Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёллар учун махсус дарслар силсиласи / 1-дарс

7117 марта кўрилган

Абдулҳафиз домла

1-Дарс


Аёл кишининг ўз уйида қарор топиб ўтириши


Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун борлиқни Ўз ҳикмати билан яратди,  шу ҳикматига биноан Аллоҳ таоло бу махлуқотларни жонли ва жонсизлар қилиб яратди. Жонлиларидан инс ва жинларни буйруқ ва қайтариқлар билан синади. Бу жонлиқларини эркак ва аёлга ажратди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аксар буйруқларида ва қайтариқларида хитобни бу икки жинсга қаратган бўлсада, Ўз ҳикматининг тақозосига кўра, эркак қилиб яратган бандаларига ўзларига хос, аёл қилиб яратган бандаларига ўзига хос ҳукмларни ҳам баён қилди. Чунки, уларнинг ўзига хос табиатлари бор. Ўзларининг жисмоний тузилишларига кўра қайсидир ишларга мукаллаф бўладилар. Шу нуқтаийи назардан келиб чиқиб шайх Муҳаммад бин Шокир аш-Шариф салафларнинг йўлларига эргашиб, аёлларга хос бўлган қирқта ҳадисни жамлаганлар ва буни ўзлари шарҳлаганлар. Китоб ниҳоятда бугунги замон талаби бўлгани учун ҳамюрт опа-сингилларимиз учун фойдали бўлсин деб ушбу китобдан дарс қилишликни ирода қилдик.

Китобимиз бешта китобдан ва қирқ учта бобдан иборатдир. Одатда Арбауна Нававия ва бундан бошқа кўп мавзуларда қирқтадан ҳадис жамлаган. Аслида қиртқ дейилса ҳам қирқтадан ошиқ бўлади, аксар ҳолатда қирқ иккита, қирқ учта, қирқ бештагача бўлади. Шайх Муҳаммад ҳам қирқ учта ҳадис жамлаганлар. Китобнинг аввали “كتاب قرار المرأة في بيتها” деб номланади яъни "Аёл кишининг ўз уйида қарор топиб ўтириши" ҳақидаги китоб. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларини ва уларга тобе ўлароқ мусулмонларнинг аёлларини ҳам уйларида қарор топиб ўтиришларига буюрди.

Аллоҳ таоло деди: “وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى” “Уйларингизда қарор топинглар ва аввалги жоҳилият очиқлигида очиқланманглар”. “وَقَرْنَ” Вақорна калимаси икки хил қироатда ўқилган. Вақорна ва Вақирна қоф биринчисида фатҳа билан иккинчисида касра билан ўқилган. Аҳли Мадина ва баъзи Куфийлар Вақорна деб ўқиган бўлсалар, Куфа ва Басраликларнинг аксарлари Вақирна деб ўқиганлар. Ҳар икки калиманинг ўзига хос маъноси бор. Вақорна дегани қарор топинглар дегани, яъни қарор топиб ўрнашинглар, яъни ўша ўрнашган жойларингдан кўчманглар, чиқманглар дегани. Вақирна дегани эса аҳли сакина, аҳли вақор бўлинглар, яъни виқорли бўлинглар дегани. Агар бир оят бир неча хил қироатда ўқиладиган бўлса, ҳар бир қироат ўзига хос маънони ифода қилади ва ўзига хос ҳукмни ҳам ифода қилади.

Демак, Вақорна дегани уйларингизда ўтиринглар, қарор топинглар, уйларингиздан чиқманглар, Вақирна виқор билан ўтиринглар яъни уйларида виқор билан, яъни хорланиб эмас виқор билан уйда ўтиринглар деган маънони англатяпти. Оятда агар эътибор берган бўлсак Аллоҳ таоло “وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ” деди уйларни аёлларга нисбатлади, уйларингизда деди, яъни гарчи уйлар аксар ҳолатда эрларники бўлса ҳам, бу ерда аёлларнинг уйларга алоқаси катта бўлгани учун уйларингизда ўтиринглар деди, яъни уйни аёл кишига нисбатлади. Бундан ташқари оятнинг давомида Аллоҳ таоло дедики: “وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى” у табарруж дегани очилиш дегани яъни уйда ўтиришга буюришликдан кейин шуни орқасидан бевосита орқасидан Алллоҳ таоло аёлларни жоҳилиятдаги каби очилмасликка буюрди, яъни очилишдан қайтарди. Бу ҳам аёл кишини уйда ўтиришлигига бир таъкиддир, яъни уйларида ўтирсинлар, кўчага чиқмасинлар. Кўчага чиқиш одатда аёл кишини очилишига сабаб бўлади. Демак, оятнинг маъносидан бизга очиқланяптики, аслида аёл киши уйда ўтириши керак экан. Агар аёл киши ўзини билиб уйда ўтирса яхши, агар ўтирмайдиган бўлса, унинг валийси отаси бўлсин, эри бўлсин, акаси бўлсин, аёлни уйда ўтиришликка мажбур қилиши керак.

Аёл киши агар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги асл эканлигини айтиб ўтдик. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, бир куни Савда розияллоҳу анҳо ҳижоб фарз бўлгандан кейин бир ҳожати учун чиқдилар у аёл гавдали аёл бўлганлиги учун таниган одамлар уни ҳижобда ҳам таниб оларди. Ана шу чиққанида уни Умар розияллоҳу анҳу кўриб қолдилар ва айтдиларки: Ў Савда Аллоҳга қасамки биз сени таниймиз, сен нимага, қандай чиқаётганингга қараб қўйгин, деди, яъни Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларини кўчага чиқиб озорланиб қолишларини кариҳ кўрардилар, гарчи ҳижобда бўлсалар ҳам. Шунда Савда онамиз тез орқаларига қайтдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдилар. Оиша онамиз айтадиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда кечки овқатни еб ўтирган эдилар, қўлларида ҳаттоки бир устихон-суяк бор эди, гўштини еб тургандилар. Шунда Савда кириб: Эй Расулуллоҳ мен шу ҳожатим учун чиққандим Умар мени кўриб қолиб шундай, шундай деди, деб айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шу лаҳзанинг ўзида оят нозил бўлди ва оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Сизларга ҳожатларингиз учун чиқишга рухсат берилди”. Демак, аёл киши уйидан ҳожати бўлсагина чиқишилиги керак экан. Агар ҳожати бўлмайдиган бўлса, аёл киши уйида ўтириши керак экан.

Аёл кишининг уйида ўтиришлигининг жуда ҳам кўп фойдалари бор. Шу фойдаларнинг баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.

Аёл кишининг уйда ўтиришлиги ўзи учун ҳам, аҳли оиласи учун ҳам, жамияти учун ҳам фойдалидир. Буларнинг, яъни фойдаларнинг энг биринчиси: у Парвардигори, Рабби, Аллоҳ таолога итоат қилади ва Расулига итоат қилади, агар уйда ўтирадиган бўлса.

Иккинчиси: Турмуш ўртоғининг хизмати, унинг ҳожатларини бажариш учун бемалол вақт топади. Фарзандларини тарбиялаш учун, уларга қараш учун етарли вақтга эга бўлади. У бу ишларни боғчаларга, ёки тарбияловчи аёлларга энагаларга қолдирмасдан ўзи қилади.

Фойдалардан яна бири: Уйига қарайди, уйни тозалигига эътибор беради, уйни тартиблайди.

Фойдлардан яна бири: Энг инсоннинг ҳаётида муҳим бўлган "вақт"га эга бўлади. Вақти етарли бўлади, Аллоҳ таолонинг ибодати учун, динини ўрганиш учун, илм ўрганиб, амал қилиш учун етарли вақти бўлади. Ундан ташқари аёл киши роҳатул бадан, яъни кирди-чиқди, борди-келдилардаги машаққатлардан роҳатда бўлади.

Фойдалардан яна бири: Агар бир аёл уйда ўтирган бўлса ва ҳамма ишларни чиройли бажараётган бўлса у ўзидан бошқа аёлларга ҳам намуна бўлиши мумкин ва бунинг ортидан унга улкан ажр-савоблар келади, агар бошқа аёллар ҳам шу аёлдан ўрнак олиб уйда ўтирсалар. Аёл кишининг уйда ўтириши унга кўп фойдаларни олиб келади. Масалан, унинг динини сақлайди, унинг ўзини, обрўсини сақлайди. Кўчага чиққан пайтда у бировларга озор бермаса ҳам, бошқалар унга озор бериши мумкин. Унга қараши мумкин, қараш билан озор бериши мумкин, гап билан озор бериши мумкин, ҳар хил усулларда озор бериши мумкин. У мана шу озордан саломат бўлади. Кўчаларда мумкин тиқилинч жойларда эркаклар билан аралашишга тўғри келиб қолар. Кўчага чиқмаган аёл мана шу ишларнинг ҳаммасидан саломат бўлади.

Энди, бу аёл кишини кўчага чиқиши, ишлаши ваҳоказо бу хусусида иншааллоҳ ўз ўрнида гаплар келади, яъни гапирилади иншааллоҳ. Ҳозир аёл киши аслида нима қилиш керак? Уйда ўтириши керакми ёки кўчага чиқиб жамиатнинг бир бўлаги бўлиб, эркаклар билан теппа-тенг кўчада юриши керакми деган саволга жавоб бўлди, холос биринчи дарсимиз.


Биринчи боб


Аёл кишининг уйида ўтириши у учун ҳаттоки масжидга бўлса ҳам чиқишдан кўра яхшироқ экани ҳақидаги боб


عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَمْنَعُوا نِسَاءَكُمُ الْمَسَاجِدَ، وَبُيُوتُهُنَّ خَيْرٌ لَهُنَّ»


Ибн Умар розияллоҳу таала анҳумодан ривоят қилинади, дедилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аёлларингизни масжидлардан ман қилмангиз. Уйлари улар учун яхшироқдир”. Бу ҳадисни Абу Довуд намоз китобида 567-рақам билан ривоят қилганлар, шайх Албоний Саҳиҳ Сунан Абу Довудда 530-рақам билан саҳиҳ санаганлар.

Аллоҳ таолонинг юқоридаги буйруғини эшитган мусулмон эркаклар аёлларни уйда ўтиришликка шу даражада мажбур қилишга етдиларки, ҳаттоки улар аёлларни масжиддан ҳам тўсиб қўйишликка бордилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон эркакларни, умуман мусулмонларни аёл кишининг масжидга чиқиш ёки чиқмаслик хусусида тўғри йўлга йўллаб қўйдилар. Яъни, агар аёл киши масжидга чиқиб намоз ўқийман дейдиган бўлса, ўзига хос шарт-шаротиларга амал қилиб чиқадиган бўлса, аёлларни ман қилмасликни баён қилишликлари билан бирга аёллар учун уйлари яхшироқ эканлигини уқтириб ўтдилар. Аёл киши учун уйи яхшироқ эканлигига далолат қилувчи бир нечта ҳадислар бор. Шулардан баъзиларини келитириб ўтамиз.


عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ سُوَيْدٍ الْأَنْصَارِيِّ، عَنْ عَمَّتِهِ أُمِّ حُمَيْدٍ امْرَأَةِ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ، أَنَّهَا جَاءَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنِّي أُحِبُّ الصَّلَاةَ مَعَكَ، قَالَ: «قَدْ عَلِمْتُ أَنَّكِ تُحِبِّينَ الصَّلَاةَ مَعِي، وَصَلَاتُكِ فِي بَيْتِكِ خَيْرٌ لَكِ مِنْ صَلَاتِكِ فِي حُجْرَتِكِ، وَصَلَاتُكِ فِي حُجْرَتِكِ خَيْرٌ مِنْ صَلَاتِكِ فِي دَارِكِ، وَصَلَاتُكِ فِي دَارِكِ خَيْرٌ لَكِ مِنْ صَلَاتِكِ فِي مَسْجِدِ قَوْمِكِ، وَصَلَاتُكِ فِي مَسْجِدِ قَوْمِكِ خَيْرٌ لَكِ مِنْ صَلَاتِكِ فِي مَسْجِدِي» ، قَالَ: فَأَمَرَتْ فَبُنِيَ لَهَا مَسْجِدٌ فِي أَقْصَى شَيْءٍ مِنْ بَيْتِهَا وَأَظْلَمِهِ، فَكَانَتْ تُصَلِّي فِيهِ حَتَّى لَقِيَتِ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ.


 Бу ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилганлар. Умму Ҳумайд Абу Ҳумайд ас-Соидий розияллоҳу анҳумонинг аёллари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуларига келди ва айтдики: Эй Расулуллоҳ, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман. У зот дедиларки: "Мен сизни мен билан намоз ўқишни яхши кўришингизни билдим. Шундай бўлсада сизнинг уйингизда ўқиган намозингиз, ҳужрангизда ўқиган намозингиздан кўра яхшироқ. (Ҳужра деб бугунги кундаги уйдаги зални айтилади ёки даҳлиз десак ҳам бўлади.) Сизнинг залингизда ўқиган намозингиз, ҳовлингизда ўқиган намозингиздан кўра яхшироқдир. Ҳовлингизда ўқиган намозингиз, маҳалла масжидингизда ўқиган намозингиздан яхшироқдир. Маҳалла масжидингизда ўқиган намозингиз, менинг масжидимда ўқиган намозингиздан кўра яхшироқдир", дедилар. Шунда бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадларини яхши тушундилар ва аҳлига буюрдилар, улар унга уйининг энг ичкарисига ва энг қоронғи жойига бир масжид қуриб беришди. Масжид деганда бир намоз ўқийдиган алоҳида жой қилиб беришди. У аёл то Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққунича мана шу ерда намоз ўқиди. Яъни, ўла-ўлгунча мана шу жойдан чиқмади. Намоз ўқимоқчи бўлса фақат шу жойда намоз ўқиди.

Бу маънодаги ҳадислардан яна бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ул зот дедилар: “…” бу ҳадисни ҳам Абу Довуд ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёл кишининг уйида ўқиган намози, ҳужрасида ўқиган намозидан кўра афзалроқдир. Ҳужра зал эканлигини айтиб ўтдик. Унинг чимилдиғининг ичида ўқиган намози, уйида ўқиган намозидан кўра афзалроқдир. Уйи деганда масалан, аёл кишининг бугунги кунда ётоқхонасини тушуниладиган бўлса, мухдаъ дегани, бу уйнинг ичида одатда бир алоҳида қимматбаҳо нарсаларни сақлаб қўйиладиган кичкина бир омборга ўхшаган жойга айтилади. Бизда чимилдиқ кўпроқ тўғри келади. Келинчак, янги келин ўзининг ётоқхонасида ҳам чимилдиқнинг ичида ўтиради, худди шунга ўхшаш "чимилдиғининг ичида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалроқ" дедилар. Демак, бу ердаги афзаллик нимада бўляпти? Афзаллик қанча кўздан йироқ бўлса, шу афзалроқ бўляпти.

Ҳаммага маълумки масжидда намоз ўқиш, масжидга бориш, масжиднинг фазли маълум ва маъруф, буни ҳамма билади. Бу масжид Аллоҳ таолонинг зикри учун, Аллоҳ таолонинг номини баралла айтиб ибодат қилиш учун қурилган жойлар. Шундай бўлишига қарамасдан аёл кишини мана шу масжидга чиқишидан кўра уйида туриб ўқиган намози афзал эканлиги баён бўлди. Аёл киши шундай улуғ жой-масжидга чиқмасин, дейилганидан кейин, бозорларга, мўлларга, паркларга, дам олиш боғларига, эркак-аёллар аралашиб, ким мусиқа эшитган, ким, яъни бутун мункаротларга тўлиб-тошган жойларга чиқаётган аёлларга нима дейиш мумкин?! Аллоҳ таоло Ўзи ислоҳ қилсин!

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни олиш мумкин:

—    Аёллар масжидга чиқмоқчи бўлсалар, эрлари уларни тўсишлиги мумкин эмас.

—    Аёларнинг уйларида ўқиган намозлари, масжидда ўқиган намозларидан кўра яхшироқ экан.

—    Аёл кишини масжидга чиқиши жоиз.

—    Аёл кишининг уйида ўқиган намози, учта энг машҳур масжидларда ўқиган намозидан кўра ҳам афзалроқдир. Масжидул Ҳаромда, Масжидун Набийда ва Масжидул Ақсода ўқиган намозидан ҳам афзалроқдир. Кимдир эътироз билдириши мумкин, буни қаердан олинди деб? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтган пайтларида ўзлари Мадинада эдилар, масжидларининг фазилати маълум эди, "менинг масжидимда ўқиган намозингиздан кўра яхшироқдир", дедилар.  Шундай бўлса ҳам аёл кишини уйда ўқиган намозларини афзаллигни айтдилар ва бундан ташқари истисно қилиб айтиб қўймадиларки, менинг масжидимда ёки Масжидул Ҳаромда ўқиган намози афзалроқдир, демадилар.

—    Яна оладиган фойдамиздан бири: Масжидларда намоз ўқишнинг афзаллиги ва бунга бўлган тарғиб эркакларга хос, аёлларга эмас экани.

—    Фойдалардан яна бири уйлар эркакларники бўлсада аёлларга ҳам буни изофа қилиб, уйлари деб айтишнинг жоизлиги. Гарчи улар у уйга эга бўлмасалар ҳам.


Аллоҳ субҳанҳу ва таолодан ушбу бошлаган дарсларимизни ўзимиз учун ҳам, бутун муслима опа-сингилларимиз учун ҳам фойдали қилишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.