Якшанба 24 Сентябрь 2017 | 3 Муҳаррам 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёлларга хос илм мажлиси қуриш ва уларни эҳтиёж бўлганда эркаклардан алоҳида бўлган бир ўринда ажратиш, яъни ажратиб дарс бериш

140 марта кўрилган

11-дарс

Аёлларга хос илм мажлиси қуриш ва уларни эҳтиёж бўлганда эркаклардан алоҳида бўлган бир ўринда ажратиш, яъни ажратиб дарс бериш


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: جَاءَ نِسْوَةٌ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقُلْنَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، وَاللَّهِ مَا نَقْدِرُ عَلَيْكَ فِي مَجْلِسِكَ مِنَ الرِّجَالِ، فَوَاعِدْنَا مِنْكَ يَوْمًا نَأْتِيكَ فِيهِ. قَالَ: «مَوْعِدُكُنَّ بَيْتُ فُلَانٍ». وَأَتَاهُنَّ فِي ذَلِكَ الْيَوْمِ، وَلِذَلِكَ الْمَوْعِدِ. قَالَ: فَكَانَ مِمَّا قَالَ لَهُنَّ، يَعْنِي: «مَا مِنِ امْرَأَةٍ تُقَدِّمُ ثَلَاثًا مِنَ الْوَلَدِ تَحْتَسِبُهُنَّ، إِلَّا دَخَلَتِ الْجَنَّةَ» فَقَالَتِ امْرَأَةٌ مِنْهُنَّ: أَوِ اثْنَانِ؟ قَالَ: «أَوِ اثْنَانِ»

Имом Аҳмад ривоятлари, саҳиҳ ҳадис.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади дедилар: “Бир неча аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар ва дедилар: “Эй Расулуллоҳ, эркаклар туфайли биз сизнинг мажлисингизга яқинлаша олмаймиз, бизга ҳам бир кунни ваъда қилинг, ана шу кунда биз сизнинг олдингизга келайлик”. Ул зот айтдиларки: "Мавъидингиз фалончининг уйи, деб бир мавъидни белгиладилар”. Ул зот ана шу кунда ва ана шу мавъидга келдилар. Аёллар жамланишган эди.

Абу Ҳурайра айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзлардан бири: “Қай бир аёл фарзандларидан учтасини топширадиган бўлса ва уларнинг ажрларини умид қилса, албатта жаннатга киради". Бир аёл сўрадики: Иккита бўлсачи? Ул зот: "Иккита бўлса ҳам" - дедилар. Бошқа бир ривоятда: "Битта бўлса ҳам" деганлари келган.

Аёллар эркакларнинг туғишганларидир. Илм ва амал эркаклардан талаб қилинганидек, аёллардан ҳам талаб қилинади. Аёлларга ҳам ўзларининг зиммасида вожиб бўлган илмни билиш ва амал қилишлари лозим бўлган нарсаларни таълим олишлиги фарздир.

Аҳли Мадина мусулмонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илмни олишарди, улар илм олишда жуда ҳам ҳарис эдилар. Ҳаттоки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларига тиқилинч қилиб ўтиришар эди. Чунки, улар ул зотдан дунё ва охиратдаги саодатлари ва нажотлари ҳақидаги илмни олишар эди. Аёллар эркакларга аралашишдан ман қилинганликлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлаша олмасдилар, мажлисларига қатнаша олмасдилар. Шу туфайли улар гоҳи илмлардан қолиб кетишар эди. Гоҳо эркаклар баъзи илмларни еткизишар эди, лекин аксар ҳолатда улар илмдан маҳрум бўлиб қолишар эди. Шунинг учун аёллардан бир жамоаси келди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар: Бизнинг ҳам ўзимизнинг саволларимиз бор, бизга ҳам бир мажлис ажратсангиз, биз ўша саволларимизга жавоб олсак, бизга ҳам динимизни таълим берсангиз дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг талабларига ижобат қилдилар ва бир кунни белгиладилар ва ана шу кунда бориб уларга мавъиза қилдилар.

Ушбу ҳадиснинг далолатига кўра аёллар ва эркаклар ҳаттоки таълим олишда ҳам бирга бўлишлари мумкин эмас экан. Улар алоҳида-алоҳида бўлишлари керак экан. Шунинг учун қизларга алоҳида мактаблар, жомиалар, институтлар, дорулфунунлар ва шу каби таълим муассаларини қилиш керак ва ўғил болаларга ҳам, (эркакларга ҳам) алоҳида қилиш керак. Ҳаммаси алоҳида-алоҳида таълимларини олсинлар, лекин аралашишга йўл қўйилмасин.

Ушбу ҳадис бир неча аҳкомлар ва фойдаларга далолат қилмоқда. Шулардан: Биринчиси: Таълим олиш асносида бўлсин эркак ва аёллар аралашиши мумкин эмас экан.

Иккинчиси: Омонатдор киши бир мажмуа аёлларга, яъни бир гуруҳ аёлларга таълим бериши мумкин. Бироқ, у ёлғиз бегона аёл билан ёлғиз ҳолатда қолиб дарс бермайди, бу мумкин эмас.

Учинчи фойда: Эркак киши аёлларга дарс бергани келган пайтда ўзи ёлғиз бўлмаслиги керак, у билан камида бир ё икки киши бирга бўлиши керак. Буни ўтган дарсдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол билан бориб ҳайит намозида аёлларга ваъз қилганлари ва садақага буюрганлари ҳақидаги ҳадисдан ҳам билдик. Ушбу ҳадисимизда ҳам кўриниб турибдики, Абу Ҳурайра бу ҳадисни ривоят қиляпти, бу ҳадисни имом Бухорий Абу Саид ал-Худрийдан ҳам ривоят қилганлар. Демак, улар шу мажлисда ҳозир бўлганлар. Агар ҳозир бўлмаслар эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларини қаердан ривоят қилишар эди?

Тўртинчи фойда: Бир гуруҳ аёлларнинг ичида бир ё икки эркак бўладиган бўлса, буни хилват дейилмайди. Хилват дегани бир аёл бир эркак билан ёлғиз қолишидир ёки бир неча эркаклар билан бир аёлнинг қолишидир.

Бешинчи фойда: Саҳобийя аёлларнинг тақволари, уларнинг эркакларга аралашишдан, тиқилинч қилишдан узоқ бўлишлари. Улар илмга жуда ҳам ҳарис эдилар, шу билан бирга улар эркакларга яқинлашиб, улар билан тиқилинч қилиб мажлисларга қатнашмадилар.

Аёл кишининг битта бўлсин, иккита бўлсин, учта бўлсин ё ундан кўпроқ бўлсин, гўдаклари ёшлигида вафот этиб кетадиган бўлса, бунга сабр қилса, у албатта жаннатга кирар экан. Мусибатлар, яъни мусулмон кишига етадиган мусибатлар гуноҳларга каффорат ва даражотларни кўтаради. Бунга далил мана шу учта фарзандини тақдим қилган, яъни ўзидан олдин жўнатган, топширган аёл жаннатга киради дейилди.

Аёл кишининг талаби илмга чиқишлигининг жоизлиги. Чунки, бу аёлларнинг ҳаммаси ана шу фалончининг уйига боришди. Валиюл-амр (мусулмонларнинг роийси, волийси) раиятига эътибор қилиши керак. Агар уларга бир нарса қиламан, деб ваъда қилган бўлса, албатта вафо қилиши керак. У ҳар қанча иши кўп бўлсин, бошқа бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваъда қилдилар ва ваъдаларининг устидан чиқдилар.

Амалларнинг ҳаммасида ажр умид қилиш. Амалларнинг ҳаммасида ажр умид қилиш дейиляпти бу ерда, фарзанди вафот қилса шунда ҳам ажр умид қилиняпти, сабр қилиш ва ажр умид қилишни ҳам бир амал ҳисобланаяпти.

Олинадиган фойдалардан яна бири омонатдор кишилар билан аёлларнинг шаръий масалаларда, шаръий ҳожатлари бўладиган бўлса сўзлашишларининг жоизлиги.

Аёлларсиз фақат эркакларнинг ўзлари жанозани кўтаришлари ҳақидаги боб


عَنْ أَبي سَعِيدٍ الخُدْرِيَّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا وُضِعَتِ الجِنَازَةُ، وَاحْتَمَلَهَا الرِّجَالُ عَلَى أَعْنَاقِهِمْ، فَإِنْ كَانَتْ صَالِحَةً، قَالَتْ: قَدِّمُونِي، وَإِنْ كَانَتْ غَيْرَ صَالِحَةٍ، قَالَتْ: يَا وَيْلَهَا أَيْنَ يَذْهَبُونَ بِهَا؟ يَسْمَعُ صَوْتَهَا كُلُّ شَيْءٍ إِلَّا الإِنْسَانَ، وَلَوْ سَمِعَهُ صَعِقَ» رواه البخاري

Абу Саид Худрий розияллоҳу таоло анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаноза қўйиладиган бўлса, яъни маййит тобутга қўйилса ва уни кишилар (эркаклар) елкаларига кўтарсалар, солиҳ бўладиган бўлса (яхши бўладиган бўлса), айтадики: Мени тезроқ олиб боринглар. Агар яхши бўлмайдиган бўлса, айтадики: Эҳ, бунинг ҳолига вой бўлсин! Уни қаерга олиб кетмоқдалар?! Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма нарса эшитади. Агар инсон этишганида хушидан кетган бўлар эди”.

Гоҳи ишларни бажаришда ёки умуман гоҳи ишларда эркаклар ва аёллар жамланиши мумкин ва бу жамланишсиз бўлмайди. Гоҳи ишларда жамланишса ҳам, эркакларнинг ўзи бу ишни аёлларнинг иштирокисиз ҳам бажариб қўйишлари мумкин бўлади. Жамланиб қилиш лозим бўлган ишларда шариат аралашишдан қайтарди. Бунга мисол жамоат намози; аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир масжидда жамоат намозида иштирок этишади. Тавоф; буни аралашмасдан бажаришнинг иложиси йўқ, эркакларни алоҳида, аёлларни алоҳида қилиш имконсиз. Кўчаларда юриш; эркаклар ҳам, аёллар ҳам ҳожатлари учун чиққан бўлишади, ҳамма шу кўчадан юриши лозим. Демак, бунга ўхшаган ҳолатларда аёлларни ман қилиш мумкин эмас, иложи йўқ. Шундай экан уларни аралашишдан қайтарилади. Намозни алоҳида, орқада туриб ўқишади ёки парда ортида, муайян бир жойда ўқишади. Тавофда; эркакларга аралашмасдан чеккада тавоф қилишади. Йўлларда; айтиб ўтдик йўлнинг ўртаси эркаклар учун, чекасида аёллар юради.

Гоҳи ишлар бўладики, буни эркакларнинг ўзлари аёлларсиз бажариб қўйишлари мумкин бўлади. Жаноза, яъни маййитни дафн қилиш шу жумладандир. Яъни, аёллар жаноза намозига қатнашсалар ҳам лекин маййитни кўтариш, қабристонга олиб бориш, уни дафн қилишда иштирок этмайдилар. Чунки, уларнинг бу ишларни қилишларига ҳожат йўқ. Қуйида Ибн Ҳажарнинг сўзларида бунинг чиройли тафсилоти келади.

Ушбу ҳадиснинг далолатига кўра жанозани аслида эркаклар кўтарар экан. Ҳаттоки имом Бухорий ўзларининг саҳиҳларида "Аёлларсиз, ёлғиз эркакларнинг ўзлари жанозани, яъни маййитни кўтаришлари ҳақидаги боб", деб боб қўйганлар (бобни номлаганлар) ва бунга мазкур ҳадисни далил қилиб келтирганлар. Баъзи аҳли илмлар аёлларнинг жаноза (маййит)ни кўтаришда қатнашмасликларининг сабаблари ихтилотдан сақланишлик учундир, аралашишдан сақланиш учундир, деганлар. Ибн Ҳажар айтадилар: Нававий Муҳаззабнинг шарҳида нақл қилганки: "Уламолар ўртасида бу масалада ҳеч қандай хилоф йўқ". Бунинг сабаби юқорида айтиб ўтилган гаплар; Маййитни фақат эркаклар кўтариб боришлари керак. Агар аёллар уни кўтарадиган бўлса, бу уларни эркаклар билан аралашишларига сабаб бўлади, бу эса фитнага олиб боради. Буни ўзингиз ҳам тасаввур қилиб кўринг. Аслида маййитни (тобутни) кўтарилганда жуда ҳам тез юрилади, чунки бунга ҳадис бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Жанозани шоштиринглар, тезроқ олиб боринглар”. Тасаввур қилинг: Эркак-аёл аралаш кўтариб кетяпти, бу ерда маййит эсдан чиқиб қолади, бу ердаги фитнанинг кучлилигидан маййит эсдан чиқиб қолади. Чунки, кўтариш деганда қўллар юқорига кўтарилган бўлади, агар аёл киши кўтарадиган бўлса очилиш-сочилиш содир бўлади. Ундан ташқари тез юришда уриниш-туртиниш деган нарса бўлади. Шунинг учун шариатимиз аёлларни бундай ўринлардан сақлаган ва бу каби оғир ишларни эркакларга топширган. Бундан ташқари аёллар агар жанозани (маййитни) кўтаришадиган бўлса, аслида улар азахонадан бошлаб дод-вой қилишади, улар бундай мусибатларни кўтариша олмайди. Маййитни кўтариб кетаётгандаги уларнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг: Улар бутун йиғи-сиғи, дод-вой билан кўтаришади, ундан ташқари маййитни қабрга туширилаётган пайтда маййитни кафанланган ҳолатда кўриб хушдан кетишлар бўлиши мумкин, аёлларда ҳар хил ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Шунинг учун, аёлларнинг табиати риоя қилиниб, уларни маййитни кўтариш ва дафн қилишдан озод қилинган.

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади айтдиларки: “Биз жанозаларга эргашишдан қайтарилдик”. Бу ҳадисни ҳам имом Бухорий ривоят қилганлар.

Демак, ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз: Маййит елкаларда кўтарилиб кетаётганда, қабрга кетаётганда гапирар экан. Унинг мана шу ҳолатда гапирган гапининг овози бўлар экан, бироқ буни инсон эшитмас экан, инсондан бошқа бутун жонзот эшитар экан. Инсон тобутда кетар экан Аллоҳ таоло унга тайёрлаб қўйган яхшилик ва ёмонликни амалига қараб билади. Чунки, ҳадисда келдики: Ё мени тезроқ оборинглар дейди, ёки: Эҳ, ҳолига вой бўлсин қаерга олиб кетяпсизлар! дейди. Яхшиликни кўрган, яхшиликни билган банда тезроқ мени олиб боринглар, тез-тез юринглар, бўлинглар, мени тезроқ қабримга олиб боринглар, деб шошади, яъни ўзига тайёрлаб қўйилган неъматларни кўриш учун, тезроқ ўшанга бориш учун. Аммо ҳолига вой бўладиган инсон эса вой мени қаерга олиб кетяпсизлар? Шоядки мени олиб бормасанглар эди, шоядки ўлмасам эди! - ваҳоказо деб ўз ҳолига войлар тилаб қолади.

Фойдалардан яна бири: Маййит шу дунёда қилган бепарволикларига шундай аламланадики, ҳаттоки унинг аламланишини эшитган инсон — агар эшитадиган бўлса — хушидан кетиб қоларди. Яъни, бу ерда маййитнинг иккита ҳолати бор дейилди. Биринчисида хурсандчилик, "Мени тезроқ олиб боринглар" буни эшитадиган бўлса, одам яхшиликни эшитган пайтда хушидан кетмайди. Хушидан кетиш қачонки ёмонликни эшитган бўлса, ёмонликни эшитганда хушидан кетади, қўрқиб кетади. Шунинг учун, кеч бўлмасдан туриб тезроқ хатоларни ўнглаб, солиҳ амалларни қилишга шошилишимиз керак бўлади.

Яна битта оладиган фойдамиз: Яхши кишилар учун қабрда неъматнинг борлиги. Биз буни исбот қиламиз (тасдиқлаймиз), чунки бу ерда "Мени тезроқ олиб боринглар" деб маййит айтяпти. Қаерга олиб боринглар? Шу менга тайёрлаб қўйилган неъматларга олиб боринглар. Бу ҳадисда қабрда бўладиган азобларга ҳам далил бор. Ёмонлар учун қабрда бўладиган азоблар ҳам бор. Буни "Эҳ, ҳолига вой бўлсин! Буни қаерга олиб кетяптилар? - деган сўздан фойда қилиб оламиз. Демак, шариати исломийя қайси ўринда аёлларнинг иштирокисиз бир ишни бажаришни иложи бўлса, шу ўринда эркакларни ўзига шу ишни юклаб, аёлларни бу ишдан озод қилган. Иложсиз эркак-аёл аралашадиган ўринларда уларни иложи борича бир-бирларидан узоқ қилишликка ҳарис бўлган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бизни мана шундай ажойиб, каттаю кичик ишларга аҳамият берадиган, эътибордан қолдирмайдиган, яхшилик йўлларини кенг очиб қўядиган, ёмонликка олиб борадиган йўлларнинг ҳаммасини, балки энг кичик йўлларни ҳам тўсиб қўйган, шундай раҳмат шариат билан сийлаганлиги учун ҳамду санолар айтамиз.