Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Вужудимиздаги мўъжизакор аломатлар

3577 марта кўрилган

Вужудимиздаги мўъжизакор аломатлар

Аллоҳ таоло деди: ".. ҳамда ўзларингизда оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?! (Зориёт, 21)

Эй даҳрий, сенга яна бир бор юзланиб айтаман: Бир ўзингга боқ:

  • Сени яратган, сенга икки кўз, тил ва икки лабни берган ким?!
  • Сенга ҳидлашинг учун бурунни берган, эшитишинг учун икки қулоқни берган ким?!
  • Кўзинг тепасига қош қўйиб, хушсурат қилиб қўйган ким? Соч билан сени чиройли қилган ким?!
  • Сенга юракни берган ким?!
  • Сенга икки ўпка, икки буйрак ва жигарни берган, асаб толалари, насл ва ҳазм қилиш аъзоларини яратиб берган ким?!
  • Фикр юрита олишинг учун сенга ақлни берган, юра олишинг учун оёқларни, маҳкам тута олишинг учун қўлларни берган ким?
  • Ҳар инсоннинг ўзига хос излар; кўз ва бармоқ излари ҳамда бошқа изларни-чи, ким берган?!

Булардан бошқа, инсониятдаги унинг яратувчиси бор эканига далолат қиладиган бошқа барча нишон ва аломатларга боқмайсанми?!

Мана шу тарзда ўзингга чуқур назар солганинг сайин сени яратган Яратувчи бор экани янада яққол кўринаверади.

Яна қайта бир назар сол, диққат билан қара!!

Аслинг нима эди-ю, қаерга борасан?!!

Сенинг аслинг бир томчи маний эди. Бачадонга отилгандинг кейин лахта қон, кейин бир парча эт бўлдинг. Ундан кейин сенга инсон шакли бериб яратилдинг, қулоқ ва кўз берилди. Ундан сўнг онангнинг қорнидан гўдак ҳолда, чинқираб дунёга чиқдинг, йигит бўлдинг, кейин эса катта ёшли одам бўлдинг. Мана энди қартайган, эсинг кирди-чиқди бўлиб, кўп нарса эсингда турмайдиган нима қилаётганингни билмайдиган чол бўляпсан. Кейин Аллоҳ хоҳлаган кунда вафот этасан.

Юқоридаги ҳолатлардан бирортасини қабул қилмасдан иложинг йўқ!!! Масалан, она қорнидан туғилмайман ё мен қаримайман ёки ўлмайман, дея олмайсан! Аллоҳ сенга битиб қўйган бирон нарсани ўзгартиришга қурбинг етмайди!!!

Ўзиннга бир назар солмайсанми?! Эркак киши бўлишни ўзинг ихтиёр қилдингми? Ё мана бу қиз аёл бўлишини ўзи ихтиёр қилдими? Ёки, эркак ва аёлни жуфт қилиб яратган Аллоҳнинг Ўзими?!

Аллоҳ таолонинг сўзлари нақадар тўғри:

"Ва албатта У зот эркак-аёл жуфтларни яратгандир" (Нажм: 45)

Эй инсон! Ўзингдан чиқаётган нарсалар ҳақида ўйлаб кўрмадингми, ахир?

Бу нарсалар шунчаки, ўз-ўзидан келиб қолдими?!

Сийдик, тер, маний, мазий, кўз ёши, балғам, тупук, мишиқ, ахлат, кекириш, эснаш ва аксириш ҳақида фикр юритиб кўрмабсан-да?

Жароҳат қони, ҳайз қони, нифос қони ва истиҳоза қонидаги фарқларга назар ташлаб кўрмабсан-да?!

Бир аёлнинг ҳайзи уч кун, бошқасиники ўн кун ва ҳоказо улар фарқли бўладилар.

Эй инсон, сен курси ўзини ўзи ясаб олган ё ясалиб қолган, китоб ичидаги саҳифа ва ҳарфларини ўзи тўплаган бўлишини инкор қиласан!! Сен табиат бир дона курси, стол ё бир дона қозонни яратолмайди, деб айтасан-да, айни дамда гап юқорида айтилган инсон аъзоларига келса, улар ўз-ўзидан пайдо бўлган, уларни табиат яратган дейсан?!!

Эй инсон! Яна бир бор ўйланиб кўр. Ҳамма нарсани билувчи ҳар нарсани яратувчи зотни инкор қилма!!

Юракнинг яралишида ўта билимдон ва ҳар нарсани яратишга қодир зотнинг борлигига аломатлар бор

Эй инсон, сенга айтаман:

Кўксингдаги юрагинг ўз кўксингда бўла туриб, уни бошқара олмайсан. Аллоҳ Ўзининг улуғ китобида шундай дейди:

«Билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби-юраги истаб турган нарса ўртасини тўсиб қўйишга қодир.» (Анфол: 24)

Қалбингга бирон кишига нисбатан муҳаббат солиб қўйишга ёки у муҳаббатни олиб ташлашга қодир эмассан. Балки буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изни биландир.

Бир йигит бир қизни ёқтиради, сен эса у қизни кўрган пайтингда ундан қочиб, юзини кўрмасам, демаганмисан?! Қачондир сен бирон қизни яхши кўрганингда, бошқа бир йигит уни ёқтирмаган ҳолат бўлмаганми?!

Қалбларга муҳаббатни ўрнаштириб қўйган зот ким?!

Бир инсон сен учун яхшиликни истагани ҳолда, бошқаси сендан нафратланганини учратмаганмисан?!

Одамлардан бири яхши, эҳсонкор ва раҳмдил, бошқа бири эса бадбахт, ўғри, қаллоб, қўпол ва қўрс эканини кўрмаганмисан?!!

Мўъминларнинг дилларига иймонни севимли қилиб қўйган Аллоҳдир! Уларга куфр, фосиқлик ва исёнкорликни ёқимсиз қилиб қўйган ҳам Аллоҳдир!

Шундай экан, эй инсон, Раббингга қайт!

Одамларга бир назар солгин!

Мана бу одам доим хавотирда ва изтиробда, деярли ҳеч ором олмайди, тиниб-тинчимайди!

Буниси эса доим хотиржам, виқорли ва ўзини тутган. Ҳар қандай ҳолат учун Аллоҳга ҳамд айтади.

Ўзинг ҳам, эй Инсон, гоҳо хотиржам, сокин бўласан, гоҳо ўзингни қўярга жой тополмаётган, қаттиқ хавотирга тушган ҳолда бўласан.

Агар қўлингдан келса, ўзинг учун доимий хотиржамлик ва оромни ихтиёр қилсанг бўлмасмиди?!

Юракнинг тана, қулоқ ва кўз учун бажарадиган иш ва вазифаларидан ташқари, унинг ўзида ҳам мўъжизалар бор.

Эй инсон, бирон кун қувноқ, ўзингга ёқадиган инсон олдидан, кейин эса қўпол, сенга ёқмайдиган, уни кўришга кўзинг йўқ бошқа бир инсон ёнидан ўтганмисан?

Ўйлайманки, бундай ҳолат сенда албатта бўлган. Сени бунисига ич-ичингдан боғланиб меҳр қўядиган, анависидан эса юз ўгириб, бурилиб кетадиган қилиб қўйган ким?!

Биз Аллоҳ азза ва жалла бунинг ҳаммасини қилган зотдир, деб айтамиз. Руҳлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

"Руҳлар сафарбар қилинган аскарлардир; улардан бир-бирларини таниганлари дўстлашади, улардан бир-бирларини танимаганлари келишолмайди."

Эй инсон, ҳаётингда сени кўра олмайдиган ҳасадгўйга дучор келганмисан?!

Бирон одам сенга ҳадя тақдим қилиб, мен сизни яхши кўраман, деган кунинг бўлганми?!

Қалбларга буларни солган ким?! У Аллоҳдир! Аллоҳки, Ундан бошқа барҳақ илоҳ мавжуд эмас.

Ғам, маҳзунлик, ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик ва бахллик, буларнинг ҳаммаси вақти-вақти билан одамларнинг баъзиларига етиб туради.

Бошқа бир одамларни бахтиёр, қувноқ, ғайратли, тиришқоқ, қўрқмас, табассумли ва саховатли эканларини топасан.

Қалбларга илҳом бағишлаган Зот бенуқсондир! Берган ва ман қилган, улуғлаган ва хор қилган ҳамда тушириб, юксалтирган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир!

Воиз ваъз айтаркан, бир одам таъсирланиб йиғлайди, яна бири масхаралаб унинг устидан кулади.

Устоз бир хил шарҳлайди. Буниси тушунади, униси тушунолмайди.

Ўртага масала ташланади, бир одам тушунмайди, бошқаси эса тушунади.

Аллоҳ таоло айтди: «Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини эсланг. Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. Биз уни Сулаймонга англатдик. Ҳар бирларига ҳукм ва илм бердик (Анбиё: 78, 79)

Мусибат хабари келганда, айримлар бардам бўлиб ўзларини тутадилар, бошқалар ўзларини йўқотиб йиқиладилар, яна бир тоифа инсонлар эса йиғлашга тушадилар.

Баъзида бир неча одам ўртасига савол ташланади, айримлари жавоб берадилар, айримлари жавобни билмайдилар.

Бир кишига савол берилади-да, унга бошқа одам жавоб беради.

Одамларга бу тушунчаларни берган ким? Шубҳасиз, У Ундан бошқа ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳдир.

Яна бир бор ўзингга ва ўзингда содир бўлаётган кечинмаларга қараб кўрсанг бўлмайдими?! Гоҳо йиғлайсан, гоҳо куласан. Сени йиғлатиб кулдирган зот ким?

Баъзан бир дона сўз қулоққа чалинади-да, бундан баъзи одамлар йиғлайди, бошқаларига таъсир ҳам қилмайди, айни дамда кўпчилик бу сўздан кулиб, ўзларини бахтиёр ҳис қиладилар. Кулдирган ва йиғлатган Зот нақадар пок!

Гоҳида маҳзун, гоҳида эса ўзингни бахтиёр ҳис қиласан!

Айт-чи, ўзингдан ғам-ташвишни қайтариб, доимо бахтли яшашга қодирмисан?

Баъзида касал, баъзида соғ-саломатсан. Ҳамиша соғлом яшашга қодирмисан?!