Якшанба 24 Сентябрь 2017 | 3 Муҳаррам 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

11- боб. Эркакларни бегона аёлларнинг ҳузурига киришдан ман қилиш

214 марта кўрилган


باب منع دخول الرجال على الأجنبيات

11- боб. Эркакларни бегона аёлларнинг ҳузурига киришдан ман қилиш.


عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ» فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الأَنْصَارِ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَفَرَأَيْتَ الحَمْوَ؟ قَالَ: «الحَمْوُ المَوْتُ».

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедиларки: “Бегона аёлларга киришдан эҳтиёт бўлинглар”. Ансорлардан бир киши дедики: Эй Расулуллоҳ, эрнинг эркак қариндошларига нима дейсиз? Ул зот айтдиларки: "Эрнинг эркак қариндошлари ўлимдир!”

Эрнинг эркак қариндошлари: эрнинг ака-укаси, уларнинг ўғиллари, амакиси, амакисининг ўғиллари ва шулар кабилардир.

Ушбу ҳадис муттафақун алайҳдир, яъни Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган энг саҳиҳ ҳадислардандир.

Шариат аёл кишини уйда ўтиришликка буюрди ва уни беҳожат кўчага чиқишликдан ман қилди. Қачонки аёл киши кўчага чиқишга эҳтиёжли бўладиган бўлса, юқорида айтиб ўтилган қонун-қоидаларга кўра чиқишлиги лозим бўлди. Бундан мақсад жамиятни динини сақлаш эди. Шариат эркак ва аёлларни жамланиш ва аралашишликларига юқорида айтиб ўтилган кўринишда ечимлар берди. Энди, эркак ва аёлларнинг аралашишлигига битта йўл қолди, холос. У ҳам бўлса эркакларнинг аёллар ҳузурига кириши эди. Шариат буни ҳам қаттиқ ман қилди. Аёл кишининг кўчага чиқишида етадиган ёмонликдан кўра унинг олдига бегона эркакнинг киришидаги ёмонлик қаттиқроқ ва кучлироқдир. Бобимизнинг ушбу ҳадиси бегона эркакларни, бегона аёллар ҳузурига киришдан ман қилди. Ҳозир айтиб ўтганимиздек эркакларнинг аёлларга аралашиши ё аёл кишини кўчага эркаклар бор жойга чиқиши билан бўлади ёки эркакларни аёлларнинг уйларига кириши билан бўлади. Шариат бу иккаласини ҳам йўлини тўсди. Ҳар икки ҳолатга ўз қонун-қоидаларини қўйди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисда бегона аёлларнинг ҳузурига киришдан жуда ҳам қаттиқ қайтардилар. Айтдиларки: "Бегона аёлларнинг олдига киришдан эҳтиёт бўлинглар!" Саҳобалар ризвануллоҳи алайҳим бу сўзни яхши тушундилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари барча бегона эркаклар, бегона аёлларнинг ҳузурига киришлари мумкин эмаслигига далолат қилаётганини билдилар. Бироқ, эрнинг қариндошлари унинг хотинининг олдига киришлари ҳақидаги ҳукмни сўрадилар. Гўёки, одамларнинг одатлари ана шу пайтда бу хусусда бемалолроқ эди, бу ишга бепарвороқ қарашар эди. Бунинг сабаби уларнинг ҳаммаси оиланинг обрўсини сақлашга, яъни бирдамлик билан ҳаракат қилишарди ва яна қариндошлик туфайли ишончнинг ҳосил бўлиши, яъни биз ишонамиз-ку бир-биримизга, ишончлигу деган нарсага суяниб шундай бўлганди уларнинг ҳолати. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга "аёлларнинг олдига эрнинг эркак қариндошлари кирса нима бўлади?" - деганларида жуда ҳам қатъий ва жуда ҳам қаттиқ жавобни бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавобларини эшитган одам бу иш ҳароммикин дейишликка ўрин қўймадилар. Балки, ул зотнинг сўзларидан бу ишнинг ҳаромлиги, яъни қатъан ҳаромлиги очиқ тушуниладиган сўзни айтдилар. Ул зот: "Эркакнинг қариндош уруғлари ўлим!" дедилар. Яъни, эркакнинг қариндош уруғларининг аёлнинг олдига кириши ўлим, дедилар. Яъни, гўёки аёлнинг олдига кирадиган эркакларнинг энг хатарлиси эрнинг яқин қариндошларидир, эркак қариндошларидир.

Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг маъносини шарҳлаб туриб айтадиларки: “Бунинг маъноси шуки эрнинг яқин қариндошларидан бўлган хавф бошқалардан кўра каттароқдир. Ундан ёмонликни кутиш яқинроқдир. Улар билан фитналаниш кўпроқдир. Чунки, улар аёл киши (нинг олди)га бемалол киришлари мумкин ва биров инкор қилмаган, ажабланмаган ҳолатда аёл киши билан холи қолиши мумкин. Бу ажнабийнинг, яъни бегона эркакнинг акси ўлароқ. Бегона эркак агар бировнинг уйига кирадиган бўлса, у дарров билинади. Э, бу фалончи фалончининг уйига кириб кетяпти, у уйда йўқ эди-ку, ишда эди-ку ваҳоказо дейилади. Аммо қариндоши, яъни эрнинг акаси, укаси ёки амакиси кираётган бўлса, ҳа, бу ўзининг амакиси киряпти деб ўйлашади”. Нававийдан нақл тугади.

Ибн Ҳажар айтадиларки, Иёз дедилар: “Бунинг маъноси, Эрнинг яқин қариндошлари билан хилватда қолиш фитнага ва диндаги ҳалокатга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳалокатни худди ўлим ҳалокатига ўхшатдилар”. Қуртубий Муфҳим номли китобларида айтадиларки: Бунинг маъноси, эрнинг қариндошлари унинг аёлининг ҳузурига киришлари қабиҳликда ва ёмонликда худди ўлимга ўхшайди. Бунинг ҳаромлиги маълумдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу нарсадан нафратлантиришда шундай мубоғала қилдиларки, ҳаттоки буни ўлимга ўхшатдилар. Чунки, одамлар, яъни эр бўлсин, хотин бўлсин ёки кирувчилар бўлсин, бунга бепарво қарашади. Улар бунга одатланиб қолишган, ҳаттоки эрнинг яқин қариндошлари, ака-укалари худди унинг хотинига бегона эмасдек туюлиб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзлари худди арабларнинг ушбу сўзларига ўхшаб чиқдики, араблар айтадиларки: "Шер ўлимдир", "Жанг ўлимдир", яъни буларга рўпара келиш ўлимга олиб боради дегани. Шунингдек аёл кишининг олдига ҳам мазкур одамларнинг киришлиги диннинг ўлишига олиб бориши мумкин ёки бу аёлнинг эрининг ғайрати келиб, рашки келиб талоқ қилиб юбориши билан ўлимига, яъни талоқ қилиб юборишига сабаб бўлиши мумкин ё бўлмаса ҳақиқатда ўртада фаҳш иш рўй бериб қоладиган бўлса, тошбўрон бўлиб, ўлиб кетишига олиб бориши мумкин. Бегона аёлнинг олдига кириш аксар ҳолатда у билан холи қолишликка олиб боради. Хусусан, шайтон буни зийнатлаб турган пайтда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Огоҳ бўлинглар бегона одам, бегона аёл билан холи қолмасин! Уларнинг учинчиси шайтон бўлади”. Шайтон эркак ва аёл билан хилватда бирга ўтирган экан у нимага буюриши мумкин?! У нима нарсага чақириши мумкин?! Шайтон бутун ёмонликларга чақиради. Агар бир эркак аёл билан холи қоладиган бўлса, шайтон дарров ҳозир бўлади-да, бу иккисига ёмонликни зийнатлаб кўрсатади ва уларни васвасага солади, уларга ёмонлик йўлини енгиллаштиради ва уларга ваъдалар беради, уларни орзулантиради. Э, қўявер, сен қўрқма, бу иш мастур, ҳеч ким сенларни кўрмаяпти, дейди. Биров билмайди бу ҳолатни, мабодо бир ишни қилиб қўйганингдан кейин тавбанинг эшиклари очиқ, ланг очиқ турибди, тавба қилиб олаверасан дейди. Шундай қилиб уларни ҳалокатга олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтганки: “Шайтон уларга ваъда беради уларни орзулантиради. Шайтон уларга фақат мағрурликни (алдовни)гина ваъда қилади”. (Нисо: 120 ва Исро: 64)

Гоҳида бегона эркак бир аёл кишининг олдига киришга мажбур бўлиб қолиши мумкин, зарурат юзасидан. Унда нима қилинади? Шариат бунинг риоясини қилган ва аёл кишини ҳам, эркак кишининг ҳам динини ҳам, обрўсини ҳам сақлашга ҳаракат қилган.

Бир нечта ҳадисларда ворид бўлганки, бундай ҳолат рўй берган пайтда албатта маҳрамнинг бўлишлиги ҳақида. Шу ҳадислардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Бирон киши бир аёл билан холи қолмасин, магар маҳрам билан холи қолсин”. Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, ومعها ذو محرم маҳрами бор бўлса дегани, бу — аёлнинг маҳрами бўлиши ҳам мумкин, эркакнинг маҳрами бўлиши ҳам мумкин. Иккинчи эҳтимол фуқаҳоларнинг қоидалари шунга асосланади. Улар, яъни бу аёлнинг ўзини маҳрами бўлади. Масалан, ўғли, акаси, онаси, опаси бўладими бирга ёки бу эркакнинг опаси, қизи, аммаси, холаси бўладими булар ҳаммаси баробар бўлаверади деганлар. Яъни, бу ёлғиз қолиш масалан, уйда бир сабаб билан ўтиришибди ёки бир жойга бирга боришди ёки машинада бирга кетишяпти, шунга ўхшаган ҳолатларда аёлнинг ўғли, ака-укаси ёки қизи, оналари бўлса, яъни уларнинг учинчиси бор ёки эркакнинг аёли, опаси, синглиси, аммаси бирга бор шундай ҳолатларда холи қолишлари мумкин. Бу зарурат юзасидан, бунга рухсат берилган. Гоҳида зарурат ҳолатлар бўлиши мумкинки масалан, бир бегона аёл йўлда ёлғиз қолган, шунга ўхшаган бир ҳолатда агар уни шундай тарк қилинадиган бўлса, унга фосиқлар тегажоқлик қилиши мумкин, бошқа қилиши мумкин шундай ҳолатда эркак кишига ана шу аёлни манзилига етказиб қўйишлик вожиб бўлади. Зарурат ҳолати бўлгани учун бундай ҳолатда холи қолишлари мумкин, шунда ҳам эҳтиётини қилиши ва омонат билан иш қилиши керак бўлади. Бунга Оиша онамизнинг қиссалари машҳур ва маълум далил бўлади.

Мазкур холи қолишликдан қайтариш улар, яъни эркак ва аёл ҳеч ким кўрмайдиган бирор хонанинг ичида холи қолишларигина эмас, балки холи қолиш деганда ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Масалан, қоронғида лекин очиқ жойда, қоронғида биров кўрмаяпти ёки хилват кўчада, хилватроқ жойда, одамларнинг кўзидан узоқ ёки одамлар бўлса ҳам улар кўрмайдиган даражада бир пана жойда бўлишадиган бўлса, буларнинг ҳаммаси хилват ҳисобланади. Яъни, мазкур хилватга ўтаверади. Хилват деганда эшиклар беркилган, пардалар туширилган бўлиши шарт эмас.

Муслима аёлларимиз бугунги кундаги кўп қаватли биноларда, бўлиб ҳам жуда ҳам улкан, баланд бинолардаги лифтларда агар ёлғиз ҳолатда бўладиган бўлсалар, мабодо бирон эркак киши чиқиб қоладиган бўлса, ўша ҳолатда у чиқиб кетсин, агар иккита эркак ёки ундан ортиқ эркак кирадиган бўлса, майли бунда хилват бўлмайди. Аммо, ёлғиз бир эркак, аёл қоладиган бўлса аёл иложи бўлса у эркакка "чиқма" десин, чиқаман деса у аёл чиқиб турсин ўша ерга, кейин бошқа лифт келганда унга чиқиб кетиши мумкин бўлади. Лекин холи қолмаслик керак, чунки шайтоннинг ишини айтиб ўтдик.

Энди эркак билан аёлнинг холи қолиши, яъни холи ҳолатда бир эркак ва аёлни кўришлик, бу кўпинча шубҳага сабаб бўлганлиги учун агар бирор одам бир аёл билан яъни масалан, аёли билан шундай бир ўринда турганда биров унга шубҳа билан қараб қоладиган бўлса, ўша ҳолатда уни баён қилиб қўйиши керак бўлади. Тўғри келган нотаниш одамга ҳам бу менинг хотиним ёки фалончим деб айтилмайди. Балки, бу аёл ҳижобланган, тўсиқ, яъни кимлиги билинмайди, бу жой нотаниш жой. Нимага бу одам бундоқ қараб қолди,- у сизни танийдиган одам - шу пайтда унга айтиб қўйиш керак бўлади, эй биродар бу менинг аёлим фалончи, иш билан келгандик ё ваҳоказо деб айтиб қўйиши керак бўлади. Фалон домда юриб қолибди, бирортасига уйланиб олибдими ё биронтаси билан гаплашяптимикин? ким бу аёл деган нарса, унга ана шу саволларга ўрин қўймаслиги керак бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан бир далил бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда эканликларида аёлларидан битталари ул зотнинг зиёратларига келдилар. Бу қоронғида эди. Шунда ул зот аёлларини кузатиб қўйиш учун чиқдилар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари узоқмас, шундай масжиднинг ёнида бўлган, кузатиб қўйиш учун чиқдилар. Шунда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қолдиларда ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга шаҳдам қадамлар ташлаб келиб қолди, шунда айтдиларки: "Тўхта" бу менинг аёлим фалончи дедилар. Шунда у: Эй Расулуллоҳ мен сизга гумон қиламанми, нималар деяпсиз деган гапни қилган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Шайтон инсондан қон томирлари, яъни қон юрадиган жойда юради, деб айтдилар. Яъни, шайтон сенинг кўнглингга ҳар хил шубҳани келтириши мумкин дедилар. Демак, шундай ҳолатларда одам нима қилиши керак? Ҳақиқатни айтиб қўйиши керак бўлади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

Эркак, аёллар агар бир-бирларига бегона бўладиган бўлсалар холи қолишлари ҳаром экан.

Маҳрам бўлмаган эркаклар билан холи қолишдан жуда ҳам қаттиқ эҳтиёт бўлиш керак экан.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ўрганган дарсларимизга чиройли амал қилишликни насиб қилсин.

Бизнинг юртларимизда ҳам мана шу нарса жуда ҳам оддий нарсага айланиб кетганки, эрнинг ака-укалари — албатта отаси маҳрам — амакилари хотиржам кириб келишади. Агар келин улардан қочадиган бўлса, ҳижобланадиган бўлса, сен мендан шубҳа қиляпсанми, нимага энди сен мендан қочасан экан, мен нима, сенга хиёнат қилиб қўйдимми?!- деб ўзларини оқлашади. Шариат! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар, “Эрнинг яқин эркак қариндошлари ўлим!” - дедилар. Модомики ўлим эканми, демак, биз бундан четланишимиз керак. Ишонч бошқа, майли у ўз йўлига, лекин шариат буни ман қилдими, тийилишимиз керак. Шу ўринда келиннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам роия қилиш керакки, агар бир уйда куёвнинг ака-укалари яшашадиган бўлишса, ҳижобланишнинг, қочишнинг имкони бўлмайдиган бўлса, бошқа уй талаб қилиш аёл кишининг ҳаққидан. Чунки, шариат уни ман қилган. Эр ишга чиқиб кетадиган бўлса, унинг бўйдоқ укалари уйда қолса, онаси ишга кетса, бу мусибат-ку! Бу жиҳатга ҳам жиддий эътибор бериш керак бўлади.

Ҳадисимиз эркак бегона аёл билан ёлғиз қолишидан қайтарди. Демак, бегона эркак ўзига бегона бўлган аёл билан холи қолмаган ҳолатда, яъни бошқалар яъни унинг ота-онаси, бошқалари бўлган ҳолатда ёки эри бўлган ҳолатда улар билан аралашиб юриши мумкинми? - деган савол пайдо бўлади. Яъни, у аёл бошқа эркакнинг олдида очилиб юрса бўлаверадими? Хусусан, бу бегона эркак, бегона деганимиз, шаръан бегона, урфан қариндош; эрнинг акаси ё укаси, амакиси, тоғаси, одатда булар эрникига кўп келиб туришади. Ҳар хил сабаблар билан киришади. Шулар кирган пайтда аёл киши улар билан бемалол кўришиб, гаплашиб, бир дастурхонда ўтириб овқатланиши, уларнинг хизматларини қилиши мумкинми, шаръан? Шаръий нуқтаи назардан юзини очган ҳолатда улар билан ўтириши мумкин эмас. Уларга хизмат қилиши мумкин, фақат башарти ҳижобда бўлиши. Ўранган ҳолатда, ҳижобда бўлиб уларга хизмат қилса, нон-чойини олиб келиб берса, бошқа қилса бунинг ҳеч зарари йўқ, шаръан жоиз. Зарурат бўлганда баъзи бир сўзларни сўзласа бўлади. Аммо улар билан худди ўз маҳрамларидек муомала қилиб, улар билан бир дастурхонда чақ-чақлашиб ўтириб, суҳбатлашиб чой ичиб ўтирадиган бўлса, бу мумкин эмас. Шариат бундан қайтарди. Бу гапни эшитган баъзи бир ота-оналар, ака-укалар айтиши мумкин. Сенлар бу динни қаердан олиб келишдинг, ота-бувамиз билмасмиди?! - деган гапни қилишлари мумкин. Ота-бувамиз деганда улар ҳақиқий ота-боболаримизни эмас, кечагина, коммунистик тузумда яшаб ўтган ота-буваларимизни гапиришади. Уларнинг мақсадлари шу, чунки улар ундан бошқасини кўришган эмас. Улар кўрган воқеъда маҳрам, номаҳрам, очиқ, ёпиниш деган гап бўлган эмас. Чунки, улардан диний таълимот умуман узоқ бўлган на Қуръон, на ҳадис бирон нарса ўрганилган эмас на фиқҳ на бошқа. Мазҳабимиз Имом Абу Ҳанифанинг мазҳаблари аёл киши хусусида, унинг ўраниши хусусида жуда ҳам қаттиқ, бунга жуда ҳам жиддий эътибор берган. Жиддий эътибор бермаганда 8-мартда паранжини улоқтирган аёллар ўша паранжиларни ёпинмаган бўлишарди. Ҳанафий уламоларимизнинг фатвоси билан, кўрсатмалари билан тикилган паранжилар эди ўшалар. Демак, бугунги кунда эътирозлар бўладиган бўлса, айтилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мана шу Ислом динини Аллоҳ таоло у киши орқали юборган зот: الحمو الموت дедилар. حمو эрнинг эркак қариндошлари, акаси бўлсин, укаси бўлсин, уларнинг фарзандлари бўлсин, ўғиллари, амакиси, тоғаси уларнинг фарзандлари бўлсин, буларнинг ҳаммаси арабчада “алҳамв” дейилади. Алмавт дейилди эрнинг эркак қариндошлари ўлим дедилар. Буни биз юқорида уламолар ўлимдан нима мақсад эканлигини баён қилганларини айтиб ўтдик. Шундай экан биз шариат ҳукми келган пайтда "Эшитдик ва итоат қилдик", дейдиганлардан бўлайлик. Эшитдик, итоат қилмаймиз, биз эшитдик, ота-бобомиз айтганини қиламиз, ота-боболаримиз қилгани қиламиз демаслигимиз керак.

Эшитдик Аллоҳ ва Расулининг сўзини ва шунга амал қиламиз, тамом. Бундан бошқаси йўқ! Агар шундай қилсак нажотга эришамиз, бундан бошқаси бўладиган бўлса ҳолимизга вой бўлади, дунёда ҳам, охиратда ҳам. Шунинг учун иззат-нафс, мен отангман, мен онангман, мен аканманг деган гаплар Аллоҳнинг шариатининг олдида бўладиган бўлса, Аллоҳнинг шариатига қарши бўладиган бўлса, бу гапларнинг ҳаммасини йиғиштириш керак. Буларнинг биронтаси эртага Аллоҳ таолонинг олдида фойда бермайди. Шунинг учун биз эртага Аллоҳ таолонинг олдида қандай ҳисоб-китоб қилинишимизни ўйлаб, шунга қараб иш қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни ўз шариатига чиройли суратда амал қиладиганлардан қилсин. Ҳақ келган пайтда سمعنا وأطعنا "Эшитдик ва итоат қилдик" дейдиганлардан қилсин, шунга муваффақ қилсин. Аллоҳ таоло бунга Қодир зот.