Сешанба 16 Апрель 2024 | 7 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр

3472 марта кўрилган

"Қарор қилиш имконияти қўлимда бўлганида Қосим ибн Муҳаммадни халифа этиб тайинлаган бўлардим”.
(Умар ибн Абдулазиз)


Бу улуғ тобеин ҳақида бирон маълумотга эгамисиз?

У улуғ хислатларнинг барини битта ҳам қолдирмай ўзида жамлаган йигит.

Отаси Абу Бакр Сиддиқнинг ўғли Муҳаммад.

Онаси Форс империясининг сўнги подшоҳи Кисро Яздажирднинг қизи.

Аммаси мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо.

У мана шунча фазилат устига илм ва тақвони бошига тож қилиб кийиб олганди.

Сиз рақобат қилиниши мумкин бўлган бунданда юқорироқ улуғлик бор деб ўйлайсизми?

Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз улуғ тобеин, Мадинанинг етти фуқаҳоларидан бири, замонасининг илм, зеҳн ва тақвода энг афзалларидан бўлган Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқдир. Келинг, унинг ҳаёт қиссасини аввалидан бошлайлик.

Қосим ибн Муҳаммад Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврларининг охирларида дунёга келди. У илк қадамларни ташлаб йўлга кирмасиданоқ мусулмон диёрлари устида остин-устин қилиб юборадиган фитна шамоллари турди. Зоҳид, обид халифа Усмон Зиннурайн розияллоҳу анҳу Қуръон китобига мункайиб тиловат қилиб ўтирган ерларида шаҳид қилиндилар.

Мўминлар амири Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу билан Шом диёрининг амири Муовия розияллоҳу анҳу ўрталарида катта келишмовчилик пайдо бўлди. Бирин-кетин келган даҳшатли, одамни эсанкиратиб қўювчи ҳодисалар асносида, ҳикоямиз қаҳрамони синглиси билан бирга Мадинадан Мисрга қараб йўл олди. Бунинг сабаби оталари шу онда мўминлар амири Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу тарафидан Мисрга волий этиб тайинланган эди. Бироқ, бу фитнанинг қонли чангали отасига ҳам етиб, боланинг кўз ўнгида уни ҳам қатл этди. Муовия розияллоҳу анҳу тарафдорлари Мадинани эгаллашгач, у Мисрдан яна Мадинага қайтди. Мадинадан Мисрга отасининг ҳузурига кетган бўлса, аммо энди Мадинага ота-онадан айрилган етим бўлиб қайтди.

Бу машаққатли кўч-кўчлар ҳақида Қосимнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Отам Мисрда қатл қилингач, амаким Абдурраҳмон ибн Абу Бакр келиб мен билан синглимни Мадинага олиб кетдилар. Мадинага келишимиз билан аммамиз Оиша розияллоҳу анҳо одам юбориб, бизни амакимиз уйидан ўз уйларига олиб кетдилар ва бизни ўзлари тарбияладилар. Оиша розияллоҳу анҳодан кўра яхшилиги ва меҳр-шафқати кўпроқ бўлган бирон ота ёки онани кўрмадим.

Бизларни ўз қўллари билан овқатлантирар, аммо биз билан ўзлари емас эдилар. Бизнинг овқатдан бирон нарса ошиб қолса, ер эдилар. Бизга кўкракдан ажратилган гўдакка онасининг юмшоқ муомаласидан кўра яхшироқ муомала қилар, бизларни оқ ювиб, оқ тарар ва оппоқ кийимлар кийгизиб қўяр эдилар.

Бизларни доим яхшиликка қизиқтириб, яхшилик қилишга одатлантирар, ёмонликдан қайтариб, уни тарк этишга ундардилар.

Тоқатимиз етганича Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини бизларга ўргатишга одатланган эдилар.

Икки ҳайит кунлари яхшилик ва эҳсонлари янада ортиб кетар эди. Арафа куни кечаси сочимни олиб, мен ва синглимни ювиб-тараб, тонг отгач янги кийимлар кийгизар ва ҳайит намозини ўқишимиз учун намозгоҳга юборар эдилар. Намоздан қайтганимизда эса синглим билан менинг олдимизда қурбонлик қилардилар.

Бир куни бизларга оппоқ кийимлар кийгизиб, мени ўнг тиззаларига синглимни эса чап тиззаларига ўтқаздилар. Абдурраҳмон амакимни чақириб келиш учун одам юборган эдилар. Амаким келдилар, аммам уни салом билан қарши олдилар, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду сано айтиб гап бошладилар. Мен бундан олдин ҳам, кейин ҳам у каби фасоҳат билан ширин сўзлаган на бир эркак ва на бир аёлни кўрдим.

Акаларига юзланиб: “Акажон, мана шу икки жиянимни сиздан олиб уйимга келтирганимдан бери мендан узоқлашганингизни кўрмоқдаман. Аллоҳга қасамки, мен бу ишни сиздан ўзимни катта тутганим ёки сиз тўғрингизда ёмон гумон қилганим учун ва ё бу иккисининг ҳаққида бепарволик қиласиз деган ўйда қилмадим. Акажон, сиз кўпхотинликсиз, бу иккиси эса ҳали ўзларини ўзлари эплай олмайдиган гўдаклар эди. Гўдакликларига бориб аёлларингиз жирканадиган ишларни қилиб қўйишса, уларнинг кўнгли ранжиб қолишидан қўрқдим. Жиянларимнинг бу ҳолатида уларга қараб туришга аёлларингиздан кўра ўзимни ҳақлироқ деб ўйладим. Мана, жиянларимиз ўзларини бемалол эплай оладиган даражада катта бўлиб қолишди, энди уларни олсангиз бўлади” - дедилар. Шундан сўнг Абдурраҳмон амаким бизларни ўз уйларига олиб кетдилар”.

Бироқ, Сиддиқнинг набираси бўлмиш бу боланинг қалби аммаси, мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларига боғланганича қолди. Чунки, у нубувват атирлари билан хушбўйланган ул муборак уй тупроғида униб-ўсганди, Пайғамбар аёлининг қарамоғида таълим-тарбия олган ва унинг тўлиб тошган меҳр-шафқат булоғидан қониб ичганди. Шунинг учун у аммаси ва амакисининг уйлари орасида вақтини тақсимлай бошлади. Аммасининг манзилидаги муаттар ва мунаввар хотиралар бутун ҳаёти давомида уни тарк этмади. Унинг ўзи айтиб берган мана шу хотиралардан айримларига қулоқ тутинг.

“Бир куни аммам Оиша розияллоҳу анҳога: “Онажон, менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан икки саҳобаларининг қабрларини кўрсатинг, уни кўргим келяпти” - дедим. Чунки, учта қабр уйнинг ичида бўлиб, аммам кўз тушмайдиган қилиб уларнинг устини ёпиб қўйган эдилар. Менга баланд қилиб кўтарилмаган, ер билан ҳам текис қилинмаган учта қабрни кўрсатдилар. Қабрларга масжиднинг ҳовлисида бўлган қизил майда тошлардан тўшалган эди.

—    “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари қай бири?”- деб сўрадим. Қўллари билан ишора қилиб:

—    “Мана бу”- дейишлари билан, кўзларидан яноқларига катта-катта ёш томчилари сизиб чиқди. Кўзларидан чиққан ёшни менга кўрсатмаслик учун тезда артиб ташладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари икки саҳобаларининг қабрларидан тўрида жойлашган эди.

—    “Бобом Абу Бакр Сиддиқнинг қабрлари қайси?”

—    “Мана буниси”- деб кўрсатдилар. Бобом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари ёнига дафн қилинган эканлар.

—    “Унда бу Умар розияллоҳу анҳунинг қабрлари экан-да?”

—    “Ҳа, шундай”. Умар розияллоҳу анҳунинг бошлари бобомнинг беллари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига яқин қўйилган экан”.

Абу Бакрнинг зурриёти бўлмиш бу бола Қуръонни тўлиқ ёд олган ва аммаси Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини Аллоҳ хоҳлаганича пухта эгаллаган ҳолда улғайди. Сўнгра Масжидун-набавийга юзланиб, осмонда чарақлаган порлоқ юлдузлар мисоли, масжиднинг ҳар тарафида ёйилган илм ҳалқаларига қатнай бошлади. У Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Хаббоб, Рофеъ ибн Хадийж, Хазрат Умарнинг озод қилган қуллари Аслам — Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин — ва булардан бошқа кўпгина саҳобалардан ҳадис ривоят қилди, катта мужтаҳид олим ва ўз замонасида суннатни энг билувчи муҳаддислардан бўлиб етишди. Салафлар суннатни пухта билмаган олимни олим ҳисобламас эдилар.

Қосим ибн Муҳаммадда илм ва маърифат мукаммал бўлгач, одамлар унинг ҳузурига келиб ундан шавқ ила илм ўргана бошладилар. У ҳам ўз навбатида одамларга саховат билан илм бера бошлади.

У Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига ҳар кун эрта тонгда белгиланган вақтдан кечикмасдан келар, икки ракаат масжид ҳаққини адо этганидан сўнг Равзаи мутаҳҳара-Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари билан минбарлари орасидаги Умар розияллоҳу анҳунинг даричалари олдидаги жойига келиб ўтирарди. Ҳар тарафдан толиби илмлар йиғилиб, унинг мусаффо илм булоғидан ташна қалбларни қондирадиган илмдан қониб-қониб симиришар эди.

Кўп вақт ўтмай Қосим ибн Муҳаммад ва холасининг ўғли Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар — қўлларида бирон бир мансаб ҳам ҳокимлик ҳам бўлмаслигига қарамасдан — Мадина аҳлининг итоат этиладиган саййидлари ва сўзига қулоқ солинадиган икки имоми бўлиб қолдилар. Уларнинг тақволи ва парҳезкорликлари, қалбларидаги илм ва маърифатлари ҳамда одамлар қўлидаги нарсалардан юз ўгириб, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга рағбат қилганлари боис, одамлар уларни ўзларига пешво қилиб олдилар.

Бу икки тобеиннинг обрў-эътиборлари одамлар наздида шу қадар юқорилаб кетдики, ҳатто Умавийларнинг халифалари ва волийлари ҳам Мадинага тааллуқли бирон бир жиддий ишни бу икки зотнинг маслаҳатисиз ҳал қилмас эдилар.

Шулардан бири халифа Валид ибн Абдулмалик Мадинадаги Ҳарами Шарифни кенгайтиришга аҳд қилади. Лекин бу қимматли орзуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларининг чор деворини бузиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг уйларини бузиб Масжидга қўшиш билангина эришиларди. Бу эса одамларга оғир келадиган ва уларнинг кўнгилларига хуш келмайдиган ишдир. Шунинг учун у Мадинадаги волийси Умар ибн Абдулазизга қуйидагича мактуб йўллади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Масжидларини икки юз зироъга икки юз зироъ қилиб кенгайтиришга қарор қилдим. Шунинг учун сиз Масжиднинг тўрт тарафидан деворларни бузинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг ҳужраларини ҳам Масжидга қўшинг. Масжид атрофидаги ҳовли-жойларни ҳам сотиб олинг ва имкон қилолсангиз қиблани олдинга силжитинг. Хаттоб авлодлари бўлмиш тоғаваччаларингизнинг одамлар қалб тўридан жой олган обрў-эътиборлари ва мартабалари орқали сиз бу ишни амалга ошира оласиз деб ўйлайман. Агар Мадина аҳли бу ишдан бош тортса, Қосим ибн Муҳаммад ва Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умардан кўмак сўранг. Уларни бу ишда ўзингизга шерик қилинг. Одамларга бузилган уйларининг ҳаққини саховат билан беринг. Бу ишда содиқ салафингиз Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон бор”.

Умар ибн Абдулазиз ўз ҳузурига Қосим ибн Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ ва Мадина аҳлининг обрўли кишиларини чақиртириб, уларга мўминлар амирининг мактубини ўқиб берди. Халифанинг азму-қарорини эшитиб суюндилар ва уни амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар.

Икки буюк олимлари ва имомларининг ўз қўллари билан ишга киришганларини кўрган Мадина аҳли ҳам имомлари билан бир ёқадан бош чиқариб, мўминлар амирининг орзусини рўёбга чиқардилар.

Шу кунларда мусулмонларнинг музаффар лашкарлари шавкатли қўмондон Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида Қустантиния шаҳрига йўл очувчи қўрғонларни ишғол қилиб, Қустантиниянинг фатҳи олдидан бирин-кетин уларни эгаллаб олаётган эдилар.

Мўминлар амирининг Масжидун Набийни кенгайтириш қарорини эшитган Рум подшоҳи Халифага хушомад қилиб унга хуш келадиган иш билан яқинлик ҳосил қилиш мақсадида унга юз минг мисқол тилло, Румнинг энг моҳир ҳунармандларидан юзтаси ва ҳар бирига ранг-баранг майда мармартош юкланган қирқ туяни қўшиб юборди.

 Халифа Валид ибн Абдулмалик эса буларнинг барини Масжиднинг қурилишига ёрдам бўлиши учун Умар ибн Абдулазизга юборди. Умар ибн Абдулазиз юборилган нарсаларнинг ҳаммасини Қосим ибн Муҳаммад ва Солим ибн Абдуллоҳнинг маслаҳати билан масжид қурилишига сарфлади.

Қосим ибн Муҳаммад бобоси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўзи учун андоза қилиб олган эди. Ҳатто одамлар: “Абу Бакр Сиддиқ зурриётида бу йигитдан кўра унга ўхшашроғи туғилмаган”- дер эдилар.

У гўзал хулқи ва хислатида, иймонининг салобатида,  кучли тақвосида, бағрикенглик ва қўли очиқлигида бобосининг айни ўзи эди. Ундан содир бўлган кўпгина ишлар ва айтилган сўзлар ҳақиқатда шундай эканига гувоҳлик беради.

Шулардан бири: Бир аъробий масжидга келиб Қосим ибн Муҳаммадга деди: “Сизнинг илмингиз кўпми ёки Солим ибн Абдуллоҳнинг илмими?” Қосим ибн Муҳаммад ўзини эшитмаганга солди, аъробий яна қайта сўради. Қосим ибн Муҳаммад: “Субҳаналлоҳ!”- деди. Аъробий қўярда қўймай саволини яна такролади. Шунда у: “Ҳой жиян, ҳов анави Солим ана у ерда ўтирибди”- деб қўйди. Масжлисда ўтирганлардан бири: “Отасига балли, “Менинг илмим кўп”- деб ўзини мақташни истамади, “Солимнинг илми кўп”- деб ёлғон сўзлагиси ҳам келмади”. У ҳақиқатда Солимдан илмлироқ эди.

Кунларнинг бирида уни одамлар Минода кўриб қолишди. Аллоҳнинг Байтини зиёрати учун келган ҳожилар унинг атрофини ўраб олиб савол беришар эди. У эса билган нарсаларига жавоб берар ва билмагани бўлса: “Билмайман, билмайман”- дер эди. Одамлар бундан ажабландилар. Шунда у уларга қараб: “Ҳақиқатда сиз сўраётган нарсаларнинг ҳаммасини ҳам билмайман. Билганимда асло яширмаган бўлардим. Зеро, билган нарсамизни яшириш биз учун ҳалол эмас. Киши ўз устидаги Аллоҳнинг ҳаққини билганидан сўнг билмаган нарсасини гапиргандан кўра жоҳил бўлиб яшамоғи яхшироқдир” - деди.

Бир марта Қосим ибн Муҳаммадга йиғилган закотни тақсимлаб ҳақдорларга етказиш топширилди, у бор кучини сарфлаб, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини тўлиқ қилиб берди. Бироқ, бир одам ўзига берилган ҳақдан норози бўлиб Қосим ибн Муҳаммадни излаб масжидга келди. У намоз ўқиётган эди. Ҳалиги одам тарқатилган закот ҳақида гапира бошлади. Қосимнинг ўғли у одамга: “Аллоҳга қасамки, сиз бу закотдан ўзига бир дирҳам у ёқда турсин, ярим чақа ҳам олмаган, ундан бир дона хурмо ҳам емаган инсонни айбламоқдасиз”- деди. Қосим намозини енгил қилиб тугатди-да ўғлига қараб: “Эй ўғлим, бугундан бошлаб билмаган нарсанг ҳақида гапирмагин”- деди. Атрофдагилар: “Унинг ўғли рост сўзлади" дедилар. Аслида у  ўғлига одоб бериб қўйишни ва фойдасиз сўзларни гапиришдан тилини сақлашини хоҳлаганди”.

Қосим ибн Муҳаммад етмиш икки ёшдан зиёда умр кўрди. Умр поёнасида кўзлари кўрмай қолди. Ҳаётларининг охирги йилида Байтуллоҳ зиёратини қасд қилиб Ҳаж учун йўлга тушдилар. Йўлда кетаётганларида ажаллари етиб қолди. Сўнгги нафасларида ўғилларига қараб: “Вафот этсам намозда киядиган кийимларим – кўйлагим, изорим ва чопонимга кафанлагин, бобонг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кафани ҳам шулар бўлган. Қабримга тупроқ тортиб бўлганингдан кейин аҳли-оиланг олдига кетавер. Қабрим устида туриб: “Ундоқ эдилар... Бундоқ эдилар”- деб мақташдан сақланинглар! Мен ҳеч нарса бўлган эмасман”.