Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нававийнинг қирқ ҳадисига шарҳ/Муҳаммад Солиҳ Усаймин

6284 марта кўрилган

Муаллиф: Муҳаммад Солиҳ Усаймин
Таржимон: Ислом Нури

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Муқаддима

Дарҳақиқат, барча ҳамду сано Оллоҳ таолога хосдир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам ва истиғфор сўраймиз. Биз Оллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ва ножўя амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани эса ҳидоят қилувчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериксиз Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлиги, Муҳаммад Оллоҳнинг бандаси ва Расули эканлигига гувоҳлик бераман. У зотга, оилалари ва асҳобларига Оллоҳнинг кўпдан-кўп салавот ва саломлари бўлсин.

Муҳаддис олим Нававий роҳимаҳуллоҳ Шофеий мазҳабидаги мўътабар уламолардан ва уларнинг ичидаги илмий асарлар яратишга интилувчан олимлардан биридир. У  турли соҳаларда, жумладан, ҳадис ва унга доир фанларда асарлар ёзди. Шунингдек, Араб тилига оид илмлар борасида “Таҳзибул асмаи вал луғат” китобини ёзди. Ҳақиқатда Нававий роҳимаҳуллоҳ ниҳоятда илмли инсон бўлган. У илмий ижодкорлик соҳасида энг ихлосли кишилардан бири ҳисобланади, негаки, у ёзган асарлар ислом дунёсида кенг тарқалди. Қайси масжидга қараманг, албатта унда “Риёзус солиҳийн” (“Солиҳлар гулшани”) китоби мутолаа қилинишига гувоҳ бўласиз. Унинг асарлари бутун дунёга машҳур ва кенг ёйилгандир. Бу нарса унинг нияти соғлом эканлигига далолат қилади. Зеро, одамларнинг бу асарларга бўлган хайрихоҳлиги асар муаллифининг холис ниятини кўрсатувчи далиллардан биридир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ мужтаҳид олим эди. Маълумки, мужтаҳид ҳақни тўғри топиши, ёхуд хато қилиши мумкин. Нававий роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг исм ва сифатлари хусусида хатога йўл қўйди. У айрим исм ва сифатларни таъвил қилди, бироқ инкор этмади. Масалан, таъвил қилувчилар “Аллоҳ Арш узра истиво қилди” деган оят маъносини “Аллоҳ Аршни эгаллади”, деб изоҳ берадилар. Бироқ “истиво”ни буткул инкор қилмайдилар. Негаки, улар “истиво”ни ёлғон деб инкор этсалар эди кофир бўлар эдилар. Демак, улар “истиво”ни тасдиқлайдилар, бироқ унинг маъносини бузиб, унга бошқача изоҳ берадилар .

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳдан содир бўлган бу каби масалалар Аллоҳнинг исм ва сифатлари хусусидаги оят ва ҳадисларнинг таъвилидаги хатодир. Албатта бу хато унинг фазилатлари ва сермаҳсул хизматлари олдида кўмилиб кетади. Ундан содир бўлган бу хато ижтиҳоддан ва гарчи унинг шахсий кўз қарашида бўлса-да асосли таъвилдан келиб чиқиб содир бўлган, деб ўйлаймиз. Имом Нававийнинг бу хатоси кечириб юбориладиган хатолардан бўлишини, у мусулмонларга тақдим қилган яхшилик ва манфаатлар Аллоҳ қабул қилган саъй-ҳаракатлар жумласидан бўлишини ва у зотга Аллоҳ таолонинг: “Албатта яхши амаллар ёмон амалларни кеткизиб юборади” , деган сўзи мос келишини умид  қиламиз.  

Сўнгги пайтларда Имом Нававийни кескин ҳақоратлай бошлаган айрим қавмлар қаттиқ адашдилар. Ҳаттоки, менга айтиб беришларича, улардан баъзилари “унинг “Саҳиҳи Муслим” асарига ёзган шарҳини ёқиб юбориш керак”, деганмиш. Аллоҳдан офият сўраймиз!

Зотан, Нававий роҳимаҳуллоҳнинг сийратидан келиб чиқиб унинг солиҳ ва мужтаҳид олим эканлигига гувоҳлик берамиз. Маълумки, мужтаҳид баъзида тўғри ва баъзида хато қилади. Агар у хато қилса битта ажр, тўғри қилса эса иккита ажрга эга бўлади. Нававий роҳимаҳуллоҳ кўплаб асарлар муаллифидир. Бу асарларнинг энг яхшиларидан бири биз шарҳламоқчи бўлган ушбу “Ал-арбаун Ан-нававийя” (яъни “Нававийга оид қирқ ҳадис”) китобидир. Аслида китобдаги ҳадислар сони қирқта бўлмай, балки қирқ иккитадир. Бироқ араблар каср сонларни тушириб қолдириб, қирқдан бир иккита зиёда, ёки ноқис бўлса ҳам “қирқ” деб айтишга одатланганлар.

Ушбу қирқ ҳадисни толиби илмлар ёд билиши лозимдир. Негаки бу ҳадислар бошқа асарлардан фарқли ўлароқ, турли-туман боблардаги кўпсонли ҳадислар ичидан сайлаб олинган. Мисол учун “Умдатул аҳком” (“(Ҳалол-ҳаром масалаларига оид) аҳкомлар таянчи”) китобига қарайдиган бўлсак,  бу китобдаги ҳадислар сайланма ҳадислар бўлсада, бироқ биргина боб – фиқҳ бобидаги сайланма ҳадислардан иборатдир.  “Ал-арбаун Ал-нававийя” китобидаги ҳадислар эса, хилма-хил бобларга тааллуқли сайланма ҳадислар мажмуасидир. Ушбу ҳадисларни шарҳлаш йўлида Аллоҳдан ёрдам ва мадад сўраб қоламиз. Ёлғиз Аллоҳгина муваффақ этувчидир.