Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Энг ашаддий душман сенга хиёнат қилган кишидир (5)

4458 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Энг ашаддий душман сенга хиёнат қилган кишидир

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, энг ашаддий душман сенга юзма-юз чиқмасдан, балки сенга хиёнат қилиб, сени қатл қиладиган, сени шахсингни, гоҳида сени вазифангни ўзига ниқоб қилиб табассум қилганча сенга ташланадиган кишидир. Бундай кимсалар фақат сиртдан қарагандагина энг қаҳрли душмандирлар. Аслида улар ичларида қулаётган жарлик ёқасида турган қўрқоқ ва нотавон кимсалардир:

Шоқол курак тишларин кўрсатса агар
Ўйлама асло: “шоқол табассум қилар”
Бу ашаддий душман нифоқ ва мунофиқлардир:
Албат, ҳалокатли офатдир нифоқ
Қўйиб берсанг ҳалокатга элтади
Тоғлар каби денгизларда байроғи
Умматнинг орзуларин барбод этади

Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан то ҳозирги кунга қадар, балки то Аллоҳ таоло ер ва ундаги барча нарсани мерос қилиб оладиган кун – қиёмат кунига қадар мусулмон уммат жасадини кемирадиган қуртлардир. Улар Аллоҳнинг динига чорловчи даъватчиларнинг сўзлашини хуш кўрмаслар. Жамиятда яхши ишларга буюрилиши, ёмон ва фаҳш ишлардан қайтарилишини хоҳламаслар. Аллоҳ таоло уларни яхшиликдан йироқ қилсин ва уларни ҳалок қилсин: “Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар” [Зумар: 45].

Юзлари юқолгач, мингта юзи бор
Билмассан, ичинда қай бири содиқ

“Магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар холос), (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар” [Аҳзоб: 61]. Улар дўзахнинг энг қаърида бўлурлар ва улар учун асло ёрдам берувчи бўлмас.

Мунофиқлар заҳарловчи вируслар, чиритувчи бактериялар ҳисобланиб, мудом мўъминларга мусибат ва ҳалокат келишини пойлаб турадилар. Улар Уҳуд ва Табук жангларида мўъминларни ёрдамсиз қолдирган, то бугунги кунга қадар, балки то қиёматга қадар шундай давом этажаклар. Гуёки мунофиқларнинг ҳолати мана шундай деяётгандек:

Кенг заминда то мусулмондир ҳаёт
Шодлик эрур қалбимизга етти ёт

Мунофиқлар ошкор қилган нарсаларининг тескарисини мақсад қиладиган, ичларида ошкор қилган нарсаларидан бошқача нарсани сир тутадиган қабиҳ кимсалардир. Уларнинг йўлбошчиси, уларга ифлослик нима эканлигини таълим берган, уларга турли назарияларни ихтиро қилган раҳнамоси Абдуллоҳ ибн Сабаъдир. У Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида пайдо бўлиб, ўзини мусулмон кўрсатиб мусулмонлар сафига суқилиб кириб олган эди. Бугунги кунда ўзини мусулмон кўрсатиб сафларга суқилиб кириб олганлар нақадар кўп:

Битта ёй бўлгандаку сақланардим
Лек бир эмас, икки, уч ёйдир улар
Мингта бошчи, бошчи устида бошчи
Тегирмонинг бошқарур Кисро ва Қайсар

Эҳтимол, сиз улар кимлар ўзи, деб сўрарсиз? Бунга жавобан шундай деймиз: “(Қасамки, энди) албатта сиз уларни (улар сўзлаётган — зоҳири иймонга далолат қиладиган, ботини эса куфр бўлган) сўз оҳанг — услубидан таниб олурсиз” [Муҳаммад: 30]. Ибн Сабаъ Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида пайдо бўлиб, қароқчи-йўлтўсар ва бузғунчи кишиларни тўплаш мақсадида турли шаҳар ва қишлоқларни кеза бошлади. У бу иши ортидан мунофиқлар ва баъзи нодон кимсалардан ташкил топган тўда тўзиш ва уларнинг Усмон розияллоҳу анҳу ҳақидаги фикрларини бузиш ва унга қарши ташвиқот қилишни мақсад қилган эди. Қайсидир маънода у ўз мақсадига эришди. Бироқ ҳамиша уларнинг муваффақияти вақтинчадир. Аслида бу улар учун муваффақият бўлмай, балки зиён ва муваффақиятсизликнинг айни ўзидир. Кунлардан бирида Ибн Сабаъ ўз тўдасини Усмон розияллоҳу анҳуни қуршовга олиш ва у билан холи қолишлари учун ундайди. Қуршовга олинган Усмон розияллоҳу анҳуни Ғофиқий деган киши қўлидаги темир билан уриб, у ўқиб турган мусҳаф - Қуръони Каримни оёғи билан тепади. Шунда тепкиланган мусҳаф айланиб Усмон розияллоҳу анҳунинг олдига тушади ва ундан оққан қон мусҳаф устига тушади. Усмон розияллоҳу анҳу ҳушдан кетиб йиқилади ва уни оёқларидан тортиб судрайдилар.

Мунофиқлардан бири қўлида қиличини кўтарганча уни Усмон розияллоҳу анҳунинг қорнига қўймоқчи бўлади. Шунда Усмоннинг аёли уни қўли билан тўсади ва қилич унинг қўлларини кесиб юборади. Шундан сўнг қиличини Усмон розияллоҳу анҳунинг қорнига қўяди ва қиличига суяниб унга оғирлигини солади. Шу он бошқа бир бадбахт сакраб унинг кўкрагига чиқиб, ўлим талвасасида ётган Усмон розияллоҳу анҳунинг кўксига қиличини тўққиз бор санчади ва шундай дейди: “Бу санчилган зарбаларнинг олтитаси Аллоҳ учун, қолган учтаси унга қарши кўксимдаги нафрат интиқоми учун”. Сўнгра мунофиқлардан яна бири унинг устига сакраб қовурғаларидан бирини синдиради.

Ла илаҳа иллаллоҳ! Бу Ибн Сабаънинг издошлари ҳар қандай замон ва маконда уюштирадиган қонли қатлиомдан биридир! Улар бу диннинг бошини кесиш, унинг вакиллари қовурғасини синдиришни истайдилар. Улар бўлаётган қатлиомларнинг барчаси Аллоҳ йўлида эканлигини баҳона қиладилар. Агар содиқ бўлганларида эди: “Бу санчилган тўққиз зарбаларнинг олтитаси кўксимиздаги нафрат интиқоми”, - деган бўлур эдилар: “Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!” [Тавба: 30]. Барча даврлардаги мунофиқлардан чиққан “Аллоҳ учун” деган ҳайқириқлар сабаб кўплаб мусулмон ёшлар жувонмарг кетдилар, бошқа бир қанча ёшларнинг ҳафсаласи пир қилинди, сирлар ошкор қилиниб, мухлис мусулмон ёшлар билан қамоқхоналар тўлиб-тошди. Бу ишларнинг барчасини “Аллоҳ учун” қиляпмиз дейдилар. Агар улар содиқ бўлганларида, ёхуд бироз инсоф қилганларида эди: “Буларнинг олтитаси Аллоҳ учун”-деган бўлур эдилар.

Аллоҳга қасамки, бу зарбаларнинг барчаси қалбларидаги ислом ва мусулмонларга бўлган нафрат интиқомидир. Мусулмонлар Усмон розияллоҳу анҳуни дафн қилиш учун олиб борар эканлар мунофиқлар унинг тобутини тошбўрон қилдилар ва уни Бақеъ қабристонига дафн қилишга тўсқинлик қилишга ҳаракат қилдилар. Тобутни ҳимоя қилган Усмоннинг икки қулини қатл қилишиб, кўчага ташлаб қўйдилар. Оқибат, улар иккисини дафн қилмай туриб итлар жасадини еб тугатди.

Қаранг, муҳтарам биродар! Мунофиқларнинг аҳволи қай даражага бориб етди. Аллоҳ таоло эъзозлаган жасадларни итларга ем қилиш даражасига бориб етди. Мусулмонларга яҳуд ва насоролардан кўра мунофиқларнинг зарари кўпроқдир: “Сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! ” [Мунофиқун: 4].

Ҳасан Басрий шундай дейди: “Агар мунофиқларнинг думи бўлганида эди кўчаларда юра олмай қолган бўлур эдик”. Бу гап ҳали Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ замонаси ҳақида айтилган гап. Биз ҳозирда нима дейишимиз мумкин?! Лекин шуни аниқ айта оламизки, ҳар бир киши Аллоҳ таолога ичидаги сирлари ва ошкора ҳолати билан йўлиқади. Ана ўшанда ичию таши бир бўлган одам билан ичи бошқа таши бошқа одам ажралади.

Имомларимизнинг зикр қилишларича, бир киши қилиб юрган ножўя ишидан тавба қилибди. У қилиб юрган иш ниҳоятда разил бир иш бўлган экан: маййит илк дафн қилинган кеча қабрга келиб уни очар, кафанини олиб ва шу кафанни сотиб тирикчилик қилар экан. Узоқ вақтлар шу иш билан шуғулланиб, сўнгра бу ишни тарк қилибди. Ундан: “Нега бу ишни қилмай қўйдинг?”- дейилганида шундай жавоб қилган экан: “Аллоҳга қасамки, аҳли қибла кишилардан бўлмиш минг кишининг қабрини очдим ва улардан биронтасининг қиблага қараб турганини кўрмадим. Ҳолбуки, мен уни биринчи кечадаёқ очар эдим. Хўш, унинг юзини қибладан буриб қўйган нарса нима?!”. Уни қибладан бурган нарса бу дунёда ошкора бир ишни қилиб, бошқасини яширганидир. Бу дунёда алдаб, ҳийла-найранг қилиб юрган нарсаси қабрда ошкор бўлган. Биз билан мунофиқлар ўртасида қалбда яширин нарсалар ошкор бўладиган, қабрдаги кишилар сочилиб қайта тириладиган ва қалбдаги яширин нарсалар чиқариб олинажак кун – қиёмат куни бор.

“Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди” [Оли Имрон: 120].

Мўъминлар Парвардигорларининг ғамхўрлигига таваккул қиладилар. Уларни қўрқитадиган қўрқув йўқ ва улар турли бахтсиз ҳодисалар юз берганида ғам-ғуссага ботмайдилар. Бир мўъмин киши бошларни узиб олаётган Фиръавннинг олдидан ўтса сизга сўзамолликда Ҳорун алайҳиссаломни, довюракликда эса Мусо алайҳиссаломни кўрсатади.

“Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” [Мунофиқун: 8].