Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломни бузадиган амалларнинг шарҳи /10 (Тўлдирилган нусха)

2945 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг ўнинчиси

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўнинчиси Аллоҳнинг динини ўрганмасдан, унга амал қилмасдан ундан юз ўгириш. Бунга далил Аллоҳ таолонинг: “Ўз Раббининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз”. Сажда: 22 – деган сўзидир”.

Кишини ислом динидан чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланмиш юз ўгириш деганда – дин тафсилотларини билмаса ҳам, бироқ унинг мусулмон бўлишига сабаб бўладиган дин асосларини ўрганишдан юз ўгириши назарда тутилади. Чунки, дин тафсилотларини аксар ҳолатда, фақат олимлар ва толиби илмларгина биладилар.

Аллома, шайх Абдуллатиф Ибн Абдурраҳмон Ибн Ҳасанга: Диндан чиқариб юборадиган юз ўгириш нима? - деб, савол берилганида, у киши шундай деб жавоб берганлар:

“Одатда одамларнинг ҳолатлари ўзаро бир-бирларидан катта фарқ қилади. Бордию иймоннинг асли мавжуд бўлса, уларнинг иймон даражаларига қараб одамлар ҳам ўзаро тафовутли бўладилар.  Агар унда исломга киришига сабаб бўлган иймоннинг асли бўлмаса ва диндан бутунлай юз ўгирган бўлса, у ҳолда бу куфр - юз ўгириш куфридир. Ушбу ояти карималар шу ҳақда:

“Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф: 179)

“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз” (Тоҳа: 124).

Шайх, аллома Сулаймон Ибн Саҳмон шундай дейди: “Шайхнинг гапларидан шу нарса равшан бўладики, инсон ўзининг исломга киришига сабаб бўладиган иймон асосларини ўрганишдан бош тортсагина кофир бўлади, вожиб ёки мустаҳаб амалларни тарк қилгани учун эмас”.

Аллома Ибнул Қаййим “Мадориж ал-соликин”китобида шундай дейди: “Кишини диндан чиқарадиган катта куфр беш турлидир ...  

Юз ўгириш куфри бўлса – киши бутун борлиғи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юз ўгирмоғи: у зотни тасдиқламаслиги, ёлғончи ҳам демаслиги, дўст ҳам тутмаслиги, душман ҳам деб билмаслиги ва у зот келтирган динга бутунлай эътибор бермаслигидир”. (Иқтибос тугади).

Диндан юз ўгиришнинг юқорида ўтган маъносидан сизга бугунги кунда ва қадимда қабрга сиғиниб юрган кўп кишиларнинг ҳукми равшан бўлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан тамоман юз ўгирганлар. Улар на насиҳатчининг насиҳатига ва на даъватчининг даъватига қулоқ соладилар. Бундай кимсалар юз ўгирганлари учун кофир бўладилар. Аллоҳ таоло шундай деган: “Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни Охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар)” (Аҳқоф: 23).

“Бундай кимсалар жоҳилдирлар, шу сабаб кофир бўлмайдилар”, – деб айтилмайди. Чунки, билмаган одамга қилган хатоси тушунтирилса, у ҳаққа эргашиб, қилган хатосидан қайтади. Улар эса ўша қабрларга ибодат қилмоқликка қаттиқ ёпишиб олганлар, на Аллоҳнинг каломига ва на Расулининг суннатига қулоқ соладилар. Насиҳатгўйларни эса насиҳат қилишларига қаттиқ тўсқинлик қиладилар. Бу ҳам етмаганидек, қилаётган ботил ва нотўғри ишларини инкор қилган кишига озор беришга ҳаракат қиладилар. Ундай кимсаларга ҳақ аллақачон ёришган ва уларнинг қайсарликдан бошқа узрлари йўқ: “Ўз Раббининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз”.  (Сажда: 22)

Ҳазил, жиддийлик, қўрқув ва мажбурланиш ҳолатидаги кишиларнинг ҳукми
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ бу ўнта амални айтиб бўлгач, шундай дейди: “Бу ўн амалнинг барчасида ҳазил, жиддийлик ва қўрқув  ҳолатидаги кишилар орасида ҳеч қандай фарқ бўлмай, ёлғиз мажбурланиш ҳолатидаги кимса бундан мустаснодир”.  (Бу ўриндаги қўрқувдан мақсад мол-дунё ёки обрў-эътибор кетишидан қўрқишдир.)

Мажбурланиш ҳолатидаги кишининг узри мақбул эканига далил ушбу оятдир: “Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир”. (Наҳл: 106)

Инсон бирон бир сўзни сўзлаш, ёки бирон бир ҳатти-ҳаракатни бажаришга мажбурланиши мумкин. Айрим уламолар мажбурланиш ҳатти-ҳаракат бажаришда бўлмайди дейишган. Бироқ бу фикр нотўғри,  чунки, бу фикр юқоридаги бу хусусдаги оят зоҳирига тескаридир.

Шундан сўнг муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу амалларнинг барчаси энг хатарли ва айни пайтда энг кўп содир этиладиган амаллардир”.

Хотима

Биз бу шарҳимизни муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг “Кашф ал-шубуҳот” китобидаги сўзлари билан якунлаймиз. Зеро, у жуда ҳам маъноли гап бўлиб, олдинда ўтган маълумотларни баён қилиб, чигалликларни кетказади. Чунки, кўпчилик одамлар ўз динларини ўрганишга бепарволиги ва Аллоҳ таоло уларнинг зиммасига юклаган фарзларни билмагани туфайли турли шубҳа ва чигалликларга кириб қолганлар.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

“Шак-шубҳасиз, тавҳид ҳам қалб билан, ҳам тил билан, ҳам амал билан бўлиши керак. Агар шуларнинг бирортаси бўлмаса киши мусулмон бўлмайди.

Агар тавҳидни билиб унга амал қилмаса, у ҳолда Фиръавн, Иблис ва улар иккисига ўхшаш кимсалар каби қайсар кофир бўлади. Шу ўринда кўпчилик хатога йўл қўйиб, шундай дейдилар: “Бу ҳақ. Биз буни тушуниб турибмиз ва унинг ҳақ эканлигига гувоҳлик ҳам берамиз. Лекин бизда буни қилишга имкон йўқ. Чунки, бизнинг диёрларда одамларни қилганини қилмаслик мумкин эмас...”. Одамлар бу ва бундан бошқа баҳоналарни айтадилар. Бу бечоралар билишмайдики, кофирларнинг энг катта пешволари ҳам ҳақни билишган ва қандайдир бир баҳоналар туфайли уни тарк қилишган эдилар: “Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг йўлидан (яъни динидан) тўсдилар”, (Тавба: 9)  “Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) Уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар)”. (Бақара: 146)

Агар киши тавҳидга зоҳирда амал қилса-ю, бироқ уни тушунмаса, ёки эътиқод қилмаса, у ҳолда мунофиқ бўлади. Мунофиқ очиқ кофирдан ҳам баттар: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида бўлурлар”. (Нисо: 145)

Бу масала катта ва узун бир масала бўлиб, одамларнинг оғзидан чиққан сўзларни чуқур мушоҳада қилган кишига мазкур масала янада равшан бўлади. Баъзи бир инсонлар ҳақни била туриб, мол-дунёси ёки обрўсига путур етишидан қўрқиб, ёки кимгадир муроса қилиб ҳақни тарк қилганига гувоҳ бўласиз. Баъзи инсонларни фақат зоҳирда ҳаққа амал қилганини кўрасизу, борди-ю қалбидаги эътиқоди ҳақида сўриштирсангиз унинг ҳеч нарсани билмаслигига гувоҳ бўласиз.

Бироқ, биз Аллоҳнинг китобидаги ушбу икки оятни чуқур англаб етмоғимиз керак:

Биринчиси: “Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз”. (Тавба: 66)

Мазкур оятдан маълум бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Румга қарши жанг қилган айрим саҳобалар ҳазил-мутойиба тарзида сўзлаган биргина сўзлари туфайли кофир бўлдилар. Демак, мол-дунёси, обрў-эътибори ёки бирон кимсага муроса қилиш учун куфр сўзни сўзлаган ёки куфрга амал қилган киши, ҳазил-мутойиба қилиб биргина куфр сўзни сўзлаган кишидан аҳволи оғирроқдир.

Иккинчиси: “Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир. Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал билганларидир”. (Наҳл: 106, 107)

Буларнинг ичида Аллоҳ таоло мажбур қилинган, ҳолбуки қалбида иймон собит бўлган кишининг узринигина қабул қилди. Бундан бошқалар эса иймон келтиргач яна куфрга қайтган бўлади. Бу куфр амалларини молу дунёсидан қўрқиб қиладими ёки бирор нарсани умид қилиб қиладими ёки муроса учун қиладими ёки ватани, қариндошлари, оиласи ёки мол-давлатидан ажраб қолмаслик учун қиладими ёки мазах қилиб қиладими буни фарқи йўқ. Фақат мажбур қилинган киши бундан мустаснодир. Бунга ояти карима икки жиҳатдан далил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг: “Лекин ким мажбур қилинса” – деган сўзи. Аллоҳ таоло фақат мажбур қилинган кишинигина мустасно қилди. Маълумки, инсон ё бир сўзни айтишга, ё бир ишни қилишга мажбур қилиниши мумкин. Қалбдаги эътиқодга эса бирор кишини мажбур қилиб бўлмайди.

Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг: “Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал билганларидир”, – деган сўзи. Бу оятда очиқ баён қилинишича, бу куфр ва азоб – ботил эътиқод, жаҳолат, динни ёмон кўриш ёки куфрни севиш туфайли эмас, балки бунинг сабаби уларда дунёвий бир мақсад бўлиб, бу мақсадни диндан афзал кўрганликларидир. Аллоҳу Аълам!”.