Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2-қисм/3)

3009 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Доимо ҳаққа эргашиш зарурдир

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, ҳар қандай ҳолатда ҳаққа эргашиш лозим экан. Агар фалончи ҳақ тарафда бўлса, у ҳолда ҳар иккисини: ҳақни ҳам, фалончини ҳам яхши кўрамиз. Борди-ю, фалончи ҳақдан ажралса, унинг сўзи ва ҳатти-ҳаракати ҳаққа мувофиқ бўлмаса, у ҳолда ҳақ бизга фалончидан, қолаверса, жонимиз, мол-дунёмиз, аҳли-оиламиз, фарзандларимиз ва барча инсонлардан кўра яхши ва суюклироқдир. 

Улуғ саҳобий Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳу ҳидоят ва ҳақ даъватига биринчилардан бўлиб эргашади. У мусулмон бўлган уч кишининг бир эди. Бироқ унинг мусулмон бўлиши осон кечмади. Ёш йигит бу йўлда оғир синовларга дуч келди. Аллоҳ таоло бу синов тўғрисида абадий тиловат қилинадиган Қуръон оятларини нозил қилди. Унинг мусулмон бўлганлиги ҳақидаги хабарни эшитган онаси жунбушга келди. Бу ҳақда Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Мен онамни жуда яхши кўрар ва доимо унга яхшилик қилар эдим. Мусулмон бўлганимни билгач, менга онам шундай деди: “Эй Саъд! Сен эргашган ва сени ота-боболарингни динидан қайтарган бу дин қандай дин бўлди?! Дарҳол бу диндан воз кечасан, акс ҳолда то ўлгунимча туз татимайман. Ўшанда менга ғам-андуҳ чекиб қалбинг тилка-пора бўлади ва қилган бу қилмишингга минг пушаймон бўласан. Бир умр одамлар сени бу қилмишинг туфайли маломат қиладилар”. Шунда мен онамга: “Эй онажон! Ундай қилманг, мени ҳеч нарса бу диндан қайтара олмайди”, — дедим”. Бироқ Саъднинг онаси айтганини қилди, бир неча кун давомида очлик эълон қилиб таом ва сувдан тийилди. Бу аснода Саъд онасининг ёнига келиб, озгина бўлсада таом ва сув истеъмол қилишини сўрар, онаси бўлса унинг талабини қабул қилмас эди. Бу ҳолат давом этаверганини кўрган Саъд охир онасига шундай деди: “Эй онажон! Мен сизни қаттиқ яхши кўраман. Бироқ, айни пайтда Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатим сизга бўлган муҳаббатимданда кучлироқдир. Аллоҳга қасамки, агар сизнинг мингта жонингиз бўлиб, улар бирма-бир танангизни тарк қилишганида ҳам бу диндан асло воз кечмайман. Истасангиз еб-ичинг, истамасангиз ўзингиз биласиз!”. 

Саъд онасига бу сўзларни айтгач, ўғлининг қатъиятини кўрган онаси таом ейишга мажбур бўлди. Аллоҳ таоло она-бола хусусида қуйидаги оятни нозил қилди:  “Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да) , дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга инобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) Ўзимга қайтурсизлар, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».” [Луқмон: 15].

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ Масжиди Набавийда илм ҳалқасида ўтирар эканлар, бир киши фатво сўраб у зотнинг олдиларига келиб: “Эй имом! Мен хотинимга “агар ойдан чиройли бўлмасанг талоқсан”, дедим. Энди нима бўлади?”-деди. Имом Молик бироз ўйга толиб, сўнг шундай деди: “Ҳа, ойдан чиройлироқ нарса йўқ. Бу гапинг билан хотинингга бир талоқ тушибди. Қайтиб бундай гапни гапирма”.

Бу орада имомнинг шогирди бўлмиш имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ масжиддаги устунлардан бирига суяниб ўтирар эди. У имом Молик билан мазкур киши ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан бехабар эди. Илм ўрганишга бениҳоят интилувчан Имом Шофеий ҳалиги аъробийнинг олдига бориб имом Молик билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат мазмуни ҳақида сўради. Мақсади илм ўрганиш эди. Аъробий Шофеийга имомдан сўраган саволи ва унинг “ҳа, ойдан чиройлироқ нарса йўқ. Бу гапинг билан хотинингга бир талоқ тушибди”, деган гапини айтиб берди.

Бу гапни эшитган Шофеий аъробийга шундай деди: “Аксинча, хотининг ойдан чиройлидир”. “Нима, сен уни кўрганмисан!?”-деди аччиқ аралаш ажабланган аъробий. “Йўқ, ахир сен Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини эшитмаганмисан: “Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик.” [Тийн: 4] Инсон хилқати энг чиройли, энг тўғри ва энг мўътадил хилқатдир”, - деди Шофеий.

“Ундай бўлса буни имом Моликка айтайлик!” - деди аъробий. “Айтамиз”, -деди Шофеий. Улар имом Моликнинг олдиларига бориб, Шофеийнинг фикрини унга билдирдилар. “Ҳақ эргашмоқликка ҳақлироқдир. Молик хато қилди, Шофеий тўғри топди”, -деди имом Молик.

Биз ҳақни шахслар билан ўлчамасдан, аксинча, шахсларни ҳақ билан ўлчаш ва уларга ҳақ билан баҳо беришликка нақадар эҳтиёжлимиз.

Ҳақ юксалар, тубанликка маҳкумдир ботил
Ҳақ чиқарган аҳкомидан эмас жавобгар
Ҳолатлар ўзгарса, эллар кетиб келса эл
Аллоҳ ўша-ўша, мангу, алмашмас зинҳор


Чинакамига ҳақ ғамини ейдиган кишилар аҳамияти


"Ақида сояси остидаги ҳаёт" менга шуни ўргатдики, биз сафимизда сусткаш, қимматли вақтини беҳуда ўйин – кулгига сарфлайдиган, ҳазил-мутойибага берилган кишилар борлиги билан севинмаслигимиз керак экан. Аксинча, бизга ҳар қандай тўлқинларга бардош бера оладиган шиддат ва матонатли, ўз йўлида сўнмас қатъият билан давом этадиган, ҳар қандай тўсиқ ва тўқнашувлар ортга чекинтирмайдиган, ҳамда сурункали матбуот воситалари ва ижтимоий алоқа тармоқларини кузатиш сингари бекор ва беҳуда ишларда умрини зое қилмайдиган, ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини бундай сафсата ва бўлмағур ишларга совиришдан ҳазар қиладиган чинакам эркаклар керак.

Бизга ҳаётга жиддий қарайдиган кишилар керак. Зеро, чинакам ҳаёт жонини Жабборга бериб амал қиладиган жасур ва кучли кишиларникидир. Бу ҳаётда дангаса, танбал, ишёқмас ва қатъиятсиз кишиларга ўрин йўқ. Бизга Аллоҳга таянган ҳолда ўз йўлида олға қадам ташлайдиган, шаҳват ва маишатлар тўғрисида ўйлаш, унинг ортидан елиб-югуриш ва фақат моддий турмуш ҳақида бош қотириш сингари ҳар қандай аҳамиятсиз тубан ўй-фикрлар билан чалғимайдиган инсонлар лозимдир.

Биз олийжаноб ишларни қилиб тарбия топган, тубан ва бемаъни ишлардан ҳазар қиладиган йигитларни хоҳлаймиз. Токи бундай йигитлар қуйидаги мисраларда сўз юритилган кишилар жумласидан бўлсинлар:

Забт этиб олийжаноблик чўққисин
Исломдан бошқа динни дин билмайин
Жангда бўлса айланиб тиғ-найзага
Душман қалъа-қўрғонин тинч қўймайин
Тун кирса қўйибон бошин саждага
Уйқу роҳат нелигин ҳеч билмайин
Кечалар уларни этмайин яксон
Душманга иззатин бериб қўймайин
Бемаъни қўшиққа очмайин юрак
Олийжанобликка асло тўймайин
Кераксиз билим-ла мақтаниб ҳар дам
Худосизларга ўзин яқин тутмайин
“Зиёли” деб шуҳрат таратиш учун
Билмаган ҳар ишга бошин суқмайин
Ана шундай мухлис, ишончли, озод
Ёшларни чиқарди динимиз ислом
Ҳаётда сақлабон қадр-қимматин
Хорликдан бош тортмоқ ўргатди ислом


Хўш, бундай йигитларни биз қаерда учратамиз?


Биз бундай йигитларни театрларда учратамизми? Ёки спорт мусобақаларини томоша қилиш учун борган ёшлар орасиданми? Ё бўлмаса йўл чеккасидаги йўлакчаларда тўп-тўп бўлиб ўтирган ёшлар ичидами, улар?!

Йўқ, аксинча уларни Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидлардаги илм ҳалқаларида, шунингдек, одамларни яхшиликка даъват қиладиган, ёмон ишлардан қайтарадиган ёшлар орасидан топамиз. Ҳаётга жиддий ёндашмоғимиз, машаққатли кунлар учун ўзимизни тайёрламоғимиз лозим. Зеро, келажакда бизни нималар кутаётгани, келгуси босқич қандай босқич эканлигини ҳеч биримиз билмаймиз.


Инсоний нафснинг асл моҳияти


"Ақида сояси остидаги ҳаёт" менга шуни ўргатдики, инсоннинг нафси худди ёш бола мисоли экан. Агар сиз нафсга одоб-ахлоқ ўргатиб тарбияласангиз, у солиҳ нафсга айланиб тўғри тарбия топади. Борди-ю, уни қаровсиз қолдирсангиз, ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз, у ҳолда бу нафс баттол ва зиёнкор нафсга айланади. Қолаверса, нафсни туяга ўхшатиш мумкин. Агар сиз туяни фойдали емиш бериб боқсангиз, уни озуқалантирсангиз, ўшанда у ювош ва босиқ туяга айланиб сизга хизмат қилади. Борди-ю, қаровсиз қолдирсангиз, ҳуркак ва асов бўлиб тарбия топади ва сизга тутқич бермайди.

Инсоният нафси табиатан шаҳват, лаззат ва ҳою-ҳавога ўч ва мойил бўлади. У доимо инсонни ёмонлик ва фаҳш ишларга буюради. Борди-ю, бу нафсни кучли диний мувозанат тийиб турмас экан, бундай нафснинг инқироз ва ҳалокатга юз тутиши муқаррар.

Нафс - мисоли йўргакдаги ёш бола
Қўйиб берсанг улғайса ҳам сут эмар
Гар айирсанг онасининг сутидан
Айрилади сутдан, қайтиб сут демас


Азиз биродар, нафсингизни қандай ислоҳ қиласиз?


Нафсингизни унга қарши, уни тарбиялаш йўлида муттасил жиҳод –курашиш йўли билан ислоҳ қиласиз: “Бизнинг (йўлимиз) да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир.” [Анкабут: 69].

Собит ал-Буноний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Йигирма йил давомида намоз билан азоб чекдим, (яъни, бу муддат ичида масжидда холис Аллоҳ учун намоз ўқиш йўлида нафсга қарши курашдим). Шундан сўнг яна йигирма йил давомида намоз билан роҳатландим. Аллоҳга қасамки, намозга кирар эканман, ундан чиқишимни ўйлаб ташвишланар эдим”.

Бу йўлдаги энг катта курашлардан яна бири ниятни холис қилиш йўлидаги курашдир. Зеро, “амалларнинг соғлом ва мукаммаллиги ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлур”.. « (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин) » (Каҳф: 110).”

Салафи солиҳлардан бири шундай деган эди: “Қиёмат кунида каттаю кичик бўлишидан қатъий назар ҳар қандай амал учун иккита девон ёйилажак: Нега? Ва қандай?”.

Бу амални нега қилдинг? Бу ишнинг боиси нима? Дунёвий мақсадми? Бирон манфаат кўзлаб ёки бирор зиённи даф қилиш учунми? Ёки Аллоҳга бандалик ҳаққини рўёбга чиқариш ва шу йўлда восита қилиш учун қилинган ибодатми? Сен бу ишларни яратган Хожангни рози қилиш учун қилдингми, йўқса, нафсинг ва ҳою-ҳавонг учун қилдингми?

Қолаверса, бу ишни қай тартибда бажардинг. Бажарган амалинг Аллоҳ ва Расули шариат қилган ишларданми, ёхуд қилган амалинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг динида йўқми? “Кимда ким бизнинг дин ишимизда мавжуд бўлмаган амални қилса, унинг қилган амали (унинг ўзига) қайтарилажакдир”. Нафсни тарбиялайдиган энг асосий нарса ниятни тўғрилаш йўлидаги курашдир. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мен ниятимни ўнглашдан кўра машаққатлироқ иш билан машғул бўлмадим”. Эй нафс, ихлосли бўл, халос топажаксан! Бир соатлик ихлос абадий нажотга баробардир. Бироқ ихлосли бўлиш қийин ва нодирдир.

Аллоҳнинг розилигини истаб босган бир қадами мақбул бўлган кимсага абадий саодат-жаннат бўлсин!

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ узоқ вақтлар ниятини ўнглаш учун курашган инсон эди. У умрининг интиҳосида, ўлим тўшагида ётар экан қаттиқ ўкиниб йиғлади. Атрофида йиғилганлар: “Эй имом, Аллоҳга яхши гумонда бўлинг, ахир, сиз фалон-фалон ишларни қилмадингизми?!”, - дея уни юпатмоқчи бўлдилар. Ибнул Жавзий эса шундай дер эди: “Мен Аллоҳнинг қуйидаги сўзларидан хавотирдаман: “Агар золим-кофир кимсалар учун ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар — азоблар кўринди. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари ошкор бўлди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган азоб ўраб олди.” [Зумар: 47-48]. Мен сусткашлик қилганим, яхши амалларим қаторида ёмон амаллар қилганим ва мунофиқлик қилиб қўйган бўлишимдан қўрқаман. Оқибатда, мен ўйламаган нарсалар юзага чиқиши, ёмон амалларим кўриниб қолишидан хавотирдаман”. Ҳолбуки, бу сўзларни айтган Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзи ҳақида “Сойдул хотир” китобида шундай дейди: “Менинг қўлимда зикр мажлисларида икки юз мингдан ортиқ киши тавба қилдилар. Икки юздан ортиқ инсон мен сабабли мусулмон бўлди. Одамларга қилган ваъз-насиҳатларим туфайли қанчадан-қанча кўз ёш билмаган қаҳрли кўзлардан ёш оқди.

Бундай инъомни ҳис қилган киши нажот ва муваффақиятни умид қилишга ҳақлидир. Бироқ хато-камчиликларимга қарасам хавотирим ошади. Кунлардан бирида одамларга ваъз-насиҳат қилар эканман, атрофимда ўн мингдан ортиқ киши ўтирганини кўрдим. Бу одамларнинг барчаси ё кўнгли юмшаган, ё кўзларидан ёш оқар эди. Шу дам кўнглимдан шундай бир фикр ўтди: дедим: “Эй Ибнул Жавзий, агар анави одамлар нажот топса-ю, сен ҳалокатга учрасанг ҳолинг не кечади?! Эй Ибнул Жавзий, агар анави одамлар нажот топса-ю, сен ҳалокатга учрасанг ҳолинг не кечади?!” Кейин Ибнул Жавзий шундай фарёд қилди: “Эй Илоҳим, Хожам ва Саййидим, агар эртага (ўлимимдан сўнг) мени азобласанг, мени азоблаганингни мана бу одамларга билдирма! Токи одамлар “Аллоҳ — динига даъват қилган бандасини азоблади, Аллоҳ — динига йўл кўрсатган бандасини азоблади”, демасинлар. Эй Илоҳим, Сен саховатлиларнинг энг сахийси, раҳмлиларнинг энг раҳмлисисан. Бор умиди ва илинжини Ўзингга боғлаган, ёлғиз Сенинг қаҳру-султонингга бўйсинган, бандаларингни динингга чорлаган бу бандангни ноумид қилма! Биламан, Раҳматинг эшигидан киришга нолойиқман. Бироқ Сенинг чексиз раҳматинг ва саховатингдан умидворман. Зеро, Сен карам ва саховат соҳибидирсан!”.

Ихлос қилинг нажот топурсиз. Аллоҳнинг розилигини истаб босган бир қадами мақбул бўлган кимсага абадий саодат-жаннат бўлсин!