Душанба 11 Декабрь 2017 | 22 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

63-боб. Ислом ғариб бўлиб бошлангани, яна ғарибликка қайтиши ва (охирида) икки масжид (Макка ва Мадина) ўртасида жамланишининг баёни

495 марта кўрилган

(63) بَابُ بَيَانِ أَنَّ الْإِسْلَامَ بَدَأَ غَرِيبًا وَسَيَعُودُ غَرِيبًا وَأَنَّهُ يَأْرِزُ بَيْنَ الْمَسْجِدَيْنِ

88 - حَدِيثُ حُذَيْفَةَ، قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا عِنْدَ عُمَرَ رضي الله عنه فَقَالَ: أَيُّكُمْ يَحْفَظُ قَوْلَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الْفِتْنَةِ قُلْتُ: أَنَا كَمَا قَالَهُ، قَالَ: إِنَّكَ عَلَيْهِ أَوْ عَلَيْهَا لَجَرِيءٌ؛ قُلْتُ فِتْنَةُ الرَّجُلِ فِي أَهْلِهِ وَمَالِهِ وَوَلَدِهِ وَجَارِهِ تُكَفِّرُهَا الصَّلاَةُ وَالصَّوْمُ وَالصَّدَقَةُ وَالْأَمْرُ وَالنَّهْيُ، قَالَ: لَيْسَ هَذَا أُرِيدُ وَلَكِنِ الْفِتْنَةُ الَّتِي تَمُوجُ كَمَا يَمُوجُ الْبَحْرُ، قَالَ: لَيْسَ عَلَيْكَ مِنْهَا بَأْسٌ يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، إِنَّ بَيْنَكَ وَبَيْنَهَا بَابًا مُغْلَقًا، قَالَ: أَيُكْسَرُ أَمْ يُفْتَحُ قَالَ: يُكْسَرُ، قَالَ: إِذًا لاَ يُغْلَقُ أَبَدًا.
قُلْنَا: أَكَانَ عُمَرُ يَعْلَمُ الْبَابَ قَالَ نَعَمْ، كَمَا أَنَّ دُونَ الْغَدِ اللَّيْلَةَ، إِنِّي حَدَّثْتُهُ بِحَدِيثٍ لَيْسَ بِالْأَغَالِيطِ.
فَهِبْنَا أَنْ نَسْأَلَ حُذَيْفَةَ، فَأَمَرْنَا مَسْرُوقًا فَسَأَلَهُ؛ فَقَالَ: الْبَابُ عُمَرُ.
أخرجه البخاري في: 9 كتاب مواقيت الصلاة: 4 باب الصلاة كفارة

63-боб. Ислом ғариб бўлиб бошлангани, яна ғарибликка қайтиши ва (охирида) икки масжид (Макка ва Мадина) ўртасида жамланишининг баёни

88. Ҳузайфа ибн Ямон (отасининг асл исми Ҳисл ибн Жобир саҳобий бўлган) розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Умар розияллоҳу анҳунинг олдида ўтирган эдик. У киши: «Қайси бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна ҳақида айтган сўзларини эслайди?» – деб сўради. «Мен, уни худди айтганларидек эслайман.», дедим. Умар розияллоҳу анҳу: «Сен у кишига» ёки «ўша сўзни эслаб қолишга журъатлисан»,[1] деди. «Кишига келадиган фитна унинг аҳли-аёли, мол-мулки, боласи ва қўни-қўшнисида бўлади. Бу фитнани эса намоз, рўза, садақа, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш каффорат қилади (ўчиради)», дедим. Умар розияллоҳу анҳу: «Мен буни сўраётганим йўқ. Балки, денгиз тўлқинланганидек бостириб келадиган фитнани сўраяпман», деди. (Ҳузайфа:) «Эй мўминларнинг амири, ундан сизга ҳеч қандай зиён йўқ. Сиз билан унинг ўртасида ёпиқ эшик бор», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «(Эшик) синдириладими, ёки очиладими?» – деб сўради. Ҳузайфа: «Синдирилади», деди. «Унда ҳеч қачон ёпилмайди», деди Умар розияллоҳу анҳу.

Ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилаётган Шақиқ ибн Салама айтади: «Биз Ҳузайфадан «Умар розияллоҳу анҳу ўша эшик кимлигини билармидилар?» – деб сўрадик. У киши: «Ҳа, худди эртанги кун келишидан олдин бугунги кеча келишини билгандек аниқ биларди. Мен унга мавҳум бўлмаган (очиқ-ойдин, тушунарли) гапни айтганман», деди.

Яна Шақиқ ибн Салама айтади: «Ҳузайфадан (ўша эшик кимлигини) сўрашга тортиниб, буни Масруқ ибн Ал-Аждаъдан илтимос қилдик. У сўраганида Ҳузайфа: «Ўша эшик Умар эди», деб айтди».

Бухорий (525), Муслим (144/264).

89 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: إِنَّ الْإِيمَانَ لَيَأْرِزُ إِلَى الْمَدِينَةِ كَمَا تَأْرِزُ الْحَيَّةُ إِلَى جُحْرِهَا.
أخرجه البخاري في: 29 كتاب فضائل المدينة: 6 باب الإيمان يأرز إلى المدينة.

89. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, илон ўз инига кириб ўралиб oлганидек иймон (аҳли) Мадинага жамланади», дедилар».[2]

Бухорий (1876), Муслим (147/269).

(65) بَابُ جَوَازِ الْإِسْتِسْرَارِ لِلْخَائِفِ

90 - حَدِيثُ حُذَيْفَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اكْتُبُوا لِي مَنْ تَلَفَّظَ بِالْإِسْلاَمِ مِنَ النَّاسِ فَكَتَبْنَا لَهُ أَلْفًا وَخَمْسَمِائَةِ رَجُلٍ فَقُلْنَا نَخَافُ وَنَحْنُ أَلْفٌ وَخَمْسُمِائَةٍ فَلَقَدْ رَأَيْتُنَا ابْتُلِينَا حَتَّى إِنَّ الرَّجُلَ لَيُصَلِّي وَحْدَهُ وَهُوَ خَائِفٌ.
أخرجه البخاري في: 56 كتاب الجهاد 181 باب كتابة الإمام للناس.

65-боб. Қўрққан киши ўз ишини сир тутиши жоизлиги

90. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлардан Исломни талаффуз қилганларини (иймон келтирганлар сонини) менга ёзиб беринглар», дедилар. У кишига бир минг беш юз кишининг исмини ёзиб бердик. Ўшанда «Бир минг беш юз киши бўла туриб, (бошқа, мусулмон бўлмаганлардан) қўрқамизми?!» – деган эдик. Кейин шундай синовларни кўрдикки, ҳатто бир киши ёлғиз ўзи намоз ўқиб ҳам қўрқиб турарди».[3]

Бухорий (3060), Муслим (149/271).

(66) بَابُ تَأَلُّفِ قَلْبِ مَنْ يُخَافُ عَلَى إِيمَانِهِ لِضَعْفِهِ وَالنَّهْيِ عَنِ الْقَطْعِ بِالْإِيمَانِ مِنْ غَيْرِ دَلِيلٍ قَاطِعٍ

91 - حَدِيثُ سَعْدٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَعْطَى رَهْطًا وَسَعْدٌ جَالِسٌ، فَتَرَكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلاً هُوَ أَعْجَبُهُمْ إِلَيَّ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا لَكَ عَنْ فُلاَنٍ فَوَاللهِ إِنِّي لَأَرَاهُ مُؤْمِنًا، فَقَالَ: أَوْ مُسْلِمًا فَسَكَتُّ قَلِيلاً ثُمَّ غَلَبَنِي مَا أَعْلَمُ مِنْهُ فَعُدْتُ لِمَقَالَتِي فَقُلْتُ: مَا لَكَ عَنْ فُلاَنٍ فَوَاللهِ إِنِّي لَأَرَاهُ مُؤمِنًا فَقَالَ: أَوْ مُسْلِمًا، فَسَكَتُّ قَلِيلاً ثُمَّ غَلَبَنِي مَا أَعْلَمُ مِنْهُ، فَعُدْتُ لِمَقَالَتِي، وَعَادَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ قَالَ: يَا سَعْدُ إِنِّي لأُعْطِي الرَّجُلَ، وَغَيْرُهُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْهُ، خَشْيَةَ أَنْ يَكُبَّهُ اللهُ فِي النَّارِ.
أخرجه البخاري في: 2 كتاب الإيمان: 19 باب إذا لم يكن الإسلام على الحقيقة؟

66-боб. Иймони заифлиги боис иймондан чиқиб кетишидан қўрқилган одамнинг қалбини Исломга улфат қилиш ( учун мол бериш) ва қатъий далилсиз «иймонли» деб қатъий гапиришдан қайтариш

91. Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ кишиларга ҳадя (мол-мулк) бердилар. – Саъд ҳам шу ерда эди. – Лекин менга суюкли бўлган бир кишига ҳеч нарса бермадилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, фалончига нега бермадингиз? Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб кўраман», дедим. «Ёки мусулмондир?»[4] – дедилар. Бироз жим турдим. Кейин ундан билганим (унинг яхши мўмин эканлиги ҳақидаги фикрим) менга ғолиб келди ва ўша гапимни қайтардим: «Нега фалончига бермадингиз? Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб кўраман». «Ёки мусулмондир?» – дедилар. Бироз жим турдим. Кейин ундан билганим (унинг яхши мўмин эканлиги ҳақидаги фикрим) менга ғолиб келди ва ўша гапимни қайтардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз гапларини такрорладилар. Сўнгра шундай дедилар: «Эй Саъд, мен бир кишига Аллоҳ уни дўзахга ташлашидан қўрқиб — иймони заифлиги сабабли куфрга кетиб қолмасин деб, қалбини улфат қилиш учун мол-мулк, ҳадя — бераман ҳолбуки, ундан бошқаси менга суюклироқдир».

Бухорий (27), Муслим (150/273).

(67) بَابُ زِيَادَةِ طُمَأْنِينَةِ الْقَلْبِ بِتَظَاهُرِ الْأَدِلَّةِ

92 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ نَحْنُ أَحَقُّ بِالشَّكِّ مِنْ إِبْرَاهِيمَ إِذْ قَالَ: (رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِي الْمَوْتَى قَالَ أَوَلَمْ تُؤمِنْ قَالَ بَلَى وَلَكِنْ لِيَطْمَئِنَّ قَلْبِي)؛ وَيَرْحَمُ اللهُ لُوطًا، لَقَدْ كَانَ يَأْوِي إِلَى رُكْنٍ شَدِيدٍ؛ وَلَوْ لَبِثْتُ فِي السِّجْنِ طُولَ مَا لَبِثَ يُوسُفَ لَأَجَبْتُ الدَّاعِيَ.
أخرجه البخاري في: 60 كتاب الأنبياء: 11 باب قوله عز وجل (ونبئهم عن ضيف إبراهيم).

67-боб. Далиллар юзага чиқиши билан қалбдаги хотиржамликнинг зиёда бўлиши

92. Абу Ҳурайра розияллоҳу наҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Биз Иброҳим:

رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِي الْمَوْتَى قَالَ أَوَلَمْ تُؤمِنْ قَالَ بَلَى وَلَكِنْ لِيَطْمَئِنَّ قَلْبِي

«Раббим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, (Аллоҳ) «Ишонмайсанми?» – деган, у «Йўқ, ишонаман-ку, лекин қалбим яна ҳам таскин топиши учун», деб айтганидан («Бақара», 260) кўра (бу масалада) шак қилишга ҳақлироқмиз.[5] Аллоҳ Лутни раҳматига олсин, дарҳақиқат, у кучли суянчиққа (Аллоҳга) суянган эди.[6] Агар Юсуф қолиб кетганидек (узоқ) муддатда зиндонда бўлсам, чақирувчига (тезда) жавоб берар эдим».[7]

Бухорий (3372), Муслим (151/276).

(68) بَابُ وُجُوبِ الْإِيمَانِ بِرِسَالَةِ نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى جَمِيعِ النَّاسِ وَنَسْخِ الْمِلَلِ بِمِلَّتِهِ

93 – حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنَ الأَنْبِيَاءِ نَبِيٌّ إِلاَّ أُعْطِيَ مَا مِثْلُهُ آمَنَ عَلَيْهِ الْبَشَرُ، وَإِنَّمَا كَانَ الَّذِي أُوتِيتُهُ وَحْيًا أَوْحَاهُ اللهُ إِلَيَّ، فَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَكْثَرَهُمْ تَابِعًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ.
أخرجه البخاري في: 66 كتاب فضائل القرآن: 1 باب كيف نزول الوحي وأول ما نزل.

68-боб. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча одамларга расул (Аллоҳнинг элчиси) қилиб жўнатилгани ва у киши келтирган дин билан бошқа динлар бекор бўлганига иймон келтириш вожиблиги

93. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлардан биронтаси йўқки, унга одамлар унга асосан иймон келтирадиган бир мўъжиза берилмаган бўлса. Менга берилгани эса Аллоҳ менга нозил қилган ваҳийдир (Қуръондир). Қиёмат кунида уларнинг эргашувчиси (уммати) энг кўпи бўлишга умид қиламан», дедилар».

Бухорий (4981), Муслим (152/278).

92 - حَدِيثُ أَبِي مُوسَى، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثَلاَثَةٌ لَهُمْ أَجْرَانِ، رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ آمَنَ بِنَبِيِّهِ وَآمَنَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَالْعَبْدُ الْمَمْلُوكُ إِذَا أَدَّى حَقَّ اللهِ وَحَقَّ مَوَالِيهِ، وَرَجُلٌ كَانَتْ عِنْدَهُ أَمَةٌ فَأَدَّبَهَا فَأَحْسَنَ تَأْدِيبَهَا، وَعَلَّمَهَا فَأَحْسَنَ تَعْلِيمَهَا ثُمَّ أَعْتَقَهَا فَتَزَوَّجَهَا فَلَهُ أَجْرَانِ.
أخرجه البخاري في: 3 كتاب العلم: 31 باب تعليم الرجل أَمَته وأهله.

92. Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч кишига икки мартадан ажр бор: аҳли китобдан (яҳудий ёки насроний) бир киши ўз пайғамбарига ва (ундан кейин) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган бўлса; (бировнинг қўлида) мулк бўлган қул Аллоҳнинг ҳаққини ва хўжайинларининг ҳаққини адо қилса; бир кишининг чўриси бўлиб, унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, илм ўргатиб, илмини чиройли қилса, кейин уни озод қилиб унга уйланса, унга икки марта ажр бор», дедилар».[8]

Бухорий (97), Муслим (154/280).

(69) بَابُ نُزُولِ عِيسَى بْنِ مَرْيَمَ حَاكِمًا بِشَرِيعَةِ نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

95 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَيُوشِكَنَّ أَنْ يَنْزِلَ فِيكُمُ ابْنُ مَرْيَمَ حَكَمًا مُقْسِطًا، فَيَكْسِرَ الصَّلِيبَ، وَيَقْتُلَ الْخِنْزِيرَ، وَيَضَعَ الْجِزْيَةَ وَيَفِيضَ الْمَالُ حَتَّى لاَ يَقْبَلَهُ أَحَدٌ.
أخرجه البخاري في: 34 كتاب البيوع: 102 باب قتل الخنزير.

69-боб. Исо ибн Марям пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариъати билан ҳукм қилувчи бўлиб тушиши

95. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Ибн Марям орангизга адолатли ҳакам бўлиб тушишига оз қолди. У салибни (хочни) синдиради, чўчқа (зоти)ни ўлдиради, жизяни бекор қилади. Мол-дунё тўлиб-тошиб кетади ва ҳеч ким уни олмай қўяди», дедилар».[9]

Бухорий (2222), Муслим (155/281).

96 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَيْفَ أَنْتُمْ إِذَا نَزَلَ ابْنُ مَرْيَمَ فِيكُمْ وَإِمَامُكُمْ مِنْكُمْ.
أخرجه البخاري في: 60 كتاب الأنبياء: 49 باب نزول عيسى ابن مريم عليهما السلام.

96. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибн Марям орангизга тушган пайтда имомингиз ўзингиздан бўлса сизлар қандай ҳолатда бўлар экансизлар?» – деб айтдилар».[10]

Бухорий (3449), Муслим (155/283).

(70) بَابُ بَيَانِ الزَّمَنِ الَّذِي لَا يُقْبَلُ فِيهِ الْإِيمَانُ

97 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا، فَإِذَا طَلَعَتْ وَرَآهَا النَّاسُ آمَنُوا أَجْمَعُونَ، وَذَلِكَ حِينَ لاَ يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا ثُمَّ قَرَأَ الْآيَةَ.
أخرجه البخاري في: 65 كتاب التفسير: 6 سورة الأنعام: 9 باب هلمّ شهداءكم.

70-боб. Иймон қабул қилинмайдиган вақтнинг баёни

97. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ўзининг ботиш ўрнидан (ғарбдан) чиқмагунича Қиёмат бўлмайди. Қачон (ўша томондан) чиқиб, одамлар уни кўрганида барчалари иймон келтиришади. Бу эса бирон жонга иймони фойда бермайдиган вақтдир», дедилар-да, кейин ушбу оятни ўқидилар:

لَا يَنفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آمَنَتْ مِن قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا

«(У кунда) илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас». («Анъом» сураси, 158-оят).

Бухорий (4636), Муслим (157/287).

98 - حَدِيثُ أَبِي ذَرٍّ رضي الله عنه، قَالَ: دَخَلْتُ الْمَسْجِدَ وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسٌ، فَلَمَّا غَرَبَتِ الشَّمْسُ قَالَ: يَا أَبَا ذَرٍّ هَلْ تَدْرِي أَيْنَ تَذْهَبُ هذِهِ قَالَ قُلْتُ اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ: فَإِنَّهَا تَذْهَبُ تَسْتَأْذِنُ فِي السُّجُودِ فَيُؤْذَنُ لَهَا وَكَأَنَّهَا قَدْ قِيلَ لَهَا ارْجِعِي مِنْ حَيْثُ جِئْتِ، فَتَطْلُعُ مِنْ مَغْرِبِهَا ثُمَّ قَرَأَ (ذَلِكَ مُسْتَقَرٌّ لَهَا) فِي قِرَاءَةِ عَبْدِ اللَّهِ.
أخرجه البخاري في:97 كتاب التوحيد: 22 باب وكان عرشه على الماء وهو رب العرش العظيم.

98. Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эканлар. Қуёш ботгач, «Эй Абу Зар, мана бу (қуёш) қаерга кетаётганини биласанми?» – деб сўрадилар. «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим. «У (Аллоҳга) сажда қилиш учун рухсат сўрашга кетяпти. Унга рухсат берилади. (Қиёмат соати етиб) унга «Келган томонингдан қайтиб чиқ», деб айтилишига яқин қолди. Шунда у ботган жойидан (ғарб томондан) чиқади», деб оятни ўқидилар:

ذَلِكَ مُسْتَقَرٌّ لَهَا

«Бу унинг қарор топиш (жойлашиш) ўрнидир». («Ёсин» сураси, 38-оятнинг Абдуллоҳ ибн Масъуд қироатида ўқилиши).

Бухорий (7424), Муслим (159/291).



[1] Ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар айнан қайси сўз айтилганида иккиланишган (шакки ровий).

[2]“Ҳадисда бу дин бошқа юртларда бузилиб кетганидан сўнг Мадинага қайтишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ишора бор. Бунинг мисоли илон инидан чиқиб, атрофда юриб, айланиб, кейин яна ўша инига қайтишига ўхшайди. Худди шундай, Ислом Мадинадан бутун дунёга тарқалган экан, яна бир кун ўша ерга қайтади. Чунки ўз вақтида Ислом – гарчи Маккада пайдо бўлган эса-да – Мадинада куч-қувватга, бошқарувга эга бўлди. Макка илк ваҳий нозил бўлган жой. Лекин мусулмонлар ўз давлати, ҳукмронлиги ва қўшинига айнан Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин эга бўлишди. Шу сабабли Ислом тўлиқ куч-қувват, қонун-қоидалари билан Мадинадан атрофга тарқалди ва охирзамонда яна ўша ерга қайтади.

Баъзи олимлар “Бу ерда тарихда ўтиб кетган ишга ишора бор. Маъноси шуки, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиш, у кишининг ўзларидан шариат ва Ислом таълимотларини ўрганиш учун Мадинага боришарди”, дейишган.

Лекин ҳадиснинг маъноси биз айтган биринчи маънога (охирзамонда Исломнинг Мадинага қайтишига) далолат қилади ва саҳиҳ гап ҳам шудир”.

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин. “Мажмуъу фатово ва росаил”, 1жилд, 55-бет.

https://islamqa.info/ar/10329

[3]Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний шарҳи: “Бир минг беш юз киши бўлатуриб, қўрқамизми?!” – саҳобалар ўша пайтда ўзларининг сони кўплигидан ажабланиб шу саволни беришган. Ҳадиснинг (Имом Муслим) Абу Муовиядан ривоят қилган лафзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар билмайсиз – эҳтимол синовга учрарсизлар”, деганлар. Балки, бу улар кутиб турган қайсидир хавфли ҳолатда, Уҳуд ёки бошқа ғазот вақтида айтилгандир. Ибнут Тийн қатъий қилиб “Бу Хандақни қазиш вақтида бўлган”, деб айтган. Довудий эса “Бу воқеа Ҳудайбияда содир бўлгани эҳтимоли бор”, деган.

“Кейин шундай синовларни кўрдикки…” – Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу билан Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги даврларида бўлган воқеаларга ишора қилган. Масалан, Валид ибн Уқба каби Куфа амирлари намозни ўз вақтидан кечиктирар, ёки буюрилган кўринишда ўқимас эди. Шунда баъзи тақводор кишилар намозни аввал ёлғиз ўзи, махфий ўқиб олар, кейин фитна чиқишидан қўрқиб амирнинг орқасида, жамоат билан ўқир эди. Баъзилар бу ҳолат Усмон розияллоҳу анҳу (Маккадан уйланганларини сабаб қилиб) сафарда (ҳажда) намозни тўлиқ ўқиганларида бўлган – айрим саҳобалар халифага қарши чиқишдан қўрқиб, ёлғиз ўзи намозни қаср қилиб ўқиган, дейишади.

Бу ҳадисда пайғамбарлик аломатларидан бири – ҳали рўй бермаган иш хусусида хабар бериш бор. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу вафотларидан кейин, Ҳажжож ва бошқалар замонида бунданда қаттиқ фитналар юзага чиқди”.

“Фатҳул-Борий”, Жиҳод ва юришлар китоби. “Имом одамларни (рўйхат қилиб) ёзиб қўйиши” боби, 3060-ҳадис шарҳи.

[4]“Ёки мусулмондир?” – Ибнул Аъробий ўзининг “Муъжам”ида келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мўмин дема, мусулмон дегин”, деб айтган лафзлари келган. Бундан маълум бўладики, у киши мисол келтириш учун шундай деганлар. Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мўмин эканлигини ҳам инкор қилмадилар, балки ички ҳолати маълум бўлмаган кишини мўмин дейишдан кўра мусулмон дейиш афзалроқ эканлигини тушунтирдилар. Чунки, Ислом (мусулмонлик) ташқи белгилар билан кўриниб туради…

Бу қиссанинг тафсилоти шундай: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломга зоҳиран амал қилган (ўзини мусулмон деб танитган) кишиларнинг қалбини улфат қилиш учун кўп ҳадялар берардилар. Бир гал худди шу тарзда муаллафа қулуб (қалби Исломга улфат қилинадиган) бир жамоага ҳадялар бериб, улар билан бир жойда турган, муҳожирлардан бўлган Жуайл ибн Суроқа Аз-Зомрийга ҳеч нарса бермадилар. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадя (мол-мулк) сўраб келишган эди. Шунда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу айни масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилди. Сабаби, у Жуъайлни олдиндан билгани учун мол олишга бошқалардан ҳақли деб билар эди. Шунинг учун ҳам гапини бир неча марта такрорлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга икки нарсани тушунтирдилар: 1) Анавиларга бериб, улардан кўра Жуъайлни яхши кўрсалар-да, унга бермаганликларининг сабабини билдирдилар. Агар муаллафа қулуб бўлганларга бермаганларида бу уларнинг муртад бўлиб (диндан чиқиб), дўзахга тушишига сабаб бўлиши мумкин эди; 2) Ботиний иш (мўминлик) учун мақташ ўрнига, зоҳирий ҳолатини (мусулмонлигини) айтишни маслаҳат бердилар. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдга берган жавобларидаги ҳақиқат юзага чиқади: бу ерда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг гапи бутунлай инкор этилгани йўқ, балки афзалроқ гапни айтиш учун унга маслаҳат берилди.

Агар кимдир: “Нега Саъднинг Жуъайлга унинг мўминлиги билан берган гувоҳлиги инобатга олинмади. Агар унинг адолатли экани ҳақида гувоҳлик берганида, сўзи қабул қилинарди. Ҳолбуки, адолатли бўлиши иймонли (мўмин) эканига далолат қилмайдими?” – деб савол берса, жавоб қуйидагичадир: “Саъднинг гапи гувоҳлик эмас, мақтов ва ҳадя берилиши учун восита ўрнида айтилди. Шу сабабли гапига эътироз билдирилди…”

“Фатҳул-Борий”, Иймон китоби. “Ҳақиқий Исломда бўлмай, (мажбурликдан) бўйсуниб, ёки ўлимдан қўрқиб Исломга кирган бўлса” боби, 27-ҳадис шарҳи.

[5]“Биз Иброҳим: “Раббим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат”, деганида, (Аллоҳ) “Ишонмайсанми?” – деган, у “Йўқ, ишонаман-ку, лекин қалбим яна ҳам таскин топиши учун”, деб айтганидан кўра шак қилишга ҳақлироқмиз” – уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Биз шак қилишга Иборҳимдан кўра ҳақлироқмиз”, деган сўзларининг маъносида ихтилофга боришган.

Бу ҳақида айтилган гапларнинг энг яхшиси ва саҳиҳи Имом Шофеийнинг яқинларидан бўлган Имом Абу Иброҳим Ал-Музаний ва бир неча олимларга тегишли: “Иброҳим бу масалада шак қилиши умуман мумкин эмас. Чунки, ўликларни тирилтириш борасида пайғамбарлар шак қилиши жоиз бўлса, мен бу ишга (шакка тушишга) Иброҳимдан ҳақлироқ бўлар эдим. Сизлар аниқ биласизки, мен бу ҳақида умуман шак қилмайман. Шуни билингларки, Иброҳим алайҳиссалом ҳам бунда иккиланмаган эди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда Иброҳим алайҳиссаломни мисол қилганларига сабаб баъзи кишилар юқоридаги оятни ўқиб “Иброҳим алайҳиссалом ўликларнинг тирилишига ишонмаган экан-да”, деб ўйламасликлари учун бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини Иброҳим алайҳиссаломдан кейинги ўринга қўйганларининг сабаби эса камтарлик ва одоб юзасидан, ёки ўзлари Одам болаларининг энг афзали эканлигини билишларидан олдин бўлган.

Ҳадисдаги ушбу жумланинг маъноси ҳақида бошқа шарҳ ҳам бор: “Сизлар “Иброҳим шак қилди”, деб гумон қилаётган бу ишда шак қилишга мен ундан кўра лойиқроқман. Ваҳоланки, у мутлақо шак қилмаган, балки қалбида аниқ ишонч ҳосил бўлиши учун кўпроқ далил сўраган эди”.

Бу жумла борасида бошқа гаплар ҳам айтилган. Лекин биз энг саҳиҳ ва очиқ-равшан баён қилинганларини келтирдик. Валлоҳу Аълам...”

Имом Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Ан-Нававий. “Ал-Минҳож шарҳи саҳиҳи Муслим бин Ҳажжож”. Иймон китоби. “Далиллар юзага чиқиши билан қалбдаги хотиржамликнинг зиёда бўлиши” боби, 151/276-ҳадис шарҳи.

[6]“Аллоҳ Лутни раҳматига олсин, дарҳақиқат, у кучли суянчиққа (Аллоҳга) суянган эди” – бу ўринда “кучли суянчиқ” дейилганда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло назарда тутилган. Чунки, У зот энг кучли, энг қудратли, ҳимояси мустаҳкам томондир. Валлоҳу аълам”.

Имом Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Ан-Нававий. “Ал-Минҳож шарҳи саҳиҳи Муслим бин Ҳажжож”. Иймон китоби. “Далиллар юзага чиқиши билан қалбдаги хотиржамликнинг зиёда бўлиши” боби, 151/276-ҳадис шарҳи.

[7]“Агар Юсуф қолиб кетганидек (узоқ) муддатда зиндонда бўлсам, чақирувчига (тезда) жавоб берар эдим” – яъни, “Зиндондан чиқишга шошилган, ўзимнинг поклигимни исботлашни талаб қилмаган бўлар эдим”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Юсуф алайҳиссаломнинг ўта сабрли эканлиги, подшоҳ ўз ҳузурига чақирган вақтда ҳам зиндондан чиқишга шошилмаганини шундай тавсифладилар. Аслида, буни тавозе юзасидан айтдилар (“Агар Юсуф қолиб кетганидек (узоқ) муддатда зиндонда бўлсам, чақирувчига (тезда) жавоб берар эдим”). Тавозе эса улуғ кишининг мартабасини пасайтирмайди, аксинча, янада юқорига кўтаради, улуғлайди”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. Пайғамбарлар ҳақидаги ҳадислар китоби. “Аллоҳ таолонинг “Уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар бер”, деб айтган сўзи” боби, 3372-ҳадис шарҳи.

[8]“Ҳадисда аҳли китобдан бўлган киши (яҳудий ёки насроний) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирса, унга икки ажр бўлиши айтилган: бу аввало ўз дини бекор бўлишидан олдин ўзига жўнатилган пайғамбарга, кейин эса (Ислом келгач) Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиргани учун.

Ҳадисда яна Аллоҳ таолонинг ҳақларини (ибодатларни) ва хўжайинининг ҳақларини (юмушларини) бажарган қулнинг фазилати зикр қилинган.

Икки марта ажр оладиганлардан яна бири ўз чўрисини озод қилиб, унга уйланган киши. Бу ерда ўзининг садақасини қайтариб олиш эмас, эҳсон устига эҳсон қилиш бор (олдин одоб берди, илм ўргатди, кейин озод қилиб, унга уйланди)”.

Имом Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Ан-Нававий. “Ал-Минҳож шарҳи саҳиҳи Муслим бин Ҳажжож”. Иймон китоби. “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча одамларга расул (Аллоҳнинг элчиси) қилиб жўнатилгани ва у киши келтирган дин билан бошқа динлар бекор бўлганига иймон келтириш вожиблиги” боби, 154/280-ҳадис шарҳи.

[9] “... адолатли ҳакам бўлиб” – У киши Ислом шариати билан ҳукм қилишга тушади. Чунки, бу шариат боқийдир, бекор қилинмайди. Исо алайҳиссалом эса бу умматнинг ҳакамларидан бир ҳакам бўлади.

“У салибни (хочни) синдиради, чўчқани ўлдиради” – яъни, хочни ҳақиқатда синдириш билан насроний динини йўққа чиқаради, насронийларнинг уни (хочни) улуғлаб қилган даъволарини рад этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу гапларидан чўчқа боқиш ва уни ейиш ҳаром, чўчқанинг ўзи эса нажас нарса эканлиги келиб чиқади. Чунки, фойдали нарсани йўқ қилишга шариат рухсат бермайди.

Ийсо алайхиссалом чўчқани ўлдиришларида, чўчқа унинг шариатида ҳам ҳаром эканига далолат бўлса, бу бизнинг шариатда ҳалол дейдиган насороларни ёлғончига чиқариш ҳам бордир.

“... жизяни бекор қилади” – бунинг маъноси шуки, дин ягона бўлади, жизя тўлайдиган аҳли зимма (бошқа дин вакиллари) қолмайди.

Имом Нававий айтади: “Тўғриси шундай: Исо алайҳиссалом Исломдан бошқасини қабул қилмайди. Буни Аҳмад Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисдаги “Даъволар битта бўлади”, деган лафз қўллаб-қувватлайди. Жизя олиш бу шариатда бор бўла туриб, Ийсо алайҳиссалом уни бекор қилишининг маъноси шуки, жизя ҳукми Ийсонинг тушишигача давом этади. Лекин жизяни Ийсо алайҳиссаломнинг ўзи, мустақил тарзда бекор қилмайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу хабарлари билан ўша ишни баён қилиб бердилар”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. Пайғамбарлар ҳақидаги ҳадислар китоби. “Исо ибн Марям алайҳимассаломнинг (ерга) тушиши” боби, 3448-ҳадис шарҳи.

[10]“Имомингиз ўзингиздан” – яъни, Ийсо Инжил эмас, Қуръон билан ҳукм қилади.

Ибнут Тийн айтади: “Имомингиз ўзингиздан” деган жумланинг маъноси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариат Қиёмат кунигача давом этади, ҳар бир асрда бир гуруҳ аҳли илмлар чиқаверади, демакдир”.

Лекин бу ҳадисда Ийсо алайҳиссалом ерга тушган вақтида жамоатнинг имоми ёки улар сафидаги бир маъмум (имомга эргашувчи) бўлиши баён қилинмаган. Агар Ийсо алайҳиссалом имом бўлади, деб фараз қилсак, юқоридаги жумланинг маъноси шундайдир: “У сизлар билан, шу умматдан бўлган бир жамоатда бўлади”.

Ибн Жавзий айтади: “Агар Ийсо алайҳиссалом имомликка ўтганида кишиларнинг қалбида иккиланиш пайдо бўлар, “Бу бизнинг имомимизга ноибми, ёки янги шариат билан келдими?” – деган савол берилар эди. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мендан кейин пайғамбар йўқ”, деган сўзларига шубҳа туғдирмаслик учун Ийсо жамоатнинг имомига иқтидо қилиб намоз ўқийди”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. Пайғамбарлар ҳақидаги ҳадислар китоби. “Исо ибн Марям алайҳимассаломнинг (ерга) тушиши” боби, 3449-ҳадис шарҳи.