Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

7- Дарс/Аёлларни маҳрамсиз сафар қилишдан қайтариш ҳақида

3536 марта кўрилган


“باب نهي النساء عن السفر بدون محرم”

Мусанниф дедилар Аёлларни маҳрамсиз сафар қилишдан қайтариш ҳақидаги боб.

“عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لاَ تُسَافِرِ المَرْأَةُ إِلَّا مَعَ ذِي مَحْرَمٍ، وَلاَ يَدْخُلُ عَلَيْهَا رَجُلٌ إِلَّا وَمَعَهَا مَحْرَمٌ»، فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أَخْرُجَ فِي جَيْشِ كَذَا وَكَذَا، وَامْرَأَتِي تُرِيدُ الحَجَّ، فَقَالَ: «اخْرُجْ مَعَهَا»

Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу таоло анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёл киши фақат маҳрами билан сафар қилсин. Бегона эркак аёл кишининг ҳузурига фақат у билан маҳрами борлигидагина кирсин". Бир киши дедики: Эй Расулуллоҳ, мен фалон қўшин билан жангга чиқмоқчи эдим, аёлим эса ҳаж қилмоқчи. Шунда ул зот дедиларки: "Аёлинг билан бирга чиққин”.

Аёлнинг маҳрами — унга никоҳи абадулабадга ҳаром бўлган эркакдир. Бу ҳадис аёл кишининг кўчага чиқишдаги қоидалар ҳақидаги ҳадисларнинг тўртинчисидир.

Аёл кишининг чиқиши сафар учун бўладиган бўлса, аввалда ўтган қоидаларга қўшимча ўлароқ, тўртинчи қоида ҳам қўшиладики, маҳрамнинг бўлиши. Чунки, ор-номусларни сақлаш Ислом шариати жуда ҳам қаттиқ аҳамият берган ишлардандир. Шу нуқтаи назардан ушбу ҳадис айтилди ва аёл кишини маҳрамсиз сафар қилишдан қайтарилди.

Аёл кишининг маҳрами отаси, акаси, ўғли ёки бошқа маҳрамлари ёки эри. Одам кўпинча сафарда ҳар хил ҳолатларга ва тез ёрдамларга муҳтож бўлиб қолади. Мана шундай ҳолатларда аёлларни муҳофаза қиладиган, уларни сақлайдиган, уларни ҳимоя қиладиган одам унинг маҳрамидир. Маҳрами ёки эри. Эри ҳам маҳрамлардан ҳисобланади албатта. Шунинг учун ҳам Ислом аёл киши сафар қиладиган бўлса маҳрами билан сафар қилишини шарт қилиб қўйди. Агар маҳрам топилмайдиган бўлса, (маҳрами йўқ бўладиган бўлса,) аёл кишининг сафар қилиши мумкин бўлмайди. Имом Нававий – раҳимаҳуллоҳ –  маҳрамнинг баёнида айтадиларки: "Маҳрам — доимий, абадулабадга никоҳи ҳаром бўлган одамдир". Яъни, биз абадулабадга деяпмиз, дейдилар. Бу билан биз аёлнинг опаси яъни хотинининг опаси, аммаси, ҳоласи ва шунга ўхшаган аёллардан эҳтироз қилиб айтяпмиз. Демак, булар доимий абадулабадга маҳрам бўлмаганлиги учун аёлнинг эри билан ана шу аёлнинг опаси, ёки аммаси ё холаси ана шу аёлнинг эри билан бирга сафар қилиши мумкин эмас. Бизда бир гап бор: "Бу вақтинчалик маҳрам". Маҳрамнинг вақтинчалиги бўлмайди. Маҳрам дегани уни олдида кўриниш, очиниш, яъни бемалол юриш мумкин бўлган одамларни айтилади. Аммо мазкур аёллар бу аёл вафот қилиши билан бу одамга (бу эркакка) ҳалол бўлиб қолади. Маҳрам дегани абадулабадга ҳалол бўлмаслиги керак. (Яъни) доимий ҳаром бўлиши керак. Масалан, бир одам бир аёлга уйланди унинг онаси ҳам, қизи ҳам унга абадулабадга ҳаром бўлади, гарчи бу одам бу аёлни талоқ қилиб юборса ҳам, бу аёл ўлиб кетса ҳам. Унинг онаси ва қизи абадулабадга бу одамга маҳрам бўлиб қолади. Бу одам уларга маҳрам бўлади.

Шу ерда бир савол туғилади: Маҳрам шарт қилинадиган сафарни қандай белгилаймиз? Қанча масофада бўлиши керак?

Юқорида айтиб ўтган ҳадисимизда лафз мутлақ келди, "сафар қилмасин" дейилди. Буни бирор бир масофага, бошқага чекланмади. Яъни, маҳрамсиз сафар қилмасин. Энди бошқа бир қанча саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлганки, гоҳиларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки аёл киши 2 кунлик йўлга сафар қилмасин деганлар. Бошқа бирида 1 кеча кундузга деганлар. Яна бир ҳадисда 3 кунлик деганлар. Яна бир ҳадисда 1 кунлик деганлар. Бошқа бир ҳадисда 3 кундан ортиқ деганлар. Яна бир ҳадисда ярим кунлик деганлар.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Уламолар дедилар: Бу лафзларнинг ихтилофли келиши, ҳар хил айтилиши сўровчиларнинг ва жойларнинг ихтилофларига, турли-туман бўлишига қарабдир.

3 кунлик масофага аёл киши сафар қилмасин дейишликдан 1 кун ёки ярим кунликка мумкин дегани келиб чиқмайди. Имом Байҳайқий айтадиларки: Гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 3 кунга аёл киши маҳрамсиз сафар қилса бўладими деб сўралганда, "Йўқ" деганлар, 2 кунгачи деб сўралганда ҳам "Йўқ" деганлар, 1 кунгачи деб сўралганда ҳам "Йўқ" деганлар, ярим кунликка ҳам "Йўқ" деганлар. Яъни, бу сўровчиларнинг ҳар бири ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эшитган ровийларнинг ҳар бири ўзи эшитган нарсани айтган. Мен шу нарсани эшитдим деб.

Гоҳи ровийлардан (муайян ровийдан) ихтилофли келган. Биттасида у хил, биттасида бу хил. У ҳар хил жойда эшитган бўлиши мумкин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу саволларни ва гоҳида унисини, гоҳида бунисини ривоят қилган.

Гоҳида 2 кун деган, гоҳида 1 кун деган, гоҳида 3 кун. Буларнинг ҳаммаси саҳиҳ. Буларда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу айтган сўзларида яъни сафар дегани фалонча кунлик бўлса, фалон масофа бўлса деб энг оз муддатини белгилаш йўқ. Белгилаб берган эмаслар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан нима нарсани сафар деб исмланади? Энг оз муддати қайси? деган нарсани ҳам чекламаганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қайси сафарни сафар деб исмланса, (фалон жойга бориш сафар, дейилса) ўша юртнинг урфида сафар. Модомики сафар деб исмланадиган бўлса аёл киши эрисиз ёки маҳрамисиз ўша ерга сафар қилишдан қайтарилади. 3 кун бўладими, 2 кун бўладими 1 кунликми ёки ярим кунлик йўл бўладими ундан бошқами сафар дейилдими тамом.

Чунки Ибн Аббоснинг ривояти мутлақ келган. Яъни, аёл киши фақат маҳрам билан сафар қилсин. Маҳрамсиз сафар қилмасин дейилган. Бу сафар деб исмланадиган ҳамма нарсани ўз ичига олади. Валлоҳу аълам. Имом Нававийнинг ва Байҳақийнинг сўзларини нақли эди бу. Нақл шу ерда тугади.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ таоло айтадиларки: Аксар уламолар мана шу бобда яъни тақйидлар (чеклашлар) 1 кун, 2 кун, 3 кун деган чеклашлар ихтилофли бўлганлиги учун мутлаққа амал қилганлар. Яъни, Ибн Аббоснинг ҳадиси мутлақ келди. Яъни, аёл киши маҳрамсиз сафар қилмасин, деди. Шунга амал қилган демоқдалар.

Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ сафарни чегаралаш ҳақида узун гап гапирганларидан кейин, демак, деб ҳулоса қиляптилар: Қай бир исмики унинг на луғатда, на шариатда чегараси бўлмаса бундаги маржиъ урфга қайтади. Яъни, урф бу ерда асос бўлади, урф буни чегаралаб беради. Одамларнинг урфида қайси нарсага сафар дейилса ана шу сафардир. Мана шу сафарга шореъ ҳукмни боғлаб қўйган. Яъни, масалан, гоҳи юртларда 30 км жойга бориш сафар деб эътибор қилиниши мумкин. Ҳа, фалончи сафарга кетди. Қаерга? Фалон жойга. Қарасангиз 30 кмли жой, улар ўшани сафар дейдилар. Демак, бу сафар. Мана шу 30кмми... буни мисол учун айтяпмиз. Шу ерга аёл киши маҳрамсиз бориши керак эмас. Гоҳи жойларда 50 км, 60 км сафар ҳисобланмайди, уларда бу нарса оддий. Демак, сафар эмас. Яъни, уламолар албатта сафар деб 85, 90 кмни чегаралашган. 85, 90 км экан деб шунга чекланиб қолинмайди, лекин ўша фалон юртда ундан кўра озроғига сафар дейилаётган бўлса, ўша озроғига сафар дейилаверади. Валлоҳу аълам.

Аёлнинг қиладиган сафарлари учга бўлиниши мумкин:

Биринчиси: Фарз сафар яъни у сафарни қилиши фарз;

Иккинчиси: Фарз бўлмаган сафар;

Учинчиси: Зарурат сафар.

Фарз бўлган сафар қайси бўлиши мумкин? Бу Ҳаж ёки гоҳи уламолар умрани ҳам фарз дейишади. Буларнинг қавлига кўра умра қилиш учун сафар қилиш. Бу каби фарз бўлган сафарда маҳрам лозимми ёки лозим эмасми? Яъни, шартми, шарт эмасми? Уламолар бу хусусда бир неча қавлларни айтганлар. Баъзи аҳли илмлар аёл кишининг қодир бўлиши, яъни ҳажга боришга қодир бўлиши маҳрамнинг мавжуд бўлишлиги, маҳрам бўлса қодир бўлади, бўлмаса қодир бўлмайди деганлар.

Бунга кўра, агар у аёлнинг маҳрами бўлмайдиган бўлса, бу аёлга ҳаж фарз бўлмайди. Бу сўзни Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаий, Абу Ҳанифа ва асҳоблари, Имом Аҳмад, Исҳоқ ва Абу Саврлар айтганлар. Имом Аҳмаддан ва Имом Шофеийдан аёл киши маҳрами билан (эри билан) сафарга чиқсин яъни фарз ҳаж сафарига, агар бўлмаса улар билан тинч-омон бориб келадиган аёллар (жамоаси) ҳамроҳлигида чиқса ҳам бўлади, деганлар. Гоҳи уламолар маҳрам ҳажни адо қилишда бирга бўлиши керак дейишган холос. Лекин, у аёлга ҳажнинг фарз бўлишида маҳрам шарт эмас деганлар. Бу сўз билан аввалги сўзнинг ўртасидаги фарқ аввалги сўзда агар маҳрам бўлмаса у қодирмас ҳисобланади деган ҳолатда бу аёлдан ҳаж соқит бўлиб тураверади. Аммо иккинчи ҳолатда яъни у аёлга ҳаж фарз, яъни умумий суратда ким қодир бўлса йўлига, сафарга қодир бўлса унга ҳаж фарз бўлади деб айтилган оятга кўра фарз, лекин бу сафарга чиққанда маҳрам бўлиши керак деган уламоларнинг сўзига кўра бу аёлдан ҳаж фарзлиги соқит бўлмайди. Агар (ўзи сафар қилиши учун) маҳрам топа олмайдиган бўлса бирорта одамни вакил қилиб ҳажга юбориши керак бўлади. Ўртадаги фарқ шу. Бу хусусда уламоларнинг ихтилофлари кучли бўлганлиги учун биз у ёки бу қавлни рожиҳ қилишга, кучли санашга ҳаққимиз йўқ. Эҳтиёт бобидан аёл киши маҳрами билан сафар қилгани яхши. Чунки, замон фитна замони. Ҳар хил ҳолатлар бўлиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бобини олган яхши. Валлоҳу аълам.

Иккинчи сафар фарз бўлмаган сафар. Тижоратга, зиёратга ёки нафл ҳаж, умраларга бориш ёки саёҳатга бориш сафарлари. Жумҳур аҳли илм бундай сафарларда аёл киши билан албатта маҳрамнинг бўлиши фарз эканлигини айтганлар.

Бу далилга ҳам мувофиқдир. Мазкур айтилаётган уламоларнинг ушбу сўзлари бу аёлни мусулмонлар диёрининг ичида сафар қилишига тааллуқли эди. Энди гоҳи аёллар борки, ўзи ёлғиз кофирларнинг юртига сафар қилади. Бу сафардан мақсад, илмий унвон олиш, тибда бўлсин, ҳандасада бўлсин, бошқа шунга ўхшаган илмларда илмий даража олиш учун сафар қилади. Ёки гоҳи масалаларни баҳс қилиш учун, мунозара қилиш учун, ўрганиш учун қонференсияларга сафар қилади.

Бу ҳам бир нави, гоҳи аёллар ўзи ёлғиз, шариат ман қилган гоҳи спорт ўйинларида иштирок қилиш учун сафар қилади. Уларга нима дейиш мумкин? Албатта уларнинг бу сафарлари мумкин эмас. Жоиз бўлган мазкур нарсаларнинг гоҳилари жоиз, гоҳилари жоиз эмас. Шулардан жоиз бўлганларига агар аёл киши сафар қилмоқчи бўлса, албатта у билан бирга маҳрами бўлиши лозим.

 Аёл киши қилиши мумкин бўлган сафарнинг учинчиси зарурат сафари. Бунга мисол бир кофир аёл куфр диёрида Исломни қабул қилди, энди у мусулмонлар юртига, мусулмонлар диёрига бормоқчи. Ёки бир муслима асира бор эди, (ҳисбдаги аёл бор эди,) асирлигидан қутилиб қолди. Шу аёл ёлғиз ўзи сафар қилиши мумкин. Ё бўлмасам бир аёлики бирон сабабга кўра ҳамроҳларидан ажраб қолган бу аёл ҳам ёлғиз ўзи сафар қилиши мумкин. Ёки мана шундай ҳолатда, зарурат ҳолатида у аёлнинг маҳрами топилмайдиган бўлса, биронта бир ишончли эркак билан сафар қилиши мумкин бўлади. Энди бу ишончли эркак мусулмон бўлсин, кофир бўлсин. Гоҳида кофирлардан ҳам шундай бир ғайратли эркаклар бўладики, аёлларни ҳурмат қилиб унинг обрў, ор-номусини сақлаб манзилига етказиб қўяди. Мўмин, мусулмон киши бўлса яна яхши. Бу икки ҳолат ҳам яъни мўмин билан бўлса ҳам кофир билан бўлса ҳам ёлғиз қолган аёлнинг сафар қилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида рўй берган.

Биринчи ҳолат: Умму Салама розияллоҳу анҳо Маккадан Мадинага ҳижрат қилган пайтларида. У пайтда Макка куфр диёри эди, Мадина Ислом диёри эди. У билан маҳрами бўлмаган. Бир ишончли кофир одам, мушрик одам Умму Саламани ўз ихтиёри билан Мадинага етказиб қўйишликни хоҳлаган ва Мадинагача олиб келиб қўйган. Бунга ўхшаган қисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларининг битталарининг сафарларида ҳам бўлган.

Иккинчи ҳолат: Ҳамроҳларидан ажралиб қолган аёл. Бу Бану Мусталиқ ғазотида бўлганди. Оиша онамиз ҳожатлари учун чиқиб кетган пайтларида мусулмонлар Оиша онамиз ҳавдажларининг ичида деб ўйлаб, ҳавдажларини туянинг устига ўрнатиб йўлга чиқиб, кетиб қолишган. Оиша онамиз қайтиб келганида ҳамма кетиб бўлган, ҳеч ким йўқ. Ўша жойда кутиб ўтирганларида орқадан кузатиб келадиган Савбон ибн Муаттил розияллоҳу анҳу келиб қолган ва Оиша онамизни ўша ерда ўтирганларини топиб, туясига миндириб то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуригача етказиб қўйган.

Демак, мана шу ҳолатларда, — бу ҳолатлар зарурат ҳолатлар дейилади — аёл киши маҳрамсиз ҳам сафар қилиши мумкин экан. Мана ҳижрат ҳолати дедик. Мусулмонларга зулм бўлиб турган юртда эр чиқиб кетган бўлса, аёл фарзандлари билан ёки ёлғиз ўзи қолган бўлса, эр уни қайтиб келиб олиб кетишга имкони бўлмайдиган бўлса, бу аёл то эрининг олдига етиб олгунигача агар маҳрам топа олмайдиган бўлса, маҳрамсиз сафар қилиши мумкин экан.

Бугунги дарсимиздан ва мазкур ҳадисдан олинадиган фойдалар қуйидачига:

Биринчи: Аёл киши маҳрамсиз сафар қилиши мумкин эмас.

Иккинчи: Ислом ор-номусларни муҳофаза қилишга қаттиқ аҳамият берган, ҳарис бўлган.

Учинчи: Агар аёл киши сафар қилиши лозим бўлса, маҳрами у билан сафар қилиши керак. Уни ёлғиз ўзи сафар қилишига қўймаслиги керак, агар унинг имконияти бўладиган бўлса. Имконияти бўла туриб уни ташлаб қўйишлиги мумкин эмас.

Тўртинчи: Эр аёлини фарз ҳаж амалини бажаришдан ман қилиши мумкин эмас.

Бешинчи: Ҳузурларида маҳрамлари бўлмаган аёлларнинг ёнига номаҳрам эркакларнинг киришлари мумкин эмас.

Олтинчи: Ҳаж сафарида эр аёлига ҳамроҳ бўлиши керак. Агар уни бу нарсадан тўсадиган бирор ҳолат бўлмайдиган бўлса ва эридан бошқа бу аёлнинг маҳрами бўлмаса, у ўзи бирга сафар қилиши керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги одамга: "Аёлинг билан бирга чиқ" дедилар.

Ўтган еттита бобимиздан охирги тўртта бобда аёл киши кўчага чиқмоқчи бўлган пайтда у амал қилиши лозим бўлган қонун-қоидалар ҳақида сўз кетди. Бу қоидалар тўртта экан.

 Биринчиси: Аёл киши уйдан чиқмоқчи бўлса, эрдан рухсат сўраши керак.

Иккинчиси: Хушбўйланмасдан чиқиши керак. Хушбўйланган бўлса бу хушбўйларни ювиб, ҳидларини кетказиб чиқиши керак.

Учинчиси: Уйдан чиқадиган пайтда зийнатларни яшириб, ҳижобланиб чиқиши керак.

Тўртинчиси: Агар чиқишдан мақсад бирор жойга сафар қиладиган бўлса маҳрамининг бирга бўлиши шарт экан.


Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу дарсларимизни манфаатли қилишини, муслима опа-сингилларимизни иффатли, ҳаёли, ҳижобли, эрларига итоатли бундан олдин эса Раббилари ва Пайғамбарларига итоатли аёллардан бўлишлигини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб қоламиз.