Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ал-Жамил исмининг маъноси

3220 марта кўрилган


Бу исм суннатун навабийяда собитдир. Имом Муслим саҳиҳларида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ» قَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنَةً، قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ»

“Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди. Бир киши деди: Киши кийимини чиройли бўлишини, пояфзалини чиройли бўлишини яхши кўради. Ул зот дедилар: "Аллоҳ чиройлидир-гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр — ҳақни қабул қилмаслик ва одамларни менсимаслик".

Бу улуғ исм Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун исмларида, сифатларида, зотида ва феълларида жамолни, гўзалликни собит эканлигига далолат қилмоқда. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жамоли тўрт даражададир: Зотнинг жамоли, сифатларнинг жамоли, феълларнинг жамоли, исмларнинг жамоли. Аллоҳ таоло исмларининг ҳаммаси гўзалдир. Унинг сифатларининг ҳаммаси камолот сифатларидир. Унинг феълларининг ҳаммаси ҳикмат, манфаат, адолат ва раҳматдир. Зотнинг жамоли ва Унинг қандайлиги уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким идрок қилмайдиган ишдир. Уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳнинг яратган махлуқотларида бу хусусда фақат Аллоҳ ўзи икром қилган, ўзи мукаррам қилган бандаларидаги, Аллоҳ ўзи танитган таърифотлар, маълумотларгина бор. Аллоҳнинг бу улкан жамоли бошқалардан сақлангандир-беркитилгандир. У ридо ва изор ситри-пардаси билан тўсилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан ҳикоя қилиб ривоят қилган ҳадисларида айтиладики: "Кибриё менинг ридойим, азамат эса изоримдир". Энди, сиз камолот васфлари билан пардаланган, буюклик ва улуғлик сифатлари билан сатр қилинган жамол ҳақида нима деб ўйлайсиз?! Мана шу маънодан Аллоҳ таоло зотининг жамолини баъзи маънолари тушунилади.

Банда Аллоҳнинг феълларини билишдан, Унинг сифатларини билиш даражасига кўтарилади. Сифатларини билиш даражасидан зотни таниш даражасига кўтарилади. Банда Аллоҳнинг феълларининг гўзаллигидан бирон нарсани кўриб, мушоҳада қиладиган бўлса, у бу нарсани Аллоҳнинг сифатларининг гўзаллигига далил қилади, сўнгра сифатларнинг гўзаллигини зотнинг гўзалигига далил қилади”. Иқтибос ниҳоясига етди.

Жаннат аҳлига бўлган марҳаматнинг тамоми ва неъматларнинг энг буюги аҳли жаннат улуғ, гўзал хожалари, Раббилари, илоҳ, яъни маъбудларини кўришларидир. Бу аҳли жаннатга бериладиган энг улкан неъмат ва улар эришадиган энг улуғ нарсадир. Аллоҳни кўриш кўзларнинг қувончи, дилларнинг хушнудлиги, қалбларнинг сурури, юзларнинг порлаши ва марҳаматларнинг энг улканидир. Саҳиҳи Муслимда Суҳайб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди, Ул зот дедилар:

«إِذَا دَخَلَ أَهْلُ الْجَنَّةِ الْجَنَّةَ، يَقُولُ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: تُرِيدُونَ شَيْئًا أَزِيدُكُمْ؟ فَيَقُولُونَ: أَلَمْ تُبَيِّضْ وُجُوهَنَا؟ أَلَمْ تُدْخِلْنَا الْجَنَّةَ، وَتُنَجِّنَا مِنَ النَّارِ؟ قَالَ: فَيَكْشِفُ الْحِجَابَ، فَمَا أُعْطُوا شَيْئًا أَحَبَّ إِلَيْهِمْ مِنَ النَّظَرِ إِلَى رَبِّهِمْ عَزَّ وَجَلَّ»

“Жаннат аҳли жаннатга кирган пайтларида Аллоҳ табарока ва таоло уларга: "Бирор нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми? - дейди. Улар айтадиларки: Бизнинг юзларимизни оқартирмадингми? Бизни жаннатга киритмадингми? Дўзахдан бизни қутқармадингми? Аллоҳ таоло шу пайт пардани кўтаради. Уларга Раббилари азза ва жаллага қарашдан кўра улар учун севиклироқ бўлган нарса берилган эмас.”

Эй Аллоҳ биз Сендан ҳеч бир қийинчилик, зарар ва фитналарсиз, улуғ юзингга қараш лазатини ва Сенга йўлиқишга бўлган шавқни сўраймиз.