Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2-қисм/4)

2976 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Муслима аёлнинг юксак мавқеи ва унинг айрим мақтовга сазовор ҳолатлари

"Ақида сояси остидаги ҳаёт" менга шуни ўргатдики, кўплаб муслима аёллар ёш-авлод тарбияси учун мангу тарбия ўчоғидирлар. Ана шундай муслима аёллардан айримлари бир қанча олқишга сазовор намуналарни қолдириб кетдиларки, улар ҳозирги кундаги қизлар, оналар ва опа-сингилларимизга йўлчи-юлдуз, намуна ва ўрнак бўлишга яроқлидир. Айни пайтда, биз шундай замонда яшамоқдамизки, унда аёллар ярим-яланғоч ҳолдаги модельер аёллар, фоҳишабоз раққоса-ю, енгилтак ва беҳаё актриса ва хонандалардан ўрнак оладиган бўлиб қолди. Албатта бундан Аллоҳ раҳм қилган аёллар мустаснодирлар.

Қуйида сизга ана шундай муслима аёллардан айрим намуналар тақдим қиламан:

Софийя бинти Абдулмутталиб розияллоҳу анҳонинг эри вафот этиб, ортида ўғли Зубайр розияллоҳу анҳуни қолдириб кетади. Софийя розияллоҳу анҳо уни қийинчиликларга чидамли қилиб тарбиялайди, уни чавандозлик ва жанг санъатини ўрганишга мажбурлайди. Ҳатто унинг ўйинчоқлари ҳам камонини тузатиш ва унинг ёйларини учлашдан иборат эди. Шунингдек, чиниқтириш мақсадида онаси Зубайрни ҳар қандай қўрқинчли ҳолатларга киритишга ва таҳликали ишларга юборишга одатланган эди. Агар бундай ишлардан ўғли орқага тисарилса онаси уни қаттиқ калтаклар, ҳаттоки Зубайрнинг айрим амакилари онасини койиб: “Сен ўғлингни онадек эмас, балки болани ёмон кўрган ўгай онасидек урасан!”, - дея ўғлига нисбатан ёндашувига эътироз билдирар эдилар. Онаси эса амакиларига қуйидаги байтни хиргойи қилиб жавоб қайтарар эди:

“Ёмон кўради ўғлини”,-деса кимлар,
Ўйламасдан гапирибди, ёлғон сўзлар.
Жангга кирсин, дея урдим, ахир шунча,
Енгиб душман, киритсин қўлга, деб ўлжа.

Ёши олтмишга бориб қолган Софийя бинти Абдулмутталиб Аллоҳга иймон келтирган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлаган ва ҳижрат қилган кишилар билан бирга ҳижрат қилган муслима аёл эди. Уҳуд жангида жияни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга, акаси Ҳамза ва ўғли Зубайрга қўшилиб Аллоҳ йўлида жанг қилди: “Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар)

.”

[Оли Имрон: 34]. Бу жангда мусулмонларнинг орқа томони очилиб қолган чоғда Софийя розияллоҳу анҳо она шердек ўрнидан қўзғалди, чекинаётган мусулмонлардан бирининг қўлидан найзани тортиб олиб, сафларни ёрганча олға юрди ва мусулмонлар ичида шердек ўкириб шундай деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ташлаб қочмоқдамисизлар?!”. Уни кўрган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўғли Зубайрга: “Онангизни қайтаринг, мушриклар акаси Ҳамзани “мусла” қилгани (яъни, қулоқ-бурнини кесгани ва қорнини ёргани)ни кўрмасин”, — дедилар. Шунда Зубайр розияллоҳу анҳу онасига қарата: “Онажон ортга қайтинг! Онажон ортга қайтинг!”, — дея хитоб қилди. “Нари тур, онасиз қолгур! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ташлаб қочасизларми?!”, — деди онаси. “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ортга қайтишингизни буюряптилар”, — дея жавоб берди ўғли Зубайр. Салафи солиҳларимиз Аллоҳ ва Расулининг амрига сўзсиз итоат этувчи эдилар. Софийя розияллоҳу анҳо бу сўзни эшитгач: “Фармон Аллоҳнинг фармони ва Расулининг фармонидир”,-дея жойида тўхтади-да, сўнгра шундай деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам нега мени қайтармоқдалар? Эшитишимча, акамни жасадини таҳқирлабдилар. Лекин Аллоҳга ҳамду-сано бўлсинки, бу нарса Аллоҳ йўлидадир!”. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўғлига қараб: “Қўявер, келаверсин”, — дедилар. Шундай қилиб, жанг ниҳоясига қадар урушда қатнашди. Жанг тугагач акаси Ҳамза розияллоҳу анҳу жасади устида матонат билан турди. Акаси қорни ёрилиб жигари чиқариб олинган, қулоқ ва бурни кесилган ва юзи хунук ҳолатга келтирилган бир ҳолда ётар эди. Софийя розияллоҳу анҳо акасига истиғфор айтди, кўзларидан ёш оқиб, қалби эзилар экан шундай дер эди: “Шубҳасиз, бу ишлар Аллоҳнинг йўлида. Мен Аллоҳнинг қисматига розиман:

Кўздан оққан эмас оддий кўз ёшлар
Балки оқиб чиққан руҳим томчилар

Мен сабр қиламан ва иншааллоҳ Аллоҳдан ажр-савоб умид қиламан!”.

Бу Софийя розияллоҳу анҳонинг мақтовга сазовор ҳолатларидан биридир.

Софийя розияллоҳу анҳонинг яна бир олқишга сазовор ҳаётий лавҳаларидан бири Хандақ жангида бўлиб ўтган эди. Бу ҳаётий лавҳа олдингисидан қолишмайдиган ўрнак оладиган ажойиб бир лавҳа. Хандақ ғазотида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Софийя розияллоҳу анҳони муслима аёллар билан бирга Ҳассон қалъасида қолдириб кетадилар. Бу қалъа ўша ердаги энг мустаҳкам қалъалардан бири эди. Яҳудлар келиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қалъадаги аёллар ва ёш болаларни ҳимоя қилиш учун қўриқчи эркакларни қолдириб кетганми ёки йўқлигини билиш учун ўзларидан бир кишини қалъага юборадилар. Софийя розияллоҳу анҳо жосус яҳудийни қалъага писиб кираётганини кўриб қолади. Қўлига бир калтакни тутган Софийя яҳудийнинг олдига тушиб боради ва калтак билан яҳудийнинг бошига қайта-қайта уриб уни ўлдиради. Сўнгра унинг калласини ўзиб олиб, қалъанинг энг юксак жойига кўтарилади ва каллани яҳудлар томонга улоқтиради. Улоқтирилган калла яҳудларнинг олдига думалаб келганида улардан бири шундай дейди: “Муҳаммад аёлларни қўриқчисиз қолдирмаслигини аниқ билар эдик-а!”.

Аллоҳ Софийя розияллоҳу анҳони Ўзининг чексиз раҳмати остига олсин. Дарҳақиқат, у муслима, мураббия оналар учун катта ўрнак бўлишга арзийди. Софийя розияллоҳу анҳо ўзининг ёлғиз ўғлига етук тарбия берди, акасидан жудо бўлганига чиройли сабр қилди ва исломда мушрикни ўлдирган дастлабки муслима аёл бўлди. Аллоҳ уни раҳм қилсин. Бу умматнинг пушти камаридан мана шу аёлдек муслима аёллар, балки унга ўхшаш эркаклар етишиб чиқишини насиб этсин!

Яна шундай аёллардан бири “Зотун нитоқайн” (яъни, ”икки камар соҳибаси”) Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодир. Бу аёл шундай буюк хизматга сазовор бўлдики, ундан олдин ҳам ва кейин ҳам ҳеч бир аёлга бу фазилат насиб қилмади. У ҳам бўлса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат йўллари бўлмиш ғорда эканликларида у зотга хизмат қилишликдир.

Қолаверса, бу аёл умрининг охирлари, ёши тўқсон еттига борган пайтдаги жуда оғир лаҳзалардаги тутган ўрнига бир назар солинг. Ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр Макка ҳарамида қуршовда қолган эди. Жуда оғир ҳолатга тушган Абдуллоҳ нима қилиш ҳақида маслаҳат сўраш мақсадида тўғридан-тўғри онасининг олдига боради. Шунда сабрли муслима онахон ўғлига шундай дейди: “Сен ўзингни яхши биласан. Агар ўзингни ҳақ эканингни ва ҳаққа даъват этаётганингни билсанг, у ҳолда то ҳақ йўлида ўлгунингча сабр қил. Борди-ю, дунёни истаётган бўлсанг, у ҳолда сендан ёмон банда йўқ, ўзингниям, сенга эргашганларниям ҳалокатга етаклайсан!”.

Абдуллоҳ деди: “Эй онажон, Аллоҳга қасамки, дунёни истаганим йўқ! Одамлар орасида ҳукм қилиб бировга жабр, зулм ёки хиёнат қилмадим. Аллоҳ таоло ичимдаги ва қалбимдаги нарсани билгувчидир”. Онаси деди: “Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин. Борди-ю, мендан олдин Аллоҳга йўлиқадиган бўлсанг, албатта сени ортингдан тутган азам ажру-савобли бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”.

Она-бола бир-бирлари билан видолашиб қучоқлашдилар. Сўнгра ўғлига: “Ўғлим, менга яқинроқ кел, ҳидингни бир ҳидлай, танангни бағримга босай. Эҳтимол, бу сен билан сўнгги бор учрашишимдир!”. Абдуллоҳ ўзини онасининг бағрига отди, унинг қўллари, оёқлари ва юзидан ўпиб силади. Кўз ёшлар кўз ёшларга қўшилди. Кўзи ожиз онаси ҳам ўғлини силаб сийпади. Бирдан қўлини тортиб олган онаси ўғлига қарата: “Эгнингдаги нима?!” —деди. “Совутим”, — деди Абдуллоҳ. “Ўғлим, бу Аллоҳнинг йўлида шаҳидликни умид қилган кишининг либоси эмас, еч буни! Ана шунда кучли ҳужум ва чаққон ҳаракат қиласан. Уни ўрнига устма-уст шалварларингдан кийиб ол. Борди-ю, шаҳид бўлсанг ҳам авратинг очилиб қолмайди”. Абдуллоҳ совутни ечиб, шалварларини кийиб олди. Сўнгра жангни давом эттириш учун Ҳарамга йўл олди. Онаси билан хайрлашар экан шундай деди: “Онажон, дуо қилишдан сусайманг!”. Онаси қўлларини кўтариб дуо қила бошлади:

“Эй Аллоҳ, одамлар уйқуда эканлигида, кеча қоронғусида ҳиқиллаб тўккан кўз ёшлари ва тун бўйи ўқиган намозлари сабаб уни раҳм қил.

Эй Аллоҳ, Макка ва Мадинанинг жазирама иссиғида рўза ҳолатидаги оч ва чанқоқлиги сабаб уни раҳм қил.

Эй Аллоҳ, мен уни Сенга топширдим ва унга чиқарган ҳукмингга розиман. Шундай экан ўғлим борасидаги мусибат эвазига менга сабрли бандаларинг савобини ато эт”.

Ўғил онасининг олдидан кетади. Орадан бир соат ўтар-ўтмас кучлар нисбати тенг бўлмаган қақшатқич жангда Абдуллоҳ ўлим зарбасига дуч келиб оламдан кўз юмади.

Бу ҳам етмаганидек, унинг жасади Ҳажун деган жойда баланд тоғ мисол осиб қўйилди.

Ҳаётда юксак эдинг, мамотинг ҳам шу
Ҳақиқатдан эрур бу - олий фазилат
Гўё сен хутбага отланган имом
Намозга отланган гўё оломон

Сабрли, кўзи ожиз, бироқ қалб кўзи очиқ тўқсон етти ёшли она ўғлининг ўлимини эшитади. Йўлларни пайпаслаб ўғли осилган жойга етиб келади. Қараса ўғлининг жасади баланд тоғ мисол осиғлиқ турар эди. Унга яқин келиб, унинг ҳаққига дуо қилади. Шу пайт ўғлининг қотили минг хижолат бўлиб унинг олдига яқинлашиб: “Онажон, Халифа сизга марҳамат кўрсатишга буюрди”, — дейди. “Мен сенга онамасман!, бақиради у, - мен мана бу осилганнинг онасиман. Даъвогарлар ҳали Аллоҳнинг ҳузурида йиғиладиган кун бор”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо таъзия изҳор қилиш ва кўнглини кўтариш мақсадида Асмо розияллоҳу анҳонинг олдига келади ва унга: “Аллоҳдан тақво қилинг ва сабр қилинг”, — дея насиҳат қилади. Шунда Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишонган муслима Асмо розияллоҳу анҳо унга шундай жавоб қилади: “Эй Ибн Умар, нега сабр қилмас эканман?! Ахир, Яҳё ибн Закарийё алайҳимассаломнинг боши Бани Исроил қабиласидан бўлмиш бир фоҳишага ҳадя қилинмаганмиди?!”.

Қаранг, нақадар буюк она, улуғ ўғил ва қандай улуғ ота!

“Зотун нитоқайн”га саломлар бўлсин, Ибнуз Зубайрга саломлар бўлсин, Зубайрга саломлар бўлсин, Абу Бакрга саломлар бўлсин, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига саломлар бўлсин, мўминларнинг оналарига саломлар бўлсин.

Аёллар эркаклар етиштирадиган тарбия масканидир. Аёлларнинг салоҳияти сабаб ёш-авлод салоҳиятли бўлади, уларнинг бузилиши билан авлодлар бузилади. Агар мисоллар келтираверсак, бунга мисоллар жуда кўп. Бундай намунали ҳолатларга аёллар бардош бериши у ёқда турсин, бугунги кунда ундан эркаклар ҳам ожиз қоладилар.

Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо Али розияллоҳу анҳуга турмушга чиқади. Фотима розияллоҳу анҳо уй ишларини ўз қўллари билан бажарарди, қўлтегирмонда буғдой янчирди, ҳатто тегирмонни айлантираверганидан унинг қўлларида қавариқ ҳосил бўлган, мешда сув ташиганидан эса меш унинг бўйнида из қолдирган эди. Бундан ташқари уй супурар, ўчоқда овқат пиширар ва фарзандлари тарбияси билан шуғулланар эди. Жаннат аҳли ёшларининг энг улуғлари бўлмиш Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо унинг фарзандлари бўлиб, оналарининг бағрида тарбия топган эдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо кимнинг қизи эди? У кимларнинг онаси-ю, кимнинг рафиқаси эди? Одамлар ичида наслу-насаб, қадру-қимматда ким унга бас кела оларди?!

Муслима аёллар поклик, иффат ва бошқа фазилатли хислатларда Софийя, Асмо, Оиша ва Фотима розияллоҳу анҳунналардан ўрнак олишга нақадар эҳтиёжлидирлар.


Замоннинг ҳолати

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", замон ўзгарувчан, ҳаёт асло бир зайлда давом этмас экан: (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз.” [Оли Имрон: 140]. Бу дунё алдамчи дунё: агар у сенга кулиб боқса сени балчиққа ботиради, агар сарпо кийдирса касодга учратади, агар уни  қўлдан бой берсанг сени қўрқув ва изтиробга солади. Қанчадан –қанча подшоҳлар борки, донги дунёга таралиб, эндигина салтанати юксалган чоғда оламдан ўтдилар.


Тирик ўликлар

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", тирик ўликлар – яхшиликка буюрмайдиган ва ёмонликдан қайтармайдиган кишилар экан:  “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” [Моида: 78-79]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва эсипаст ва нодон кимсаларни (ёмон йўлларидан) тийиб, уларни ҳақ йўлига буриб қўясизлар. Акс ҳолда,  Аллоҳ таоло сизлар билан уларнинг қалбларини бир-бирига ўхшаш қилиб қўяди. Шундан сўнг ўша (эсипаст ва нодон) кимсаларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”. “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло устингиздан бетавфиқ кимсаларни ҳукмрон қилиб қўяди. Ўшанда яхшиларингиз дуо қилаверади-ю, бироқ уларнинг дуоси ижобат қилинмайди”. “Албатта яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло устингиздан кичикларингизга раҳм-шафқат қилмайдиган, кексаларингизга иззат-икром кўрсатмайдиган кишиларни ҳукмрон қилиб қўяди”.

Қанчадан-қанча дунёдан кўз юмган кишилар борки, улар қилган амаллари: одамларни яхшиликка буюрганлиги, ёмонликдан қайтарганлиги, ўқиган илми-ю, бажарган амали билан ҳали ҳануз ҳаётлар! Буни акси ўлароқ, қанча ўлик тириклар борки, мункар, ножўя ишларни кўрсаларда пинагларини бузмайдилар, бу ҳолат уларни ташвишга солмайди!

Тириклар бор ўликлигин ҳатто ўзи сезади

Ўликлар бор, тилларда ёд, халқ ичида кезади


Калтак билан тарбия ва ислоҳот ўртасидаги алоқа

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", агар калтак меҳрибон қўли, босиқ тили ва меҳр-шафқатли қалби бўлган кишининг қўлига тушгудек бўлса, бундай калтак - тузатиш, тарбия ва ислоҳот воситасига айланар экан. Калтак уни ҳикмат ва майинлик билан ишлатадиган кишининг қўлига тушса фойдали қурол-восита экан. Агар калтак дори-дармон мисол муносиб ўринга қўйилса яхши манфаат келтиради. Биз муолажа учун лозим бўлган барча имкониятларни ишга солганимиз ва бу имкониятлар наф бермасагина калтакка мурожаат қилишни хоҳлаймиз. Зотан, дори зоти аччиқ бўлиб, сассиқ ботқоқдан эса гўзал ва хушбўй нилуфар чиқади:

Тийилсинлар дея нобоп ишлардан

Қаттиққўллик ишга солди тадбиркор

Қатъиятли гоҳ қотирар дийдасин

Суйганига танбеҳ қилсин,- дея- кор

Қолаверса, калтак – бу суяниш, қўй-эчкиларга дарахт баргларини қоқиб бериш воситаси ва калтак билан бундан бошқа талай эҳтиёжларни ҳам қондириш мумкин. Яхшиликка элтувчи йўллар кўп бўлса-да, бироқ қанчадан-қанча яхшилик истаган кимсалар яхшилика йўл тополмайдилар!: “Барчангиз бошқарувчи ва барчангиз қўл остингиздагилардан жавобгарсизлар”.


Дунёда ҳар бир нарсанинг интиҳоси бор

"Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики", дунёдаги ҳар бир ишнинг интиҳоси, ҳар бир йиғин ва жамланишнинг тарқалиши ва ҳар қандай роҳат-фароғатнинг тугаши бор экан.

Таназзулга қараб йўл олар,

Гар мукаммал бўлса бир нарса.

Кузатиб тур, топгуси завол,

“Камолотга тўлди”, дейилса.

 Чақалоқ  дунёга келиб, хонадон аҳли қувончга тўлади. Унинг қулоқларига азон айтилади. Қарабсизки, орадан кўп ўтмай тобут ичида елкаларда кўтарилиб кетаётган бўлади. Гўёки у бу дунёга келиб ҳеч кулмаган, бошидан қувончли кунлар кечирмагандек. Гўё унинг ҳаётлик муддати қулоғига айтилган азон билан унинг тобути узра ўқилган жаноза намози оралиғидек. Во ажаб, нақадар қисқа бир ҳаёт!

Кечалардан бирида ўз оиласи қуршовида тинч, хотиржам ва шод-хуррам ўтириб, кимлардир тўғрисидаги хабарларни айтиб турган инсон, қарабсизки, бошқа бир кечада якка ўзи мол-дунёсиз, на фарзанд, ва на ёру-дўстларсиз якка ўзи қабрда қолади. Унга фақат қилган амалларигина ҳамроҳлик қилади ва энди унинг ўзи ўтмиш ҳикоясига айланади.

Беморни хасталигини даволайдиган табиб бир кун келиб унинг ўзи ҳам ўша хасталикка учрайди. Энди унинг табобати ҳам, дори-дармони ҳам унга кор қилмайди. Қарабсизки, бошқалар унинг қўлида дуч келган қисматга унинг ўзи ҳам дуч келади.

Аллоҳга қасамки, сизу-биз бир парча музга ўхшаймиз. Муз парчаси аста-секин эриб боради, сўнгра эриб тамом бўлиб, худди йўқдек бўлиб кетади.

Ўлим эшикка ўхшайди. Барча инсонлар бу эшикдан кирадилар. Ҳар қандай эшик ортида ҳовли бўлиб, ҳовлисиз эшикни тасаввур қилиб бўлмайди.


Инсоннинг бу дунёдаги ниҳояси  

Жон таслим қилиш азобини бошидан кечираётган кишига гувоҳ бўлганмисиз? Бу одамнинг ўлимдан кейинги ҳолатини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Бир кун келиб сиз шу ҳолатга тушишингиз, у бошдан кечирган жон бериш машаққати ва азобини сиз ҳам татишингиз муқаррар эканлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарса сизни ана шу оғир лаҳзалар учун ҳозирлик кўриш, кўпроқ амал қилиш ва нафсингизни жиловлаб, охират учун кўпроқ саъй-ҳаракат қилишга ундаганми?

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ бир беморни зиёрат қилиш учун унинг олдига борди. Қараса бемор ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини бошдан кечираётган экан. У беморнинг жон бериш азоби ва шиддатли қийинчиликларига гувоҳ бўлди. Ҳасан роҳимаҳуллоҳ уйига бениҳоят маъюс ва ғамгин бўлиб қайтди. Уйидан чиққан вақтдаги чеҳрадан ном-нишон қолмаган, чеҳраси сўлғин эди. Уйидагилар уни овқатга таклиф қилдилар. Ҳасан роҳимаҳуллоҳ уларга шундай деди: “Эй яқинларим, овқат ўзингизга буюрсин! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен шундай ўлим ҳолатини кўрдимки, то ўлгунимча амал қилиб бу ҳолат учун ҳозирлик кўраман”.

Бир тававвур қилиб кўринг-а, бошингизга жон бериш талвасаси тушган, ҳаётнинг сўнгги лаҳзаларни яшамоқдасиз. Қизингиз асира сингари: “Сиздан сўнг мен етимчага ким қарайди?”, — дея сизга йиғлаб-ёлвормоқда. Ўғлингиз эса бир сизга қарайди, бир бошига эрта тушган етимлик мусибати ҳақида ўйлаб: “Энди бизга ким қарайди, отажон?!” — дея фарёд қилади. Сиз бўлсангиз уларни кўриб-эшитиб турсангизда жавоб қайтара олмайсиз!

Ҳаётингизда тупроққа қўйилишлиги учун елкалар узра кўтариб кетилаётган тобутни кўриб, унинг бўлажак ҳолати ҳақида фикрлаганмисиз?! Унинг ҳоли нима кечади?!

Имом Бухорий “Саҳиҳи”да Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар маййит тобутга солиниб, одамлар уни елкаларига олсалар, агар маййит солиҳ инсон бўлса: “Мени тезроқ манзилимга элтинглар, мени тезроқ манзилимга элтинглар”, — дейди. Борди-ю, ундай бўлмаса: “Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар! Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар!”, — дейди. Унинг бу овозини инсондан бошқа барча мавжудотлар эшитади. Агар инсон ҳам эшитганида ҳушдан кетиб йиқилган бўлур эди”.

Ҳа, у шундай қичқирадики, агар бу қичқириқни одамлар эшитишганида ҳузур-ҳаловатни йўқотган бўлур эдилар. Бир ўзингизни ўша тобутдаги маййит ўрнига қўйиб кўринг-а?! Агар биз тобутни кўтариб кетаётиб, сўнгра сиз (тобутдаги маййит): “Вой шўрим қурисин, мени қаёққа олиб боряпсилар!”, —дея қичқирганингизда ҳолимиз не кечган бўлур эди?! Аллоҳга қасамки, ҳушдан кетиб йиқилган ва қайтиб тобут кўтармаган бўлур эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисда мана шундан қўрққан эдилар. У зот имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар: “Агар сизлар бир-бирингизни дафн қилмай қўйишингиздан қўрқмаганимда, мен эшитиб турган қабр азобини сизларга ҳам эшиттиришини сўраб Аллоҳга дуо қилган бўлар эдим”.

Эй одам боласи! Ҳар куни тўшакга бош қўйган пайтингизда бир ўзингизни маййит ювиладиган тахта устида деб тасаввур қилинг. Ғассол сизга бу тахта устида ғусл қилдириб, кафанлайди.  Оилангиз ва қўни-қўшнилар сиз билан умрбод видолашадилар. Суйган ёру-биродарларингиз йиғи-сиғи қилишади. Бироқ бу йиғи-сиғилар сизга наф келтирмайди. Сизга фақат қилган солиҳ амалларингизгина асқотади.

Кунлардан бирида Язид Ар-Рақоший роҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётган обидлардан бирининг зиёратига боради. Хонадон аҳли обиднинг атрофида йиғлаб ўтиришар эди. Шунда обид отасига қараб: “Нега йиғлаяпсиз?”, — дея сўради. “Сендан ажралишимга ва сенинг қийналишингни кўриб йиғлаяпман”, — деди отаси. Бу сўздан онаси баттар йиғлади. “Эй меҳрибон ва шафқатли онажон, сиз нега йиғлаяпсиз?”, — деди обид онасига қараб. “Сени йўқотишимни ва соғинишимни ўйлаб йиғлаяпман, болажоним!”, — деб жавоб қилибди онаси. Бу гапдан сўнг хотини ва фарзандлари йиғлашибди. “Эй етимлар жамоаси, сиз нега йиғлаяпсиз?”, — дебди обид. “Сиздан кейинги етимликни ўйлаб йиғламоқдамиз”, — дейишибди улар. Шунда тўсатдан ўлим талвасасида ётган обид фарёд солибди: “Барчангиз дунёйим учун йиғлаяпсизлар! Наҳот ичингизда охиратимни ўйлаб йиғлаётганлар бўлмаса?! Наҳот орангизда юзимни тупроқ қоплаши, фаришта Мункар ва Накир келиб мени савол-жавоб қилиши ва Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб учун туришимни ўйлаб йиғлайдиганлар бўлмаса?!”. Шундан сўнг бу сўзларни айтган обид қаттиқ бир қичқирибди-ю, шаҳодат калимасини айтиб жон таслим қилибди.

Эй мусулмон биродар, ҳеч қабрларга назар солдингизми?! Қабрга назар солган бирон банда йўқки, албатта унинг дили юмшайди. Бу он унинг тошбағирлик ва такаббурликдан энг йироқ лаҳзалари бўлади. Банда тафаккур ва мушоҳада билан тез-тез қабрларни зиёрат қилиб турар экан, албатта унинг дили юмшайди, кўзидан ёш оқади. Негаки, у қабрлар орасида аждодлари, ота-онаси, ёру-биродарлари, суюкли кишилари ётганини кўради. Яқин орада ўзининг улар билан бирга бўлишини эслайди. Қабристонда ётган одамлар бир-бирларига ёнма-ён бўлсаларда, улар ўртасидаги ўзаро борди-келдилар узилгани ҳақида фикр юритади: “ Улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди” [Сабаъ: 54]. Икки қабр бир-бирига ёнма-ён жойлашса-да, қабрдаги ҳолат жиҳатидан улар орасидаги масофа осмон билан ер оралиғича бўлиши мумкин. Банда бу нарсалар тўғрисида мушоҳада қилар экан, албатта унинг қалби юмшайди. Қабр лабида туриб маййитнинг дафн қилинишига гувоҳ бўлар экан, банданинг кўнглидан шундай ўй кечади: “Бу маййитнинг қисматига нима ёзилган экан-а? Қабр роҳат-фароғатими, йўқса, қабр азоб-уқубати? Итоаткор бандами, ёхуд осий?”.  Бу қабр асҳобларининг аҳволи якка Аллоҳ таолонинг ўзига маълум. Унинг ўзи бандалар ўртасида ажрим қилувчи адолатли ҳакамдир. Шундай экан, лаззатларни йўқотувчи ўлимни ёд қилайлик, қабр ҳаёти ва чириган суяклар ҳақида фикр юритайлик. Ўшанда Аллоҳдан қўрқиб қалбларимиз титрайди ва сидқ ва хокисорлик ила Унга илтижо қиламиз!

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Умар розияллоҳу анҳу билан кетаётган эдим. Мен унинг қўлидан тутиб олган эдим.  Бақеъ қабристонидан ўтаётганимизда, қўлини қўлимдан тортиб олди. Сўнгра у ердаги қабрлардан бирининг олдида ўтириб олиб узоқ йиғлади. Мен: “Сизга нима бўлди, эй мўминларнинг амири?!”, — дедим. Умар розияллоҳу анҳу деди: “Кошки Умарнинг онаси уни туғмасайди! Қанийди бир дарахт бўлиб дунёга келганимда! Эй ибн Авф, манави чуқурни унутдингми?!”. Аллоҳга қасамки, Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапидан сўнг мен ҳам йиғладим”.

Бу тор лаҳадларда Аллоҳнинг ўзи ёрдамчи бўлсин! Бу оғир лаҳзаларда Унинг ўзи ёрдамчи бўлсин!

Имом Аҳмад “Муснад”ида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўпланиб турган одамларни кўриб, тўпланиш сабаби тўғрисида улардан сўрайдилар. Шунда уларнинг қабр қазишаётганликлари айтилади. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқув эгаллайди ва шошганча қабр олдига борадилар. Қабр олдида тиз чўкиб ўтирганча узоқ йиғлайдилар. Сўнгра одамларга ўгирилиб шундай дейдилар: “Эй биродарларим, мана шу нарса учун тайёрланинглар!  Эй биродарларим, мана шу нарса учун тайёрланинглар!”  Хўш, биз ўзимизни ана ўша тор лаҳадлар учун тайёрладикми?! Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта мен сизлар кўрмаган нарсаларни кўраман ва сизлар эшитмаган нарсаларни эшитаман. Осмон ғирчиллади ва у ғирчиллашликка ҳақлидир. Зеро, осмонда тўрт бармоқ миқдори бирор жой йўқки, албатта у ерда бир фаришта пешонасини саждага қўйиб турувчи, ёхуд рукуъ қилиб турувчидир. Аллоҳга қасамки, агар мен билган нарсани билганингизда оз кулган, кўп йиғлаган, тўшакларда аёллар билан айшу-ишрат қилишни тарк қилган ва Аллоҳга илтижо ва тавба-тазарру қилиб кўчаларга чиқиб кетган бўлар эдингиз”. Мунзирий ривоятида эса шундай қўшимча бор: “Бошингиз устидан тупроқ сочган бўлур эдингиз”.  Ҳа, Аллоҳга қасамки, агар биз ҳаққоний билганимизда борми, белларимиз синиб кетгунга қадар намоз ўқиган, овозларимиз бўғилиб қолгунга қадар фарёд қилган бўлар эдик. Зеро, масала чиндан ҳам оғир ва хатарлидир.