Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга ўргатган сабоқлар (2-қисм/5)

4106 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга ўргатган сабоқлар

Қуйида ақида сояси остидаги ҳаёт менга ўргатган айрим сабоқларни қисқача зикр қиламан:

Ҳаёт менга шуни ўргатдики, ким сиёҳдонларга хизмат қилиб илм таҳсил қилса, минбарлар унинг хизматида бўлур экан.

Қанчадан-қанча чироқлар борки, шамол уларни ўчирган, қанчадан-қанча тоат-ибодатлар борки, кеккайиш ва манманлик  уларнинг ажр-савобини кўкка совурган.

Кимда ким Абу Бакр розиёллоҳу анҳу сингари амир истаса, у ҳолда унинг ўзи Холид ва Саъд розиёллоҳу анҳумо каби бўлсин.

Бирон бир ишни: “кейинроқ қиламан”, -дея пайсалга солиш Иблис тузоғларидан биридир.

Катта алангалар кичик олов учқунларидан бошланади.

Албатта ҳақни ҳимоя қиладиган куч-қувват бўлиши зарур.

Шукр қилиш неъматларнинг давомлилигини таъминлайди.

Йўл хатарларидан қўрққан киши кечаси йўлга чиқади ва кечаси йўлга чиққан киши манзилга эсон-омон етиб олади.

Кўпинча  бир томчи қоннинг тўкилиши иззат-икром ва ғалаба келтиради.

Ҳар қандай учқур от ҳам баъзан қоқилади, ҳар қандай кескир қилич ҳам гоҳида қайрилади ва ҳар қандай олов ҳам сўнади.

Инсон борки унутувчидир.

“Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, Бу қулоқ тутувчилар учун эслатмадир.” [Ҳуд: 114].

Мўминлар қўлидаги энг катта қурол

Ваниҳоят, ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, мўминлар қўлидаги энг катта қурол – бу дуо экан.  Дуо – бу мўминлар эътибордан четда қолдирган энг катта қуролдир. Аллоҳнинг изни ила бу қуролни ишлатган бирон бир кимса ҳалок бўмагай. Бу қурол еру-осмон Парвардигори бўлмиш Аллоҳга дуо ва илтижо қилишдан иборатдир:  “Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди.” [Ғофир: 60],  “Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг (дуо қилувчиларнинг) дуосини ижобат қиламан.” [Бақара: 186].

Ибни Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Солиҳ банда Бақий ибн Махлад тоат-ибодатли обид бандалардан бири эди. Кунлардан бирида унинг ҳузурига солиҳа аёллардан бири келиб: “Эй Бақий, душманлар Андалус диёрида ўғлимни асирга олдилар. Мени Аллоҳдан кейин бу ўғлимдан ўзга қаровчим йўқ. Аллоҳга дуо қилинг, ўғлимни асирликдан озод қилиб бағримга қайтарсин”, — деди. Бақий ўрнидан туриб таҳорат олди ва Унга дуо қилган бандасининг қўлини бўм-бўш қайтаришдан ҳаё қиладиган Карим ва Ҳай зот бўлмиш Аллоҳга дуо қилиб қўл кўтарди. Аллоҳдан бу аёлнинг ўғлини асирликдан озод қилишини, онаизори билан қайтадан дийдор кўришни насиб қилишини сўради. Бир неча кун ўтар ўтмас аёлнинг ўғли Андалус диёридан уйига қайтиб келди. Онаси ундан нима юз берганлиги, душман қўлидан қандай озод бўлганлиги ҳақида сўради. Ўғли деди: “Фалон куни фалон соатда (бу соат айнан Бақий дуо қилган вақтга тўғри келар эди) бирдан қўлимдаги кишанлар ечилиб кетди. Соқчилар кишанларни қайтадан қўлимга солган эдилар яна тушиб кетди. Шунда улар кишанларни яна қайтадан бир-бирига уладилар. Бироқ кишан яна узилиб тушди. Шунда улар бундан қўрқув ва даҳшатга тушдилар ва мени озод қилиб юбордилар. Шунда мен бу ишлар солиҳ бир банданинг солиҳ дуоси шарофати эканига ишонч ҳосил қилдим”.  (Сизлар Аллоҳга шерик қилаётган олиҳаларга ибодат қилиш яхшироқми) Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган... Зотга ибодат қилиш яхшироқми?!” [Намл: 62]  Дуо – ибодатдир.

Машҳур тобеинлардан бири Сила ибн Ашям жангда қатнашар экан оти ҳалок бўлди. Уловсиз қолган Сила ён-атрофга аланглагач шундай деди: “Эй Аллоҳ, бировга ишимни тушгулик қилма. Мен Сендан ўзгадан бирон нарса сўрашга ҳаё қиламан!”. Аллоҳ унинг хурсандчилик ва ташвишли ҳолатларда содиқ эканини билгач, унга отини қайтадан тирилтириб берди. Сила отини миниб уйига етиб олди. Хизматкорига қарата: “Эгарни ечиб ол, от бизга омонат”, — деди. Хизматкор эгарни  устидан олиши билан, от ўлик ҳолида ерга йиқилди.  

Бунинг ажабланарли жойи йўқ, ким Аллоҳга таваккал қилса, Унга илтижо қилса дуосини ижобат қилиб, уни ҳифзу-ҳимоясида асрайди. Гарчи осмонлар ва ер аҳли унга қарши макр-ҳийла қилсалар ҳам Аллоҳ унга бу муаммолардан чиқиш йўли ва ечим ато этади.

Яна бир бор айтаман, агар дунё қоронғилашиб ер юзи сизга торайса, ёрдамчи топиш мушкул бўлиб, фисқу-фасод авжига минса, ботил қўллаб-қувватланиб, ҳақ таҳқирланса, бахил сахийни устидан кулиб, дудуқ нотиқни камситса, зулмат қуёшни маломатлаб, ер ўзини кўкдан устун қўйса, дарё ўзанидаги тошлар қор қоплаган тоғ чўққисидан ўзини юксак деб билса, қўрқоқ кимсалар белига камар боғлаб довюракликни даъво қилса, омонатдор кишилар қолиб, тентак ва эсипаст кишилар қадри кўтарилса, хоин кимсалар ўзини вафодор қилиб кўрсатса, бир чақага арзимайдиган эътиборсиз кишилар оммавий масалаларда гапирадиган бўлса ва маймунлар шерга айланиб, қўй-эчкилар қўлдан чиқиб кетсалар қўлингизни “Менга дуо қилинглар, сизлар учун (дуоларингизни) истижобат қиламан”  [Ғофир: 60], деган зотга кўтариб дуо қилинг.

Эй Аллоҳ, биз мана шундай  муборак соатларда Ўзингнинг “Исму Аъзам”инг билан бизларга дўзахдан паноҳ беришингни, бизларга Ўзингни ёд қилувчи тил, Сендан қўрқувчи қалб, ёш оқизувчи кўз ва то Сенга йўлиқадиган кунга қадар унинг ҳаловатини ҳис қиладиган иймон насиб қилишингни сўраймиз. Зеро, “Исму Аъзам”инг шундай исмки, унинг билан Сендан сўраган кишига тилагини бажо қилурсан, унинг билан Сендан раҳм-шафқат сўрганни раҳм қилурсан ва унинг билан мушкулини енгиллатишни сўраганларга мушкулини енгиллатурсан.

Эй Раббимиз! Бизнинг ҳолимиз Сенга махфий эмас, ҳузурингда хокисор туришимиз Ўзингга аён. Мусулмонлар Сенинг бандаларинг, бандаларинг фарзандлари, Сен нозил қилган китоб ҳофизлари ва Расулингга эргашган кишилар Сенинг раҳматингни умид қилиб, азобингдан қўрқиб турибдилар.

Эй Аллоҳ, бизлардан лутфу-карамингни дариғ тутма, бизларга раҳм қил. Эй Раббимиз, ичимиздаги эсипаст ва аҳмоқ кимсалар қилмиши туфайли бизларни жазолама!

Эй ҳифзу-ҳимоясига бош уриб келганларга Ёрдам берувчи зот! Эй дуо қилувчиларга Яқин зот! Эй паноҳ сўраганларга Паноҳ берувчи зот! Бизларга дўзахдан – хорлик ва ҳалокат диёридан паноҳ бер!

Эй Аллоҳ, агар бандаларингни бирон фитнага дучор қилишни истасанг, у ҳолда бизларни зиммамиздаги вазифамизни тўла-тўкис адо қилган ва фитнага учмаган ҳолда жонларимизни ол!

Буюк арш соҳиби Буюк Аллоҳдан бизларни мусулмон ҳолимизда вафот эттириши, бизларни солиҳ бандалари сафига қўшиши ва бизларни Ўзининг розилиги ва жаннатини қўлга киритган тақводор бандаларидан қилишлигини сўраймиз.


Тун намозини адо этишга ёрдам берадиган омиллар

Савол: Шайх ҳазратлари! Мен сизни Аллоҳ йўлида яхши кўраман. Уламоларнинг айтишича, тун намозини адо этиш динда собитқадамликка элтувчи энг катта омиллардан бири экан. Мен тун намозини адо этиш учун кўп ҳаракат қилдим, бироқ доимий равишда бу ибодатни бажара олмадим. Тун намозини адо этишга ёрдам берадиган омиллар нима эканлигини айтиб берсангиз. Аллоҳ сизга яхши ажр-мукофотлар ато этсин!

Жавоб: Азизлар, Аллоҳга қасамки, тун намози лаззат, ҳузур-ҳаловат, саодат, неъмат ва хурсандчиликдан иборатдир. Буни ёлғиз тун қоронғусида оёқларини сафга тортиб Парвардигорининг раҳматини умид қилиб, азоб-уқубатидан қўрқиб, Ундан жаннатини сўраб ва дўзахидан паноҳ сўраб намоз ўқиган кимсаларгина биладилар. Бу намозни адо этадиган кимсалар тақводорлардир:  “Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган ажр-мукофотларни қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар узра бўлурлар. Зеро улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) ухлашар эди. Саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар.” [Зориёт: 15-18]. Шунингдек, бу намоз аҳли қуйидаги оятларда айтилган кимсалардир:  “Бизнинг оятларимизга фақат қачон у (оятлар) зикр қилинса, сажда қилган ҳолларида йиқиладиган ва кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ҳамду сано айтиш билан Парвардигорларини поклайдиган зотларгина иймон келтирурлар. Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас.” [Сажда: 16-17].

Уламоларнинг  “тун намозини адо этиш динда собитқадамликка элтувчи энг катта омиллардан биридир”, деган сўзлари ҳақ. Мен қуйида тун намозини адо этишга ёрдам берувчи айрим сабабларни зикр қилиб ўтаман. Аллоҳ таолодан бу сабабларни савол сўраган биродарга ҳам, сўзловчига ҳам фойдали қилишини сўраб қоламан:

Биринчи: Шуни билиш лозимки, Аллоҳ таолонинг инъоми ёғиладиган вақтлар бор. Банда бу вақтларга рўбару бўлар экан дунё ва охиратида бахт-саодатли бўлади.

Аллоҳнинг мана шундай инъоми ёғиладиган вақтлардан бири кечанинг охирги учдан бир қисмидир. Бу нарса ёлғиз тун намозини адо этган кимсагагина насиб қилажакдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло кечанинг охирги учдан бир қисмида Ўзининг улуғворлигига муносиб равишда дунё осмонига тушади ва шундай дейди: “Бирон бир дуо қилгувчи борми, дуосини ижобат қилсам? Бирон бир истиғфор сўрагувчи борми, уни мағфират қилсам? Бирон бир тавба қилгувчи борми, тавбасини қабул қилсам?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта кечада шундай бир соат борки, бу соатда бирон бир мусулмон банда туриб Аллоҳдан дунё ва охират яхшиликларидан сўраса, албатта Аллоҳ унга сўраганини беради. Бу соат ҳар кечада мавжуддир”. Бу Аллоҳнинг фазли-инъоми.

Имом Табароний ҳасан ровийлар силсиласи ила ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Дарҳақиқат, жаннатда шундай хоналар мавжудки, унинг ташқи томони ички томонидан, ички томони эса ташқи томонидан кўриниб туради”. Саҳобалар: “(Бу хоналар) ким учун (ҳозирланган), эй Расулуллоҳ?”, - дедилар. Ҳадис охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар уйқуда эканлигида  тунни намоз ўқиб ўтказган кишилар учун”, - дедилар.

Иккинчи: Азизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро розиёллоҳу анҳуга таълим берганларидек,  ухлашдан олдин худди намозга таҳорат олгандек таҳорат олмоғимиз лозим.

Учинчи: Ухлашдан олдин Оятул Курсийни ўқиш лозим. Ана ўшанда бизга шайтон яқинлашмайди ва то тонг отгунга қадар бошимиз узра Аллоҳ таоло тарафидан сақловчи бўлади. Бундан ташқари Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиш керак. Кимда ким тунда бу икки оятни ўқиса, албатта бу икки оят унга кифоя қилади. Шунингдек, ухлашдан олдин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд ва 34 марта такбир айтиш ҳам суннатдир. То сизга уйқу ғолиб келгунига қадар Аллоҳни зикр қилиб ётинг. Зеро, сиз жойингизга ёнбошлар экансиз, бир шайтон ва бир фаришта сиз томонга ошиқади. Шайтон: “Кунингни ёмонлик билан тугат”, - деса, фаришта: “Кунингни яхшилик билан тугат”, - дейди.  Агар то ухлаб қолгунингизга қадар Аллоҳни ёд қилсангиз, фаришта сизни қўриб тунни ўтказади ва шайтонни жойингиздан ҳайдаб юборади.

Қолаверса, мен сизга жойга ётган чоғингизда ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг қўлингизни ўнг ёноғингиз остига қўйиб қуйидаги дуони айтишингизни тавсия қиламан: “Эй Раббим, Сенинг номинг ила ёнбошладим ва Сенинг номингла жойимдан тураман. Агар менинг жонимни олсанг, унга раҳм қил. Агар жонимни қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни сақлаган нарсанг билан ҳифзу-ҳимоянгда асрагин”.

“Эй Аллоҳ, дарҳақиқат, мен жонимни Сенга таслим қилдим, юзимни Сенга қаратдим, ишимни Сенга ҳавола қилдим ва орқамни Сенга суядим. Сени(нг ажр-савобингни) умид қилиб ва (азоб-уқубатингдан) қўрқиб (шундай қилдим).   Сенинг азоб-уқубатингдан қочиб қутулиш учун Ўзингдан бошқа мурожаат қилинадиган бирон зот ҳам ва бирон бошпана ҳам йўқдир. Сен нозил қилган китоб – (Қуръон)га ва Сен элчи қилиб юборган Пайғамбарга иймон келтирдим”.

Бундан ташқари ўзингиз билган бошқа зикрларни айтишингиз мумкин.

Шунингдек, кундузи қайлула қилиш (яъни туш пайтида пешиндан олдин бир оз мизғиб олиш)га ҳам эътибор бериш лозим. Зеро, “Ал-силсила Ал-саҳиҳа” асарида зикр қилинганидек,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайлула қилингиз, зеро шайтонлар қайлула қилмайдилар”, - деганлар.

Қолаверса, кундузи ўзингизни ҳаддан ташқари чарчатманг. Чунки, кундузи қаттиқ чарчаган киши кечаси намоз ўқий олмайди.  

Бу борада эътибор беришимиз лозим бўлган ишлардан бири – кечаси таом ейишни камайтиришдир. Негаки, кўп еган кўп ухлайди. Ривоят қилишларича, Яҳё ибн Закариё алайҳимассалом шайтонга шундай деган экан: “Ҳаётим давомида мени ҳеч тузоғингга тушира олдингми?”. Бунга жавобан шайтон шундай деган экан: “Ҳа, бир марта: бир гал сенга таом олиб келинди. Мен сенга таомни мазали қилиб кўрсатавердим, кўрсатавердим, сен ҳам уни иштаҳа билан еявердинг ва охир-оқибат тўйиб овқат единг. Шундан сўнг ўша кеча тун намозига тура олмадинг”. Шунда Яҳё алайҳиссалом: “Қасамки, бундан кейин тўйиб овқат емаганим бўлсин!”, - деган экан. Шайтон ҳам: “Қасамки, сендан кейин бирон бир одамга насиҳат қилмаганим бўлсин!”, -деган экан.

Ваниҳоят, мудом истиғфор айтиб юришимиз лозимдир. Кимда ким кўп истиғфор айтса Аллоҳ унинг ишларини осон қилади, айтган истиғфори ҳар қандай ғам-ғуссаларини тарқатиб юборади ва ҳар қандай мушкулини енгиллатади.

Аллоҳни кўп ёд қилишимиз, бекор ва беҳуда сўзлардан тийилишимиз лозим. Шунингдек, фойдасиз машғулотлардан ўзимизни тиймоғимиз, Аллоҳнинг китобига назар солиш билан кўзларимизни фойдалантиришимиз ва дунё ва охират яхшиликларига бизни муваффақ қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилишимиз лозимдир.

Аллоҳ таолодан бизларни Парвардигорларига умид ва қўрқинч билан дуо қилган ҳолда, тунда тўшакларини тарк қилувчи бандаларидан қилишини сўраб қоламиз.


Аллоҳнинг мулки-салтанати тўғрисида мушоҳада қилиш зарурлиги

Савол: Муҳтарам шайх ҳазратлари, дарҳақиқат, ҳаётда ибрат, сабоқ ва тажрибалар бор. Мана шундай ҳаётда яшаб, бироқ, ҳеч кимга таъсир ўтказмасдан, бировдан таъсирланмасдан, ҳаётга қандай кирган бўлса шундайича чиққан кишилар ҳақида қандай фикр билдирасиз?

Жавоб: Азиз биродарлар, шубҳасиз, Аллоҳ таоло биз бандаларини Ўзининг мулки-салтанати тўғрисида мушоҳада юритишга чақиради: Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир [Оли Имрон: 190], (Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар. (Чунки) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас. [Юнус: 101]. Аллоҳ таоло бизни мушоҳада юритишга чақиради. Ҳаётини фақат еб-ичиш, айшу-ишрат учун яшаган, нима учун дунёга келгани хусусида бош қотирмайдиган, яратилишидан ҳикмат нима экани, Аллоҳ уни нимага буюргани тўғрисида фикр юритмайдиган инсон аслида инсон терисини ёпинган ҳайвондир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!” [Фурқон: 44].

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди:  “Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.” [Аъроф: 179].

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг мулки-салтанати тўғрисида фикр ва мушоҳада юритадиган, Қуръонни тафаккур қиладиган ва бу нарса уларни янада Парвардигорларига яқинлаштирадиган, Унинг сари етаклайдиган бандаларидан қилишлигини сўраб қоламиз.