Савол:
Аёл кишининг эркаклар билан аралаш ўринларда ишлаши тўғрисидаги фатвонгиздан
хабардор бўлдик. Айтингчи, толиба қизларнинг аралаш таълим масканларида
ўқиши қандай бўлади?
Жавоб:
Аёлларни
эркакларга аралашишдан ман қилиш сабаби фитна хавфи борлиги ва бу нарса
фаҳшу мункарга олиб боришга восита бўлгани, ва бунинг ортидан ҳурматлар
поймол бўлиши ва жамиятда фасод ёйилиши келиб чиқишининг олдини олиш
учундир. Бу ишлар таълим масканларида аралаш ҳолда ўқиганда яна ҳам кўпроқ
вужудга келиши мумкинлигидан бундай жойларда ўқиш ҳаромдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ
таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар
йўлласин.
(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво
бериш Доимий Қўмитаси: 12/169).
Савол:
(Муаллима) аёлларнинг ўқув масканида муаллимлар билан тўғри ниятда, иш
юзасидан бирга ўтиришлари жоиз эмасми?
Жавоб:
Аёллар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналарида масжидга намозга ёки
намозгоҳга ийд намози учун чиқсалар эркакларнинг орқа томонида ўтиришар,
намозда ҳам эркакларнинг ортида алоҳида саф тортиб туришар, Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар у зотнинг сўзлари ва хутбаларини яхши
эшитмай қолишди деб гумон қилсалар, эркакларга гапириб бўлгач, уларга
яқинроқ бориб, алоҳида ваъз қилардилар. Ҳолбуки, саҳобия аёллар ғоят солиҳа,
иймонлари бақувват, жамият фасоддан саломат ҳолатда эди. Шундай экан,
аёллар, хоҳ муаллималар бўлсин, хоҳ бошқа бўлсин, покиза саҳобиялардан ўрнак
олиб ҳамда фитнанинг олдини олиш ва фасоднинг йўлини тўсиш учун ўз
жамоатларини эркаклар жамоатидан ажратишлари, ниятлари ҳар қанча тўғри ва
беғараз бўлса ҳам, эркакларга аралашишдан сақланишлари вожиб бўлади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ
таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар
йўлласин.
(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво
бериш Доимий Қўмитаси: 12/159).