Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Умар ибн Абдулазиз ҳаётидан уч гўзал лавҳа

3616 марта кўрилган

Умар ибн Абдулазиз

Умар ибн Абдулазиз хилқати ҳам, хулқи ҳам гўзал, илми кенг, одамларнинг энг билимдони, кўнгилчан ва ибодатли киши эди. (Имом Заҳабий)

 Тобеин ва халифа Умар ибн Абдулазиз ҳақида сўзлаш ранг-баранг ва турлича бўлгани кишини тўлқинлантириб юборади. Сиз унинг ҳаётидаги  нодир кўринишларидан бири билан танишиб, завқланиб улгурмасингиздан аввал бошқа ундан-да завқлироқ, ҳодиса-воқеаларга бойроқ ва таъсирлироқ кўринишларга дуч келасиз. Биз ўтган суҳбатимизда хулафои рошидиннинг бешинчилари ҳақида, тўғрироғи у зотнинг ҳаётларидан уч лавҳани баён қилган эдик. Келинг, мунаввар бу ҳаётнинг нурафшонликда  аввалгиларидан кам бўлмаган навбатдаги уч лавҳаси ҳақида суҳбатлашиб, завқланайлик.

Биринчиси: Ражаз вазнида шеър ёзишнинг асосчиларидан бўлган шоир Дукайн ибн Саид Доримий ҳикоя қилади: “Умар ибн Абдулазиз Мадинанинг волийси бўлиб турган кунда уни мақтаб шеър ёзган эдим, менга энг зотдор  туялардан ўн бештасини  ҳадя қилди. Туялар қўлимга текканида уларга синчиклаб қарадим, уларнинг кўриниши мени ниҳоятда мафтун этди. Тоғ оралаб ёлғиз ўзим улар билан кетишдан қўрқдим. Шундай туяларни сотиб юборишга эса кўзим қиймади. Шу ҳолда турганимда, Нажддаги бизнинг диёрлар томон  сафар қилиш  ниятидаги бир жамоа келиб қолди. Улардан мени ҳам ўзларига ҳамроҳ қилиб олишни сўраган эдим, улар мени илиқ қаршилаб: “Хуш келибсиз, биродар! Бош устига, биз билан сафарга чиқиш учун тайёргарлик кўраверинг, биз  шу кеча йўлга чиқамиз” дейишди. Сафарга чиқишим аниқ бўлгач, хайрлашиш учун Умар ибн Абдулазиз ҳузурига бордим. Унинг суҳбатида мен танимайдиган иккита шайх ўтирган экан. Хайрлашиб  чиқиб кетаётганимда  Умар ибн Абдулазиз : “Эй Дукайн, мен юқори, олий мақсадлар сари интилувчан кишиман, қачон сен менинг хозирги ҳолатимдан юқори даражаларга эришганимни эшитсанг, ҳузуримга келгин. Мендан сенга кўп илтифотлар бўлгай” деди. Мен: “Шу гапингизга мен учун бир гувоҳ келтирсангиз” дедим. У: “Аллоҳни гувоҳ қиламан” деди. Мен: “Махлуқотларидан ҳам” деган эдим, у: “Мана шу икки шайх гувоҳдир” деди. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин шайх, сизни таниб олишим учун менга исмингизни айтсангиз!?” деб, шайхларнинг биридан сўрадим. Шайх: “Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб” деди. Шайхнинг ким эканини билгач, Умар ибн Абдулазизга қараб: “Қасамки, гувоҳга ёлчидим”. Сўнг иккинчи шайхга қараб: “Жонфидо бўлай сизга, сиз ким бўласиз?” дедим. У: “Амирнинг мавлоси Абу Яҳё” деди. Мен: “Бу амирнинг аҳлидан бўлган гувоҳ бўлди” дедим ва хайрлашиб чиқиб кетдим. Умар ибн Абдулазиз ҳадя қилган туяларни ҳайдаб, она юртим Нажд томон йўл олдим. Аллоҳ бу туяларга барака бериб, натижада кўп мол-дунёга, туялар ва қулларга эга бўлдим.

Сўнг кунлар, йиллар ўтди. Кунларнинг бирида Нажддаги Ямома ерларига туташ саҳрода юрганимда, бир жарчи халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг вафот этгани хабарини айтиб қолди. Жарчига: “Унинг ўрнига халифа этиб ким тайинланибди?” деб сўрадим. Жарчининг: “Умар ибн Абдулазиз” деган жавобини эшитдим. Шу заҳоти уловимни эгарлаб Шом ерлари томон йўлга чиқдим. Дамашққа етиб борганимда, халифанинг ҳузуридан келаётган Жарир (Умавийлар давридаги учта энг катта шоирлардан бири) билан кўришиб қолдим. Саломлашгач: “Эй Абу Ҳазра, қаердан келаяпсиз” деб сўрадим. Жарир: “Камбағалларга бериб, шоирларга бермайдиган халифанинг ҳузуридан. Сен ҳам ортингга қайтиб кетавер, мана шу сен учун яхшидир” деди. Мен: “Менинг сизлардан ўзгача алоҳида ўрним бор.” — дедим. Жарир: “Ихтиёринг”, — деди. Мен йўлимда давом этдим. Халифанинг ҳовлисига етиб келгач, қарасам халифа ҳовлида ўтирган экан, атрофини эса етимлар, бевалар ва мазлумлар ўраб олган эди, уларнинг кўплигидан ҳатто халифага етиб боришга имкон топа олмадим. Шунда овозимни баландлатиб шеър ўқий бошладим:

“Эй Умар карам соҳиби, Катта-катта атолар қани. Мен Қатанлик Доримий киши, келдим қарзим сўраб эй карам соҳиби”.

Умар ибн Абдулазизнинг мавлоси Абу Яҳё менга узоқ тикилиб қараб, сўнг халифага: “Эй мўминлар амири, менинг бу бадавий учун сизнинг устингизда гувоҳлигим бор” деди. Умар ибн Абдулазиз: “Биламан, ёдимда” деди ва менга қараб: “Эй Дукайн,  яқинроқ кел” деб, ёнига чақириб олди. Ёнига борганимда, мен тарафга эгилиб: “Мадинада сенга айтган: “Мен юқори, олий мақсадлар сари интилувчан кишиман” деган гапимни эслайсанми?” деди. Мен: “Ҳа эсимда, эй мўминлар амири” дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Дунёдаги энг олий мартаба – подшоҳликка эга бўлиб турибман, лекин нафсим охиратдаги энг олий мартаба бўлмиш Жаннатга интилмоқда, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш билан бахтиёр бўлишни истамоқда. Агар подшоҳлар мулкни дунё азизлигига эришиш учун  восита қилиб олсалар, мен уни охират азизлигига етиш учун йўл қилиб оламан. Эй Дукайн, Аллоҳга қасамки, мен бу мансабга келганимдан бери, мусулмонларнинг молидан бир дирҳам ҳам, бир дийнор ҳам олганим йўқ. Ўзимнинг минг дирҳамгина пулим бор. Ана шунинг ярмини олақол, ярмини эса ўзимга қолдир” деди. Мен Умар ибн Абдулазиз берган пулни олиб уйга қайтдим. Аллоҳга қасамки, бундай баракали пулни ҳаётимда бошқа кўрмадим”.

Иккинчиси: Мувсилнинг қозиси Яҳё ибн Яҳё Ғассоний ҳикоя қилади: “Кунларнинг бирида Умар ибн Абдулазиз сотувчиларни кўздан кечириш ва нарх-навони ўрганиш мақсадида Ҳимснинг (Суриядаги катта шаҳар) бозорларини айланиб юрган эди, кимҳоб тўн кийган бир киши келиб: “Эй мўминлар амири, эшитишимча “...ким мазлум бўлса ҳузуримга келсин” деб амр этибсиз, шундайми?”.

—     “Ҳа шундай”.

— “Ундай бўлса мана ҳузурингизга уйи узоқ, мазлум бўлган киши келди”.

— “Оила, бола-чақанг қаерда?”.

— “Аданда”.

—  “Дарҳақиқат, уйинг Умарнинг уйидан анча узоқ экан”. Сўнг уловларидан тушдилар ва у кишининг ёнига келиб: “Нима зулм кўрдинг?” деб сўрадилар.

—  “Менинг чорбоғимни сизга қарашли кишилардан бири тортиб олиб, ўзиники қилиб олди”. Шунда Умар ибн Абдулазиз ўзининг Адандаги волийсига хат ёзиб, қуйидагиларни битди: “Аммо баъд... Сенга ушбу мактубим етиб боргач, хатни олиб борган кишининг ҳужжат-далилларига қулоқ сол ва агар у ҳақ бўлса ҳаққини қайтариб бер.” Сўнгра мактубни муҳрлаб кишига берди. Мактубни олиб, у киши бурилиб кетаётганди,Умар ибн Абдулазиз: “Шошмай тур, сен  узоқдан келибсан, сафар учун анча пул сарфлагандирсан, янги кийимларни  эскиртиргандирсан, уловинг ҳалок ҳам  бўлгандир?” — деди. Буларнинг ҳаммасини ҳисоблаганди ўн бир динор чиқди. У кишига ўн бир дийнор беришга амр қилди ва унга деди: “Мана шу (ишимиз)ни одамлар орасида тарқатгин, токи одамлар уйлари қанчалик узоқ бўлмасин, мазлум бўлсалар келиб бошларига тушган зулмни баён этишдан оғринмасинлар”.

Учинчиси: Обид ва зоҳидлардан бўлган Зиёд ибн Майсара Махзумий (нисбатлари вилоят сабалидир) ҳикоя қилади: “Менинг хожам Абдуллоҳ ибн Айёш баъзи хожатларини битириб келишим учун мени Мадинадан Дамашққа, мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз ҳузурига юборди. Менинг Умар ибн Абдулазиз билан Мадинада волийлик қилган давридан бери самимий алоқамиз бор эди. Халифалик пойтахтига етиб боргач, Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. Унинг олдида бир котиб халифа айтаётган сўзларни ёзиб ўтирарди. Ҳужранинг остонасига келиб: “Ассалому алайкум” деб салом бердим. Умар ибн Абдулазиз: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ, кел эй Зиёд” деб жавоб қайтарди. Мўминлар амири деб салом бермаганимга хижолат бўлиб, халифа томон юрдим. Яқинлашгач: “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй мўминлар амири!” дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Эй Зиёд, биринчи саломинг учун сени айбламаймиз, иккинчи саломга нима ҳожат бор?”.

Халифанинг ёнида ёзиб ўтирган котиб Басрадан чопар орқали келган мазлумлар мактубини ўқиб қолди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Эй Зиёд, шу ерда ўтира тур, ишимиздан бўшаб олайлик, кейин бафуржа гаплашамиз”, деди. Эшик олдидаги тахтасупага ўтирдим, котиб арзномаларни ўқир эди, Умар ибн Абдулазиз эса диққат билан тинглаб, алам билан чуқур-чуқур хўрсиниб қўярди.

Котиб ҳамма мактубларни ўқиб бўлгач чиқиб кетди. Умар ибн Абдулазиз ўрнидан туриб келиб, мен ўтирган эшик олдида рўпарамга ўтирди ва тиззамга қўлларини қўйиб: “Хуш келибсан эй Зиёд, иссиққина чопонни кийволиб, бизнинг бошоғриқларимиздан роҳатланиб юрибсан. Менинг эгнимда жунли чопон эди. Сўнг Мадина аҳлининг солиҳ кишилари, эркагу аёллари ҳақида бирма-бир сўраб чиқди. Ҳеч кимни қолдирмай сўради. Кейин Мадинада бизга волий бўлиб турган вақтда амр қилган ишлари ҳақида сўради. Сўраган нарсаларининг ҳаммаси ҳақида сўзлаб бердим. Умар ибн Абдулазиз чуқур хўрсиниб:

—     “Эй Зиёд, Умар не ҳолга тушиб қолганини кўряпсанми?”

—     “Мен сиз учун бу нарсада яхшилик ва ажр-савобни умид қиламан”.

—    “Ҳайҳот”.. деб, йиғлаб юборди. Унга раҳмим келиб:

—    “Ўзингизга раҳм қилинг, эй мўминлар амири. Бу ишда мен сиз учун яхшилик бор деб умид қиламан.”

—    “ Нақадар узоқ нарсани умид қиляпсан, эй Зиёд! Шундай куч-қудратга эга бўлиб қолдимки, мен сўка оламан, биров мени сўка олмайди. Мен ура оламан, биров мени ура олмайди. Одамларга озор бера оламан, улар менга озор бера олмайди” деб, яна йиғлаб юборди. Менинг ҳам кўнглим юмшаб, унга ачиниб кетдим.

Мен Умар ибн Абдулазиз хожамнинг ишларини битириб бергунича, унинг ҳузурида уч кун турдим. Иш битгач, уйга қайтмоқчи бўлганимда, Умар ибн Абдулазиз хожамга мени ундан сотиб олишини таклиф қилган мактуб битиб, уни қўлимга тутқазди, сўнг тўшагининг тагидан йигирма дийнор чиқариб: “Бу пулларни рўзғорингга ишлат. Агар хирожда ҳаққинг бўлганида эди, ҳаққингни  албатта берган бўлар эдик”, деди. Мен дийнорларни олишдан бош тортдим. Шунда: “Бу пуллар мусулмонларнинг молидан эмас, бу ўзимнинг молимдан, олавер эй Зиёд” деди. Олмадим, лекин у қаттиқ туриб олди. Ноилож дийнорларни олиб, йўлга тушдим. Мадинага етиб боргач, мўминлар амирининг мактубини хожамга узатдим. Хожам мактубни очиб ўқигач: “Умар ибн Абдулазиз сени унга сотишимни сўрабди. Мендан сени сотиб олиб, кейин озод қилиб юбормоқчи... Нима учун мен ўзим сени озод қилмайман?!” деди-да, мени озод қилиб юборди”.