Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ валийларининг сифатлари

2811 марта кўрилган

Аллоҳ валийларининг сифатлари

Инсонлар ичида Раҳмоннинг дўстлари ва шайтоннинг дўстлари борлиги маълум бўлган бўлса, Аллоҳ ва Расули икки тоифанинг орасини ажратиб қўйгани каби улар орасини ажратиб олиш лозим бўлади. Аллоҳнинг дўстлари: тақводор мўминлардир, бу ҳақида Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Иймон келтирган ва Аллоҳдан қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир.» деди. (Юнус: 62, 63).
Бухорий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадис қудсийда: «Аллоҳ таоло айтди: «Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен билан урушда беллашувга чиқибди [бошқа ривоятда: унга уруш эълон қилдим]. Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл амалларини қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) [Бошқа ривоятда: Мен билан эшитади, Мен билан кўради, Мен билан ушлайди ва Мен билан юради, дейилган]. Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан. Мен қилмоқчи бўлган бирор ишимда мўмин бандамнинг жонини олишимдаги каби тараддуд қилган эмасман. У ўлимни ёмон кўради, Мен унга ёмонлик етишини кариҳ кўраман. Бироқ, унга ўлимнинг етиши муқаррар». Бу валийлар ҳақида ривоят қилинган энг саҳиҳ ҳадислардан. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилдиларки: Ким Аллоҳнинг дўстига душманлик қилса, шубҳасиз у Аллоҳга қарши майдонга тушибди.

Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш

Бошқа бир ҳадисда: «Мен Ўз дўстларимнинг ўчини худди урушқоқ шер ўч олгани каби оламан». Чунки, Аллоҳнинг авлиёлари У Зотга иймон келтириб, У Зотни дўст тутганлар, У яхши кўрадиган нарсани яхши кўрганлар, У ёмон кўрадиган нарсани ёмон кўрганлар, У рози бўладиган нарсадан рози бўлганлар, У ғазабланадиган нарсадан ғазабланганлар, У буюрадиган нарсага буюриб, қайтарганидан қайтарганлар, унга берилишини севган кишига бериб ва унга берилмаслигини суйган кишидан ман қилганлар. Бу Термизий ва бошқа ровийлар ривоят қилган ҳадисда айтилганидек: «Иймоннинг энг мустаҳкам арқони: Аллоҳ йўлида муҳаббат ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш». (Бу ҳадис Термизийда эмас, балки Имом Аҳмад, Таёлисий ва Ибн Аби Шайба муснадларида ҳамда Байҳақийнинг Шуабул иймонида ривоят қилинган). Яна бошқа ҳадисда Абу Довуд ривоят қилган: «Ким Аллоҳ учун севса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, иймонни мукаммал қилибди». (Абу Довуд)

«Дўстлик» адоватнинг зиддидир. Дўстлашишнинг асл-асоси муҳаббат ва яқинликдир. «Адоват»нинг асл-асоси эса ёмон кўриш ва узоқлашишдир.

Дўст тоат-ибодатларни дўст тутгани, яъни уларга эргашгани учун дўст деб номланган ҳам дейилади. Лекин биринчи таъриф саҳиҳроқ. Валий деб яқин кишига, яъни қариндошга айтилади.

Расулуллоҳ ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ нинг қуйидаги сўзлари ўша маънода: «Фароизларни (меросда белгиланган улушларни) ўз аҳлига беринглар. Нима қолган бўлса, у энг яқин эркак кишига бўлади». Яъни, маййитга энг яқин бўлган эркак кишига қолади. Бу ерда ҳукм эркаклар учун хослигидан «эр киши» лафзи билан таъкидладилар. Унда эркак ва аёллар иштирок қилмайди. Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ закот ҳақида ҳам шу маънода айтганлар: «Икки ёшга тўлган нор туя». (Байҳақий)

Демак, Аллоҳнинг валийси У Зот севиб, рози бўладиган, У ёмон кўриб ғазаб қиладиган, уларга буюриб ва қайтарадиган нарсаларда Унга мувофиқ ва эргашувчи бўлса, Унинг бундай дўстига душманлик қилувчи У Зотга ҳам душман бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутманглар!». (Мумтаҳана: 1).

Ким Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, дарҳақиқат Аллоҳга душманлик қилибди. Кимки Аллоҳга душманлик қилган бўлса, Унга қарши уруш очибди. Шунинг учун Аллоҳ: «Ким Менинг дўстимни ҳорлаган бўлса, шубҳасиз у Менга қарши майдонга тушибди» деди.

(Давоми бор)