Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг (Давоми) (3)

3988 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان
لا تحسبوه شرا لكم

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Кейин Уҳуд воқеаси содир бўлди. Унда бир гуруҳ мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф қилишлари ортидан бутун мусулмон лашкари бошига оғир мусибат етди. Мушрикларнинг қўллари баланд келиб, мусулмонлар сафлари тирқираб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари ёрилди, тишлари синди, баданлари қонга беланди. Ва ҳатто, лашкар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳид бўлганлари ҳақида хабар тарқаб, айрим саҳобалар қўлларидаги қуролларини ташлаб, ўтириб қолишди. Анас ибн Назр исмли саҳоба ўшандай кишиларга хитоб қилиб: «Ундай бўлса, туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган иш устида вафот этинглар!» деганлари «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган.

Ана шундай оғир синов ва имтиҳон ортидан бутун мусулмон умматига улкан дарс бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди:

«139. Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар. 140. Агар (бугун — Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди. 141. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради). 142. (Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?! 143. Ўлимга рўбарў бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингиз. Мана энди (яъни Ухудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз. 144. Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон).

Ушбу имтиҳон воситасида Аллоҳ таоло умматга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам оддий бир инсон эканларини, у киши ҳам бир кун бошқалар каби вафот этишларини ва бу ҳаётда абадий қолиш учун келмаганларини, балки, одамларни Аллоҳнинг мустаҳкам арқонига боғлаш вазифасини адо этгач, Раббилари ҳузурига қайтишларини билдириб қўйди. Мусулмонлар бу имтиҳон воситасида яна даъват то қиёмат боқий, даъватчи эса, гарчи пайғамбар бўлса ҳам, умрбоқий эмаслигини, даъват аҳли ҳам қатл этилишлари, вафот этишлари мумкинлигини, даъват эса асрлар ва авлодлар оша давом этажагини, агар даъват даъватчининг ўлими билан тўхтаб қолганида, Ислом даъвати бутунлай сўниб қолган бўлишини англаб етдилар.


Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг...

Шундан сўнг Ислом тарихида Ҳудайбийя сулҳи деб ном олган ҳодиса содир бўлди. Ушбу сулҳ бандлари зоҳирда асосан мушриклар манфаатини ифодалагани учун кўпгина мусулмонлар қаттиқ изтиробга тушдилар. Ҳатто, Умар розияллоҳу анҳу аламларига чидаёлмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:

  • Ё Расулуллоҳ, биз ҳақ устида, улар эса ботилда эмасмилар?! – дедилар.

  • Шундай – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

  • Биздан ўлганлар жаннатда, улардан ўлганлар дўзахда эмасми?!

  • Ҳа, шундай – дедилар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

  • Ундай бўлса нега динимиз тўғрисида уларга ён бермоқдамиз ва Аллоҳ улар билан бизнинг ўртамизда ажрим қилмасидан туриб орқага қайтмоқдамиз?! – дедилар Умар.

  • Эй Ибн Хаттоб, мен Аллоҳнинг элчисиман, У Зотга итоатсизлик қилмайман ва У мени ҳаргиз ташлаб қўймайди – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

  • Ахир сиз албатта Байтуллоҳга борамиз, уни тавоф қиламиз, демаганмидингиз?! – деди Умар.

  • Ҳа, шундай деганман. Бироқ, бу йил борамиз, деб айтганманми?! – дедилар.

  • Йўқ – деди.

  • Сиз албатта Байтуллоҳга борасиз ва уни тавоф қиласиз! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шундан сўнг Умар ғазаблари босилмаган ҳолда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларга бориб, у кишига ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган гапларини айтдилар. Абу Бакр ҳам унга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганларидек жавоб қайтардилар. Сўнг: «Сиз тоабад у зотнинг этакларини маҳкам ушлайверинг. Аллоҳга қасамки, у зот ҳақ устидалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтуллоҳни тавоф қилиш ваъдасини берибдиларми, сиз уни албатта тавоф қиласиз», дедилар. Саҳобалар ушбу сафардан кўнгиллари хижил бўлиб, томирларидаги қонлари совумаган ҳолда қайтишди. Аллоҳ таоло эса ушбу сулҳни фатҳ (ғалаба) деб атади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ ғалаба ато этдик» (Фатҳ: 1-3).

«Қасамки, Аллоҳ Ўз пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта сизлар (эй мўминлар), иншааллоҳ, Масжид-ал-Ҳаромга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (муяссар) қилди» (Фатҳ: 27).

Дарҳақиқат, Ҳудайбийя сулҳи Ислом ва мусулмонлар учун улкан ғалаба бўлган эди. Ушбу сулҳ туфайли эришилган тинчлик йилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга ислом даъватини ёйиш ва етказиш учун жуда катта имкониятлар эшиги очилди, у зот дунё ҳукмдорлари ва подшоҳларига Исломга даъват мазмунидаги мактублар йўлладилар. Ушбу давр оралиғида мусулмонларнинг куч-қудратлари ортиб, катта кучга айландилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло ваъда қилганидек, Маккага ғолиб ва музаффар ҳолда кириб келдилар. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У зотдан мағфират сўранг! Зеро У тавбаларни қабул қилувчи бўлган зотдир» (Наср: 1-3).

Севикли дўстларим! Бу каби воқеа-ҳодисалар Ислом тарихида кўплаб содир бўлган, одамлар бир қарашда ўзлари учун ёмонлик деб билган ишлари вақт ўтиб, улар учун яхшилик бўлган экани маълум бўлган. Парвардигорим нақадар рост сўзлаганки: «Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир» (Нур: 11).

Халифа Маъмун, сўнгра Восиқ ва Муътасим даврида кенг тарқалган Қуръонни махлуқ дейиш фитнасида аҳли сунна имоми Аҳмад ибн Ҳанбал бошларига кўп имтиҳонлар келди, зиндонбанд қилиндилар, кўп озорларга дучор бўлдилар. Мутаваккилнинг халифалиги даврига келиб, ушбу фитна булути ариб, Аҳмад ибн Ҳанбалга ҳам ёруғ кунлар келди, ҳатто халифанинг онаси Қуръон ҳимояси йўлида шунчалар озорларга дучор бўлган шундай улуғ зотни ўз кўзи билан кўришни истади.

Ўттиз ойга яқин давом этган азоб-уқубатларга сабот билан туриб бердилар, бир оғиз "Қуръон махлуқ" деган сўзни айтишга кўнмаганлари учун калтакландилар, дарра урилиб турган ҳолда ҳам, Қуръон махлуқлигига биргина оят ва ё биргина ҳадис келтиринглар, майли, шунда мен бу сўзни айтай, дердилар. Шунча балоларга сабр қилишлари ортидан аҳли сунна имоми ва балоларга сабр қилиш тимсолига айландилар.

Жарҳ ва таъдил имоми Ибн Мадийний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло динни ридда (муртадлик) кунларида Абу Бакр билан, меҳна (синов-имтиҳон) кунларида эса Аҳмад ибн Ҳанбал билан азиз қилди».

Кейинроқ, бир кун келиб, Ислом олами мўғул-татарларнинг ваҳшиёна ҳужумларига дучор бўлди.

Мўғул-татарлар мусулмонларга қақшатқич зарба бериб, Бағдод кўчалари жасад уюмлари билан тўлиб-тошган, кўчаларда қонлар муболағасиз анҳор бўлиб оққан, ўликлар кўплигидан жасадлар сасиб кетган, Бағдод масжидларидан биронта ҳам масжидда қирқ кунгача жамоат намози ўқилмаган, масжидлар тақа-тақ беркитилган эди. Мусулмон киши ўлдирилишдан қўрқиб, масжидга ҳам чиқишга юраги бетламай қолганди. Мўғул аскари кўчада бир мусулмонни узоқдан кўриб қолса, ҳой мусулмон, ўрнингдан қимирлама, мен ҳозир бориб сени қатл қиламан, дер, шунда мусулмон то мўғул келиб, уни ўлдирмагунича турган ўрнида қотиб, қимирламай тураверарди! Ҳа, бало шу қадар оғир даражага етганди.

Шунга қарамай, Аллоҳ таоло мўғулларни хунук суратда тор-мор этувчи кишиларни чиқарди, Ўзи ҳолатни ўзгартириб, аҳволларни тузатди.


Кейин, аёвсиз ва даҳшатли салиб уришлари бошланди. Салибчилар мусулмонларни мағлуб этиб, Ал-масжидул-Ақсонинг деворларига салибларни (хочларни) қаторлаштириб ташладилар. Тўқсон бир йил мобайнида ушбу муборак масжидда намоз ўқиш тақиқланиб келинди. Шунча хорликдан сўнг Аллоҳ таоло Салоҳуддин Айюбий бошчилигидаги покиза инсонларни чиқарди ва улар салибчиларни қақшатқич мағлубиятга учратиб, Қуддуси Шарифни қайтариб олдилар. Ўша куни Салоҳуддин салибчиларга Исломнинг олийжаноблиги ва бағрикенглигини, Исломнинг улуғворлигини кўрсатиб қўйди.

Халифалик йиқилганидан сўнг уммат бошига келган синовлар, бу сафар, дарҳақиқат, узоқ чўзилди. Зеро, уммат аввал ўтган барча синовлар даврида ўзини ғалабага етакловчи омилларни ўз қўлида сақлаган, Аллоҳга ишонч, дини билан азизланиш, фидокорлик, жиҳод байроғини кўтариш сифатлари уни тарк этмаган эди. Аммо, кейинги даврларда уммат раббоний манҳаждан узоқлашди, шариатдан юз ўгирди, душманлар уммат устидан очиқчасига кулди, жиҳод тушунчасини уммат орасидан буткул кўтариб ташлади, шу билан уммат хорликка гирифтор бўлди. Ким олдида денг?! Аллоҳ тарафидан хорлик битилган халқлар олдида хорлик бўйинбоғини бўйнига илди. Аллоҳ уларни хорлар оёғи остида хорлаб қўйган кишилардан кўра хорроқ кимса бўладими?!

Ҳа, дарҳақиқат, бу тирик қалб эгалари бўлган, ҳеч нарса қилиш қўлларидан келмай, ичлари ёнаётган кишилар учун жуда ҳам улкан фитна ва оғир синов бўлди. Араб йўлбошчилари тожу тахт билан овора бўлиб қолган, жиҳод масаласини уммат ичидан йўқотилган, уммат дуч келаётган масалалардан бирортасини ҳам ислом бўёғи билан бўялмасликка зўр бериб уриниб келинаётган замонда Қуддус иккинчи бор қўлдан бой берилди. Аллоҳ умматни хор қилди ва уммат сел кўпиклари мисол кўпикка айланиб қолди. Бир ва ягона уммат тарқоқ, сочилиб кетган, бир-бири билан урушиб, бир-бирининг гўштини ейдиган майда давлатларга парчаланиб кетди. Босқинчи мустамлакачи ушбу бўлиниб кетган давлатлар орасига чегара симлари деб аталмиш тиканли симлар тортиб чиқди, вақти вақти билан ушбу симларнинг икки тарафидаги тарихан оға-ини бўлиб келган мусулмон давлатлари ўртасида уруш оловларини ёқиб келмоқда.

Қуддус қўлдан кетди, ундан олдин Андалус қўлдан бой берилганди, Кашмир қўлдан кетди, Чеченистонда, Боснияда, Тожикистонда, Либерияда, Туркистонда, Филиппинда, Суданда, Афғонистонда ва яна қанчадан-қанча мусулмон ўлкаларида уруш олови ёқилди. Аллоҳ таолодан барча мусулмон ўлкаларига тинчлик ва омонлик неъматини қайтаришини сўрайман.

(Давоми бор)