Чоршанба 15 Май 2024 | 7 Зулқаъда 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Инсон ва наботот

3052 марта кўрилган

Инсон ва наботот

Демак, бизнинг озуқамиз хом ашёси наботот олами экан. Хом ашёни ҳужайраларимиз учун яроқли озиқ моддасига айлантириб берадиган ҳазм қилувчи кимёвий моддалар манбаи эса биз она қорнида онамизнинг қонидан озиқланиб турган ҳомила эканимиздаёқ пишиқ-пухта қилиб яратиб қўйилган, ҳазм қилиш жиҳозида мавжуд бўлган энземалар ажратиб чиқарувчи безлар экан.

Набототда ғизонинг яратилиши ва ҳосил бўлиши

Танамиздаги ҳужайралар ўсимликлардан озуқа хом ашёсини олиш ва уни ҳазм қилиш жиҳозимиздаги махсус моддалар воситасида парчалаш орқали қандай қилиб озиқ моддаларига эга бўлишини билдик. Энди иккинчи муаммонинг ечими қолди: яъни, ҳар бир тирик жонзотни озиқлантириш учун лозим даражада улкан миқдордаги озиқ моддаси набототга қаердан келади?

Келинг, озиқ-овқатимиз ҳақида фикр юритиб кўрайлик ва раҳмли ризқ берувчи Зот бу муамонинг ечимини қандай ҳал қилганини кўрайлик:

1. Ўсимликларнинг уруғлари. Ўсимликнинг уруғлари ўзидан олдинги авлод ўсимлигидан, ўз навбатида у ҳам ўзидан олдинги авлод ўсимлигидан ва ҳоказо давом этишини ва шу тариқа бу жараён энг охирида ушбу ўсимликларнинг илк аслига бориб тақалишини кўрамиз. Сўнг уларни қайта яратилишидаги ва ҳар сафар янгидан пайдо бўлишидаги ҳамда ўсимликлар билан озиқланадиган ҳар қандай жонзотнинг эҳтиёжларига етарли даражада улкан миқдорда таъминланишидаги ажойиботни кўрамиз.

Аллоҳ таоло айтади: “Ерда (ўсимлик, мевалардан) ҳар турли гўзал жуфтларни ундириб-ўстирдик. (Аллоҳга) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма бўлсин учун (мана шундай қилдик). Биз осмондан баракотли сув – ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда терилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик” (Қоф: 7-10).

Хомашё моддалар:

а) Тупроқ. Зироат учун яроқли бўлган тупроқ ҳар бир тирик жонзотнинг эҳтиёжига етарли қилиб, улкан миқдорда яратиб қўйилган.

Аллоҳ таоло айтади: “Улар ерда Биз барча турдаги фойдали ўсимлик навларидан қанчасини ундириб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта бунда оят ­– ибрат бор. Лекин уларнинг кўпи иймон келтирувчи бўлмадилар” (Шуаро: 7-8).

б) Сув. Яратувчи Зот ўсимлик ўсиши учун зарур бўлган сувни барча тирик мавжудотнинг эҳтиёжига етарли миқдорда таъминлаб қўйди ва унга эга бўлишни қулай қилиб қўйди. Биз уни дарёлардан, чашмалардан, қудуқлардан, ер сатҳига яқин жойлаб қўйилган ерости сув манбаларидан оламиз. Барча сувларнинг асли (манбаси) булутлардан ўрта ҳисобда сониясига 16 миллион тонна миқдорида ерга ёғадиган ёмғирлардир. Ёғдирувчи Зотнинг раҳмати туфайли шу қадар улкан ҳажмдаги ёмғирлар экин-тикинга ҳам, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам бирор зарар етказмайдиган майда томчилар кўринишида ёғади. Бу булутлар аслида, ҳаракатланувчи сувлар бўлиб, шамоллар уларни денгизлар устидан қуруқликлар сари, уруғлар ва тупроқ бор жойга ҳайдайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Ахир улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг ёрдамида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни кўрмадиларми?! Ахир қарамайдиларми?!” (Сажда: 27).

в) Ҳаво. Ҳаво бўлмаса, ер юзида бирон ўсимлик ўсмайди. Ўсимликлар учун яроқли озуқа бўладиган ҳаво карбонат ангидрид гази бўлиб, уни биз инсонлар ва бошқа тирик ҳайвонотлар ўз жисмимиздан чиқарамиз ва шу билан одамзот ва ҳайвонот олами озиқ-овқат саноати учун зарур бўлган хомашё моддаларидан бирининг ҳосил бўлишига манба бўлади. Аллоҳнинг яратиш ва тақдир қилишдаги ажойиботлариданки, агар карбонат ангидрид атмосферада сақланиб қолса, ҳар бир тирик жонзот бўғилиб, ҳалок бўларди. Лекин набототлар уни давомий равишда ютиб, кислород чиқаради ва биз ишлатиб юборган кислород ўрнини тўлдириб туради.

г) Қуёш нури. Ўсимликлар уни ўсимлик ҳужайраларида мавжуд бўлган яшил модда – хлорофилл орқали бевосита қуёшдан олади. Қуёш нури ер юзига ҳаёт учун муносиб миқдорда етиб келади. Фаразан, агар қуёш биздан ярим масофа узоқлашса эди, ер юзидаги ҳар бир жонзот ва ўсимлик музлаб қолар эди. Агар ҳозиргидан кўра ярим масофа яқинлашса эди, ҳар бир тирик жонзот ёниб кетган бўлар эди.

Аллоҳ таоло айтади: “У сизларга қуёшни ва ойни давомий суратда бўйсундирди” (Иброҳим: 33).

д) Ўсимликдаги яшил корхоналар – пластидалар[1]. Ўсимлик ичида жойлашган бир корхона борки, унга ушбу хомашё моддалари (тупроқдаги тузлар, сув, ҳаво, қуёш нури) киради ва у бу моддалардан шакар ишлаб чиқаради. У ишлаб чиқарган шакар ўз навбатида крахмаллар, ёғлар, протеинлар, витаминлар каби ҳар хил озиқ моддаларга айланади. Бу эса мураккаб ферментлар (энзимлар) ва ўта диққат билан тартибланган кимёвий реакциялар воситасида ҳосил бўлади. Пластидалар ўсимликларнинг баъзи ҳужайраларида ва хусусан барг ҳужайраларида сузиб юрадиган майда яшил нуқталардан ташкил топган. Ўсимликлар олами бу яшил корхоналарда юқорида айтилган хомашёларни ҳар бир тирик жонзотнинг озиқланишига яроқли озуқаларга айлантиришга етарли даражада жуда катта миқдорда ишлаб чиқаради.

Аллоҳ таоло айтади: “У осмондан сув туширган зотдир. У сув ёрдамида ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёҳларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни бошоқларни) чиқарамиз. Хурмо новдаларидан (йиғиб-териб олувчилар учун) яқин бошлар-ғужумлар (бўлур). Яна узумзор боғларни ҳамда (барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз). (Эй инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган ҳолига боқинг! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар мавжуддир.” (Анъом: 99).

Хомашёларни корхонага етказиб бериш:

Ўсимликдаги озиқ модда ишлаб чиқарувчи яшил корхоналар–пластидалар асосан унинг барглари ва яшил қисмларида жойлашганини билдик. Бу корхоналарга хомашё зарур эканини ҳам билишимиз керак. Шунингдек, бу корхоналарни уларга хомашё узлуксиз ва беками кўст келиб турадиган қилиб, бир маромда, ўта тартиб-интизом билан ишлайдиган қилиб ясалиш зарурати бор. Яратувчи зот бу муаммони қандай ҳал қилган?

1) Сув. Сув уни шимиб оладиган тупроққа қандай етиб боришини билиб ўтдик.

2) Тузлар. Тупроқда мавжуд бўлган минерал тузлар сувда эриб, суюқ эритма ҳосил бўлади ва ўсимлик илдизида мавжуд бўлган сўрувчилар сувни ва унда эриган тузларни (органик ва минерал моддаларни) Аллоҳ унга ўрнатиб қўйган “осмотик босим” деб аталадиган босим кучи билан сўриб олади. Сўнг илдиздаги сўрувчилар(илдиз толалари) сувни ва эриган тузларни илдизда бўлган, сув ва минерал тузларни қабул қилиб олишга ва уларни ўсимликнинг бошқа қисмларига етказиб беришга ихтисослашган махсус қувурларга етказиб беради ва улар орқали тузли эритмалар ўсимлик баргидаги яшил корхонага – пластидага етиб боради.

3) Ҳаво. Ҳаво наботий корхоналарга ўта пухта ишланган майда тешикчалар орқали киради ва баргларнинг юза табақасида тарқалади. Яратувчи субҳонаҳу ва таоло икки ёки ундан кўп қўриқловчи ҳужайраларни яратган ва бу ҳужайралар эшикбон вазифасини бажаради ва тартиб-интизом билан эҳтиёж миқдорига қараб йўлни очиб-ёпиб туради.

4) Ёруғлик. Ёруғлик ер юзидаги барча ўсимликларнинг қисмларида тарқалган яшил маснаъларга бевосита етади. Ўсимликнинг таркибий тузилиши ўсимлик танаси уруғни ёриб,қуйи томонга эмас, юқори тарафга, ер юзига чиққанидан бошлаб шу талаб билан мутаносибдир, унинг иккинчи қисми эса қуйи тарафга қараб ҳаракатланади ва у илдизга айланади. Сўнг у тана, шох, бутоқлар, барглар, гуллар, мевалар каби ўсимликнинг юқори қисмларини ўзи билан олган бўлади, баргларни ўз ичига олган қисми ўз йўналишида хато қилмайди, худди илдизга айланадиган қисм ҳатто уруғни тескари ташланганда ҳам хато қилмагани каби, чунки яшил корхоналарни кўтарувчи қисми ўзининг юқорига бўлган йўлини биладики у ерда қуёш нури бор.



[1] Пластидалар (грек, plastos — ёпиштирилган, ўхшаш) — органик моддаларнинг бирламчи синтези рўй берадиган ўсимликларнинг органоидлари