Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2) (Давоми)

5014 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Тавҳид – бошланиш нуқтадир

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни таълим бердики, Оллоҳни ёлғизлаш – бу мусулмон киши ва уммат ҳаётидаги бошланиш нуқтадир. Айни чоғда, у мусулмон киши ва уммат ҳаётидаги сўнг нуқта ҳамдир.

Кимда ким тавҳидда адашса унинг дунё ва охирати куяди ва бу кимса қалби идрок қилмайдиган, кўзи кўрмайдиган ва қулоғи эшитмайдиган уйидаги эшагиданда адашганроқ бўлиб қолади. Бундай кимса инсон қиёфасидаги ҳайвон ҳисобланиб, унинг турмуши ночор, Оллоҳ унинг қилган саъй-ҳаракатларини қабул қилмайди ва гуноҳларини кечирмайди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.” [Нисо: 48].

“Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир.” [Ҳаж: 31].

“Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.” [Моида:72]. Оллоҳ таолодан дўзахдан паноҳ беришини сўраймиз.

Буни акси ўлароқ, кимда ким Оллоҳни тавҳидини рўёбга чиқарса, бундай киши дунё ва охиратда муваффақият қозонади ва саодатга эришади. Оқибатда, Оллоҳ таоло унинг оз бўлсада қилган саъй-ҳаракатини қабул қилиб, катта мукофотлар ато этади, гуноҳларини мағфират қилади ва унинг тижорати асло зиён кўрмайди. Оллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур.” [Каҳф: 107].

Азиз соясида изла фақат қадр-қиммат,
Оллоҳ хорлар ким бандасига қилса ибодат.

Яралар малҳами - тақдирга иймон келтиришдир

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, жароҳатлар малҳами –тақдирга иймон келтирмоқдир. Мўъмин кишининг ҳаёти ажабланарли: унинг ҳамма ишларининг оқибати яхшиликдир. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, оқибатда, унга яхшилик бўлади. Агар унинг бошига мусибат тушса сабр қилади, оқибатда унга яхшилик бўлади. Мўъмин киши ўз бошига тушган нарса рўй бермай иложи йўқлигини, эриша олмай қолган ишлари эса унга сира насиб қилмаслигини яхши билади. Бордию бутун уммат йиғилиб унга бирон манфаат келтирмоқчи бўлсалар, улар бор йўғи Оллоҳ таоло тақдирда битган нарсанигина манфаат келтирурлар. Шунингдек, бутун уммат йиғилиб унга бирон зиён еткизмоқчи бўлсалар ҳам, фақат Оллоҳ таоло тақдири азалийда битган нарсанигина зиён келтирурлар.

Мўъмин киши ҳаётдан рози бўлиб яшайди, оқибатда Оллоҳ ҳам ундан рози бўлади. У дунё ва охиратида саодатли ҳаёт кечиради, қалби хотиржам, руҳи сокин яшайди. У доимо роҳат-фароғатда, ҳа у яшаётган бу ҳаётни тасвирлашдан тил ожиз.

Даҳшатли маҳшаргоҳда, инсонлар қиёмат аросатида турар эканлар Оллоҳ таоло барча халойиқлар ичидан бир жамоат кишиларга қараб: “Ҳисоб-китобсиз жаннатга кираверинглар”- дейди. Шунда улар: “Эй Раббимиз, эй Хожамиз, қолган барча халойиқни ҳисоб-китоб қилиб нега бизни тарк қилдинг?”- дейдилар. Оллоҳ таоло дейди: “Дарҳақиқат, сизларни дунёда ҳисоб-китоб қилдим. Иззатим ва Улуғворлигимга қасамки, сизларга икки бор мусибатни раво кўрмасман, жаннатга кираверинглар”. Ўшанда маҳшаргоҳ аҳли бу жамоат эришган нарса уларга ҳам насиб қилиши учун таналари темир қайчиларла қийма-қийма қилинишини орзу қиладилар.

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Оллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: “Мўъмин бандамнинг дунё аҳлидан бўлмиш сайланмаси – суйган кишисининг жонини олсам ва у бунга сабр қилиб Мендан ажр-савоб умид қилса, бу бандам учун Менинг ҳузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқ”. Нақадар яхши мукофот! Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсалар!

Бошқа бир ҳадиси қудсийда Оллоҳ таоло Ўзи яхши билсада фаришталарига шундай дейди: “Мўъмин бандам фарзандининг жонини олдингизми? Унинг жигаргўшасининг жонини олдингизми?”. Фаришталар: “Ҳа”- дейдилар. Оллоҳ таоло Ўзи яхши билсада фаришталардан: “Бандам нима деди?”,- деб сўрайди. Фаришталар: “(Банданг) Сенга ҳамду-сано айтиб, инсониятни Сен яратганлигинг ва улар яна Сенинг ҳузурингга қайтишлигини ёд қилди”, - дейдилар. Шунда Оллоҳ таоло: “Бу бандамга атаб жаннатда бир уй қуринглар ва уни “Ҳамд уйи” деб атанглар”-дейди”.

“Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева - чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: « Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир.” [Бақара: 155-157].

Қўй, кунлар истаганинин қилаверсин,
Рози бўл, агар ҳукм қилса қисмат.
Ўткинчи дунёнинг ўзгаришлари,
Мусибат кулфатдан қилма шикоят.
Кимки ҳовлисига тушса гар ўлим,
На замин, ва на осмон қилур шафоат.

Одамлар Ҳорун ибн Язид роҳимаҳуллоҳ олдидан ўтибдилар. Бу вақтда унинг кўзлари кўр бўлиб қолган эди. Унинг кўзлари ниҳоятда чиройли бўлиб, замонасида камдан кам кишиларда бундай чиройли кўз учратиш мумкин эди. Кўзлари ожиз Ҳорундан сўрашибди: “Эй Ҳорун, чиройли кўзларингизга нима бўлди?”. Ҳорун: “Саҳар вақтларида йиғлаш кўзларимни кўр қилиб қўйди, мен кўзларимни йўқотганимга сабр қилиб, бунинг эвазига Ёлғиз ва Мағфиратли Оллоҳдан ажр-савоб умид қиламан”, - деб жавоб берибди.

Дарҳақиқат, тақдирга иймон келтириш башариятга инъом этилган буюк неъмат, яраларга малҳам, хотиржамликдан иборат қуюқ бир соя, мислсиз сукунат ва осойишталик, ёвузликлардан тўсиқ, амалга тарғиб қилувчи, сабр ва ризога ундовчидир. Сабрнинг таъми аччиқ бўлсада, унинг оқибати, натижаси тотлидир. Сабр қилдим, зеро, шириндир сабр оқибати, Тенг келмас унга оғиздаги болнинг лаззати.

“Сенга манфаатли бўлган ишга зўр бериб интил (Оллоҳ сенга қисмат қилиб берган нарсага рози бўл), Оллоҳдан ёрдам сўра, ожизлик қилма. Агар сенга бирон мусибат етса: “Агар мен ундоқ қилганимда, мана бундоқ, бўлар эди”, - дема, аксинча: “Оллоҳ тақдир қилган экан, Оллоҳ нимани хоҳлаган бўлса шуни қилди”, - дегин”.

Менга насиб қилмаганин эришолмам
Фойда бермас афсус, кошки, эх аттанг ҳам

Ақида соясидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсон ўзгаларга қандай муомалада бўлса, Оллоҳ унга ҳам худди шундай муомалани бошига солар экан. Инсон экканини ўрар ва қилмиш қидирмиш экан. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас экан:

Бугун йиғган нарсанг - кеча экканинг
Ахир, қайтар дунё, дейдилар буни
Эзгулик экканлар эзгулик йиғар
Ёвузлик экканга ёвузлик келар
Ким экмай, ўзганин ўрганин кўрса
Уруғ экмаганга надомат келар

Айтишларича бир кишининг бир қули бўлиб, унинг даласида ишлар экан. Хўжайин қулига қарата: “Мана бу парча ерга буғдой эк”- дебди-ю, қулни ўз ҳолига ташлаб ўзи кетибди. Унинг қули жуда доно ва ақлли экан. Қул ерга буғдой ўрнига арпа экибди. Хўжайин арпа униб – ўсиб, пишиб етилиб, ўриш вақти келгачгина далага келибди. Қараса қули ерга буғдой ўрнига арпа экибди. Хўжайин қулига қараб: “Мен сенга буғдой эк дегандим, сен нега арпа экдинг?” - дебди. Шунда қул: “Мен арпадан буғдой чиқишини умид қилдим”-деб жавоб берибди. Хўжаси: “Ў, ахмоқ! Нега арпадан буғдой униб чиқишини умид қиласан, ахир!” - дея асабийлашибди. Шунда қули: “Эй хўжайин! Сиз Оллоҳга осий бўлиб, Ундан раҳматини умид қиласизми? Оллоҳга осий бўлиб Ундан жаннатини умид қиласизми?”- дебди. Бу гапдан таъсирланган хўжайин қўрқиб даҳшатга тушибди, яқин кунларда Оллоҳнинг ҳузурига боришини эслабди. Шундан сўнг хўжайин қулига қараб: “Оллоҳга тавба қилдим, Унинг ўзига қайтдим. Оллоҳ учун сени озод қилдим”- дебди.

Инсон экканини ўрар ва қилмиш қидирмиш экан. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас экан: “Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.” [Наҳл: 97].

Бир кишининг ёши бир жойга етган кекса отаси бор экан. Узоқ вақт отасини ювиб тараб парвариш қилган ўғил охир-оқибат отасидан малолланиб безор бўлибди. Кунлардан бирида кекса отасини уловга миндириб саҳрога олиб чиқибди. Отаси ажабланиб ўғлидан сўрабди: “Ўғлим мени бу ерга нега олиб келдинг?”. “Сизни сўймоқчиман”- дебди ўғил. Ла илаҳа иллаллоҳ! Ўғил ўз отасини сўймоқчи-я! Ота ўғлига: “Яхшиликнинг мукофоти шуми, эй ўғлим?”- дебди. “Сўймасам бўлмайди, мени роса зериктириб, безор қилиб юбордингиз”- дебди ўғил. “Ундай бўлса, мени анави ҳарсангтошнинг олдида сўй”- дебди ота. Шунда ўғил: “Эй ота, сизга нима фарқи бор, ахир, бу ерда сўйдим нима-ю, у ерда сўйдим нима?”- дебди. “Модомики жазо инсон қилмишига муносиб бўлар экан, у ҳолда мени анави ҳарсангтош олдида сўй, мен ҳам отамни ўша ерда сўйган эдим. Эй ўғлим, сенга ҳам шу нарса насиб қилса ажаб эмас. Зеро, жазо ёки мукофот кишининг қилган ишига қараб бўлур. Бошқаларга қандай муомала қилсанг, сенга ҳам шундай муомала қилинур. Парвардигор ҳеч кимсага зулм қилмас”-дебди отаси.

Ақида бу - мислсиз куч

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, ақида – бу мислсиз куч экан. Унга ер юзидаги ҳар қандай моддий инсоний куч бас кела олмайди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мисол билан сўзимиз янада ойдинлашади.

Муъта жангида қалблари ақидага тўлиб тошган уч минг кишидан иборат мусулмонлар қўшини икки юз минг кишилик қўшинга қарши чиқдилар. Мусулмонлардан бири шундай ҳикоя қилади: “Оллоҳга қасамки, биз душманга қарши сон-саноғимиз ва қурол -яроғ билан қарши чиқмадик, балки уларга қарши мана бу ДИН билан жанг қилдик”. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан сўрангчи, қўлида қанча қилич синди экан? Бу саволга Холид жавоб бериб шундай дейди: “Қўлимда тўққизта қилич синиб кетди”. Холиддан сўрангчи, кофирларни урар экан, унинг кучли зарбасига бардош бериб қўлида нима чидаб берди экан? Холид бунга жавобан қўлида яманий қиличгина бардош берганини ҳикоя қилади.

Икки юз минг кишилик душман қўшини биргаликда ҳамла қилиш учун уч минг кишилик мусулмонлар қўшини сари ёпирилиб келаётган пайтдаги Холиднинг ҳолига бир назар солинг. Ўша кунда айрим мусулмонлар душманнинг сон-саноқсиз қўшинини кўргач, Холидга қарата: “Эй Холид, қаёққа қочамиз, қаерга бош урамиз энди? Салмо тоғигами ёки Ажо тоғигами?”- деганида Холиднинг кўзларига ёш келди ва ўзини мағрур тутиб: “Салмо тоғигаям, Ажо тоғигаям эмас, балки Оллоҳга бош урамиз, Унга илтижо қиламиз!”-деган эди. Оқибатда, мусулмонлар Унга илтижо қилган Оллоҳ таоло уларга нусрат ва ғалаба берди.

Парвардигорингизга қасам, айтингчи, бу Холид ибн Валидда жўш ўрган куч жисмоний қувватмиди? Устунларсиз осмонни кўтариб қўйган Оллоҳга қасамки, ундоқ эмас! Бу қувват ақида қуввати эди ва унинг ўзи етарлидир:

Кишилар қалбида ўрнашган ақида,
Атому, минг кескир қиличдан афзал.

Нисбатан анча кейинги асрларда яшаб ўтган Салоҳиддин роҳимаҳуллоҳга бир назар солинг. Ўша даврда Салибчилар қўлида асир бўлган Масжидул Ақсо тилидан унга шикоят хати келади. Мактубда шундай дейилади:

Эй хочлар рамзини йўқ қилган подшоҳ!
Қуддусдан юбордим сенга шикоят;
Жамики масжидлар озода, эй воҳ!
Менчи мен: остонам тўла нажосат.

Мактубни ўқиган Салоҳиддинда ақидасига бўлган ғурур жунбушга келади. Бас келиб бўлмайдиган катта қўшин билан Байтул Мақдис сари отланади. Бундан илгари мусулмонлар ҳимматини чархлайди, қўшин ичида кулиш, ҳазил-мутойибани ман қилади. Ўша пайтда Салибчилар қўлида тутқун бўлган Масжидул Ақсони қайтиб олиш учун умматни тайёрлайди. Шундан сўнггина қўшин тортиб ҳужумга ўтади. Салибчилар шавкатини синдириб, Ақсони мусулмонлар ҳукмронлигига қайтаради.

Хўш, азизлар, Салоҳиддиндан кейин нима юз берди?

Салоҳиддиндан кейин бир мунча вақт ўтмай, кўпчилик мусулмонлар Салоҳиддин тушунчасидан воз кечишгач, Салибчилар яна қайтадан Ақсони босиб олдилар. Улар Салоҳиддиннинг қабрига боришиб, уни оёқлари билан тепкилашиб: “Мана биз қайтдик, эй Салоҳиддин! Мана биз қайтдик, эй Салоҳиддин” - дедилар. Устига устак: “Муҳаммад ўлди ва ортидан қизлар қолдирди”- дея хиргойи ҳам қилар эдилар.

Азизлар, ҳозирги кундаги ҳолимиз қандай?

У ёқда бўлаётган ишлардан жигарлар тилка-пора бўлади. Масжидул Ақсо гуёки ислом умматига хитоб қилаётгандек: “Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми? Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми?”. Бироқ, бу нидони эшитадиган на қулоқлар ва на унга жавоб берадиган юраклар бор:

center