Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (3) (Давоми)

4559 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Умматнинг собиқ шон-шарафин эсга олдим
Кўзларимдан уйқу қочди, бўлдим беҳуш
Ўлкаларда ислом ҳолига назар солдим
Типирчилар, гўё қаноти кесилган қуш
Биз бошқарган қўллар бугун бизни бошқарар
Биз эгалик қилган ҳалқлар бизга ҳукмрон
Ўтмишидан ибрат олган нечук бошқалар
Порлоқ тарих унутдик биз, ҳолимиз вайрон
Ғарб ортидан юрдик истаб маърифат ва нур,
Афсус: ёмонга эргашсанг қароси юқар
Рум денгизин ҳатлаб ўтган араблардан сўр
Кеча шу ерда эдилар, бугун йўқ улар

Мана сизга яна бир мисол: Аллоҳга иймон келтирган жасур мусулмон йигит Алп Арслон. Жанглардан бирида қолган қўшини билан пойтахти Хуросонга қайтаётган Алп Арслон хабари Константинопол императори Румонусга етиб келади. Рим императори унга қарши уруш қилиш учун олти юз минг жангчидан иборат қўшин ҳозирлайди. Аллоҳга қасамки, улар қўрқинч, заифлик ва хорликка тўлиб тошган қалблар билан бу қўшинни жамлаган эдилар.

Бу хабар Арслонга етиб келади. Бу пайтда унинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” йўлида жанг қиладиган ўн беш минг аскари бор эди. Қаранг, таққосланг: олти юз минг аскар ўн беш минг аскарга қарши жанг қилиш учун келмоқда. Яъни, бир киши қирқ кишига қарши жанг қилмоғи керак.

Бу жисмоний қувватми?

Йўқ, шубҳасиз бу ақида қувватидир ва бу қувватнинг ўзи кифоядир, азизлар.

Арслон қўшинига назар солди; Қўшин жангдан ниҳоятда толиққан, ичида кўплаб ярадор ва жароҳатланганлар бор. Устига устак, узоқ масофа юриш қўшин тинка мадорини қўритган эди. Арслоннинг боши қотди. Нима қилсин? Юртига бостириб келаётган душман қўшинини ўз ҳолига ташлаб қўйсинми? Оқибат, бу қўшин унинг мамлакатига кириб, ҳамма ёқни вайрон қилсинми? Ёки ўз қўшини ҳаётини хатарга солиб, ўн беш минглик аскари билан олти юз минглик қўшинга қарши чиқсинми?

Бир оз ўйга толган Арслонни бирдан иймон кучи ларзага солди, машаққатли дамларда ўз самарасини беражак ақида юзага чиқди. У ўз чодирига кириб кийимларини ечди, баданига хушбўйликлардан суртиб кафан кийди. Сўнгра қўшин олдига чиқиб уларга шундай хитоб қилди: “Кўриб турганингиздек, ислом катта хатар остида турибди, мусулмонлар ҳам шундай. Мен борлиқдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тугатилишидан хавотирдаман”. Сўнгра баланд овозда: “Исломга ёрдам берадиган борми? Исломга ёрдам берадиган борми?”- дея жар солди. Сўнгра шундай деди: “Мана мен хушбўйланиб, кафанимни кийиб олдим. Кимки жаннатни истаса мен сингари кийиниб олсин. Токи ўлгунимизча, ёхуд “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси юксалгунига қадар бу калимани ҳимоя қилиб жанг қилайлик”.

Кўп ўтмай ислом қўшинининг барчаси кафан кийиб олади. Ён-атрофни маййитга сепиладиган хушбўйлик ҳиди тутиб кетди. Жаннат шабадалари эсиб, ҳамма ёқда “Аллоҳу акбар! Эй Аллоҳнинг чавандозлари собитқадам бўлинглар. Эй Аллоҳнинг чавандозлари, отларга мининглар” деган ҳайқириб акс-садоси янгради.

Ла илаҳа иллаллоҳ! Кафан кийган қўшинни эшитганмисиз?!

Жангга киришдан олдин маҳшаргоҳда кияжак либосини кийиб олган қўшинни эшитганмисиз?!

Бир вақтнинг ўзида ўн беш минг мусулмондан маййитга сепиладиган хушбўйлик ҳидини ҳидлаганмисиз?!

Жанг майдони сари йўл олган ва қиёматда сур чалинган кунда ана ўша жанг майдони устида қайта тирилишига ишончи комил бўлган мукаммал бир қўшинни хаёлингизга келтирганмисиз?!

Икки қўшин тўқнаш келади. Улардан бири Аллоҳга иймон келтириб, У бирла учрашишга муштоқ бўлса, бошқа бири эса Аллоҳга куфр келтирган ва Аллоҳ билан учрашишни севмайдиган жамоат эди. “Аллоҳу Акбар” ҳайқириқлари янгради, ҳар бир мўъмин киши олға интилар экан, гўё унинг ҳолати “Мендан рози бўлишинг учун Сен сари шошилдим, эй Парвардигорим” [Тоҳа: 84], - дер эди. Жанг майдонида танадан жудо бўлган бошлар учиб, қон жилғалари пайдо бўла бошлади. Жанг асносида жарчи суюнчли овозда жар солди: “Римликлар мағлубиятга учради, уларнинг қўмондони Румонус асирга олинди!”.

Аллоҳу Акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ! Аллоҳ ваъдасига содиқ бўлди ва Ўз қўшинига ғалаба берди: “(Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир», дедилар” [Бақара: 249].

Аллоҳнинг қўшинидан жуда кўплари ҳалок бўлдилар. Биз уларни шаҳидлар деб умид қиламиз. Қўшиндан қолган кишилар йиғлар эдилар. Улар қўлга кирита олмай қолган ўлжалар учун йиғларми эдилар? Йўқ, осмонни устунсиз кўтарган зотга қасамки ундоқ эмас! Аксинча, улар ўзларини Аллоҳга сотганларидан кейин кафанларини ечишга мажбур бўлганлари учун йиғлар эдилар. Мусулмонлар қўмондони эса узоқ йиғлади. У Аллоҳга беҳисоб ҳамду-санолар айтди. Ҳеч қандай куч-қудрат бас кела олмайдиган ақида ила Аллоҳга йўлиққунга қадар Аллоҳ йўлида жиҳод қилди. Ва ниҳоят жон бериш вақти келганида шундай дер эди: “Оҳ, ушалмаган орзулар, эришилмаган истаклар ва ҳасрат ила жон таслим қилаётган жон”. У қиличлар сояси остида шаҳид бўлишни орзу қилган эди. Бироқ, Аллоҳ таоло унинг тўшакда жон беришини хоҳлади.

Ким Аллоҳнинг динини сақласа Аллоҳ уни сақлайди

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, кимки Аллоҳнинг динини сақласа, Аллоҳ уни сақлар экан. Кимки Аллоҳнинг буйруқларига амал қилса, қайтарган нарсаларидан четланса ва Аллоҳ кўрсатган ҳудудлардан нари ўтмаса Аллоҳ уни сақлар экан.

Кимки бошини ва боши ўз ичига олган кўз, қулоқ ва бурун сингари ташқи ҳис аъзолари ва ички ҳис аъзоси бўлмиш тафаккурини, шунингдек қорни ва қорнига боғланган юрак, қўл-оёқ ва аврати каби аъзоларини гуноҳ ишлар йўлида ишлатишдан сақласа Аллоҳ уни сақлагай.

Кимки хурсандчилик ва фаровонлик вақтида Аллоҳнинг динини сақлаб Унга итоат қилса, қийинчилик дамида Аллоҳ уни сақлайди.

Кимки ёшлигида Аллоҳга итоат қилса, Аллоҳ уни қувватини йўқотган кексалик чоғида Ўз ҳифзу-ҳимоясига олади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Мана сизга бир мисол: улуғ олим, зоҳид муҳаддис ва тақводор фақиҳ Имом Авзоий ҳазратлари. Кунлардан бирида Аббосийлар ҳукмдори Абдуллоҳ ибн Али Димашққа бостириб кириб ўттиз олти минг мусулмон аҳолини қатл қилади. Сўнгра Бани Умайя масжидига отлари билан кириб масжидни оёқ ости қилгач, керилганча: “Қани, менинг бу қилган ишимни инкор этишга ким журъат қила олади?”- дейди. Одамлар: “Имом Авзоийдан бошқа ҳеч кимсани журъат қилади деб ўйламаймиз”- дейдилар.

Шунда Аббосийлар ҳукмдори Авзоийни ҳузурига чақиртиради ва кимдир уни чақиришга боради. Авзоий бошига имтиҳон ва синов келганига ишонч ҳосил қилади. У бу имтиҳонда ё нажот топиши ва бу нажот ортида ҳеч қандай муваффақиятсизлик йўқлиги, ёки бу имтиҳонда муваффақиятсизликка юз тутиши ва бу муваффақиясизлик ортида ҳеч қандай нажот йўқ эканига қатъий амин бўлади.

Хўш, бу имом нима қилди? Имом Авзоий ғусл қилди, баданига хушбўй нарсаларни суртиб кафанини кийди ва кафан устидан кийимларини кийиб олди. Шундан сўнг қўлига ҳассасини олган Авзоий хурсандчилик ва кенгчилик вақтида Унга итоат қилган Зотга юзланиб шундай деди: “Эй хорланмас куч-қувват, иззат Эгаси! Эй мустаҳкам Суянчиқ! Эй қўшини мағлубиятга учрамас, авлиё-дўстлари енгилмас Зот! Сен Ўзинг менга кифоясан. Сен кимга кифоя экансан, Ўзинг унга етиб ортирсан. Аллоҳ менга кифоя қилувчи ва нақадар яхши сақловчидир”.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло билан боғланган Авзоий худди шер сингари ўша ҳукмдор ҳузурига йўл олди. Бу пайтда Аббосийлар ҳукмдори вазирларини сафга тизган, Авзоийни қатл қилиш ва унинг қалбига қўрқув солиш учун ҳузурида иккита (ошланган) терини тўшаб қўйган эди. (Ўша замонларда бировни саройда қатл қилинмоқчи бўлинса бу каби терини тўшаб қўйилардики, қатл қилинган одамнинг қонлари саройни булғатмасин. Тери тўшалганини кўрган одам оқибати нима эканини дарҳол англаб оларди. Бу ерда бирмас икки тери тўшалган. Тарж). Бу ҳолатни ҳикоя қилган Авзоий шундай дейди: “Халифанинг ҳузурига кирдим. Қарасам, қиличлар яланғочланган, тери тўшалган. Ишлар мен тахмин қилгандан анча зиёда. Мен ичкарига кирдим. Аллоҳга қасамки, мен ўша лаҳзаларда кўз ўнгимда фақат Раҳмоннинг Аршини ва жарчининг: “Бир гуруҳ жаннатда ва бир гуруҳ дўзахда”,- дея жар солаётганинигина тасаввур қилдим.

Аллоҳга қасамки, кўз олдимда халифа худди пашшадек кўринди. Аллоҳга қасамки, мен унинг саройига кирганимда жонимни Аллоҳга сотиб бўлган эдим. Мени кўрган халифанинг ғазабдан пешонаси тиришди.

— “Авзоий дегани сенмисан?” - деди у.

— Одамлар менинг Авзоий эканимни айтадилар. Шунда халифа:

— “Биз оқизган қонларга нима дейсан?” Мен айтдим:

— “Бизга фалончи фалончидан, у фалончидан ва у сенинг бобонг Ибн Аббосдан ва Ибн Масъуд, Анас, Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмон кишининг қони учта хислатдан бирини содир этиши сабабидангина тўкилиши ҳалол бўлади: (бу хислатлар унинг) уйланган эркак ёки эрга теккан аёл зинокор бўлиши, бир инсонни қатл қилгани эвазига унинг қатл қилиниши, яъни қасос сабабидан қатл қилиниши ва динини тарк қилиб муртад бўлган, (мусулмонлар) жамоатидан ажралган киши бўлишидир”.

Шунда халифа худди илон оғзини катта очиб, тилини чиқариб ҳамла қилмоқчи бўлганидаги каби ижирғанди. Халифанинг важоҳатини кўрган атрофдаги одамлар қон сачрашидан эҳтиёт бўлишиб кийимларини кўтардилар. Мен ҳам қилич бевосита бўйнимга тушсин дея салламни кўтардим. Халифа бўлса мени яна саволга тутди:

— “Биз талон-тарож қилган мана бу уй-жойлар ва тортиб олган мол-мулкларга нима дейсан?”. Мен айтдим:

— “Аллоҳ таоло ҳали қиёматда сени қандай дунёга келтирган бўлса ўшандай барча нарсалардан холи қилади. Сўнгра сендан каттаю-кичик ва майда-чуйда нарсалар ҳақида савол-жавоб қилади. Бордию бу нарсалар ҳалол бўлса ҳисоб-китоб қилинажаксан, агар ҳаром бўлса уқубатга дучор бўлурсан”.

Халифанинг пешонаси ғазабдан баттар тиришди. Атрофдаги вазирлар қон сачрашидан эҳтиёт қилиб яна кийимларини кўтардилар. Мен ҳам қилич тўғридан-тўғри бўйнимга тушсин деб салламнинг пешини кўтардим. Халифа бўлса ғазабдан томирлари бўртиб чиқди ва бир оз туриб менга: “Чиқ, кет”-деди.

Мен халифанинг олдидан чиқдим. Аллоҳга қасамки, Парвардигор мени иззат-ҳурматимни янада оширди”.

Имом Авзоий бутун умри давомида, то Аллоҳ таолога йўлиққунга қадар Унга итоат қилиб яшаган эди.

Кейинчалик, Авзоийнинг вафотидан кейин унинг қабри яқинидан ўтган ўша Аббосийлар ҳукмдори қабр олдида туриб шундай деган эди: “Аллоҳга қасамки, ер юзида ҳеч кимсадан мана шу қабрда дафн қилинган кишидан қўрққанчалик қўрқмас эдим. Аллоҳга қасамки, мен уни кўрганимда шундоққина олдимда шерни кўргандек бўлур эдим”.

Авзоий Аллоҳга қаттиқ боғланган, хурсандчилик ва мўл-кўлчилик пайтларида Аллоҳнинг динини сақлаган эди, Аллоҳ уни қийинчилик пайтида сақлади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Эй азизлар! Бизни келажакда иззат ва ер юзида ҳукмронлик қилиш босқичи кутяптими ёки синов босқичи кутяптими, биз буни билмаймиз. Биз енгиллик берилган пайтда ўзимизни гуноҳлардан сақламоғимиз, Аллоҳнинг динини, У белгилаган ҳудудларни сақламоғимиз, буюрган нарсаларни бажариб, қайтарган нарсалардан тийилмоғимиз керак. Ўшанда Аллоҳ таоло бизни қийинчилик ва синов ўринларида Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрайди. Зеро синов келмаслигининг чораси йўқ: “Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!” [Анкабут: 2].

Асвад Ансий Яманда пайғамбарлик даъво қилган ярамас, сеҳргар ва золим бир киши эди. Унинг атрофида “Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи гуруҳ” деб номланувчи бир жамоат ташкил қилиш ва Аллоҳнинг динига даъват қилувчи кишиларни қатл қилиш мақсадида ўғри ва йўлтўсарлар тўпланишган эди. Улар мусулмонлардан қанчасини сўйиб, қанчасини ўтда кўйдириб, яна кимларнидир юртларидан қувғин қилиб ва айрим мусулмонларнинг иззат-номусига теккан эдилар. Оқибат, одамлар динларини асраш мақсадида турли томонларга қочгандилар. Ана шундай қийноқларга дучор бўлган мусулмон даъватчилардан бири Абу Муслим Хавлоний роҳимаҳуллоҳ бўлган эди. Ансий уни қийноқларга солди. Бироқ, у худди Фиръавн сеҳргарлари сингари собитқадам қолди. Уни ўз даъватидан буришга ҳаракат қилди. Лекин Абу Муслим: “Мени яратган Зотга қасамки, мен асло бу даъватдан тўхтамайман”- деди: “Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан.” [Тоҳа: 72].

Ансий катта оломонни йиғди ва уларга қарата шундай деди: “Агар бу даъватчингиз ҳақ бўлса, у ҳолда Ҳақ унга нажот бергай. Аксинча, ундай бўлмаса, у ҳолда кўрасизлар”.

Шундан сўнг ниҳоят катта олов ёқишга буюрди ва даҳшатли олов ёқилди. Абу Муслим роҳимаҳуллоҳни келтириб қўл ва оёқларини боғладилар. Сўнгра уни палахмонга ўтқиздириб, алангаланиб турган олов устига улоқтирдилар.

Айтишларича, бу олов шунчалик даҳшатли эдики, олов алангаси ва тафтининг баландлигидан унинг устидан учиб ўтган қушларнинг қанотлари куйиб олов ўртасига йиқилар эди. Палахмонда отилган Абу Муслим ҳавода учар экан ёлғиз Аллоҳни зикр қилди ва унга илтижо қилиб: "Ҳасбияллоҳ ва ниъмал вакил" “Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя ва У нақадар яхши асрагувчидир” - деди. Даҳшатли олов ўртасига тушаётган Абу Муслимни кўрган мусулмонларнинг юраклари қинидан чиқаёзди, аламдан қалблар эзилди. Бирдан олов аста секин ўча бошлади. Қарасалар, олов қўл оёқларини бўшатган, кийимлари куймаган, оёқяланг Абу Муслим табассум қилганича чўғ устида юрар эди. Буни кўрган золим Ансий эс-ҳушини юқотди. Бошқалар ҳам мусулмон бўлишидан қўрқиб, уларга таҳдид солиб қўрқита бошлади. Абу Муслим эса Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари олдига йўл олди. Масжиди набавийга етиб келиб у ерда икки ракаат намоз ўқиди. Абу Муслимнинг ҳикоясини эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:

— “Абу Муслим сизмисиз?”

— “Ҳа”-деди Абу Муслим.

— “Оловга улоқтирилган ва Аллоҳ таоло оловдан қутқарган киши сизмисиз?”

— “Ҳа”-деди у яна. Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу Абу Муслимни қучоқлаб йиғлади ва шундай деди: “Менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматида худди Иброҳим алайҳиссаломга қилинган нарса қилинган кишини кўрсатган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”.

Абу Муслимни сақлаган ким? Шубҳасиз, уни сақлаган Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдир! У Аллоҳнинг динини сақлаган эди, Аллоҳ уни сақлади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Мана сизга яна бир мисо, Ибн Тулун Миср волийларидан бири бўлган. Қадимдан Миср халқи золим ҳукмдор кетидан золим ҳукмдорга дучор бўлиб келмоқда. Барча жойлардаги биродарларимизнинг бошига тушган кулфатларни кеткизишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Азизлар, бу ҳукмдор ўша мамлакатда ўн саккиз минг мусулмонни ёстиғини қуритган. Уларни шундай бир тарзда ўлдирганки, бу услуб энг ваҳший қатл қилиш турларидан ҳисобланади. Ибн Тулун уларни озиқ-овқат ва сувсиз қолдирган, натижада улар очлик ва сувсизликдан ўлганлар. Буни эшитган зоҳид Абул Ҳасан роҳимаҳуллоҳнинг кўзидан уйқу қочди. Ахир, ўз биродарларининг қийноқларга солинганини эшитсаю, уларга ёрдам бериш учун бормаса. Қандай ҳам бормасин, ҳолбуки, бундан илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Энг афзал жиҳод – золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир”- деганларини эшитган бўлса?!

Абул Ҳасан Ибн Тулуннинг олдига борадилар ва унга қарата: “Мусулмонлар қонини тўкишда Аллоҳдан қўрқ”- дейди ва уни Аллоҳнинг интиқомидан огоҳлантирадилар. Бу гапларни эшитган Ибн Тулуннинг ғазаби қайнайди ва уни зиндонбанд қилишга ва бир шерни уч кун овқат бермай оч қолдиришга буюради. Уч кун ўтгач барча одамларни бир жойга йиғади. Абул Ҳасан билан уч кундан бери овқат емаган шерни олиб келинади. Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳ билан боғланган бу зот ўрнидан туриб намоз ўқий бошлайдилар. Уч кун оч қолган шерни унга қарата қўйиб юборадилар, у киши томонга отилиб боради, унинг яқинига келади-ю, бирдан тўхтаб қолади ва унга қараб, уни ҳидлай бошлайди. У ҳидлар экан оғзидаги сўлаклари Абул Ҳасаннинг қўлларига тушарди. Унинг қўлларида кўплаб жароҳатлари бор эди. Золим ҳукмдор ҳам, йиғилган оломон ҳам қаттиқ даҳшатга тушадилар. Шу дам уч кундан буён оч қолган шер орқасига қайтади.

Бу зотни бундай таҳликали ҳолатда ким сақлади? Албатта уни — кенгчилик пайтида Унинг динини сақлайдиган бандаларини Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрагувчи Аллоҳ сақлади. Шундан кейиноқ ўз устозлари билан учрашган шогирдлар узтозларидан сўраган эканлар: “Эй Абул Ҳасан, шер сизга ташланганида дилингиздан нималар кечди!?” Абул Ҳасан бунга жавобан шундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, мен сизлар ўйлаган нарса ҳақида ўйламадим ва сизлар қўрққан нарсадан ҳам қўрқмадим. Аксинча, мен Аллоҳга муножот қилиб турар эканман, таҳоратимни бузиб қўйишидан хавотир олиб, ичимда шернинг сўлаги покми ёки нажосат эканлигида ўйлар эдим”.

Бундай инсонлар Аллоҳнинг динини унга амал қилиш билан сақлаган эдилар, Аллоҳ уларни сақлади. Агар банда Аллоҳ билан мустаҳкам боғланса, Унинг динига риоя қилса, сўнгра осмонлар ва ердаги барча нарсалар унга қарши қанча ҳийла-найранг ишлатмасинлар, албатта Аллоҳ унга ечим ва енгиллик ато этади.

Эй Аллоҳ, бизларни олдиларимиз ва ортларимиздан, ўнг ва чап томонларимиздан ва устларимиздан сақлагин. Эй Аллоҳ, оёқ остимиздан ҳалокат келишидан Ўзинг паноҳ беришингни сўраймиз.