Ислом Нури

Мақолалар

 

   Амал мавсумлари

  Барча оламлар роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар ва Аллоҳ элчиларининг сўнггиси бўлмиш пайғамбаримизга, унинг оиласи, асҳоблари ва унга киёмат кунига қадар суйиб эргашганларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.
    Ассалому алайкум азиз мусулмон биродарлар, Еру кўкни ва кечаю кундузни яртган Зот баъзи кунларни бошқаларидан афзал  ва уларда қилинган амаллар ажрини зиёда қилди. Аллоҳ таоло бу кунларни Ўзининг мўмин бандалари учун амал мавсумлари қилиб қўйди. Улар бу мавсумларни интиқлик ила кутишади. Кечагина рамазон ойи билан видолашган эдик, мана энди  Зулижжа ойи ҳам эшик қоқмоқда. Ўзингизга маълум Зулижжа ойи улуғ ва Аллоҳ ҳаром қилган ойлардан. Бу ойда мусулмонлар ҳаж амалини адо этишади. Албатта ҳар йили ҳаж амалини қилиш ҳар  бир мусулмонга насиб этмайди. Аллоҳ ҳажга борганларни мабрур ҳаж қилишларига, қолганларни эса шу ойнинг аввалги ўн кунида солиҳ амаллар қилишларига  муваффақ қилсин.

Шу фурсатдан фойдаланиб бу кунларда қилинадиган амалларни сиз азизларга эслатиб ўтмоқчимиз:  

1- Рўза. Қодир бўлсангиз бу кунларнинг барчасида рўза тутинг, ёки қодир бўлганингизча тутинг. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайхи ва саллам бу кунларда қилинган солиҳ амал ҳақида шундай дедилар: «Бирор кун йўқки унда қилинган амаллар Аллоҳ таолога ушбу кунлардаги қилинган амаллардан кўра севимлироқ бўлса -яъни Зул-Ҳижжанинг аввалги ўн куни- саҳобалар сўрадилар: Эй Расулуллоҳ Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?
- Аллоҳ йўлидаги жи
ҳод ҳам, магар бир киши жонию моли билан чиқса сўнгра ундан бирор нарса билан қайтмаса (яъни шаҳид бўлиб кетса), дедилар. Ибн можа ва имом Аҳмад ривоятлари. Аллоҳ таоло ҳадис қудусийда дейди: «Рўза мен учундир, унинг ажрини менинг ўзим бераман».

2- Хусусан арафа кунида рўза тутиш. Бошқа кунларда иложи қилолмаган бўлсангиз ҳам бу куннинг рўзасини ўтказиб юборманг. Чунки, Аллоҳ таоло бу куннинг рўзасини бир йиллик гуноҳ (сағира)ларга каффорот қилади. Абу Қатода ал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Ҳабибул мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Aрафа кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида шундай деб марҳамат қилдилар: «У ўтган йилга ва кейинги йилга каффорот бўлади». Муслим ривояти.

3- Такбир. Бу кунларда такбир айтиш шаръий амалдир. Аллоҳ таъоло деди: «...сизларни ҳидоятлаб қўйгани сабабли Аллоҳга такбир айтишинглар учун. Муҳсинларга хушхабар беринг» (Ҳаж: 37). Бухорий ибн Умар ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилганларидек: Икковлари Зул-Ҳижжанинг аввалги ўн кунлигида бозорга чиқиб такбир айтардилар, одамлар ҳам уларнинг такбирларига қўшилишиб такбир айтардилар. Такбирни бироз овозни чиқариб айтиш дуруст. Аммо жамоат билан жўр бўлиб айтиш яхши эмас.
    Бу кунлардаги такбир мутла
қ (чексиз) ва муқайяд (чекли)дир. Мутлақ такбир биринчи Зул-Ҳижжадан бошланади. Мусулмон киши хоҳлаган вақтида уйда, бозорда ёки масжидда бўлсин такбир айтаверади. Муқайяд такбир арафа кунининг фажр намозидан кейин бошланиб ҳайитдан кейинги тўртинчи куннинг аср намозигача давом этади. Уни фарз намозлардан сўнгра айтилади. Такбир мана бундай айтилади
"Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла ила-а-ҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллахил-ҳамд"

4- Аллоҳ йўлида фақир ва мискинларга хайру эҳсонлар қилиш.

5-Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш. Тасбех (субханаллоҳ), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар) айтиш. Зикрларнинг афзали бўлмиш Қуръон тиловат қилиш.

6- Қурбонликка қурби етган кишининг қурбонлик қилиши.
Танбеҳ:
Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам Зул-Ҳижжанинг биринчи куни кириши билан соч-соқолига  тегмайди ва тирнокларини олмайди. (имом Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).

7- Дуо. Муҳтарам биродарим сиз ҳамиша дуода бўлинг чунки дуо ибодатнинг аслидир. Ўзингизни, ота-онангизни, аҳлингизни, фарзандларингизни ер юзидаги барча мусулмонларни хусусан уларнинг мазлумларини дуойингизда зикр қилинг ва Аллоҳдан нусрат беришини сўранг шоядки дуойингиз ижобат соатига тўғри келиб қолса.
   
Охирги дуойимиз барча оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад -саллалоҳу алайхи ва салламга салот ва саломлар йўлласин.

Вассаламу алайкум ва рохматуллоҳи ва баракотуҳ
Ислом нури тахририяти

   ЮкоригаÎ