Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2-қисм/6)

2104 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

(Давоми)

Замоннинг ҳолати

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", замон ўзгарувчан, ҳаёт асло бир зайлда давом этмас экан: (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз.” [Оли Имрон: 140]. Бу дунё алдамчи дунё: агар у сенга кулиб боқса сени балчиққа ботиради, агар сарпо кийдирса касодга учратади, агар уни  қўлдан бой берсанг сени қўрқув ва изтиробга солади. Қанчадан –қанча подшоҳлар борки, донги дунёга таралиб, эндигина салтанати юксалган чоғда оламдан ўтдилар.

Тирик ўликлар

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", тирик ўликлар – яхшиликка буюрмайдиган ва ёмонликдан қайтармайдиган кишилар экан:  “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” [Моида: 78-79]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва эсипаст ва нодон кимсаларни (ёмон йўлларидан) тийиб, уларни ҳақ йўлига буриб қўясизлар. Акс ҳолда,  Аллоҳ таоло сизлар билан уларнинг қалбларини бир-бирига ўхшаш қилиб қўяди. Шундан сўнг ўша (эсипаст ва нодон) кимсаларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”. “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло устингиздан бетавфиқ кимсаларни ҳукмрон қилиб қўяди. Ўшанда яхшиларингиз дуо қилаверади-ю, бироқ уларнинг дуоси ижобат қилинмайди”. “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло устингиздан кичикларингизга раҳм-шафқат қилмайдиган, кексаларингизга иззат-икром кўрсатмайдиган кишиларни ҳукмрон қилиб қўяди”.

Қанчадан-қанча дунёдан кўз юмган кишилар борки, улар қилган амаллари: одамларни яхшиликка буюрганлиги, ёмонликдан қайтарганлиги, ўқиган илми-ю, бажарган амали билан ҳали ҳануз ҳаётлар! Буни акси ўлароқ, қанча ўлик тириклар борки, мункар, ножўя ишларни кўрсаларда пинагларини бузмайдилар, бу ҳолат уларни ташвишга солмайди!

Тириклар бор ўликлигин ҳатто ўзи сезади

Ўликлар бор, тилларда ёд, халқ ичида кезади

Калтак билан тарбия ва ислоҳот ўртасидаги алоқа

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", агар калтак меҳрибон қўли, босиқ тили ва меҳр-шафқатли қалби бўлган кишининг қўлига тушгудек бўлса, бундай калтак - тузатиш, тарбия ва ислоҳот воситасига айланар экан. Калтак уни ҳикмат ва майинлик билан ишлатадиган кишининг қўлига тушса фойдали қурол-восита экан. Агар калтак дори-дармон мисол муносиб ўринга қўйилса яхши манфаат келтиради. Биз муолажа учун лозим бўлган барча имкониятларни ишга солганимиз ва бу имкониятлар наф бермасагина калтакка мурожаат қилишни хоҳлаймиз. Зотан, дори зоти аччиқ бўлиб, сассиқ ботқоқдан эса гўзал ва хушбўй нилуфар чиқади:

Тийилсинлар дея нобоп ишлардан

Қаттиққўллик ишга солди тадбиркор

Қатъиятли гоҳ қотирар дийдасин

Суйганига танбеҳ қилсин,- дея- кор

Қолаверса, калтак – бу суяниш, қўй-эчкиларга дарахт баргларини қоқиб бериш воситаси ва калтак билан бундан бошқа талай эҳтиёжларни ҳам қондириш мумкин. Яхшиликка элтувчи йўллар кўп бўлса-да, бироқ қанчадан-қанча яхшилик истаган кимсалар яхшилика йўл тополмайдилар!: “Барчангиз бошқарувчи ва барчангиз қўл остингиздагилардан жавобгарсизлар”.

Дунёда ҳар бир нарсанинг интиҳоси бор

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", дунёдаги ҳар бир ишнинг интиҳоси, ҳар бир йиғин ва жамланишнинг тарқалиши ва ҳар қандай роҳат-фароғатнинг тугаши бор экан.

Таназзулга қараб йўл олар,

Гар мукаммал бўлса бир нарса.

Кузатиб тур, топгуси завол,

“Камолотга тўлди”, дейилса.

 Чақалоқ  дунёга келиб, хонадон аҳли қувончга тўлади. Унинг қулоқларига азон айтилади. Қарабсизки, орадан кўп ўтмай тобут ичида елкаларда кўтарилиб кетаётган бўлади. Гўёки у бу дунёга келиб ҳеч кулмаган, бошидан қувончли кунлар кечирмагандек. Гўё унинг ҳаётлик муддати қулоғига айтилган азон билан унинг тобути узра ўқилган жаноза намози оралиғидек. Во ажаб, нақадар қисқа бир ҳаёт!

Кечалардан бирида ўз оиласи қуршовида тинч, хотиржам ва шод-хуррам ўтириб, кимлардир тўғрисидаги хабарларни айтиб турган инсон, қарабсизки, бошқа бир кечада якка ўзи мол-дунёсиз, на фарзанд, ва на ёру-дўстларсиз якка ўзи қабрда қолади. Унга фақат қилган амалларигина ҳамроҳлик қилади ва энди унинг ўзи ўтмиш ҳикоясига айланади.

Беморни хасталигини даволайдиган табиб бир кун келиб унинг ўзи ҳам ўша хасталикка учрайди. Энди унинг табобати ҳам, дори-дармони ҳам унга кор қилмайди. Қарабсизки, бошқалар унинг қўлида дуч келган қисматга унинг ўзи ҳам дуч келади.

Аллоҳга қасамки, сизу-биз бир парча музга ўхшаймиз. Муз парчаси аста-секин эриб боради, сўнгра эриб тамом бўлиб, худди йўқдек бўлиб кетади.

Ўлим эшикка ўхшайди. Барча инсонлар бу эшикдан кирадилар. Ҳар қандай эшик ортида ҳовли бўлиб, ҳовлисиз эшикни тасаввур қилиб бўлмайди.

Инсоннинг бу дунёдаги ниҳояси  

Жон таслим қилиш азобини бошидан кечираётган кишига гувоҳ бўлганмисиз? Бу одамнинг ўлимдан кейинги ҳолатини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Бир кун келиб сиз шу ҳолатга тушишингиз, у бошдан кечирган жон бериш машаққати ва азобини сиз ҳам татишингиз муқаррар эканлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарса сизни ана шу оғир лаҳзалар учун ҳозирлик кўриш, кўпроқ амал қилиш ва нафсингизни жиловлаб, охират учун кўпроқ саъй-ҳаракат қилишга ундаганми?

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ бир беморни зиёрат қилиш учун унинг олдига борди. Қараса бемор ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини бошдан кечираётган экан. У беморнинг жон бериш азоби ва шиддатли қийинчиликларига гувоҳ бўлди. Ҳасан роҳимаҳуллоҳ уйига бениҳоят маъюс ва ғамгин бўлиб қайтди. Уйидан чиққан вақтдаги чеҳрадан ном-нишон қолмаган, чеҳраси сўлғин эди. Уйидагилар уни овқатга таклиф қилдилар. Ҳасан роҳимаҳуллоҳ уларга шундай деди: “Эй яқинларим, овқат ўзингизга буюрсин! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен шундай ўлим ҳолатини кўрдимки, то ўлгунимча амал қилиб бу ҳолат учун ҳозирлик кўраман”.

Бир тававвур қилиб кўринг-а, бошингизга жон бериш талвасаси тушган, ҳаётнинг сўнгги лаҳзаларни яшамоқдасиз. Қизингиз асира сингари: “Сиздан сўнг мен етимчага ким қарайди?”, — дея сизга йиғлаб-ёлвормоқда. Ўғлингиз эса бир сизга қарайди, бир бошига эрта тушган етимлик мусибати ҳақида ўйлаб: “Энди бизга ким қарайди, отажон?!” — дея фарёд қилади. Сиз бўлсангиз уларни кўриб-эшитиб турсангизда жавоб қайтара олмайсиз!

Ҳаётингизда тупроққа қўйилишлиги учун елкалар узра кўтариб кетилаётган тобутни кўриб, унинг бўлажак ҳолати ҳақида фикрлаганмисиз?! Унинг ҳоли нима кечади?!

Имом Бухорий “Саҳиҳи”да Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар маййит тобутга солиниб, одамлар уни елкаларига олсалар, агар маййит солиҳ инсон бўлса: “Мени тезроқ манзилимга элтинглар, мени тезроқ манзилимга элтинглар”, — дейди. Борди-ю, ундай бўлмаса: “Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар! Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар!”, — дейди. Унинг бу овозини инсондан бошқа барча мавжудотлар эшитади. Агар инсон ҳам эшитганида ҳушдан кетиб йиқилган бўлур эди”.

Ҳа, у шундай қичқирадики, агар бу қичқириқни одамлар эшитишганида ҳузур-ҳаловатни йўқотган бўлур эдилар. Бир ўзингизни ўша тобутдаги маййит ўрнига қўйиб кўринг-а?! Агар биз тобутни кўтариб кетаётиб, сўнгра сиз (тобутдаги маййит): “Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар!”, —дея қичқирганингизда ҳолимиз не кечган бўлур эди?! Аллоҳга қасамки, ҳушдан кетиб йиқилган ва қайтиб тобут кўтармаган бўлур эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисда мана шундан қўрққан эдилар. У зот имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар: “Агар сизлар бир-бирингизни дафн қилмай қўйишингиздан қўрқмаганимда, мен эшитиб турган қабр азобини сизларга ҳам эшиттиришини сўраб Аллоҳга дуо қилган бўлар эдим”.

Эй одам боласи! Ҳар куни тўшакга бош қўйган пайтингизда бир ўзингизни маййит ювиладиган тахта устида деб тасаввур қилинг. Ғассол сизга бу тахта устида ғусл қилдириб, кафанлайди.  Оилангиз ва қўни-қўшнилар сиз билан умрбод видолашадилар. Суйган ёру-биродарларингиз йиғи-сиғи қилишади. Бироқ бу йиғи-сиғилар сизга наф келтирмайди. Сизга фақат қилган солиҳ амалларингизгина асқотади.

Кунлардан бирида Язид Ар-Рақоший роҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётган обидлардан бирининг зиёратига боради. Хонадон аҳли обиднинг атрофида йиғлаб ўтиришар эди. Шунда обид отасига қараб: “Нега йиғлаяпсиз?”, — дея сўради. “Сендан ажралишимга ва сенинг қийналишингни кўриб йиғлаяпман”, — деди отаси. Бу сўздан онаси баттар йиғлади. “Эй меҳрибон ва шафқатли онажон, сиз нега йиғлаяпсиз?”, — деди обид онасига қараб. “Сени йўқотишимни ва соғинишимни ўйлаб йиғлаяпман, болажоним!”, — деб жавоб қилибди онаси. Бу гапдан сўнг хотини ва фарзандлари йиғлашибди. “Эй етимлар жамоаси, сиз нега йиғлаяпсиз?”, — дебди обид. “Сиздан кейинги етимликни ўйлаб йиғламоқдамиз”, — дейишибди улар. Шунда тўсатдан ўлим талвасасида ётган обид фарёд солибди: “Барчангиз дунёйим учун йиғлаяпсизлар! Наҳот ичингизда охиратимни ўйлаб йиғлаётганлар бўлмаса?! Наҳот орангизда юзимни тупроқ қоплаши, фаришта Мункар ва Накир келиб мени савол-жавоб қилиши ва Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб учун туришимни ўйлаб йиғлайдиганлар бўлмаса?!”. Шундан сўнг бу сўзларни айтган обид қаттиқ бир қичқирибди-ю, шаҳодат калимасини айтиб жон таслим қилибди.

Эй мусулмон биродар, ҳеч қабрларга назар солдингизми?! Қабрга назар солган бирон банда йўқки, албатта унинг дили юмшайди. Бу он унинг тошбағирлик ва такаббурликдан энг йироқ лаҳзалари бўлади. Банда тафаккур ва мушоҳада билан тез-тез қабрларни зиёрат қилиб турар экан, албатта унинг дили юмшайди, кўзидан ёш оқади. Негаки, у қабрлар орасида аждодлари, ота-онаси, ёру-биродарлари, суюкли кишилари ётганини кўради. Яқин орада ўзининг улар билан бирга бўлишини эслайди. Қабристонда ётган одамлар бир-бирларига ёнма-ён бўлсаларда, улар ўртасидаги ўзаро борди-келдилар узилгани ҳақида фикр юритади: “ Улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди” [Сабаъ: 54]. Икки қабр бир-бирига ёнма-ён жойлашса-да, қабрдаги ҳолат жиҳатидан улар орасидаги масофа осмон билан ер оралиғича бўлиши мумкин. Банда бу нарсалар тўғрисида мушоҳада қилар экан, албатта унинг қалби юмшайди. Қабр лабида туриб маййитнинг дафн қилинишига гувоҳ бўлар экан, банданинг кўнглидан шундай ўй кечади: “Бу маййитнинг қисматига нима ёзилган экан-а? Қабр роҳат-фароғатими, йўқса, қабр азоб-уқубати? Итоаткор бандами, ёхуд осий?”.  Бу қабр асҳобларининг аҳволи якка Аллоҳ таолонинг ўзига маълум. Унинг ўзи бандалар ўртасида ажрим қилувчи адолатли ҳакамдир. Шундай экан, лаззатларни йўқотувчи ўлимни ёд қилайлик, қабр ҳаёти ва чириган суяклар ҳақида фикр юритайлик. Ўшанда Аллоҳдан қўрқиб қалбларимиз титрайди ва сидқ ва хокисорлик ила Унга илтижо қиламиз!

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Умар розияллоҳу анҳу билан кетаётган эдим. Мен унинг қўлидан тутиб олган эдим.  Бақеъ қабристонидан ўтаётганимизда, қўлини қўлимдан тортиб олди. Сўнгра у ердаги қабрлардан бирининг олдида ўтириб олиб узоқ йиғлади. Мен: “Сизга нима бўлди, эй мўминларнинг амири?!”, — дедим. Умар розияллоҳу анҳу деди: “Кошки Умарнинг онаси уни туғмасайди! Қанийди бир дарахт бўлиб дунёга келганимда! Эй ибн Авф, манави чуқурни унутдингми?!”. Аллоҳга қасамки, Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапидан сўнг мен ҳам йиғладим”.

Бу тор лаҳадларда Аллоҳнинг ўзи ёрдамчи бўлсин! Бу оғир лаҳзаларда Унинг ўзи ёрдамчи бўлсин!

Имом Аҳмад “Муснад”ида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўпланиб турган одамларни кўриб, тўпланиш сабаби тўғрисида улардан сўрайдилар. Шунда уларнинг қабр қазишаётганликлари айтилади. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқув эгаллайди ва шошганча қабр олдига борадилар. Қабр олдида тиз чўкиб ўтирганча узоқ йиғлайдилар. Сўнгра одамларга ўгирилиб шундай дейдилар: “Эй биродарларим, мана шу нарса учун тайёрланинглар!  Эй биродарларим, мана шу нарса учун тайёрланинглар!”  Хўш, биз ўзимизни ана ўша тор лаҳадлар учун тайёрладикми?! Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта мен сизлар кўрмаган нарсаларни кўраман ва сизлар эшитмаган нарсаларни эшитаман. Осмон ғирчиллади ва у ғирчиллашликка ҳақлидир. Зеро, осмонда тўрт бармоқ миқдори бирор жой йўқки, албатта у ерда бир фаришта пешонасини саждага қўйиб турувчи, ёхуд рукуъ қилиб турувчидир. Аллоҳга қасамки, агар мен билган нарсани билганингизда оз кулган, кўп йиғлаган, тўшакларда аёллар билан айшу-ишрат қилишни тарк қилган ва Аллоҳга илтижо ва тавба-тазарру қилиб кўчаларга чиқиб кетган бўлар эдингиз”. Мунзирий ривоятида эса шундай қўшимча бор: “Бошингиз устидан тупроқ сочган бўлур эдингиз”.  Ҳа, Аллоҳга қасамки, агар биз ҳаққоний билганимизда борми, белларимиз синиб кетгунга қадар намоз ўқиган, овозларимиз бўғилиб қолгунга қадар фарёд қилган бўлар эдик. Зеро, масала чиндан ҳам оғир ва хатарлидир.