Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Фақат бўш вақтлардагина даъват қилиш асло муваффақият келтирмайди (6)

3587 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Фақат бўш вақтлардагина даъват қилиш асло муваффақият келтирмайди

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, агар биз даъват учун фақат бўш вақтларимизнигина ажратсак, у ҳолда даъват ҳеч қандай самара бермайди, муваффақият қозонмайди. Борди-ю, биз даъват қилаётиб овқатланиш ва дам олиш нима эканини унутмас эканмиз, бор куч имкониятимизни ишга солмас эканмиз, у ҳолда Аллоҳ таоло бизга юклаган омонатни еткизишда ҳаргиз ютуқ ва муваффақиятга эриша олмаймиз.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бир оят бўлса ҳам мендан (одамларга) еткизингиз”-деганлар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дангаса, танбал, ғофил ва бекорчи кимсалар учун баҳона қолдирмадилар: “Бир оят бўлса ҳам мендан (одамларга) еткизингиз”. Бу дунёда вужудимиз Аллоҳ учун бўлсин, рисола-ғоямиз ислом бўлсин, кимлигимиз ислом бўлсин. Ислом учун яшаб, ислом учун ўлайлик. Ислом учун хафа бўлиб, ислом учун ғазабланайлик. Ислом учун қувониб, ҳаёт-мамотимиз ҳам ислом учун бўлсин.

Олдин айтиб ўтганимиздек, Нуҳ алайҳиссалом елиб югуриб даъват қилди. Тўққиз юз эллик йил мобайнида сусаймасдан, умидсизланмасдан, кечаю кундуз қавмини даъват қилди. Нуҳ алайҳиссалом ҳаётида даъват учун ишга солмаган нима қолди? Хўш, натижа нима бўлди? Саноқли кишиларгина унга иймон келтирдилар, холос.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мудом дин ўй-ташвишида бўлдилар. Ҳаттоки, бу ўй-ташвишлар у зотга оғир келди ва Парвардигор у зотни юпатиб шундай деди: “Бас (Эй Муҳаммад), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин” [Фотир: 8].

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳақиқий ҳаёт кечиришини истасалар, улар у зотнинг ўлимини истадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг нажот топишини хоҳладилар, улар бўлсалар, у зотнинг ғарқ бўлишини хоҳладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни асраб қолиш учун белбоғларидан тутсалар, улар парвона сингари ўзларини ўтга урдилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўнг у зотнинг асҳобларига бир назар солинг. Уларнинг бутун ҳаёти Аллоҳга бахшида этилганига гувоҳ бўласиз. Улар уйғоқлигида бу динни деб амал қилар, кечалари яна шу дин учун қайғурар эдилар. Ҳаттоки, саҳобаларнинг орзулари ҳам шахсий масалалар, ёки дунёвий ташвишлар хусусида эмас эди. Кунлардан бирида Умар розияллоҳу анҳу асҳобларини йиғиб, уларга қарата: “Қани, ким нимани орзу қилади?”- деди. Шунда улардан бири деди:

“Мен мана шу уй тўла қимматбаҳо жавоҳирларим бўлиши ва уларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилишни орзу қиламан”. Бошқа бири деди:

“Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилишни орзу қиламан”. Шунда Умар розияллоҳу анҳу деди:

“Мен бўлсам, мана шу уй тўла дин ғам-ташвишини қиладиган ва бу борада менга кўмакчи бўладиган кишилар бўлишини орзу қиламан”.

Сизга уларнинг хислатлари манзур бўлдими?

Унга эргаш бўлур тилагинг бажо
Гар қилсанг кимсанинг хулқига ҳавас
Саховат, садоқат эшигини қоқ
Ахлоқ эшигинда қўриқчи бўлмас

Бизлардан ҳар биримиз ўзидан сўрасинчи: Аллоҳнинг динига даъват қилиш учун қанча вақтини ажратди экан? Аллоҳнинг динига нима хизмат кўрсатди экан? Охирати учун нима тақдим қилди экан? Қанча одам у сабаб ҳидоят топди экан?

Бу саволларнинг жавоби маълум ва хижолатлидир. Биз даъват учун фақат бўш вақтларимиз, ортиқча куч ва имкониятларимизни бағишлаганмиз, холос. Аллоҳ раҳм қилган кишилар бундан мустасно, албатта. Бироқ, ҳали ҳам фурсат бор. Эй, Аллоҳнинг бандаси, саъй-ҳаракат қилинг, бор кучингизни сарфланг, шошилинг. Зеро, бир тоифа инсонлар ҳақ устида ғолиб бўлган ҳолда давом этажаклар. Мана шу тоифа сафига кириш учун бор имкониятларингизни ишга солинг.

Ҳақ овози асло сўнмас

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, ҳақ овози асло сўнмайди. Чунки у аниқ ва порлоқ, ботил эса мужмал ва нурсиздир. Ботил бир муддат, ҳақ эса то қиёматга қадар давом этажак:

Ҳақ мудом юксакдир, ботил эса тубан
Ҳақ ҳукмига: нега?- деб берилмас савол
Ҳолат ўзгарса, уфқни қопласа туман
Асло Аллоҳ ўзгармас, ҳеч бўлмас завол

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даъватнинг илк босқичида сафда ёлғиз ўзлари, бутун башарият у зотга қарши эди. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нурни сўндирмоқчи бўлдилар. Шунга қарамай, уларнинг уринишлари беҳуда кетди: “(Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдир (яъни зое бўлгувчидир)” [Ғофир: 25].

“Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди” [Тавба: 32].

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўнг у зотнинг асҳоблари ҳақни ошкор ва баралла айтдилар. Аллоҳ йўлида ҳеч кимсанинг маломатидан қўрқмадилар. Сўнгра саҳобалардан кейин то ҳозирга қадар, балки то қиёматга қадар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хабар берган ҳақ йўлдаги бир бир тоифа давом этажак.

Токи ноумид бўлмаслигимиз ва тушкунликка тушмаслигимиз учун қуйидаги бир воқеани мисол қилиб келтираман. Жазоир тарихи китобида зикр қилинишича, Француз босқинчилари Жазоирни ўз мустамлакасига айлантирган пайтда француз комиссари очиқчасига: “Биз ислом динини юқотиш учун келдик”, - деган экан. У Шайх Абдулҳамид Жазоирийни ҳузурига чақиртириб, унга шундай деган эди: “Ё сен ўқувчиларингга бу фикрларни сингдиришдан тийиласан, ёки масжидни ёпиш ва сизларнинг ёқимсиз овозларингизни ўчириш учун қўшин юбораман”. Шунда Шайх мўъмин кишига хос собитқадамлик билан: “Сен бунга қодир эмассан”-дейди. Бу гапдан комиссарнинг ғазаби ошиб тутақиб кетади. “Қанақасига?!”-дейди комиссар. Шайх дейди: “Агар мен никоҳ тўйида бўлсам тўйга ташриф буюрганларга таълим бераман. Агар йиғилишда бўлсам ҳозир бўлганларга таълим бераман. Агар мен бирон машинага минсам йўловчиларга таълим бераман. Агар поездга минсам мусофирларга таълим бераман. Агар қамоққа кирсам маҳбусларга йўл кўрсатаман. Агар мени ўлдирсанглар мусулмонларнинг тўйғуларини алангалатиб юборасизлар. Сизларга бу умматнинг динига асло тегмаслигингиз яхшироқдир, яхшироқдир, яхшироқдир. Аллоҳга қасамки, биз фақат мана шу дин билан сизларга қарши курашамиз. Шунингдек, мана шу дин учун сизларга қарши курашамиз”:

Гар уммат ҳаётин сақласа Аллоҳ
Уни йўқ қилолмас ҳеч золим подшоҳ
Уларнинг дини куфр, бизники ҳақдир
Динимиздан бошқа ҳаммаси ботил

Озор-азият асло даъватни мағлубиятга учратмас

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, озор-азият асло даъватни мағлубиятга учратолмас. Золим ҳукмдорлар қанчалик уринмасинлар мўъмин кишининг қалбига етиб бора олмайдилар: “Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз” [Ғофир: 51].

Рофизий (шийъа) Фотимийлар Миср диёрини қўлга олиб, масжидларда жамоат намозлари ўқилишини ман қилган, аҳли суннат мусулмонларга қарши курашиб, суннат уламоларидан кўпини сўйишган бир вақтда, Фотимийлар ҳукмдори Муиз улуғ олим, зоҳид ва тақводор Абу Бакр Набулсий роҳимаҳуллоҳни ҳузурига чақириб унга шундай дейди: “Менга айтишларича, сен: “Агар менда ўнта ёй бўлса, шундан тўққизтасини Румликларга отиб, қолган бирини Фотитмийларга отган бўлар эдим” дебсан. Шу тўғрими?”. “Йўқ” - деди Абу Бакр роҳимаҳуллоҳ. Халифа уни гапидан қайтди, деб ўйлади ва : “Ундай бўлса сен нима дегандинг? - деди. “Мен сиз Фотимийларга тўққизта ёйни отиб, ўнинчисини Румликларга отиш керак, деб айтганман” - деди Набулсий.

Бу сўздан ғазабланган Муиз биринчи кун уни калтаклашга буюрди. Сўнгра иккинчи куни уни сазойи қилишга буюрди. Учинчи куни уни тириклайин терисини шилишга буюрди. Бу ишни бажариш учун бир яҳудий келтирилди. Яҳудий унинг терисини шилар экан, Набулсий Қуръон ўқир эди. Бора-бора яҳудийнинг унга раҳми кела бошлади, уни юрагига қадар терисини шилиб келгач, уни азобдан халос қилиш учун юрагига пичоқ санчиб ўлдирди. Шу ондан эътиборан Шаҳид Набулсий деган ном билан тарихда қолди. Мардонавор ҳаёт ва мардонавор ўлим.

Бироқ, Абу Бакр Набулсийнинг қатл қилиниши билан унинг даъвати ниҳоясига етдими? Абу Бакр ортида бирон кимса қолдириб кетдими? Ҳа, Абу Бакр Набулсий ортида аҳли суннат мусулмонлардан минглаб Набулсийларни қолдириб кетди. Аҳли суннат мусулмонларнинг катта-ю кичиги зиммаларидаги даъват вазифасини баб-баробар бажарадилар.

Ҳа, шундай, қанчадан-қанча олимлар бу йўлда вафот топдилар, ҳақ калимаси эса яшаб қолаверди. Қанчадан-қанча олимлар ҳақ калимаси юксак қолиши учун азобландилар, хорландилар, ҳақ калимаси эса боқий қолаверди. Қанча олимлар Аллоҳнинг ҳаққини сақлаб қолиш учун барча ҳуқуқларидан маҳрум бўлдилар, ҳақ калимаси эса боқий қолди: “Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” [Мунофиқун: 8].

Тунда отилган камон ўқлари нишондан адашмас

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, тунда отилган камон ўқлари нишондан адашмайди. Фақат бу ўқлар нишонга теккунга қадар маълум бир муддат бор бўлиб, бу муддатнинг ниҳояси бор. Агар сенга ишлар қоронғулашиб, кенг ер торайса, садоқатли дўст топиш мушкул бўлиб, сенга ёрдам берувчилар озайса, ботил ва унга эргашган кишилар семириб, фасод ва бузғунчилар қўллаб қувватланса, ҳақ дин ва бу дин аҳли тазйиққа учраса, сариқ чақага арзимайдиган ярамас кишиларнинг гапи гап бўлса, маймун шерга айланиб, қўй-эчкилар қўрадан чиқиб кетса, ана ўшанда сен “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман” [Ғофир: 60], деган Зотга қўлларингни кўтариб илтижо қил.

Субҳана Раббика Раббил иззати амма ясифуун, ва саламун алал мурсалийн, вал ҳамду лиллаҳи Раббил оламийн.