Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Одамлар писанд қилмай қўйган ҳаром амаллар (Давоми)

5987 марта кўрилган

Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

(Давоми)

65. Кийинишда, гапиришда ва кўринишда аёл ва эркакларни бир-бирларига тақлид қилишлари

Эркак-эркаклик, аёл-аёллик хусусиятларини муҳофаза қилиши Аллоҳ таоло бандалари учун яратган фитрат (табиат)га мос ишдир. Бу қоидага амал қилмаган инсоннинг ҳаёти издан чиқади. Эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга ўхшашга интилиши табиатга зиддир. Бундай қилиш турли хил бузуқчилик, ахлоқсизлик ва пасткашликлар учун йўл очади. Бинобарин, шариатда бундай ишнинг ҳукми ҳаромдир. Шаръий нассда (Қуръон, ҳадис) бирор амални содир этувчи лаънатланган бўлса, бу ўша амалнинг ҳаром экани ва у гуноҳи кабиралардан эканини билдиради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, эркаклардан аёлларга ва аёллардан эркакларга ўхшамоқчи бўлганларини лаънатладилар”. (Имом Бухорий)

Яна бир ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам,  хотинчалиш эркак ва эркакшода аёлларни лаънатладилар”. (Имом Бухорий)

Ўхшашга интилиш ҳаракатларда, туришда, юришда ва сўзлашда бўлиши мумкин. Шунингдек, кийимда ҳам ўхшаш мумкин. Шунинг учун эркак кишига занжир, билакузук ва зирак кабиларни тақиш мумкин эмас. Аёлларга ҳам эркакларга хос бўлган кўйлак, телпак, костюм ва шимларни кийиш мумкин эмас. Аксинча, аёл қиёфада, шаклда ва рангда эркакларнинг зидди бўлиши керак.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳар икки жинснинг кийимда бир-бирларига мухолиф бўлишлари вожиб эканига далилдир: “Аллоҳ аёллар кийимини киядиган эркакни ва эркаклар кийимини киядиган аёлни лаънатлади”. (Абу Довуд)

66. Мўйни (соч-соқолни) қорага бўяш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидаги мазкур ваидга биноан бунинг гуноҳлиги аниқдир. “Охир замонда худди каптарнинг жиғилдони (кўкраги) каби соч-соқолларини қорага бўяб оладиган қавм чиқади, улар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар”. (Абу Довуд, Насоий)

Бу иш соч-соқолига оқ тушганлар орасида кўп учрайди, улар соч-соқолларини қорага бўяшади бунинг натижаси ўлароқ кўп ёмонликлар ҳосил бўлади. Жумладан: одамларни алдаш ва ҳақиқий ҳолатни беркитиш, ўзида бўлмаган нарсани бордек кўрсатиш ва ҳоказо... Қорага бўяш кишининг феъл-атворига таъсири қилиши муқаррар, бундай кишида баъзан манманлик пайдо бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ мўйни, қизғиш (чиннигул рангига ўхшаш), қизил ёки жигарранги бор хина билан ўзгартирганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор.

Макка фатҳ қилинган кун соч-соқоли пахтадек оқариб кетган Абу Қуҳофани (Абу Бакр Сиддиқнинг отасини) ҳузурларига олиб келишганда: “Бу соч-соқолнинг рангини ўзгартиринглар ва  қорадан четланинглар”. (Имом Муслим)

Сочни қорага бўяш ҳукмида эркагу аёл баробардир. Шунинг учун аёл кишига ҳам эркак киши каби оқарган сочларини қорага бўяши мумкин эмас.

67. Кийим, девор, қоғоз ва шу кабиларга жонзотларнинг расмларини чизиш

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг қаттиқ азобланадиганлари мусаввирлардир”. (Имом Бухорий)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло деди: “Менинг яратганимдек яратишга уринган кишилардан ҳам золимроқ кимсалар борми?! Қани бир дона донни ёки битта заррани яратсинлар-чи... ”. (Имом Бухорий)

Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Барча мусаввирлар дўзахдадир. Унинг ҳар бир чизган сурати учун унга биттадан жон ато қилинади ва улар билан жаҳаннамда азобланади”, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Чизишинг зарур бўлса, дарахтни ёки бирор жонсиз нарсани чизгин...”.  (Имом Муслим)

Ушбу ҳадислар одам ҳамда бошқа барча жонли хайвонларнинг суратларини, улар сояли бўлсин, соясиз, босма, чизма, ўйма, бўртма, қуйма ва бошқа барча турларини таъқиқланганлигини кўрсатади.

Сурат чизишнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳадислар юқорида саналган  турларнинг барчасига тегишлидир. Мусулмон одам шариат кўрсатмаларига бўйсинади, тортишиб: “Мен уларга ибодат, сажда қилиб сиғинмайман-ку”, деб қайсарлик қилмайди.

Асримиздаги рассомчиликнинг кўпайиб кетгани оқибатида келиб чиқаётган ёмонликлардан фақат биттасигагина ақл кўзи билан қараган киши шариатнинг уни ҳаром қилишдаги ҳикматини англай олади.

Кўп бузуқликлар, шаҳвоний хирсни жунбушга келиши алалоқибат зиногада қўл уришга очиқ суратлар туфайли бўлаётгани сир эмас.

Мусулмон киши фаришталарнинг киришига тўсиқ бўлувчи жонзотларнинг суратларини ўз уйида сақламаслиги керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ит ва суратлар бор уйга, фаришталар кирмайди”, деганлар. (Имом Бухорий)

Баъзи хонадонларда кофирларнинг маъбудалари уйларининг тўрига қўйиб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Бунинг ҳаромлиги қаттиқроқдир.

Шунингдек, осиб қўйилгани, осилмаганидан ёмонроқдир. Чунки бундай суратлар кўп ҳолларда улуғлашга ёки ёддан чиққан ғам-қайғуларни эслатувчи, ҳамда ўзаро фахрланишни келтириб чиқарувчидир. “Бу суратлар биз учун эсдалик – хотирадир” дейиш ярамайди. Азиз ва яқин кишиларнинг ҳақиқий хотираси дилда бўлади, уларнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират тилаб дуо қилинади.

Шундай экан, уйдаги барча суратларни чиқариб ташлаш керак. Зарурат юзасидан баъзи қомус ва луғатлар, ўқув китоблари ва шу кабилардаги суратлар бундан мустаснодир. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардаги суратларни ҳамда оёқ ости бўладиган суратларни сақлаш мумкин. Аллоҳ таоло деган: “Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар”. Тағобун: 16.

68. Туш билан алдаш

Баъзи одамлар бирон обрў (фазилат) орттириш ёки бирон молиявий манфаатни қўлга киритиш ёки душмани бўлса уни қўрқитиш ва ҳоказо мақсадларда, кўрмаган тушни кўрдим, деб ёлғон туш тўқишади. Омма халқда эса тушларга эътиқод қиладиган, уларга маҳкам ёпишиб олганлари бор, шу сабабдан кўпинча алданиб юрадилар.

Кўрмаган тушни кўрдим деб алдайдиганлар тўғрисида каттиқ ваидлар ворид бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ёлғоннинг энг ёмони кишининг ўз отасидан бошқани отам деб даъво қилиши ёки кўрмаган тушини кўрдим дейиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган сўзни айтди дейишидир”. (Имом Бухорий)

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Ким кўрмаган тушни кўрдим деса, икки дона қилни бир-бирига боғлашга буюрилади, буни эса ҳеч қачон уддалай олмайди...”. (Имом Бухорий) Икки қилни бир-бирига боғлаш имконсиз иш, жазо қилмишга яраша бўлади.

69. Қабрга ўтириш, уни оёқ билан босиш ва қабристонда ҳожат чиқариш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан бирингиз қабр устига ўтирганидан кўра, чўғни устига ўтириши, ўт унинг кийимларини куйдириб, баданига ўтиши яхшироқдир”. (Имом Муслим)

Қабрни босишга келсак, баъзи кишилар ўз маййитларини дафн этаётганларида бошқа қабрларни бемалол босиб ўтаверадилар, қўшни маййитларга ҳеч қандай эҳтиром кўрсатмайдилар. Бу ишнинг нақадар оғир экани ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мусулмоннинг қабри устидан юрганимдан кўра чўғ ёки қилич тиғи устида юришим ёки кавушимни оёғимга бигиз билан тикиб олишим яхшироқдир”. (Ибн Можа) Шундай экан қабристон ерларини эгаллаб олиб у ерга дўкон ёки уй-жой солганларнинг иши қандай бўларкин?!

Қабристонга кириб бавл ё ҳожат чиқарадиганлар эса охиратдан улуши йўқ кимсалардир. Улар ўзларининг сассиқлари ва нажосатлари билан марҳумларга озор етказган бўладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Қабрларнинг ўртасида ҳожатимни чиқардимми, бозорнинг ўртасидами менинг учун фарқи йўқ”. (Ибн Можа)

Яъни мақбарада ҳожат чиқариш бозорда одамлар кўз ўнгида авратини очиб ҳожат чиқарган каби хунук ишдир. Кабристонга айниқса, у ташландиқ ҳолда ва деворлари бузилган бўлса, ахлат ва чиқиндиларни ҳамда ҳар хил нопок нарсаларни ташловчилар ҳам юқоридаги ваиддан бенасиб қолмайдилар.

Қабрлар орасидан юрганда оёқ кийимларни ечиб қўйиш кабристон зиёрати одобларидандир.

70. Сийдикдан сақланмаслик

Шариати Исломиянинг афзалликларидан бири, у инсон шаънига муносиб бўлган барча  фазилатларга тарғиб этади. Мана шулардан бири нажосатдан сақланишдир. Шунинг учун шариат қазои ҳожатдан кейин истинжо (ювиш) ва истижмор (артиш, тозалаш) ни жорий қилди ҳамда озодалик ва покликка эришиш йўлларини баён қилди.

Баъзи кишилар кийими ва баданидаги нажосатни кетказишга бепарволик билан қарайдилар. Бу ўз навбатида намознинг дурустлигига путур етказади. Ўлгандан кейин эса қабрда азобланишга сабаб бўлади.     

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина деворларидан бирининг ёнидан ўтаётганларида қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитиб қолдилар ва: “Бу иккиси азобланишяпти, катта нарса учун азобланаётганлари йўқ”, кейин айтдилар: “Ҳа, бу катта нарсадир (бошқа ривоятда: "Ҳақиқатда эса у катта нарсадир."). Улардан бири сийдикдан сақланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилиб юрарди”. (Имом Бухорий)

Яна бир ҳадисларида: “Қабр азобининг аксари сийдик туфайли бўлади”, деганлар. (Имом Аҳмад)

Шошилиб яъни сийдиги тўла тўхтамай ҳожатдан турувчи ёки сийдик сачрайдиган жой ё ҳолатда бавл қилувчи, истинжо ё истижмор қилмайдиган ва унга бепарво бўладиган кишилар сийдикдан сақланмайдиганлар қаторига кирадилар.

Ғайридинларга тақлид қилиш, ҳожатхоналаргача етиб борди. Бундай ҳожатхоналарда ҳожат жойлари деворларга ўрнатилади. Кишилар эса авратлари очиқ ҳолда ўтган кетганнинг олдида уялмасдан бавл қилаверадилар ва ювмасдан ё артмасдан кийимларини кийиб кетаверадилар. Бу билан улар икки ҳаром ишни қилган бўладилар. Биринчи: авратларини одамлар кўзидан сақламаган, иккинчи: сийдикдан сақланмаган ва ундан покланмаган бўладилар.

71. Гап пойлаш

Аллоҳ таоло деди: “Айғоқчилик қилманглар”.  Ҳужурот: 11.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гап пойлаган одамнинг қулоғига Қиёмат куни эритилган қўрғошин қуйилади”. (Табароний)

Гаплашувчиларга зарар етказиш мақсадида, билдирмай уларнинг гапларини етказадиган кимса гап пойлаш гуноҳи устига яна бир гуноҳни орттириб, ушбу ҳадисда кўрсатилган кишига айланади: “Қаттот (пинҳона гап пойлаб, сўнг уни етказадиган одам) жаннатга кирмайди”.     (Имом Бухорий)

(Арзимас пул учун ё шахсий адоват деб ё қалбидаги мараз-ҳасад сабабидан қулоқлик қилиб мусулмонларга зарар етказаётганлар мана шуларни яхшилаб уқиб олсинлар.)

72. Ёмон қўни-қўшничилик

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Китобида қўшниларга яхшилик қилишга буюриб, шундай деди: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз. Албатта, Аллоҳ мутакаббир мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди”. Нисо: 36.

Қўшниларнинг ҳаққи жуда улуғ бўлганидан уларга озор етказиш гуноҳ саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга қасамки, мўъмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўъмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўъмин эмас”. Саҳобалар: “Ким ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. “Қўшниси унинг ёмонлигидан тинч-омон бўлмаган кимса”, деб жавоб бердилар. (Имом Бухорий)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг мақташи ё ёмонлашини, кишининг яхши ёки ёмон эканига ўлчов қилиб белгиладилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши деди: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай билсам бўлади?”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қўшниларинг “яхши қилибсан”, десалар, яхши иш қилган, “ёмон қилибсан”, десалар, ёмон иш қилган бўласан”. (Имом Аҳмад)

Қўшнига озор беришнинг ҳар хил кўринишлари бор. Масалан, ўртадаги муштарак деворга ёғоч қоқтирмаслик, баланд иморат солиб, қуёш ё ҳавони қўшнидан тўсиб қўйиш, қўшнисининг ҳовлисига  қаратиб дераза очиб кузатиш, радио-телевизор ё магнитофонларнинг товушларини баланд қилиб ёки тарақ-туруқ, бақир-чақир каби овозлар билан шовқин солиб, хусусан уйқу ва дам олиш соатларида, қўшниларни безовта қилиш. Болаларини уриб-сўкиш, остонасига ахлат ташлаш кабилар шу жумладандир.

Агар содир этилган гуноҳ қўшнининг ҳаққига нисбатан содир этилган бўлса, у яна ҳам оғирлашади, уни содир этувчининг гуноҳи бир неча ҳисса ортиқроқ бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кишининг ўнта аёл билан зино қилиши, қўшнисининг хотини билан зино қилишидан енгилроқдир... Кишининг ўнта уйдан ўғрилик қилиши, қўшнисининг уйидан ўғрилик қилишидан енгилроқдир”. (Имом Бухорий)

Қўшнисининг тунги навбатчиликка кетишини пойлаб туриб, унинг уйига бузуқ ниятда кирадиган хиёнаткор қўшниларга эса Қиёмат кунининг аламли азобларидан мўл улуш бўлур.

73. Васият орқали зарар етказиш

Шариатда умумий қоида бор: “Бировга зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқ”.

Васият орқали шаръий меросхўрларидан бирортасига зарар етказиш ана шунга мисол бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг оқибатидан огоҳлантирганлар: “Ким бировга зарар етказса, Аллоҳ ҳам унга зарар етказади. Ким бировга машаққат етказса, Аллоҳ ҳам унга машаққат етказади.”  (Имом Аҳмад)

Меросхўрлардан бирортасини шаръий улушидан маҳрум этиш ёки унга шариатда кўрсатилган улушдан бошқача улуш васият қилиш ёки меросхўри учун мероснинг учдан биридан кўпроғини васият қилиш кабилар васият билан зарар етказишнинг кўринишларидандир.

Мерос ҳақидаги шаръий ҳукмлар юрмайдиган жойларда меросхўрлар маҳкамаларда чиқариладиган шариатга хилоф ҳукмлар туфайли ўзларининг Аллоҳ томонидан белгиланган улушларини ололмайдилар.  “... бас, ёзган нарсалари уларга ҳалокат бўлгай, топган фойдалари уларга ҳалокат бўлғай”.

74. Нарда ўйнаш

Одамлар орасида тарқалган ва ўйналадиган кўп ўйинлар ҳаром ишларни ўз ичига олади. Нарда шундай ўйинлардан бири. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қиморга йўл очувчи ўйиндан  қаттиқ қайтариб айтганлар:

Ким нарда ўйнаса, ўз қўлини тўнғизнинг гўшти ва қонига белагандек бўлибди”. (Имом Муслим)

Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Ким нарда ўйнаса, бас у Аллоҳ ва унинг Расулига осий бўлибди”. (Имом Аҳмад)

75. Ноҳақ қарғаш

Кўп одамлар аччиқлансалар тилларига эрк бериб юборадилар ва қарғашга тушадилар. Қарғаганда ҳам кетма-кет ким ё нималигига қарамай, одамми, ҳайвонми, жамодотми, кунми, замонми фарқсиз ҳатто ўзлари-ю, фарзандларини ҳам қарғайдилар, эр хотинини ёки аксинча хотин эрини қарғайди. Буларнинг бари хатарли мункар ишдир. Бу ҳақда Абу Зайд Собит ибн Заҳҳок Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўъминни қарғаш уни ўлдириш кабидир”. (Имом Бухорий)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларнинг дўзахга киришларига уларнинг кўп қарғашлари сабаб эканини айтганлар. Шунингдек, кўп қарғайдиганлар Қиёмат куни шафоатгўй бўлолмайдилар. Бундан ҳам хатарлиси  қарғовчи агар ноҳақ қарғаган  бўлса, қарғиши ўзига уради ва ўзини-ўзи қарғаган бўлади, Аллоҳнинг раҳматидан ўзини ўзи маҳрум этган бўлади.

76. Мусибат етганда овоз чиқариб йиғлаш

Баъзи аёлларни азада уввос солиб йиғлашлари, маййитни ортиқча мадҳ этишлари, юзларига уриб, ёқа йиртиб сочларини юлишлари буларнинг бари энг мункар ишлардан саналади ҳамда қазои-қадарга норозилик ва мусибатга сабрсизликдан далолат беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилганларни лаънатлаганлар. Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзини тирнайдиган, ёқасини йиртадиган, ҳалокат ва ўлим билан дуоибад қиладиган аёлни лаънатладилар”. (Ибн Можа)

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият чақириғини қиладиган кимса биздан эмас”. (Имом Бухорий)

Абу Молик Ашарий разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Гўянда ўлимидан аввал тавба қилмаса, Қиёмат кунида эгнида эритилган кўрғошиндан иштони ва қўтир совут билан қайта тирилтирилади» (Имом Муслим, ҳадис № 934).

77. Юзга уриш ва унга тамға босиш

Жобир разияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзга уришдан ва унга тамға босишдан қайтардилар”. (Имом Муслим) 

Юзга уриш ҳақида гапирганда баъзи ота-оналар ҳамда ўқитувчилар болаларни юзларига уриб жазолашларини айтиб ўтиш лозим. Шунингдек, айрим кишилар хотинларини, баъзилар эса хизматчиларини ана шундай тарзда уришади. Бу иш Аллоҳ инсонни у туфайли азиз қилган юзни беҳурмат қилиш билан бирга, гоҳида бундан юздаги мавжуд аъзоларга шикаст етиб, кейин пушаймон қилишга ва гоҳо қасос талаб қилинишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳайвонларнинг юзларига тамға босишга келсак, буни молнинг эгаси ўз молини билдириши ва йўқолиб қолгудай бўлса, шу белгидан ажратиб қайтариб олиши учун қилишади, бу ҳам ҳаром. Чунки бунда шаклни бузиш ва азоблаш мужассамдир. Агар баъзилар бу биздаги урф-одат ва ажратиб олиш белгиси дейдиган бўлса, уни юздан бошқа жойига тушириши мумкин.

78. Бирор шаръий сабабсиз мусулмон билан уч кундан ортиқ аразлашиш

Шайтон мусулмонларнинг ўртасини бузишга ҳаракат қилади. Шаръий сабабларсиз ўз мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юрадиганларнинг аксари шайтонга эргашган бўлиб, бунга кўпинча бирор моддий келишмовчилик ёки биронта арзимас сабаб бўлади ва аразлаш узоқ вақт давом этади. Гоҳида гаплашмасликка ё уйига қадам босмасликка қасам ҳам ичилади. Йўлда рўбарў келиб қолса, юзини тескари буради, мажлисларда ёнидагилар билан кўришади-ю, у билан кўришмай ўтиб кетади.

Мусулмон халқларнинг кучсиз бўлиб қолганларининг сабабларидан бири ҳам мана шу аразлашишдир. Шунинг учун ҳам аразлашишнинг шариатдаги ҳукми жуда кескин ва жуда оғирдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мусулмонга ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромдир. Шу (аразлашган) ҳолида ўлиб кетса, дўзахга киради”. (Абу Довуд)

Абу Харош Асламийдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Биродаридан бир йил аразлаб юрган одам, унинг қонини тўккан билан баробар бўлади”. (Имом Бухорий)

Аразлашиш оқибатида Аллоҳнинг мағфиратидан маҳрум бўлишнинг ўзи етарли бўлса керак: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Одамларнинг амаллари ҳар ҳафтада икки марта кўрсатилади, душанба ва пайшанба кунлари. Ана шунда ҳар бир мўмин банда мағфират қилинади, лекин аразлашганлар бундан мустаснолар. Улар ҳақида: “Буларни қолдиринглар” ёки “ярашгунларича кечиктиринглар”, дейилади”. (Имом Муслим)

Аразлашганлардан қайси бири Аллоҳга тавба қилган бўлса, бориб биродарига салом бериши вожиб бўлади, биродари шунда ҳам юз ўгирса, у ҳолда борган тарафнинг бўйнидан гуноҳ соқит бўлиб, бутун масъулият юз ўгирган тарафнинг бўйнига тушади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилганлар: “Мусулмон кишига биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш ҳалол эмас, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа буниси бу ёққа бурилиб кетади, қайси бирлари аввал салом берса, ана ўша уларнинг яхшироғидир”. (Имом Бухорий)

Аммо энди аразлаб алоқани узишга намоз ўқимаслик ёки фаҳш ишлардан тийилмаслик каби шаръий сабаблар мавжуд бўлса ва алоқани узишнинг гуноҳ қилувчига нафи тегса (кор қилса) яъни у ўзини тузутса ё хатосини сезса, у ҳолда араз қилиб алоқани узиш вожиб бўлади. Лекин қилинган араз гуноҳкор билан бўлган алоқани ёмонлаштирса,  у яна ҳам кўпроқ гуноҳлар қилаверадиган бўлса, унда араз ноўрин бўлади. Чунки у шаръий мақсадга зид бўлиб, аксинча зарарни, фасодни зиёда қилади. Шунинг учун яхшилик қилиш, насиҳатга ўтиш ва эслатиб туришни давом эттириш тўғри бўлади.

Аллоҳ таоло ўрталаримизни ислоҳ, қалбларимизни улфат қилиб, ўртамиздаги гина-адоватларни кўтариб, меҳр-муҳаббатни зиёда қилсин.

ХОТИМА

Жамиятимизда тарқалган ҳаром амаллар ҳақида жамлаганларимиз шулар бўлди. Аслида бу узун мавзу бўлгани боис, манфаат тўла бўлиши учун Қуръон ва суннатда ворид бўлган қайтарилган амаллар ҳақида Аллоҳ хоҳласа алоҳида рисола ёзмоқчиман.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унинг гўзал исмлари билан, гуноҳлардан тўсувчи тақво, жаннатга етказувчи солиҳ амал, гуноҳларимиз ва ишларимиздаги хатоларимизга мағфиратни, тавбаларимизни қабул этишини ва гуноҳларимиздан поклаб, Ўзидан ўзгага муҳтож қилмаслигини сўраймиз.  Аллоҳ таоло эшитувчи, дуоларни ижобат қилувчи Зотдир.

Пайғамбаримиз  Муҳаммад Мустафога, аҳли байтларига, асҳоби киромларига ва қиёматга қадар уларга чиройли амаллар билан эргашган барча-барчага саловотлар ва саломлар йўллаб, сўзимизни тугатамиз. 

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Таржимон: Абу Туроб