Душанба 11 Декабрь 2017 | 22 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

12- дарс. Аёлларни чўмиладиган ҳавзаларга ва шунга ўхшаш жойларга киришдан ман қилиш ҳақида

468 марта кўрилган

Биз ўтан дарсларимизда “Аралашишдан ман қилиш” ҳақидаги китобни ўқиб ўргандик. Унда олтита ҳадисни ўқиб ўрганган бўлдик. Бугунги дарсимизда “Тилни ва авратни сақлаш” ҳақидаги китобни ўрганишни бошлаймиз. Бу китобда ҳам олтита ҳадис мавжуд. Тил ва жинсий аъзо инсон Роббига улар билан энг кўп осий бўлиши мумкин бўлган аъзолардандир. Бу иккиси инсон уларни бошқариши қийин бўлган аъзолардан ҳамдир.

Ҳақиқатда тил билан фаржни бошқариш жуда ҳам қийин бўлади. Буларни бошқариш учун инсон жуда ҳам катта, улкан иймон ва бой (кўп) илмга муҳтож бўлади. Демак, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл тили билан жинсий аъзосини сақлашга жиддий эътибор бериши керак экан. Тилдан жуда ҳам кўплаб гуноҳлар содир бўлади; Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик бериш, ғийбат, чақимчилик, масхара қилиш, бировларни камситиш, ҳаром қўшиқларни куйлаш ва энг катта гуноҳлардан бири бўлган ширк сўзини сўзлаб қўйиш. Аллоҳ таоло барча гуноҳлардан Ўзи сақласин!

Мазкур тил офатларининг ичида ғийбат жуда ҳам кенг ёйилгандир. Бугунги кунда икки киши агар учрашадиган бўлса, — эркак бўлсин, аёл бўлсин — эътибор қилсинлар-да, улар энг камида бир кишини ғийбат қилмасдан суҳбатлари ниҳоясига етмайди. Беш дақиқалик, ўн дақиқалик, ярим соат, бир соатлик кўришув, учрашув ва суҳбатларига бир назар қилишсин, энг камида бир кишини ғийбат қилишади. Бўлмаса, суҳбатнинг бошдан охиригача ғийбат бўлади. Ғийбат ҳозирги суҳбатларнинг энг асосий мавзусига айланиб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ғийбат нима эканлигини тушунтириб айтганларки, “Биродарингни йўқлигида, (ўзи йўқлигида) у ёмон кўрадиган сўз билан зикр қилишинг”. Яъни, у борлигида агар шу гапни гапирадиган бўлсанг у буни ёмон кўрарди, шу гапни у йўқлигида айтдингми, тамом, у ғийбат бўлаверади.

Жинсий аъзо эса инсонни жуда ҳам кўп ёмонликларга бошловчи унсурдир. У билан жуда ҳам кўп гуноҳи кабиралар қилинади. Чунки, у билан қилинадиган иш охирги иш бўлганлиги учун ундан олдин бир қанча гуноҳларга қўл уришга мажбур бўлинади. Охирида фарж буни ё тасдиқлайди ёки инкор қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир одам боласига зинодан бўлган ўз улушини ёзиб қўйди. У албатта унга етади, уни қилиши муқаррар. Кўзнинг зиноси қараш, тилнинг зиноси сўзлаш, нафс орзу қилади ва иштаҳа қилади, хоҳлайди, фарж (жинсий аъзо) буни тасдиқлайди ёки уни ёлғонга чиқаради”. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари. Демак, фарж ўз ишини бажаришидан аввал бошқа аъзоларни ишга солади. Ўзининг мақсадига етиш йўлида ҳаром бўлган нарсаларга қаратади, ҳаром бўлган нарсаларни ушлатади, охир оқибат ё ана шу иш рўй беради ёки бундан сақланади. Бунинг учун албатта (сақланиш учун) мустаҳкам иймон зарур бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматини умид қилган, Роббидан қўрққан ҳар бир мусулмон тили билан фаржини сақлашликка жиддий аҳамият бериши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тил билан фаржни сақлашга ва бунинг аҳамияти катта эканлигига қаттиқ эътибор қаратганлар. Саҳиҳ ҳадисда айтадиларки, имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Ким менга икки жағи ўртасини ва икки оёғи ўртасининг кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман” дедилар. Яъни, шу икки аъзони сақлашга кафил бўлса, тилини тия олса, фаржини тия олса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман.

Жаннатга кириш осон иш эмас. Шунчалик катта мукофот-жаннатдек мукофотни тил билан фаржни сақлашликка эваз қиляптилар. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тил билан фаржга қаттиқ эътибор беряптилар. Чунки, бу иккаласи гуноҳларни қилишда бир-бирига ёрдамчидир. Тилга эрк бериладиган бўлса, тил фаҳш сўзларни сўзлайди, фаҳшга олиб борадиган сўзларни сўзлайди охир оқибат фарж уни тасдиқлайди. Тилни ва фаржни сақлаш ҳақидаги китобимиздаги аввалги ҳадис биринчи боб:

باب منع النساء من حمامات السباحة ونحوها

Аёлларни чўмиладиган ҳавзаларга ва шунга ўхшаш жойларга киришдан ман қилиш ҳақидаги боб, деб номланган. Бу ўн тўртинчи боб, ўн тўртинчи ҳадис.

عَنْ أَبِي الْمَلِيحِ الْهُذَلِيِّ، أَنَّ نِسْوَةً مِنْ أَهَلْ حِمْصَ اسْتَأْذَنَّ عَلَى عَائِشَةَ، فَقَالَتْ: لَعَلَّكُنَّ مِنَ اللَّوَاتِي يَدْخُلْنَ الْحَمَّامَاتِ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَيُّمَا امْرَأَةٍ وَضَعَتْ ثِيَابَهَا فِي غَيْرِ بَيْتِ زَوْجِهَا، فَقَدْ هَتَكَتْ سِتْرَ مَا بَيْنَهَا وَبَيْنَ اللَّهِ».


Ибн Можа ривоятлари, саҳиҳ ҳадис.

Абу Малиҳ ал-Ҳузалийдан ривоят қилинади, Шом диёрининг Ҳимс шаҳридан бўлган аёллар Оиша онамизнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрадилар. Оиша онамиз уларга изн бердилар ва кириб ўтиришгандан сўнг Оиша онамиз айтдиларки, эҳтимол сизлар ҳаммомларга кирадиган аёллардандирсиз? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: “Қай бир аёл эрининг уйидан бошқа жойда кийимини ечадиган бўлса, у ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги пардани йиртибди”. Шариат аёлларга боғлиқ қонун-қоидаларни қўйишда аёл кишини сақлаш ва унинг обрўсини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратган. Қачонки, мана шу ҳимояга бирор-бир путур етказадиган бирон эшик бўладиган бўлса, албатта бу эшикни мустаҳкам қилиб жуда ҳам қаттиқ кўринишда ёпиб ташлаган. Бу ерда Оиша онамиз аёлларнинг ҳаммомга киришларини, келган аёлларнинг юртларида ҳаммом борлигини айтиб, аёлларнинг у ерга кириши мумкин эмаслиги, эрининг уйидан бошқа жойда кийимини ечиши мумкин эмаслигини таъкидладилар. Инсу-жинлардан бўлган шайтоннинг атбоъ (тобе) лари кириши мумкин бўлган энг хатарли эшиклардан бири — аёл киши ўз уйидан бошқа жойда кийимини ечишидир. Агар аёл киши уйидан бошқа жойда кийимини ечадиган бўлса, унинг баданига кўзи тушиши мумкин бўлмаган баъзи бир эркакларнинг, бегоналарнинг унга кўзи тушишига имкон яратиб қўяди ва бу билан Аллоҳ ва Расули суймайдиган бир ишга қўл уриб қўйган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “қай бир аёл”, дедилар. Ул зот бу ерда ёш аёл бўлса, қиз бола бўлса ёки қари кампир бўлса, чиройли аёл бўлса ёки кўримсиз аёл бўлса деб таъйин қилмадилар. Ким бўлишидан қаътий назар, чиройлими, хунукми, каттами, кичикми, ёшми, қарими фарқи йўқ. “Қай бир аёл” дедилар, агар уйидан бошқа жойда кийимни ечадиган бўлса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги ҳаё пардасини йиртибди.

Бу ҳадис аёллар ниҳоятда эътибор беришлари, диққат билан тушунишлари лозим бўлган ҳадисдир. Чунки, аёл киши ўзининг уйидан бошқа жойда авратлари очиладиган даражада кийимини ечадиган бўлса, унинг мана шу қилган иши бу аёлни Аллоҳ таолодан уятмайдиган, ҳаёсиз аёллар сафига қўшиб қўяди.

Ҳаё бу жуда ҳам олий хулқдир. У иймон шўъбаларидан бир шўъбадир, яъни, иймон бўлакларидан биридир. Ҳаё бўлса, у ўз соҳибини бутун яхши ишларга ундайди, ёмон ишлардан қайтаради. Ҳаё — ишларни биров бор бўлсин, йўқ бўлсин, фарқсиз, қилишга ундайди. Яъни, ҳаёси бор одам биров мени кўриб турибди ёки кўрмаяпти демайди. Биров борлигида ҳам, йўқлигида ҳам ҳаё тақозо қилган ишларни қилади. Энди агар одам ҳаёсини йўқотиб қўядиган бўлса, унинг ҳолига вой! У ҳар қандай ишни қилиши мумкин. Чунки, унда уят қолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда: “Аввалги нубувват сўзларидан одамларга етган нарса уялмасанг билганингни қил”. Демак, аёл киши уйидан чиқадиган бўлса, ҳижобларини кийиб, ўранган ҳолатда, зийнатларини яшириб, эридан рухсат сўраб, ўз ҳожати учун чиқсин. Бу чиқиши ота-онасини зиёрати учун бўлсин, ёки бирорта бир дугонаси зиёрати учун бўлсин, ёки бошқа бир иш учун бўлса, чиқсин, зиёратга борган жойда кийимларини ечмасин. Агар кийимларини ечадиган бўлса, энди бу ҳаё кўтарилишининг муқаддимасидир.

Бу ерда Оиша онамиз ҳаммомга киришлари мумкин бўлган аёлларга ушбу ҳадисни баён қилдилар. Яъни, эрининг уйидан бошқа жойда кийимини ечиш эҳтимоли бўлса. Бугунги кунда деярли ҳар бир уйда ҳаммом мавжуд. Шунинг учун, оммавий ҳаммомларга боришга эҳтиёж қолмади, десак ҳам бўлади. Шундай бўлсада бу каби аҳкомларни умумий суратда баён қилиб қўйилаверади. Чунки, ҳаммомларга эҳтиёж қолмаган бўлса, бугунги кунда чўмиладиган ҳавзалар, бассейнлар бор. Ёки денгиз бўйи соҳилларида умумий пляжлар ва аёлларга хосланган чўмилиш ўринлари (пляжлар) бор. Гоҳи аёллар айтишадики, биз ана шу ерга борамиз, у ерда экаклардан ҳеч ким йўқ, фақат аёллар. Ҳозирги кунда шу каби аёлларга хосланган жойларда шундай бир ёмон мункар ишлар бўляптики, буларнинг баёни учун алоҳида дарс қилиш лозим бўлади. Бу мункар ишлар кўпчиликка маълум. Сиз мўмина, муслима аёл бўлганингиз учун ўзингизни эҳтиёт қилишингиз мумкин, аёлларга хос чўмилиш ҳижобларини кийишингиз мумкин, бу кийимларни уйда кийиб келишингиз мумкин, ҳаттоки уйингиздан чиқиб то уйингизга қайтгунингизгача бу кийимларни ечмаслигингиз мумкин. Тоййиб (яхши), лекин, ўша борилган жойда ҳамма аёллар баробарми? Ҳаммалари ҳижоб кийган, юзидан бошқа жойини очмаган ҳолатда бўлишадими? Аёллар ичида юзни очиш мумкин табъан (албатта) ёки бошқа ҳолатми? Аксар ҳолатда аёллар кўкраклари ва аврат жойларининг энг қўпол жойинигина беркитадиган иккита шапалоқдек латта билан ғализ авратларини тўсиб олишади, холос. Бу каби аёлларнинг авратига қараш гуноҳ. Кўзни сақлаш лозим бўлади. Демак, сиз ўзингизни эҳтиёт қилсангиз ҳам, ўзларини эҳтиёт қилмайдиган одамлар бор у ерда. Шундай экан, бу каби жойларга боришлик мумкин бўлмайди.

Ундан ташқари бугунги техника ривожланган пайтда, шундай камералар борки, уларнинг ҳажми жуда ҳам кичкина, уни ҳатто ўрнатиб қўйилганини кўз илғамаслиги мумкин. Бемалол бу ердаги аёлларни тасвир қилинаётган бўлиши мумкин. Ундан сўнг буни тарқатилиши, бошқа қилиниши ёки ёмон ғаразларда фойдаланиш мумкин. Ёки бузуқликни хоҳлайдиган, Аллоҳ ҳаром қилган авратларга қараб лаззатланишни ёқтирадиган, қалби мараз инсонлар жуда ҳам узоқ масофадан туриб, ривожланган камералар орқали худди олдида тасвир қилаётгандек тасвир қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун, бассейнлар бўлсин, соҳиллар бўлсин, муслима аёллар учун у ерларга бориш яхши эмас. Бу уларнинг динларига, ахлоқларига путур етказиши мумкин. Ўзлари ўзларини ҳимоя қилганлари тақдирда ҳам, у ерда бўлаётган мункар ишларни кўриб, уларга бу мункар ишлар таъсир қилиши, қайси бир қалби заиф бўлган, иймони заиф бўлган аёллар ана шу ердаги мункар ишлардан таъсирланиб буни ўз уйларига олиб келишлари ҳам мумкин.

Оиша онамиз бу ерда умуман ҳаммомга алоқаси бўлмаган ҳадисни келтириб, ҳаммомга кирадиган аёлларга танбеҳ бердилар. Чунки, у ерда кийим ечилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан ҳам бу хусусда огоҳлантириш келган. Умму Дардо розияллоҳу таоло анҳа айтадилар, мен ҳаммомдан чиққан эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара келиб қолдим. Шунда айтдиларки, “Эй Умму Дардо қаердан келяпсан? Мен айтдимки: “Ҳаммомдан”. Шунда айтдиларки: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, қай бир аёл кийимини оналарининг уйидан бошқа уйда ечадиган бўлса, у ўзи билан Раҳмон таолонинг ўртасидаги пардани йиртган бўлади”. Имом Аҳмад ривояти 6/361, 362

Ҳаммомга кириш масаласида эркаклар ва аёллар баробардир. Яъни, эркаклар ҳам ҳаммомга кирган пайтларида, агар ҳаммомга кириш лозим бўладиган бўлса, авратларини беркитган ҳолатда киришлари керак ва авратлари беркилган одамлар билан ҳаммомга киришлари керак. Акс ҳолда кирмасликлари лозим бўлади.

Имом Аҳмад айтганларки, Агар сиз билсангизки, ҳаммомдаги ҳамма одамларнинг изори бор, шундай бўлса, сиз ҳаммомга киринг, акс ҳолда ҳаммомга кирманг деганлар. Саид ибн Жубайр айтганларки, ҳаммомга изорсиз кириш ҳаромдир. Изор бизнинг тилимизда лўнги. Лўнги деб, белдан то тиззанинг пастроғигача ўраладиган матога айтилади. Одатда ҳаммомга киришда лўнги ўраб кирилади. Бугунги кунда лўнги эмас, бу жойларда кийиш учун алоҳида кийимлар (бермудалар) сотувда мавжуд.

Ҳаммомда аксар ҳолатда авратлар очилади. Авратларни очиш фаҳш ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтдики:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوافُرُوجَهُمْ

“Эй (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларга айтинг улар кўзларини ҳаромга тикишдан сақласинлар ва фаржларини ҳам (авратларини ҳам) сақласинлар”.

Авратларини сақлаш дегани, фақат уни ҳаром нарсаларга олиб боришдан, яъни зинодан сақласин дегани эмас. Балки, бундан кўра енгилроқ бўлган, бошқа бир унга қараш мумкин бўлмаган, (ҳаром бўлган) аврат жойларини одамларга кўрсатишдан сақлашга далолат қилади. Кўзни сақлаш, яъни ҳаромга тикишдан аёлларга қараб лаззатланишдан ёки бегоналарнинг аврат жойларига қараб лаззатланишдан кўзни сақлаш лозим бўлади. Гоҳилар айтиши мумкинки, бунда лаззат йўқ, агар лаззат бўлмайдиган бўлса бу нарса фаҳш иш бўлгани учун унга қараш мумкин бўлмайди.

Абу Бакр Самъоний ал-Марвази раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Биз умумий қилиб, ҳаммомга кириш ҳақида айтадиган бўлсак, бу эркаклар учун жоиз, фақат бунинг шарти: аврат ўринларини ўраб олиш ва бошқаларнинг авратига қарашдан кўзни тийиш. Аёлларга эса макруҳдир. Фақат узр ҳолатларида нифос ёки касаллик ҳолатарида ҳаммомдан бошқа жойда ғусл қилишнинг иложи бўлмаса, шариат қонун қоидаларига риоя қилган ҳолатда киришлари зарурат туфайлигина мумкиндир. Чунки, шариат аёлларни сатрлашда жуда ҳам қаттиқ муболаға қилгандир ва аёллар кийимларини ечишлигида ҳаё пардаларини йиртиш бордир.

Ушбу бобимизнинг ҳадиси бир нечта ҳукмларга ва фойдаларга далолат қилмоқда:

Биринчиси: Аёллар бир-бирларини зиёрат қилишининг жоизлиги, машруълиги. Буни аёллар Оиша онамизнинг зиёратига келганларидан оламиз.

Иккинчиси: Аёллар аёлларнинг ҳузурларига кираётганида ҳам изн сўрашлари. Ҳимсдан келган аёллар Оиша онамизнинг олдига киришга изн сўрадилар, аёллармиз-ку деб тўғри кириб келавермадилар.

Учинчиси: Илм аҳлларни зиёрат қилиш ва уларнинг сўзларига қулоқ тутиш. Оиша онамиз бу умматнинг фақиҳаларидан эдилар.

Тўртинчи фойда: Аёлларни ўз уйларидан бошқа жойларда кийимларини ечишдан ман қилиш.

Бешинчи фойда: Илмни етказиш ва хилоф иш қилаётганларга ҳақни баён қилиб бериш, гарчи хилоф ишни қилаётган одам сизнинг уйингизга меҳмон бўлиб келган бўлса ҳам. Бундай қилиш меҳмонларни беҳурмат қилишга кирмайди. Буни Оиша онамизнинг уйига меҳмон аёллар келганда уларга танбеҳ берганларидан олинди.

Олтинчи фойда: Бир одамдан хато содир бўлиши мумкин бўладиган бўлса, унга ваъз-насиҳат қилишнинг жоизлиги. Шояд у ана шу хатога тушмаса. Бу — уни айблаш ёки уни камситиш дегани эмас.

Еттинчи фойда: Аёлларни ўз уйларидан бошқа жойда, гарчи у холи бўладиган бўлса ҳам, авратларини очишлиги мумкин эмаслиги, фақатгина узр ҳолатдагина мумкинлигидир.

Саккизинчи фойда: Аёлларни чўмилиш ҳавзаларига киришдан ман қилиш, гарчи бу жойлар аёлларга хослаб қўйилган бўлса ҳам.

Тўққизинчи фойда: Аёллар кўчадаги ҳаммомларга боришга мажбур бўлмасликлари учун уйларида ҳаммомларни қуриб қўйиш.