Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нажоший Асҳама ибн Абжар

2639 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша
Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли таржимаси
Муҳаррир: Абу Закария ал-Маданий

“Нажоший вафот этганида, қабрида нур давомий кўриниб тургани ҳақида гаплашиб ўтирар эдик”. (Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо)

Бугунги қаҳрамонимиз тобеинлар ҳақида сўз кетса тобеин, саҳобалар санаб ўтилса саҳобалардан саналган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хат ёзишган, вафот этганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ғоибона жаноза ўқиган — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бошқа бирон кишига ғоибона жаноза ўқимаганлар — нодир шахс Асҳама ибн Абжар Нажошийдир (Форс шоҳлари Кисро, Рум шоҳлари Қайсар деб номлангани каби, Ҳабаш шоҳлари Нажоший деб номланган).

Келинглар ушбу муборак лаҳзаларни ўз қавмининг ва мусулмонларнинг саййидларидан бўлган бу улуғ зот билан бирга ўтказайлик.

Асҳаманинг отаси Ҳабашлар подшоҳи бўлиб, унинг Асҳамадан бошқа фарзанди йўқ эди. Ҳабаш зодагонлари бир-бирларига дедилар: “Подшоҳимизнинг мана бундан бошқа фарзанди йўқ. Демак, бу ҳолат подшоҳни тириклигида заифлаштиради, вафот этганидан кейин унинг мулкини батамом йўқ қилиб бизларни ҳам ёмон оқибат сари етаклаши мумкин. Шунинг учун агар биз подшоҳни қатл қилиб ўрнига укасини ўзимизга подшоҳ қилиб олсак, ҳаётлик чоғида уни қувватлайдиган, вафотидан сўнг муносиб ворис бўладиган ўн иккита ўғли бор". Шайтон уларни тинмай васваса қилиб хавфсирашларини янада авжига чиқарди, охир-оқибат подшоҳни қатл қилдилар ва унинг укасига байъат бериб ўзларига подшоҳ қилиб олдилар.

Шундай қилиб Асҳама амакисининг қўл остида ўсиб улғайди. Унинг ёшлик чоғиданоқ кўзга яққол ташланган ақл-заковати, фаҳм-фаросати, фасоҳати ва ноёб шахсияти амакисини ҳам лол қолдирганди. У жияни билан фахрланар, унинг ўзига хос фазилатлари сабаб уни ўз ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрарди.

Кейинчалик шайтон алайҳил-лаъна Ҳабаш зодагонларини яна бир бор васваса қилди улар ўзаро: “Подшоҳлик мана бу болага ўтиб кетса ҳолимизга вой! У подшоҳ бўлиб қолса бизлардан отасининг ўчини олади ва барчамизни қириб юборади”, дедилар ва ҳаммалари бир бўлиб шоҳнинг ҳузурига боришди ва: “Ҳазрат олийлари, Асҳамани қатл қилиб ёки уни юртимиздан бадарға қилиб юбормас экансиз бизнинг қалбларимиз таскин топмайди, хотиржам бўлмайди. Мана, у улғайиб катта йигит бўлиб қолди. Отасининг ўчини олиб, ҳаммамизни қатл қилишидан хавотирдамиз” дедилар.

Подшоҳ: “Қандай ёмон одамсизлар-а! Кечагина отасини ўлдирган эдингиз, бугун бўлса мендан боласини қатл қилишимни талаб қиляпсизлар-ми? Аллоҳга қасамки бундай қилмайман!", деди. Улар: “Ундай бўлса уни диёримиздан чиқариб юборайлик”, дейишди.

Подшоҳ заифлигидан уларнинг бу режаларига рози бўлишдан бошқа чора топа олмади.

Асҳамани юртдан чиқариб юборилганига бир ярим кун ўтмасданоқ, хаёлга келмаган ишлар содир бўлди. Осмонни қора булутлар қоплади, қаттиқ чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Жиянидан айрилганига маҳзун бўлиб ўтирган подшоҳнинг бошига яшин тушиб уни ҳалок қилди. Подшоҳнинг кутилмаган вафотидан сўнг ҳабашлар унинг ўғилларидан бирини байъат қилиб ўзларига подшоҳ қилмоқчи бўлдилар. Бироқ, уларнинг орасида подшоҳликка муносиби топилмади. Улар бундан оғир ғамга ботиб, қийин аҳволга тушишди. Ҳабашларга қўшни бўлган қабилалар фурсатдан фойдаланиб уларга ҳужум қилишни мўлжаллаётгани ғам-ташвишларини янада зиёдалаштирди. Шунда улар бир-бирларига қараб: “Қасамки, кеча диёрингиздан қувиб чиқарганингиз Асҳамагина ишларингизни ўнглаб, давлатингизни сақлаб қола олади. Агар Ҳабашистон сизларга керак бўлса, уни дарҳол ортга қайтаринглар”, дедилар. Сўнгра Асҳамани излашга чиқдилар, уни топиб ватанига қайтардилар. Бошига тож кийдириб унга итоат қилишга аҳд-паймон бердилар ва уни "Нажоший" деб чақира бошладилар. Нажоший мамлакатни ҳикмат билан бошқарди. Халқини ғалаён ва бошбошдоқликдан халос этди. Зулм ва ёмонликка ботган Ҳабаш ерларини, адолат ва яхшиликка тўлдирди.

Нажоший подшоҳлик тахтига ўрнашиб улгурмай Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ ва ҳидоят дини билан юборди. Одамлар бирин-сирин ҳақ пайғамбар даъватига ижобат қилиб, Ислом динига кира бошладилар.

Қурайш қабиласи иймон келтирганларга турли озор ва азиятлар бера бошлади. Мушриклар мўминларга салобатли тоғни ҳам титратиб юборадиган озорларни бердилар, Макка ҳар қанча кенг бўлмасин мўминлар учун тор бўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: “Ҳабашистонда унинг ҳузурида бирон киши зулмланмайдиган подшоҳ бор. Сизлар унинг диёрига боринглар ва Аллоҳ таоло ишларингизни енгиллатиб, бу торликдан чиқар йўл қилгунига қадар, сизларни ўз ҳимоясига олишини ундан илтимос қилинглар”, дедилар.

Шундай қилиб аввалги муҳожирлар карвони Ҳабаш ерлари сари йўл олди. Улар эркагу аёл бўлиб саксон киши эдилар. Улар Ҳабаш ерларида илк бор хотиржамлик ва барқарорлик завқини тотдилар. Мусаффоликни бузувчилардан йироқ бўлиб ибодат ва тақво ҳаловатидан баҳра олдилар.

Қурайш мушриклари мусулмонлардан саксонтаси Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетганлари ҳақида хабар топиши билан уларни йўқ қилиш ёки Маккага қайтариб олиб келишга киришдилар. Улар Нажоший ҳузурига Қурайш даҳоларидан Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Аби Рабиани юбордилар. Улар билан Нажоший ва ҳабаш руҳонийлари ёқтирадиган турли-туман совға-саломлар жўнатдилар.

У иккиси Ҳабашистонга етиб боргач, Нажошийнинг қабулига киришдан аввал ҳабаш Руҳонийлари билан бирма-бир кўришиб, ҳар бирига совға-саломларни бердилар ва: “Ота-бобосининг динидан юз ўгирган, қавмининг бирлигини бузиб ташлаган бизнинг айрим бебош ёшларимиз сизнинг ерингизга қочиб келибдилар. Биз подшоҳга уларни бизга қайтариб бериши ҳақида гапирганимизда, у уларнинг динлари ҳақида суриштирмай уларни бизга топширишини маслаҳат берсангизлар, зеро қавмнинг саййидлари уларни ва динларини бошқалардан кўра яхшироқ биладилар”, деб уқтирдилар.

Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Аби Рабиа Нажошийнинг ҳузурига кириб, қавми унга сажда қилганидек улар ҳам сажда қилдилар. Нажоший Амр ибн Ос билан олдиндан дўстлик риштаси борлиги учун у иккисини жуда яхши қаршилади.

У иккиси Ҳижоздан келтиришган ҳадялар билан бирга Абу Суфён бошчилигидаги Макка саййидларининг саломини ҳам еткиздилар. Нажоший совға саломларни мақтаб, миннатдорчилик билдирди.

Сўнгра улар мақсадга ўтиб сўз бошладилар: “Эй Подшоҳ ҳазратлари, бизларнинг бир нечта бебош ёшларимиз сизнинг мамлакатингиздан ўзларига бошпана олибдилар. Улар бизнинг динимиздан чиқишган, сизнинг динингизга ҳам киришмаган, балки улар биз ҳам сиз ҳам танимайдиган бир динни олиб келишган. Қавмимиз саййидлари уларни қайтаришингизни сўраб бизни ҳузурингизга юбордилар. Чунки, саййидларимиз улар пайдо қилган дин ва улар чиқарган фитнани яхшироқ биладилар”.

Нажоший Руҳонийларга савол назари билан қаради. Улар: “Тўғри айтишяпди, дарҳақиқат биз улар пайдо қилган динни билмаймиз. Қавмлари уларни ва пайдо қилган нарсаларини яхшироқ билишади” дедилар.

Нажоший: “Йўқ, асло йўқ! Аллоҳга қасамки уларнинг сўзларини эшитмагунимча ва ақидаларини билмагунимча уларни ҳеч кимга топширмайман. Агар ёмонликда бўлсалар қавмларига топшираман, яхшиликда бўлсалар модомики менинг мамлакатимда қолар эканлар, уларни ўз ҳимоямга оламан ва яхшилик қиламан”, деди. Сўнгра сўзида давом этиб деди: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг менга кўрсатган марҳаматини асло унутмайман. У мени мамлакатимга қайтарди, маккорларнинг макридан ва зўравонлар тажовузидан сақлади”.

Нажоший саҳобаларни ҳамюртлари билан кўриштириш учун ҳузурига чорлади. Саҳобалар хавфсирашиб бир-бирларига: “Динингиз ҳақида сўраб қолса нима деб жавоб берасизлар?” дедилар. Шунда уларнинг бошлиғи: “Аллоҳ азза ва жалла Китобида нима деган бўлса ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари тарафидан нимани келтирган бўлсалар шуни айтамиз”, деди. Сўнг Нажошийнинг ҳузурига кирдилар. Қарасалар Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Аби Рабиа ўтирибди. Руҳонийлар ҳам подшоҳнинг ўнг ва чап тарафида қалпоқли чопонларини кийган ва олдларига китоблари очган ҳолда қатор ўтирибдилар.

Подшоҳга салом бериб қатордан жой олиб ўтирдилар. Амр ибн Ос уларга қайрилиб: “Нима учун подшоҳга сажда қилмадинглар?”, деб сўради. Саҳобалар: “Биз фақат Аллоҳгагина сажда қиламиз”, деб жавоб бердилар. Нажоший саҳобалар айтган сўздан ажабланиб бошини қимирлатди ва юмшоқлик билан: “Ўзингиз учун янги пайдо қилганингиз дин қандай дин экан? У сабабли қавмингиз динидан воз кечибсиз, менинг динимга ҳам кирмабсиз!”

Жаъфар ибн Аби Толиб изн сўраб сўз олди ва деди: “Эй подшоҳ, биз ўзимиз учун дин пайдо қилганимиз йўқ, балки бизга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Рабби томонидан ҳидоят ва ҳақ динини келтирдилар, бизларни зулматда нурга олиб чиқдилар. Биз бутларга ибодат қиладиган ва қариндошлик ришталарини узадиган жоҳил қавм эдик. Ўлимтик ердик, фоҳишабозлик қилардик, ёмон қўни-қўшничилик қилиб, кучлиларимиз заифларимизни эзиб яшардик. Аллоҳ таоло бизга ўз ичимиздан, насл-насаби яхши билинган, ростгўй, омонатдор ва поклигига ҳаммамиз ишонадиган кишини пайғамбар қилиб юборгунга қадар шу ҳолатда яшадик. У бизларни Аллоҳга чақирди, Унга ибодат қилиш ва Уни ибодатда ёлғизлашга буюрди. Яна бизларни намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ҳамда бизлар сиғинадиган тош ва бутларни тарк этишга чақирди. Шунингдек ростгўйлик, омонатдорлик, қариндошлик алоқаларини боғлаш, яхши қўни-қўшничилик қилиш, ҳаромлардан тийилиш ва ноҳақ қон тўкишдан сақланишга буюрди. Фаҳш ишларни қилиш, ёлғон сўзлаш, етимнинг молини ейишдан қайтарди. Биз уни тасдиқладик, рисолатига иймон келтирдик ва олиб келган динига эргашдик. Шундан кейин Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмай, Унинг ёлғиз ўзига ибодат қила бошладик. У ҳаром қилган нарсаларни ҳаром, ҳалол қилган нарсаларни эса ҳалол деб билдик. Қавмимиз эса бизни динимиздан буриб, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилганимиздан сўнг яна бутларга ибодат қилишга қайтармоқчи бўлиб бизларнинг бошимизга жабру ситам ва турли азоб-уқубатларни ёғдирдилар. Бизларга зулм қилиб, қисти-бастига олиб биз билан динимиз ўртасини тўсмоқчи бўлганларида, сизнинг ҳимоянгизга кириш ва диёрингизда яшашни истадик. Бошқаларни қўйиб сизни танладик ва ҳузурингизда зулмланмасликни умид қилдик”.

Нажоший: “Сенда пайғамбарингиз Рабби тарафидан олиб келганидан бирон нарса борми?”, деб сўради.

Жаъфар ибн Аби Толиб: “Ҳа, бор”, деб жавоб берди.

Нажоший: “Менга ўқиб бер-чи”, деди.

Жаъфар разияллоҳу анҳу Марям сурасидан ўқий бошладилар: (Эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга нозил қилинган Қуръонда Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб олди ва ўз қавми билан ўзи ўртасида, улар уни ибодат қилаётган пайтида кўрмасликлари учун парда тўсиб олди улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. У (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. 18. (Марям унга): «Мен Раҳмонга сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қиламан. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди. 19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Раббингнинг элчисидирман, холос». 20. (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!» 21. (Жаброил) айтди: «Шундай. Раббинг айтадики, бу (иш яъни отасиз болани яратиш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи) мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган марҳамат қиламиз. Бу битган (Лавҳул Маҳфузга битиб қўйилган) ишдир. 22. (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, уни йироқ бир жойга олиб кетди. 23. Тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг остига олиб борди (ва у хурмога тирмашган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари (менга ёмон гумон қилмасликлари учун) ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди». 24. Шунда оёқларининг остидан Ийсонидо қилди: «Ғамгин бўлма, Раббинг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. 25. Мана шу хурмо танасини силкит, у сенга янги пишган хурмо меваларини тўкади. 26. Энди сен хурмодан еб сувдан ичгин, шод-хуррам бўлгин. Агар одамлардан биронтасини кўриб қолсанг ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса: «Мен Раҳмон йўлида сукут сақламоқни назр қилганман, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин. (Марям: 16-26)

Қуръон оятларидан таъсирланиб йиғлаган Нажошийнинг кўз ёшлари соқолини ҳўл қилиб юборди. Руҳонийларнинг кўз ёшлари ҳам олдиларида очиқ турган китобларини намлади.

Нажоший Амр ибн Ос ва шеригига қараб: “Бизларга тиловат қилинган бу оятлар ваИйсо келтирган сўзлар бир манбадан чиқмоқда. Аллоҳга қасамки, уларни сизларга топширмайман, модомики ҳаёт эканман ҳеч ким мени бунга кўндира олмайди", деди. Сўнг ўрнидан турди, атрофидагилар ҳам турдилар. Шу билан мажлис тугади.

Амр ибн Ос ғазаб ўтида ёнар экан ташқарига чиқди. У шеригига: “Қасамки, эртага Нажоший билан қайта учрашиб, уларни таг-томири билан қўпориб хонавайрон қиладиган бир сўз айтаман”, деди.

Шериги Абдуллоҳ ибн Аби Рабиа Амр ибн Осга қараганда табиати юмшоқроқ бўлганидан: “Эй Амр, бундай қилма, гарчи улар бизга мухолиф бўлсалар ҳам, ичларида қариндошларимиз бор”, деб қайтармоқчи бўлди. Лекин Амр ибн Ос: “Йўқ, Аллоҳга қасамки Нажошийга айтаман. Улар Ийсо ибн Марям ҳақида бир нарсани айтиб, бошқасини яширганларини, уни банда деб айтишларини ҳам айтаман”, деди.

Эртаси куни Амр ибн Ос Нажошийнинг ҳузурига кириб: “Муҳтарам Подшоҳ олийлари, кеча сизга булар бир нарсани айтдилар, бир нарсани яширдилар. Улар Ийсо ибн Марямни банда дейдилар”, деди. Нажоший мусулмонларни чақиртириб: “Сизлар Ийсо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?”, деб сўради. Жаъфар ибн Аби Толиб: “У ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам айтган сўзни айтамиз”, деб жавоб берди. Нажоший: “Пайғамбарингиз нима дейди?”, деб сўради. Жаъфар разияллоҳу анҳу: “У Аллоҳнинг бандаси, элчиси ва покиза Марямга ташлаган (“Бўл” деган) сўзи”, деб айтадилар”, деб жавоб берди. Нажоший: “Аллоҳга қасамки, Ийсо сен айтган нарсадан қилча ҳам фарқли эмас”, деди.

Нажошийдан бу сўзни эшитган атрофидаги руҳонийлар унинг сўзини инкор қилиб ғала-ғовур қилидилар ва ёмон сўзларни айтдилар. Нажоший уларга ғазабнок ҳолда кўзининг қири билан қараб: “Нима десангиз ҳам, гап шу!”, деди. Сўнг Жаъфар ибн Аби Толиб ва у билан келганларга қараб: “Бораверинглар, сизлар менинг юртимда омондасизлар. Сизларга тегинган одам зиёнда бўлади. Сизларга тегинган одам зиёнда бўлади.", деб такрорлади ва "Сизлардан биронтангизга озор беришим эвазига менга тоғча олтин берилишини истамайман”, деди.

Сўнг ҳожибларига деди: “Амр ва шериги олиб келган совғаларни ўзларига қайтаринглар, уларни бизга кераги йўқ. Аллоҳ менга подшоҳликни қайтариб берганида мендан пора олмади, энди мен пора оламанми?! У менинг ишимда одамларга итоат қилган эмасди, энди мен Унинг ишида одамларга буйсунайми?!”.

Руҳонийлар халқ орасида Нажошийнинг ўз динини бошқа динга алмаштирди деб гап тарқатиб, уни тахтдан ағдаришга чақира бошладилар. Ҳабашлар унга қарши қўзғалиб, байъатни бузишга қарор қилдилар.

Нажоший Жаъфар ибн Аби Толиб ва унинг ҳамроҳларига одам жўнатиб бўлаётган ҳолатдан огоҳлантирди. Улар учун махсус кемалар ҳозирлаб: “Кемаларга миниб тайёр туринглар. Мағлуб бўлсам, хоҳлаган тарафингизга кетинглар. Ғолиб бўлсам, қандай яшаётган бўлсангиз шундай яшайверасиз", деди.

Сўнг бир кийик терисини олиб келди ва унга: “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбарларининг сўнггиси деб гувоҳлик бераман ҳамда Ийсо Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Марямга ташлаган калимаси ва Ундан бўлган руҳ эканига гувоҳлик бераман”, деб ёзди. Терини кўкрагига боғлаб устидан кийим кийди ва ўзига қарши қўзғалганлар олдига чиқиш учун йўл олди.

Уларнинг олдига чиққач уларга қарата нидо қилди:

  • —“Эй халойиқ, мен ҳақимда нима дейсизлар?”
  • —“Сизни яхши деб биламиз.”
  • — “Унда нима учун менга қарши қўзғалдингиз?”
  • — “Динимиздан чиқибсиз, Ийсони банда деяётган эмишсиз.”
  • — “Ийсо ҳақида сизлар нима дейсизлар?”
  • — “У Аллоҳнинг ўғлидир.”

Нажоший қўлини кийими остидаги терининг устига қўйиб: “Мен ҳам Ийсо мана шундан (яъни терига ёзилгандан) бошқа эмаслигига гувоҳлик бераман”, деди. Халойиқ унинг айтган гапидан мамнун бўлди, тинчланиб тарқаб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажоший ва қавми ўртасида бўлиб ўтган воқеадан хабар топдилар, Нажошийнинг диёрига ҳижрат қилган ва ҳимоясида эмин-эркинлик топган асҳобларига кўрсатган унинг ғамхўрлигини юқори баҳоладилар. Нажошийнинг Исломга киргани ва Қуръонда келган хабарларни ҳақ деб эътиқод қилганидан севиндилар.

Кейин Нажоший билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида алоқа мустаҳкамлана бошлади.

Ҳижрий еттинчи йилнинг биринчи ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ер юзидаги ўша замоннинг буюк подшоҳ ва амирларидан олтитасини Исломга даъват қилишга қарор қилдилар. Ҳар бир подшоҳга алоҳида нома ёзиб унда уни Исломни қабул қилишга тарғиб қилдилар, иймонга қизиқтириб, куфр ва ширкдан огоҳлантирдилар.

Шу ғаразда асҳобларидан олтитасини тайёрлаб қўйгандилар. Уларнинг ҳар бири ўзи борадиган қавмнинг тилини ўрганиб, сўнг бу муҳим вазифани бажариш учун бир кунда йўлга тушдилар. Ҳабаш подшоҳига юборилган саҳоба Амр ибн Умайя Зумарий разияллоҳу анҳу эди.

Амр ибн Умайя Нажошийнинг ҳузурига кириб Ислом саломи билан салом берди. Нажоший саломга гўзал жавоб қайтариб, уни илиқ кутиб олди. Ҳар ким ўз жойига ўтиргандан сўнг у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини Нажошийга топширди.

Нажоший мактубни очишга шошилди. Мактубда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват этган ва Қуръон оятларидан келтирган эканлар. У мактубни эъзозлаб кўзига суртди ва бу улуғ номада келган нарсага тавозе кўрсатиб тахтидан тушди. Сўнг атрофида ўтирганлар кўз ўнгида Исломни қабул қилганини эълон қилиб шаҳодат калималарини келтирди.“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришга қодир бўлсам, албатта борардим, У зотнинг олдиларида ўтириб, пойларига бошимни қўйган бўлардим”, деди.

Ўз навбатида Нажоший ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўта юмошқлик билан мактуб ёзиб, даъватларини қабул этганини, аввалдан пайғамбарликларига иймон келтирганини баён қилди. Ана шундан кейин Амр ибн Умайя Нажошийга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа мактубларини узатди. Мактубда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажошийдан вакил бўлиб Рамла бинт Аби Суфён ибн Ҳарбни ўзларига никоҳлаб беришини сўраган эдилар.

Умму Ҳабиба куняли мўминлар онаси Рамла бинт Аби Суфённинг маҳзунлик билан бошланиб, хурсандчилик билан тугаган гўзал қиссалари бор. Келинг биргаликда унинг қиссаси билан қисқача танишиб чиқамиз.

Рамла бинт Аби Суфён Қурайшнинг саййиди бўлган отасининг олиҳаларига кофир бўлиб, турмуш ўртоғи Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан шериги йўқ ёлғиз Аллоҳга иймон келтирдилар ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларини тасдиқладилар. Шу сабаб Қурайш мушриклари уларнинг бошларига оғир кунларни солди. Қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлишавергач Маккада яшашга тоқат қила олмай қолдилар. Улар дини ва иймонини сақлаш учун Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган мўминлар сафида Нажоший ҳимоясига бош уриб бордилар. Улар ҳам бошқа муҳожир биродарлари каби Нажоший юртида иззит-икромда яшай бошладилар. Умму Ҳабибанинг кўнглидан қора кунлар ортда қолди, энди буёғига ҳаммаси яхши бўлади деган хаёл ўтди. Бироқ, у тақдирда унинг пешонасига нималар ёзиб қўйилганини билмас эди.

Аллоҳ таоло Умму Ҳабибани ақл бовар қилмайдиган даражада имтиҳон қилишни ирода қилганди.

Аввалига унинг эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш диндан қайтиб муртад бўлди ва насронийликни қабул қилди. Ислом ва мусулмонларни масхара қила бошлади. Кейин майхонадан чиқмай, муккасидан кетган ароқхўрга айланди. Умму Ҳабибага бир-биридан аччиқ бўлган икки ишдан бирни танлашни таклиф қилди: талоқ бўлиш ёки насронийликни қабул қилиш.

Шундай қилиб Умму Ҳабиба уч ўт орасида қолди: Ё эрининг гапига кириб насронийликни қабул қилиш. Агар бундай қилса дунёда хорлик ва охиратда азобга учрайди;

Ё бўлмаса Маккага, отасининг уйига қайтиб кетиш. Отасининг уйи эса ҳали-ҳануз ширк қалъаси эди;

Ёки Ҳабашистонда ёш қизи Ҳабиба билан ёлғиз қолиб, дарбадар юриш.

У ҳаммасини қўйиб Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини танлади. Аллоҳ таоло тарафидан кушойиш келгунига қадар Ҳабашистонда қолишга азму қарор қилди.

Умму Ҳабибанинг қайғули кунлари кўп давом этмади. Ароқхўр эр маст ҳолида ўлиб қолди. Иддаси чиқиши биланоқ толе унга кулиб боқди.

Кунларнинг бирида эшик тақиллаб қолди. Эшикни очди, қаршисида Нажоший қасрида хизмат қиладиган Абраҳа исмли абжир аёл турарди. У салом бераркан сўз қотди: “Подшоҳимиз сенга салом йўлладилар ва айтдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўзларига сўрабдилар. Подшоҳимизни ўзлари томонидан вакил қилибдилар. Агар рози бўлсанг, хоҳлаган кишига ўз ваколатингни берар экансан.” Бу сўзларни эшитган Умму Ҳабибанинг кўзларига қувончдан ёш қалқиди ва: “Аллоҳ сизни ҳам ёқимли хабар билан хушнуд қилсин”, деб такрор-такрор айтди ва “Менга бу диёрда энг яқин бўлган Холид ибн Саид ибн Осни ўз номимдан вакил қилдим”, деди.

Ҳабашистонда муқим бўлган саҳобаларнинг барчалари, Умму Ҳабибанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳларига ўтишига гувоҳ бўлиш учун Подшоҳ қасрига жам бўлдилар.

Ҳамма йиғилгач Нажоший сўз бошлади: "Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин. Аммо баъд... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфён қизи Рамлани никоҳлаб беришимни сўрапдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг талабларини бажонидил қабул қилиб, у кишининг номларидан Абу Суфён қизи Рамлага Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига кўра тўрт юз дийнор олтинни маҳр қилиб бердим”, деди.

Сўнгра Холид ибн Саид ибн Ос ўрнидан турди. Аллоҳга ҳамду сано ва Пайғамбарга салавот ва салом айтгач: “Аммо баъд... Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг талабларини қабул қилдим ва ваколатимдаги Абу Суфён қизи Рамлани ул зотга никоҳлаб бердим. Аллоҳ таоло Расулига аёлини баракотли қилсин. Рамлага эса Аллоҳ инъом этган бу яхшилик муборак бўлсин!”, деди.

Нажоший ўз кемаларидан иккитасини ҳозирлади. Мўминлар онаси Рамла бинт Аби Суфён, унинг қизи Ҳабиба ва бошқа мусулмонларни кемаларга миндирди. Улар билан бирга Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш, ортларида намоз ўқиш шавқида бўлган ҳабашлардан бир гуруҳини юборди. Уларнинг ҳаммаларига Жаъфар ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳуни амир этиб тайинлади. Мўминлар онаси Рамла разияллоҳу анҳога ўз хотинлари қўлида бўлган барча нафис, қимматбаҳо ва нодир атирлардан совға қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида ҳадялар берди. Мана шу ҳадялар ичида Ҳабашистоннинг ажойиб ҳассаларидан уч донаси бор эди. Бу ҳассалардан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тутдилар, қолган иккитасини Умар ибн Хаттоб билан Алий ибн Аби Толибга бердилар, Аллоҳ икковларидан рози бўлсин.

Билол разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларида олиб қолган ҳассани қўлига тутиб ул зотнинг олдиларида юрар эди. Уни масжид ва бино бўлмаган ерларда, сафарларда, икки ҳайит ва истисқо намозларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаршиларига санчиб қўяр эди. Билол разияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифалик даврида унинг олдида асони кўтариб юрди. Халифалик Умар ва Усмон разияллоҳу анҳумога ўтганда асони Саъд Қуразий кўтариб юрадиган бўлди. Бу иш халифалар орасида узоқ вақт давом этди.

Нажоший Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қимматбаҳо зеб-зийнатлар ҳам юборганди, уларнинг ичида бир тилла узук бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ундан юзларини ўгирган ҳолда олдилар ва қизлари Зайнабнинг қизи Умомага "Шуни тақиб ол, қизалоғим”, деб бериб юбордилар.

Нажоший Макка фатҳидан бир оз олдин вафот этди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноза намозини ўқиш учун саҳобалрни жамладилар ва: “Биродарингиз Асҳама Нажоший вафот этди, жаноза намозини ўқиймиз”, дедилар ва ўзлари имом бўлиб, Нажоший ҳаққига ғоибона жаноза намози ўқидилар. Ҳолбуки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажошийдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам, бирон кишига ғоибона жаноза ўқимадилар.

Аллоҳ таоло Асҳама Нажошийдан рози бўлсин, уни ҳам рози қилсин. Жойини жаннатда қилсин. Ҳақиқатда у Исломни илк қабул қилган заиф мусулмонларни қўллаб-қувватлади, хавф-хатардан омонлик берди ва у бу билан фақат Аллоҳ ва Расулининг розилигини истаганди.