Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ат-Тоййиб исмининг маъноси

3222 марта кўрилган


Бу исм Абу Ҳурайранинг ҳадисида келган. Абу Ҳурайра деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй одамлар, Аллоҳ покдир, пок нарсани қабул қилади. Аллоҳ мўминларни пайғамбарларни буюрган нарсага буюрди ва деди: “يَاأَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ” “Эй элчилар-пайғамбарлар, пок нарсалардан енглар ва солиҳ амалларни қилинглар. Мен сизлар қилаётган нарсаларни билувчиман”. Ва Аллоҳ таоло деди: “يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ” “Эй иймон келтирганлар, биз сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”. Сўнгра ул зот бир кишини зикр қилдилар. У узоқ сафарларда юради, сочлари тўзғиб, уст-бошлари чанг бўлади, қўлларини осмонга кўтариб: Эй Роб, Эй Роб деб дуо қилади, ҳолбуки унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан ғизоланган. Қандай ҳам унинг дуоси ижобат бўлсин?!” Имом Муслим ривоятлари.

Тоййибнинг маъноси: Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан пок ва муқаддасдир. Чунки, тоййибнинг асли поклик, кирлик ва нажосатдан саломат деганидир. Аллоҳ жалла ва ала зотида ҳам, сифатларида ҳам комил бўлган ва доимо комилдир. Унинг феъллари ва сўзлари унинг камолотидан содир бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло комил бўлди ва камолотга лойиқ ишни қилди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва олий сифатлари Аллоҳ таолонинг қилаётган ва қилмаётган, айтаётган ва айтмаётган нарсаларига далолат қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг камолоти ва улуғлигининг лозимига кўра сўз айтади ва иш қилади. У буларга зид бўлган нарсани қилмайди ва сўзни айтмайди. У покдир, Унинг феъллари ҳам покдир. Сифатлари сифатларнинг энг покидир. Исмлари исмларнинг энг покизасидир. Унинг исми Тоййибдир. Ундан фақат тоййиб, яъни пок нарсагина содир бўлади. Унга фақат пок нарсагина кўтарилади. Унга фақат пок нарсагина яқин бўлади. Унинг сўзлари покдир, Унга пок сўзлар кўтарилади. Унинг феъли-қиладиган иши покдир. Пок ишлар Унинг ҳузурига кўтарилади. Пок нарсаларнинг ҳаммаси Унингдир ва Унга изофа қилингандир ва Ундан содир бўлади ва уларнинг мунтаҳоси ҳам Аллоҳ таологадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисдаги “Аллоҳ таоло покдир, фақат пок нарсани қабул қилади”, деган сўзлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сўздан ва амаллардан фақат поклик билан сифатланганинигина қабул қилишига далолат қилмоқда. Бу эса барча амаллар ва сўзларга боғлиқдир. Мўмин одам фақат солиҳ амални қилади, фақат пок-яхши сўзни гапиради. У ҳалолу покдан касб қилади, ҳалолу покдан инфоқ-эҳсон қилади.

Амаллар, сўзлар ва эътиқодлар поклик билан сифатланади. Буларнинг ҳаммаси пок ва нопокка тақсимланади. Аллоҳ таоло айтганидек: “قُلْ لَا يَسْتَوِي الْخَبِيثُ وَالطَّيِّبُ وَلَوْ أَعْجَبَكَ كَثْرَةُ الْخَبِيثِ” “Айтинг эй пайғамбар: "Пок билан нопок тенг бўлмайди, гарчи сизни нопокликнинг кўплиги ажаблантирган бўлсада”. Ислом динининг ҳаммаси ақидаларида, аҳкомларида ва одобларида пок бўлган диндир. Бу диннинг ақидалари; Аллоҳга, фаришталарига, Унинг китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қазою қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтириш бўлиб, бу соғлом ақидалар билан қалблар таскин топади ва қалблар хотиржам бўлади ва бу ақидалар ўзининг эътиқод қилувчисини ва ўзини мустаҳкам ушловчи кишини ғояларнинг энг олийси ва матлабларнинг энг улуғига еткизади. Бу диннинг аҳкомлари, одоблари аҳкомларнинг энг покизаси, одобларнинг энг гўзалидир. Дин, дунё ва охиратнинг салоҳияти мана шу аҳкому одоблар биландир. Қачонки бу одобу аҳкомлардан маҳрум бўлинадиган бўлса, салоҳиятнинг ҳаммаси қўлдан кетади. Мўмин одам бу дунёда ақидаларида, амалларида ва сўзларида пок бўлгани учун Аллоҳ таоло уни охират ҳовлисида унга фақатгина покларгина кирадиган покларнинг ҳовлисига кириш билан мукаррам қилди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди:

 “وَسِيقَ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ زُمَرًا حَتَّى إِذَا جَاءُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا سَلَامٌ عَلَيْكُمْ طِبْتُمْ فَادْخُلُوهَا خَالِدِينَ”

“Раббиларидан тақво қилган кишиларни жаннатга тўп-тўп қилиб жаннатга олиб келинди, токи улар жаннатга келган пайтларида ва жаннат эшиклари очилганда уларга жаннат посбонлари сизларга салом бўлсин, жаннатга пок бўлганларингиз сабабли абадий қолувчи бўлиб киринглар дейдилар”.

Эй Аллоҳ бизларни ҳам уларга қиёмат кунида жаннатга киринглар, сизларга қўрқинч йўқ ва сизлар хафа ҳам бўлмайсизлар деб айтиладиган тоййиб бандаларинг жумласидан қилгин.