Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

“Мутавотир" атамаси ҳақида

3691 марта кўрилган

Мутавотир – арабча تَوَاتُرٌ (“тавотур”) сўзидан олинган бўлиб, “кетма-кет, эргашиб келиш” деган маънони билдиради. Аллоҳ Таоло айтади:

»ثُمَّ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا تتْرَى«

“Сўнгра Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик”. (Мўминун: 44-оят)

Шаръий истилоҳда (атамашуносликда) эса “Ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта бир жамоа худди ўзи каби жамоадан ривоят қилган, асоси ҳис қилиш аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабар” мутавотир дейилади. (Яъни, мутавотир турли хил одамлардан, турли хил йўллар билан ривоят қилинади. Бу одамлардан бир гуруҳи бошқасини танимаслиги, кўрмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин хабар лафзи ва маъноси бир хил бўлиб, бузилмасдан етиб келган. Шу сабабли уларнинг ўзаро ёлғон гапиришга келишиб олишлари мутлақо имконсиз иш.)

Бу атама одатда ҳадис илмида қўлланади.

Олимлар бир ҳадис “мутавотир” сифатини олиши учун 4 та шарт қўйганлар:

1. Катта бир жамоа ривоят қилган бўлиши;
2. Ривоят қилганлар сони кўплигидан ёлғон гапиришга келишиб олишлари имконсиз бўлиши;
3. Санад – ривоят силсиласининг ҳар бир даражасида кўплаб ровийлар бўлиши: кўпчилик кўпчиликдан ривоят қилиб, охирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб бориши;
4. Улар ривоят қилган хабарнинг асоси ҳис қилиш аъзолари бўлиши, ҳадис ровийлари “Эшитдик”, “Кўрдик” деб айтишлари лозим. Чунки бу тарзда ривоят қилинмаган хабарларга хато кириб қолиши эҳтимоли бор. Бу эса унинг мутавотирлик сифатини йўқотади.

Мутавотир икки хил бўлади:

1. Лафзий мутавотир. Бу лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлган ҳадис. Мисол:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, жойини дўзахдан тайёрлайверсин”, дедилар”.
Бухорий (110) ва Муслим (4) Абу Ҳурайрадан; Абу Довуд (3651) Зубайр ибн Аввомдан; Термизий (2661) Анас ибн Моликдан; Ибн Можа (30) Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган.

Умумий ҳисобда ушбу ҳадис 72 нафардан кўпроқ саҳобадан ривоят қилинган. Улардан буни ривоят қилган тобеинларнинг сонини ҳисоблашнинг эса имкони йўқ.

2. Маънавий мутавотир. Бу маъноси мутавотир, лекин лафзи бошқача кўринишда келган ҳадис.

Бунга мисол, дуо қилиш вақтида икки қўлни юқорига кўтариш ҳақидаги ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлари борасида юзга яқин ҳадис бор. Уларнинг барчасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо вақтида икки қўлларини кўтарганлари айтилган. Имом Суютий бу ҳадисларни “Фаддул-виа фий аҳадиси рофъил- ядайни фид-дуа” номли китобида тўплаб келтирган.

Мутавотир хабарнинг ҳукми.

Мутавотир хабарни тасдиқлаш вожиб бўлади. Чунки у бошқа далил бўлмаганда ҳам қатъий, аниқ илмни ифодалайди. Бунда хабар ровийларининг ҳолатини (ростгўй ёки ёлғончилигини) текширишга ҳожат қолмайди. Бу ҳеч бир оқил кишини шубҳалантирмайдиган ишдир.

Манбалар:

1. Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Нузҳатун-назар”.
2. Доктор Халил Мулла Хотир. “Ал-ҳадисул мутавотир”.
3. Шайх Абдулкарим ибн Абдуллоҳ Хузайр. “Ал-ҳадисуз заиф ва ҳукмул-иҳтижажи фийҳ”.
4. Доктор Муҳаммад Зиёурраҳмон Аъзамий. “Муъжаму мусталаҳатул ҳадис ва латоифул-асонийд”.

https://islamqa.info/ar/34651