Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Умар ибн Абдулазиз

5720 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Умар ибн Абдулазиз

“Умар ибн Абдулазиз аҳли илмлар наздида, амалли олимлардан ва хулафои рошидинлардан ҳисобланади”. (Имом Заҳабий)

 Хулафои рошидинларнинг бешинчиси, обид, зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз ҳақида сўзлаш, мушкдан ҳам ҳушбўйроқ, гулдан ҳам нафисроқдир. Зеро, у зотнинг ажойиб ва ёрқин ҳаёти хушбўй гулларга тўла боғга ўхшайдики, унинг қаерига борсангиз яшнаган майсаси, гўзал гуллари ва янги-янги меваларига ошно бўласиз.

Тарих саҳифаларини бойитган бу сийратни тўла-тўкис келтириш имконият доирамиздан ташқарида бўлса ҳам, лекин унинг боғидан гулдасда териб олиш ва унинг ёрқин нуридан баҳраманд бўлишга имконимиз бор. Ҳаммасига эришиб бўлмайдиган нарсанинг ҳаммасини тарк қилинмайди, дейилганидек, сиз азизларга Умар ибн Абдулазизнинг ҳаётларидан уч лавҳани ҳавола қиламиз.

Биринчи лавҳа: Мадинанинг олими, қозиси ва устози Салама ибн Дийнор ҳикоя қиладилар: “Мусулмонларнинг халифаси Умар ибн Абдулазиз билан кўришиш ниятида сафар қилгандим. Халифа Ҳалабнинг ноҳияларидан бири бўлмиш Хуносирада эканида етиб бордим. Ёшим улғайиб, анча кексайиб қолганман, Умар ибн Абдулазиз билан кўришмаганимизга ҳам анча йил бўлган.

Ҳузурига кирдим, у хонанинг тўрида ўтирган экан. Уни Мадинада волий бўлиб турганида кўрганимча қайтиб кўрмаганим ҳамда кўринишининг ўзгариб кетганидан таний олмадим. У менга илтифот кўрсатиб: “Яқинроқ келинг, эй Абу Ҳозим”, деди. Яқинроқ бориб уни яқиндан кўргач:

—    Мўминларнинг амири Умар ибн Абдулазизмисиз? — сўрадим.

—    Ҳа.

—    Нима бўлди сизга? Ўзингиз ёш, кўркам, тароватли эдингиз, ҳаётингиз ҳузур-ҳаловатда, роҳат-фароғатда эмасмиди?

—    Ҳа.

—    Олтин-у кумушларга эга бўлганингиз ва мўминларнинг халифасига айланганингиздан сўнг, сизни нима нарса бу даражада ўзгартириб юборди?

—    Нима ўзгарибди, эй Абу Ҳозим?

—    Озиб-тўзиб кетибсиз, юзингиз сарғайиб, ажин тушибди, кўзингизнинг нури ҳам сўнибди. Умар ибн Абдулазиз бу гапларни эшитиб, йиғлаб юборди ва:

—    Мен қабрга қўйилгач, икки кўзим лунжимга осилиб тушган, қорним шишиб, титилган ва бутун баданим қуртларга  яйлов бўлганини кўрсангиз эди, бугунгидан кўра кўпроқ танимаган бўлар эдингиз.

—    Мадинада менга айтган ҳадис ёдингиздами, эй Абу Ҳозим?

—    Мен сизга кўп ҳадислар айтганман, қай бирини назарда тутяпсиз?

—    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис.

—    Ҳа, эсладим, эй мўминлар амири.

—    Шу ҳадисни яна айтиб беринг, уни сиздан эшитишни хоҳлайман.

—    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитдим, дедилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, ул зот дедилар: “Олдингизда ундан ошиб ўтиш машаққатли ва кескир учли тошлардан иборат довон бор, ундан (ибодат ва жиҳод қилавериш билан) чиниққан кишигина ўта олади”. Умар ибн Абдулазиз қаттиқ йиғлади ҳатто мен унинг жигари ёрилиб кетмаса эди, деб қўрқдим. Сўнг кўз ёшларини арта-арта менга қараб: “Мана шу довондан ўтиш ва нажот топиш мақсадида жисмимни ориғлатганимга мени маломат қиласизми? Бироқ, мен ўзимни нажот топувчи, деб ўйламайман”.

Иккинчи лавҳа: Имом Табарий Туфайл ибн Мирдосдан ривоят қилади: Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан сўнг, ўзининг “Суғд”даги волийсига мактуб йўллаб деди: “Юртингизда мусулмонлар учун меҳмонхоналар қуринг. Улардан бирортаси келса, бир кеча-кундуз меҳмон қилинглар, ҳол-аҳволига қараб, уловига ҳам бохабар бўлинглар. Агар қаттиқ чарчаган бўлса, икки кеча ва икки кундуз меҳмон қилинглар ҳамда унга ҳамдард бўлинглар. Агар у пулсиз ва уловсиз кўчада қолган бўлса, унинг ҳожатига етадиган маблағ билан таъминлаб, юртига етказиб қўйинглар”.

Волий мўминлар амирининг буйруғини бажо келтириб, меҳмонхоналар қуриб, мусофирлар учун ҳозирлаб қўйди. Бунинг хабари ҳар ёққа тарқаб, Ислом диёрларининг машриқу мағрибида одамлар бу ҳақда гапиришар ва халифанинг адолати ва тақвосини мақтар эдилар.

Халифанинг адолатини эшитган Самарқанд аҳлининг обрўли кишилари дарҳол волий Сулаймон ибн Аби Сарийнинг хузурига келиб унга ўз талабларини арз қилишди: “Сиздан аввалги волий Қутайба ибн Муслим Боҳилий бизнинг шаҳримизга огоҳлантиришсиз бостириб кирди ва биз билан жанг қилишда мусулмонларнинг йўлини тутмади.

Биз биламизки, сизлар душманингизни аввал Ислом динига киришга чақирасизлар, агар бош тортсалар жизя тўлашни таклиф қиласизлар, бундан ҳам бош тортсалар, шундагина уларга қарши уруш эълон қиласизлар. Биз сизларнинг халифангизда адолат ва тақвони кўргач, сизларнинг лашкарингиздан сизларга шикоят қилишга ва қўмондонларингиздан бирининг бизга қилган ишидан ёрдам истаб сизларга мурожаат қилишга ўзимизда журъат топдик. Шунинг учун эй амир, бизларнинг вакилларимизга рухсат берсангиз, улар халифангиз ҳузурига бориб, бизга етган зулмни унга етказсалар. Агар ҳақ биз тарафда бўлса, ҳаққимизни оламиз ва агар ноҳақ бўлсак, қайтиб келаверамиз” — дедилар. Волий Сулаймон уларга халифанинг ҳузурига бориш учун рухсат берди ва Самарқанд аҳлининг вакиллари Дамашққа қараб йўл олдилар.

Етиб боришгач халифанинг ҳузурига кириб, унга ўз шикоятларини арз қилдилар. Шикоятни эшитгач халифа Умар ибн Абдулазиз волий Сулаймон ибн Абу Сарийга мактуб ёзди: “Аммо баъд... Бу мактубим сенга етиб боргач, мусулмонлар қозисига буюр Самарқанд аҳлининг шикоятларини тингласин. Агар қози Самарқанд аҳлининг фойдасига ҳукм чиқарса, мусулмон лашкарни уларнинг шаҳарларидан чиқиб кетишга амр қил. Уларнинг ораларида яшаётган мусулмонларни ҳам шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга буюр. Сизлар ва улар Қутайба ибн Муслим уларнинг диёрларига киришидан олдинги ҳудудларингизга қайтинглар”.

Самарқанд аҳлининг вакиллари ортга қайтиб, мўминлар амирининг мактубини волий Сулаймон ибн Абу Сарийга топширдилар. Хатни ўқигач волий дарҳол катта қози Жумайъ ибн Ҳозир Ножийни Самарқанд аҳлининг шикоятларини тинглашга буюрди. Қози уларнинг шикоятини эшитиб, уни обдон ўрганиб чиқди. Мусулмон лашкари ва қўмондонларидан бир қанчаларининг гувоҳликларини тинглади. Самарқанд аҳлининг даъволари тўғри экани равшан бўлгач, уларнинг фойдасига ҳукм чиқарди.

Ҳукмни эшитгач волий мусулмон лашкарга шаҳарни ташлаб чиқишга ва ўз жамлоқларига бориб жойлашиб жангга отланиб туришга амр қилди. Улар бу шаҳарга ё сулҳ тузилиб кирадилар ёки жанг орқали ғалаба қозониб фатҳ қиладилар ёхуд улар учун бу шаҳарни фатҳ қилиш битилмаган бўлиши мумкин.

Самарқанд аҳлининг обрўли кишилари мусулмонларнинг қозиси уларнинг фойдаларига чиқарган ҳукмни кўришгач ўзаро кенгашдилар: "Мусулмонлар билан аралашиб бирга яшадик, уларнинг хулқларини, адолатини ва садоқатини кўрдик. Уларнинг қандай қавм эканини кўра била туриб чиқариб юборсак ҳолимизга вой бўлмайдими ахир. Уларни ўзимиз билан  қолдирайлик, улар билан хотиржамлик ва бахт-саодатда бирга яшайверайлик”.

Учинчи лавҳа: Ибн Абдулҳакам “Умар ибн Абдулазизнинг сийрати” номли ўзининг нафис китобида ҳикоя қилади: “Умар ибн Абдулазизга ўлим соати яқинлашганида, унинг ҳузурига Маслама ибн Абдулмалик кирди ва деди: “Эй мўминлар амири, сиз фарзандларингизни мол-дунёга эгалик қилишдан тўсиб қўйдингиз, уларга мени ёки аҳли байтингиздан ўзингиз муносиб кўрган биронтасини васий қилсангиз яхши бўлар эди”. Маслама сўзини тугатгач, Умар ибн Абдулазиз: “Мени ўтқазиб қўйинглар” — деди. Ўтқазиб қўйишгач: “Эй Маслама, сўзингни эшитдим. “Сиз фарзандларингизни мол-дунёга эгалик қилишдан тўсиб қўйдингиз”, дединг, Аллоҳга қасамки, мен уларга тегишли бўлган бирон ҳақдан уларни ман қилмадим, шунингдек уларга тегишли бўлмаган биронта нарсани уларга бермадим. “Уларга мени ёки аҳли байтингиздан ўзингиз муносиб кўрган биронтасини васий қилсангиз яхши бўлар эди”, деган сўзингга келсак, менинг уларга васиййим ва менинг дўстим Қуръонни ҳақ билан нозил қилган  Зот Аллоҳдир. У солиҳ бандаларнинг дўстидир”. Эй Маслама, шуни билки; менинг фарзандларим икки одамнинг бири бўладилар: ё солиҳ, тақводор одам бўлади. Агар шундай бўлса, Аллоҳ уни Ўз фазлу-карами билан беҳожат қилади ва у учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилиб қўяди. Ёки гуноҳларга ботган ёмон одам бўлади. Агар шундай бўлса, Аллоҳга маъсият қилишларида мен уларга мол-дунё билан ёрдам берувчи бўлмайман” — деди.

Сўнгра, фарзандларимни чақиринглар — деди. Уларни чақирдилар. Улар ўнтадан ошиқ эдилар. Ҳаммалари кириб келишди. Умар ибн Абдулазиз уларни кўргач икки кўзи жиққа ёшга тўлди ва: “Жоним фидо бўлсин бу йигитларга ҳеч вақолари йўқ камбағал ҳолда уларни ташлаб кетяпман” — деб, унсиз йиғлади. Сўнг фарзандларига қараб: “Болажонларим, мен сизларга кўп яхшиликларни қолдириб кетяпман. Сизлар мусулмонларнинг ёки зиммийларнинг биронталари олдидан ўтар экансиз, улар ўзларининг устида сизнинг ҳаққингиз борлигини билиб турадилар. Болажонларим, сизлар икки иш орасини танлаш қаршисида турибсизлар: Сизлар бой-бадавлат бўлишингиз, бироқ отангиз дўзахга кириши ёки сизлар камбағал бўлишингиз, отангиз эса жаннатга кириши. Ўйлайманки, сизлар отангизни дўзахдан қутқариб қолишни бойликдан муқаддам қўясизлар.

Сўнг уларга меҳр билан боқиб: “Бораверинглар Аллоҳ сизларни Ўз ҳифзи-ҳимоясида сақласин, ризқингизни мўл-кўл қилиб берсин” — деди.

Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизга қараб: “Эй мўминлар амири, менда бундан кўра яхшироқ фикр бор”.

—    Нима экан?

—    Менда уч юз минг дийнор бор, мен шуни сизга ҳадя қилсам, сиз уни фарзандларингизга бўлиб берсангиз, истасангиз садақа қилиб юборсангиз.

—    Менда бундан кўра яхшироқ фикр бор.

—    Нима экан у, эй мўминлар амири?

—    Шу дийнорлар кимдан олинган бўлса эгаларига қайтариб бергин, чунки сен буларга ҳақли равишда эга бўлмагансан. Масламанинг икки кўзи намланиб:

—    “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, эй мўминлар амири, қотиб кетган қалбларимизни юмшатдингиз, унутганларимизни эслатдингиз ва биз учун яхши инсонлар ичида ном қолдирдингиз”— деди.

Умар ибн Абдулазиз вафотидан сўнг фарзандларининг ҳаётларини кузатган одамлар, улардан биронтаси ҳам камбағал ва муҳтож бўлмай ҳаёт кечирганларини кўрдилар. Аллоҳнинг сўзи нақадар тўғри! Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган: “(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!”. Нисо: 9.