Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломни бузадиган амалларнинг шарҳи /6

3682 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг олтинчиси

“Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динидан (нима бўлишидан қатъий назар) бирор нарсани, савоб ёки жазосини масхара қилса кофир бўлади. Бунга далил ушбу оятдир: “Айтинг: “Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?” Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз”. (Тавба: 65,66)

     Диндаги бирор нарсани масхара қилиш — гарчи чинакам масхара қилиш мақсади бўлмай, балки ҳазил-мутойиба қилган бўлса ҳам, бутун мусулмонлар иттифоқи ила кофирликдир.

    Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Табук ғазотида бир киши бир йиғинда шундай деди: “Биз бу қориларимиздек  еб тўймас, ёлғончи ҳамда жангда қўрқоқ кишиларни кўрмадик[1]”. Шунда йиғинда ўтирганлардан бири: “Бекор гап! Сен ўзинг мунофиқсан! Мен бу гапингни албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, – деди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди ва бу тўғрида Қуръон нозил бўлди. Абдуллоҳ шундай дейди: “Мен уни оёқлари ерга судралиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларининг биқинига боғланган ипга осилиб: “Эй Расулуллоҳ! Биз шунчаки ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушлик қилиб гапирган эдик”, - деганини кўрдим”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга: “Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг Пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?! ” – дер эдилар”. Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим ҳамда Абу Шайхларнинг ривояти.

    Мунофиқларнинг: “Биз шунчаки ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушлик қилиб гапирган эдик”,- деган сўзларидан мақсад, бошқа ривоятларда келганидек: “Бизнинг асл мақсадимиз сизнинг устингиздан кулиш эмас. Аксинча, мақсадимиз йўл қийинчиликларини эсдан чиқариш учун ўйин-кулги қилиш эди”, – демакдир. Шундай бўлишига қарамай Аллоҳ таоло уларни кофирга чиқарди. Чунки, бу масалада ўйин-кулги бўлмайди. Улар олдин мўмин бўлишларига қарамасдан шу гапнинг ўзи билан кофир бўлдилар.

    “Улар тиллари ила иймон келтирганларидан кейин кофир бўлдилар. Аслида улар қалбларида олдиндан кофир бўлиб бўлган эдилар”, – деган кишиларга жавобан шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Қалб кофир бўла туриб, тил билан иймон келтиришнинг ўзи куфрдир. Унақа ҳолатда “Иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз”, – дейилмайди. Негаки улар воқеликда бу сўз айтилишидан олдин ҳам кофир бўлиб давом этаётган эдилар”.

    Кимда ким шаръий илмлар ёки шариат олимларини шариатга алоқадор кишилар бўлгани учун мазах қилиш, Аллоҳнинг савоби ёки жазосини, амру-маъруф ва наҳий-мункар қилганларни шу ишларга мутасадди бўлгани учун устидан кулиш, фарз ёки нафл бўлишидан қатъий назар намозни мазах қилиш, ёки намозхон кишиларни намоз ўқиганлари боис масхара қилиш, ёхуд узун соқолли кишини соқолини узун қўйгани туфайли, ё бўлмаса судхўрликни тарк қилган кишини шу ишни ташлагани учун мазах қилиш сингари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган диндан бирон нарсани масхара қилса, бундай одам кофирдир.

    Динни масхара қилиш мунофиқларнинг сифатларидан биридир: “Дарвоқе жинояткор — кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб, имо-ишоралар қилардилар. Қачон уйларига қайтсалар (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) роҳатланиб қайтардилар. Қачон (мўминларни) кўрсалар “Ана улар шак-шубҳасиз йўлдан озувчи кимсалардир”, дердилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар. Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар. Улар (жаннатдаги) сўриларда (кофирларнинг азобланишига) боқиб (ўтирурлар). Кофирлар ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазосини олдиларми?! (Албатта олдилар)”. (Мутоффифин: 29-36)

    Бир қанча олимлар динни масхара қилишни икки қисмга ажратганлар:

1.     Аниқ шаклда масхара қилиш. Мунофиқларнинг: “Биз бу қориларимиздек еб тўймас, ёлғончи ҳамда жангда қўрқоқ кишиларни кўрмадик”, – деган сўзлари ва шунга ўхшаш динни масхара қилувчиларнинг сўзлари шу жумладандир. Бу ҳақда оят ҳам нозил бўлди.

2.     Очиқ бўлмаган сўз ва ҳатти-ҳаракатлар билан мазах қилиш. Бу соҳилсиз денгизга ўхшайди. Масалан, Аллоҳнинг китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ўқилганида ёки амру-маъруф ва наҳий-мункар қилинганида кўз қисиш, тил чиқариш, лабни буриш ёки қўл билан ишора қилиб масхара қилиш каби ишлар шулар жумласидандир.

Ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ юборган, Расули келтирган динни масхара қилганлар билан, гарчи энг яқин кишилари бўлса ҳам ўзаро алоқани узиб, улар билан бирга ўтирмаслиги керак. Акс ҳолда ўзи ҳам шулардан бири бўлиб қолади: “Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: “Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар”, деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир”. Нисо: 140

Ким Аллоҳнинг оятлари инкор этилиб, мазах қилинаётганини эшитса ва уларнинг шу ишларига рози бўлиб, улар билан ҳамтовоқ бўлиб ўтирса, у ҳолда гуноҳ, куфр ва диндан чиқиш борасида улар билан теппа-тенгдир: “(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар”. Соффат: 22, 23.

[1]Мунофиқлар бу сўзлари билан Пайғамбаримиз ва саҳобаларни кўзда тутган эдилар.