Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Авлиёларнинг энг афзали

2589 марта кўрилган

Авлиёларнинг энг афзали

Аллоҳнинг энг афзал дўстлари пайғамбарлардир. Пайғамбарларнинг энг афзали расул бўлганлари, расулларнинг энг афзали улул азм-матонат эгаларидир: Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад солаватуллоҳи ва саламуҳу алайҳим ажмаийн.

Аллоҳ таоло айтади: (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат — (қонун) қилди, — «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро: 13). Яна Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан сиздан) Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик. У ростгўйлардан (қиёмат кунида) ростгўйликлари хақида сўраш учун улардан пухта аҳду паймон қилдик - Аллоҳ кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир». (Аҳзоб: 7, 8).

Улул азмларнинг энг афзали

Улул азмларнинг энг афзали — пайғамбарларнинг сўнггиси, муттақинлар имоми, Одам зурриётининг саййиди, пайғамбарлар тўпланган кунда уларга имом бўладигани, Аллоҳ ҳузурига келсалар уларнинг хутба қилувчиси, аввалгилар-у охиргилар ҳавас қиладиган «Мақоми маҳмуд», «Ҳамд байроғи», «Ҳавзи-кавсар» соҳиби, қиёмат куни халоиқнинг шафоатчиси ҳамда васила ва фазилат соҳиби бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ таоло ул зотни энг афзал китоб билан юборди, шариатини энг афзал шариат қилди, умматини одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат қилди, олдин ўтганларга сочиб берган фазилат ва яхшиликларни у кишига ва умматларига жамлаб берди. Улар охири яшаб, энг аввал тириладиган умматдир. Бу ҳақда Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ айтганлар: «Биз қиёматда ҳаммадан олдинги, дунёда эса охиргилармиз. Бироқ, уларга биздан олдин китоб берилди, бизга эса китоб улардан кейин берилди. Бу кун (яъни, жума куни) улар унда ихтилоф қилган кундир, Аллоҳ бизларни унга йўллаб қўйди. Одамлар унда бизга эргашувчидирлар; эрта (шанба) яҳудлар учун, индин (якшанба) насоролар учун». (Бухорий ривояти) Яна айтдиларки: «Мен у учун ер энг аввал ёриладиган одамман» (Бухорий ривояти). Яна айтдилар: «Жаннат эшиги олдига бориб, уни очишларини талаб қиламан. Шунда Жаннат посбони Хозин: Ким бу? — дейди. Мен: Муҳаммадман, дейман. У: Сендан олдин биронтасига очмасликка ва фақатгина сенга биринчи бўлиб очишга буюрилганман, дейди». (Муслим ривояти).

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва умматларининг фазилатлари кўп; Аллоҳ таоло ул зотни юборганидан бошлаб ул зотни Ўз дўстлари ва душманлари ўртасини ажратувчи қилди. У зотга ва У зот келтирган нарсаларга ботинан ва зоҳиран иймон келтириб эргашган одамгина Аллоҳга дўст бўла олади. Ким Аллоҳга бўлган муҳаббатни ва дўстликни даъво қилса-ю, у зотга эргашмаса, у Аллоҳнинг дўстларидан эмас, балки ким У зотга қарши бўлса, Аллоҳнинг душманларидан ва шайтоннинг дўстларидан бўлади.

Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Айтинг: Агар сизлар ҳақиқатда Аллоҳни севадиган бўлсангиз, менга эргашинглар, шунда Аллоҳ ҳам сизларни севади» (Оли Имрон: 31).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Бир тоифа одамлар Аллоҳни севамиз деб даъво қилгандилар, Аллоҳ уларни имтиҳон қилиб ушбу оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло баён қилдики, ким Расулга эргашса, Аллоҳ уни севади. Ким Аллоҳнинг муҳаббатини даъво қилса-ю, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаса, ундай кимса Аллоҳнинг дўстларидан эмас. Одамлардан кўпчилиги ўзлари ёки бошқалар ҳақида Аллоҳнинг дўстларимиз деб ўйлайдилар, ҳолбуки улар Аллоҳнинг дўстлари бўлмайдилар. Жумладан, Яҳуд ва Насоролар ўзларини Аллоҳнинг дўстларимиз, жаннатга фақат биздан бўлганлар киради, деб даъво қиладилар. Улар фақат шунга чекланиб қолмайдилар, балки ўзларини Аллоҳнинг болалари ва севимлилари, деб ҳам даъво қиладилар.

Аллоҳ таоло айтди: «Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилади, истаган кишисига азоб беради». Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг Ўзига қайтилур.» (Моида: 18). Яна Аллоҳ таоло айтди: «Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. (Яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. Айтинг (эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!» Балки, ким яхшилик қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.» (Бақара: 111, 112).

Араб мушрикларининг ўзларини Аллоҳнинг аҳлимиз деб даъвао қилишлари

Араб мушриклари ҳам Маккада яшаганлари ва Байтуллоҳга қўшни бўлганлари сабаб Аллоҳнинг аҳлимиз, деб даъво қилишар ва бу билан улар бошқаларга кибрланишарди, Аллоҳ таоло деди: (Чунки) сизларга Менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар кетингизга тисланган эдингиз. («Байтуллоҳ бизларники», деб), у билан мутакаббирлик қилган ҳолларингизда тунги суҳбатларингизда (Қуръон хусусида) беҳуда сўзлар айтар эдингизлар». (Мўминун: 66, 67).

Яна: (Эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ энг яхши макр қилувчидир. Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар. Уларнинг: «Эй Аллоҳ, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг! Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир! (Лекин агар) улар (иймонга келмасдан кишиларни) Масжид-ал-ҳаромдан тўсар эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни, Сиз ва мўминлар Маккадан чиқиб кетганингиздан сўнг уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжид-ал-ҳаромнинг) аҳли эмаслар. Унинг аҳли фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлар (Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ ва асҳоблари)дир. Лекин улар­нинг (мушрикларнинг) кўплари билмайдилар. (Анфол: 30-34).

Аллоҳ таоло мушриклар Ўзининг ҳам, Байтининг ҳам дўстлари эмаслиги, балки У Зотнинг дўстлари фақат тақво қилувчилар эканини очиқ айтди.

Саҳиҳайнда Амр ибн Осдан собит бўлган, у айтди: Расулуллоҳ алайҳиссалом сир қилмай очиқ айтганларини эшитганман: «Албатта фалончининг оиласи менга дўст эмас (яъни, қариндошларидан бир тоифаси), менинг дўстим фақат Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир». (Бухорий, Муслим). Бу Аллоҳ таолониг сўзига мувофиқдир: «Албатта Аллоҳ унинг дўстидир, Жибрил ва солиҳ мўминлар ҳам». (Таҳрим: 4).

Солиҳ мўминлар - мўминлар ичидаги ҳар бир солиҳ бўлган кишилар. Улар Аллоҳнинг дўстлари бўлган тақводор мўминлардир.

Булар жумласига Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва дарахт остида байъат берган 1400 саҳобанинг ҳаммалари дохил бўлган. Уларнинг барчаси жаннатдадир. Саҳиҳда собит бўлганки: «Дарахт остида байъат берганлардан бирортаси дўзахга кирмайди». (Муслим ривояти). Шунга ўхшаш яна бир ҳадисда айтилган: «Ким бўлмасин ва қаерда бўлмасин, тақводорлар менинг дўстларимдир». (Аҳмад ривояти).

Ислом йўлидан бошқа йўл йўқ

Кофирлар ичида Аллоҳга дўстлигини даъво қилган, бироқ Аллоҳга дўст бўлмаган, балки Унга душман бўлганлар мавжуд бўлгани каби, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатадиган, ташларида «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб гувоҳлик бериб, ул зотни барча инсонларга, балки жин ва инсга юборилган, деб тиллари билан иқрор бўладиган, ичларида эса бу даъволарининг тескарисини эътиқод қиладиган мунофиқлар бор. Улар дилларида у зотни Аллоҳнинг расули, деб иқрор бўлмайдилар, балки у одамларни ўз фикри билан бошқарган, бошқа подшоҳларга ўхшаган бир подшоҳ, деб эътиқод қиладилар. Ёки Яҳуд ва Насороларнинг кўпчилиги айтганидек: У аҳли китобларга эмас уммийларга расул бўлган, ёки у омма халққа юборилган, Аллоҳнинг хос дўстлари борки, у уларга юборилмаган ва уларнинг унга эҳтиёжлари йўқ. Балки уларнинг Аллоҳга унинг йўлидан бошқа йўллари бор; худди Хизр билан Мусонинг алоҳида йўллари бўлганидек. Ёки бу авлиёлар барча муҳтож бўлган нарсаларини Аллоҳдан бевосита оладилар ва Ундан воситачисиз фойдаланадилар. Ёки уларнинг назарида у зот зоҳирий амаллар билан юборилганлар, улар ҳам бу амалларда ул зотга мувофиқлар. Аммо ботиний ҳақиқатларни у зот олиб келмаганлар ёки у зот бу нарсаларни билмасдилар, ёки улар бу нарсаларни ул зотдан яхшироқ биладилар, ёки улар бу нарсаларни у зотдан бошқа томондан билиб олишларини даъво қиладилар.