Якшанба 28 Апрель 2024 | 19 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Маййитнинг қабрда сўроққа тутилиши

4254 марта кўрилган

Савол:

Маййитнинг қабрда сўроққа тутилиши ва қабр ичида ўтиргизиб қўйилиб, муноқашага тортилиши ҳақми?

Жавоб:

Маййитни қабрда сўроққа тутилиши ҳеч шубҳасиз ҳақдир, инсон қабрида тургизилиб, муноқаша ва савол-жавобга тутилади.

Савол бўлиши мумкинки, қабр тор бўлади-ку, қандай қилиб унинг ичида ўтириш мумкин?

Жавоб шуки, биринчидан, мўмин киши ғайбга тааллуқли ишларни тасдиқлаши ва қабул қилиши, қандай, нима учун, деб сўрамаслиги лойиқ бўлади. Чунки, бу саволлар унинг дилида бўлган шак-шубҳадан дарак беради. Чин иймон келтирган ва қалбини Аллоҳ ва Расули томонидан айтилган хабарларга очган киши уларга таслим бўлади ва кайфиятини Аллоҳ билади, деб айтади.

Иккинчидан, ўлгандан кейин руҳнинг баданга бўлган алоқаси тириклик ҳолатида руҳнинг баданга бўлган алоқасидек бўлмайди. Руҳнинг баданга нисбатан инсон онги идрок эта олмайдиган ҳолатлари бор. Унинг ўлимдан кейин жасадга алоқасини тириклик пайтидаги алоқасига қиёс қилиб бўлмайди. Мана, масалан, инсон уйқудалик ҳолида туш кўради, тушида қаерларгадир боради, келади, сафар қилади, одамлар билан гаплашади, тирик ё ўтиб кетган инсонлар билан кўришади, ўзини гўзал боғ-роғлар қўйнида ёки даҳшатли чангалзорлар ичида кўради, роҳатижон автоулов миниб юрганини ёки аксинча, бузуқ аравада қийналиб юрганини кўради. Шуларнинг ҳаммаси инсон тўшагида қимирламай ётган, ҳатто устидаги ёпинчиғи ҳам қимирламаган ҳолида бўлиб ўтиши мумкин. Бироқ, шу ҳолда буларнинг ҳаммасини аниқ-тиниқ кўрамиз, ҳис қиламиз. Шундай экан, ўлимдан кейин руҳнинг баданга алоқаси унинг тириклик ва уйғоқлик пайтдаги алоқаси билан бир хил бўлмайди, унинг биз идрок эта олмайдиган ҳолатлари бор. Шундан келиб чиқиб, айта оламизки, гарчи қабр тор ва кичик бўлса ҳам, инсон қабрида ўтириши ва сўроққа тутилиши мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ана шундай собит бўлган. У зотдан етказиш, биздан эса қабул қилиш ва таслим бўлишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

(Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/35).