Аллоҳдан доимо қўрқувда бўлиб, орзу-умидни озроқ қилиш.
3. Таҳажжуднинг фазилатини билиш.
4. Сабабларнинг энг кучлиги Аллоҳга муҳаббатли бўлиш, ва тунги намозида ҳар бир айтаётган ҳарфи билан Аллоҳга муножот қилаётганлигига қатъий ишониш.
Рамазон кечаларидаги ибодатлар
Рамазон ибодатларидан бири «Таровеҳ» намози бўлиб, мусулмонлар уни рамазонда алоҳида эътибор билан адо этадилар. Дарҳақиқат, таровеҳ рамазонда Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган энг улуғ ибодатлардан.
Ибн Ражаб дедилар: «Билингки, Рамазонда муъмин кишининг нафси икки жиҳодга рўпара бўлади, кундузги рўза ва тунги таровеҳ намози. Қайси бир инсон шу иккисини сидқидиллик билан адо этса беҳисоб ажрларга эга бўлади».
Шайх ибн Усаймин деди: «Рамазон ойидаги тунги намознинг бошқа ойдагилардан имтиёзи ва хосияти бор бўлиб, мана бу ҳадис унга далилдир: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар «Аллоҳнинг ваъдасига иймон ва савоб умиди билан Рамазоннинг кечаларида намоз ўқиган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади». (Муттафақун алайҳи).
«Рамазоннинг кечаларида намоз ўқиган» деганда кечанинг бошидаги ҳам охиридаги ҳам намозлар эътибор қилинади, мана шунга биноан таровеҳ намози ҳам Рамазоннинг тунги ибодати бўлгани учун, Аллоҳдан ажр-савоб умид қилиб, бу ибодатга ҳарис бўлиш ва эътибор бериш лозимдир. Ақлли муъмин киши жуда оз муддатда ўтиб кетадиган бу саноқли кечаларни қўлдан бой бермай ҳаракат қилади албатта!
Таровеҳ намозини масжидларда жамоат бўлиб ўқиш суннатдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, шариат барқарор бўлганидан кейин, фарз бўлиб қолиш хавфи кўтарилдида, бу намозни жамоат бўлиб ўқишнинг суннатлиги собитлигича қолди.
Муслмонлар таровеҳ намозини тўла тўкис адо этишга аҳамият берсинлар. Бундай улуғ ибодат устида Аллоҳ учун сабр қилсинлар!
Шайх ибн Усаймин дедилар: «Ҳар бир киши таровеҳнинг савобидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун, уни масжидда ўқишдан қолмасин. Агар таровеҳни имом билан бошлаган бўлса, то имом витрни ўқиб тугантмагунича кетиб колмасин. Чунки, имоми билан таровеҳнинг охиригача бирга бўлган киши, кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки (рамазонда) имоми тугатгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганнинг савоби ёзилади». (Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).