Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аракан... Бирмадаги мусулмонлар қирғини

4977 марта кўрилган

Саъд ибн Абдуллоҳ ал-Брэк
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз) (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).

Аммо баъд...

Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир. Дўзахдан ва дўзах аҳлининг оқибатидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз.

Аллоҳга шикоят қиламиз, ёлғиз Угина ёрдам сўралувчи Зотдир, куч-қудрат фақат Ундадир.

Қай бир жароҳатимизга малҳам босайлик, дард-аламларимизнинг қайси бирига юпанч излайлик, ер юзининг қай бурчидаги мусибатимизга бағримизни чок этайлик...

Оҳ-воҳлар кўкка ўрламоқда, бевалар ва етимлар фарёди, олиб қочилган ва номуси топталган қиз-жувонлар нолалари атрофни тутган.. На мункиллаб қолган мўйсафидга ва на эмизикли чақалоққа ва на тилсиз-забонсиз жониворларга раҳм қилдилар..

Ла илаҳа иллаллоҳ... Мусулмоннинг қони шунчалар арзон бўлдими?! Бизда ҳамият деган нарса шу қадар йўқ бўлиб кетдими?! Ор-номус, ғурур, мардлик деган тушунчалардан шунчалар бегона бўлдикми?!

Ер юзининг шарқу ғарбидаги хунрезликларни, мусулмон оға-иниларимиз ва муслима опа-сингилларимизнинг қонлари сел бўлиб оқаётганини, номуслари топталаётганини кўриб-билиб туриб, қандай хотиржам яшай оламиз?!

Қачон ёрдам берамиз уларга?! Қачон малҳам бўламиз дардларига?! Қачон барҳам берамиз қўрқувларига?! Қачон ахир, агар ҳозир қилмасак?!

Шомнинг золим ва хоин тоғутига қарши матонат билан курашаётган қондош ва жондош Суриялик биродарларимиз бошига тушаётган оғир мусибатли кунларни яшаб турарканмиз, энди яна бошқа бир томондан, мусулмон ўлкаларидан узоқ бир ўлкада – Бирма диёридаги мусулмонлар томонидан оҳ-воҳ ва дод-фарёдлар янграй бошлади, ҳозирда Мьянма деб номланувчи мусулмон Бирма халқининг эски жароҳатидан янги қон оқа бошлади. Умматнинг бугунги заифлик ҳолатидан ва унинг жасадини қоплаб олган жароҳатларнинг кўплигидан фойдаланган бутпараст буддистлар кушхоналари яна қайтадан ишга тушиб, Бирмадаги заиф ва қувғин остидаги мусулмон миллати қонини оқиза бошлади.

Аракан диёридаги мусулмонлар бошдан кечираётган сўнгги қирғин ва хунрезликлар бизни ортга қайтишга, 60 йилдан бери ушбу ўлка мусулмонлари бутпараст ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши остида экстремист буддистларнинг Мон жамоаси тарафидан  тортиб келаётган оғир мусибатларни эсга олишга чорлайди. Ушбу йиллар мобайнида мусулмонлар жаҳон афкор оммасидан ва халқаро матбуотдан яширилган ҳолатда кулфат устига кулфат, мусибат ортидан мусибат кўриб келмоқда.

Бирма Шарқий Осиё давлатларидан бири бўлиб, Бенгал кўрфази бўйида жойлашган. У шимолий-шарқ томондан Хитой билан, шимолий-ғарб томондан Ҳиндистон ва Бангладеш билан, шунингдек Лаос ва Таиланд билан чегарадош саналади, жанубий ҳудудлари эса Бенгал кўрфази ва Ҳинд уммони соҳиллари бўйлаб чўзилиб кетган.

Бирма 1824 йилдан то 1948 йил мустақилликни қўлга киритгунигача Британия мустамлакаси бўлиб келди, Рангун (эски номи Янгун) унинг энг катта шаҳри ва собиқ пойтахти саналади.

Бирмага Ислом дини ҳижрий иккинчи аср, 172 йилда (милодий саккизинчи аср, 788 йилда), халифа Ҳорун ар-Рашид даврида мусулмон савдогарлар орқали етиб келиб, ўлканинг чор-атрофига кенг тарқалди, одамлар жаҳолат, куфр ва ширк зулматларини тарк этиб, тавҳид нури билан мунаввар бўлишга ошиқдилар, Вақт ўтиб, бу ўлкада султон Сулаймон шоҳ қўли билан исломий давлат ташкил топиб, тақрибан уч ярим аср (1430-1784 йиллар) ҳукм сурди, унга бирин-кетин 48та мусулмон подшоҳ ҳукмдорлик қилди, уларнинг сўнггиси Салимшоҳ бўлди, унинг даврида Аракан давлати анча кенгайиб, бир неча қўшни давлатларни ҳам ўз ичига олган эди.

Аракан «Ара» ва «Кан» сўзларидан ясалган бўлиб, «араб ери» деган маънони англатади. Аракан жанубий-шарқий Осиёдаги эркин ва мустақил исломий давлат бўлиб, бир неча асргача, то Бирма давлати томонидан босиб олингунча шундай давом этди. Шундан сўнг у Бирманинг – ҳозирги Мьянманинг – 10та вилоятидан бирига айлантирилди.

Бирмада бир неча динлар бўлиб, аҳолисининг аксар қисми буддизм динидадир. Ҳозирда Бирма бутун дунёдаги буддистларнинг қибласи саналиб, унинг ибодатхоналари ва олиҳаларини зиёрат қилиш учун бутун дунёдан бутпарастлар тинимсиз оқиб келади. Ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли асосан шимолда, Ҳиндистон чегараларига яқин жойларда истиқомат қилади. Мусулмонлар сони 10 000 000 (ўн миллион) атрофида бўлиб, бу Бирма умумий аҳолисининг 20 фоизини ташкил қилади. Мусулмонларнинг асосий кўпчилик қисми бирмаликлар истилоси остидаги Аракан ўлкасига жойлашган.

Исломнинг минтақага ёйилишидан хавфсираган Бирманинг бутпараст ҳукмдори Будабай 1784 йили Аракан ўлкасини босиб олиб, уни Бирмага қўшиб олди, ўлкани қирғинбарот қилиб, кўплаб масжид ва мадрасаларни, исломий осори атиқаларни вайрон қилди, саноқсиз олимларни ўлдирди.

1824 йили Британия Бирмани босиб олиб, уни Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистон ҳукумати таркибига қўшиб юборди. 1937 йилга келиб, Британия Бирмани ва шу жумладан Араканни Ҳиндистондан ажратиб, бошқа мустамлакалари қаторида алоҳида мустамлака давлати деб эълон қилди.

Бирмадаги бутпараст қавмлар мусулмон озчилик аҳолининг заиф ва оз сонли эканидан фойдаланиб, уларни вақти вақти билан қирғин ва қувғинларга дучор қилиб келади.

БМТ Аракан мусулмонларини дунёдаги энг кўп қувғинга учраган халқ сифатида эътибор қилади.

Ўша замонлардан бери ўлка мусулмонлари турли кўринишдаги тазйиқ ва қувғинларни бошдан ўтказиб келади.

1942 йил мусулмонлар бутпараст Маглар тарафидан ўта ваҳшиёна қирғинга дучор бўлди. Кўпчилиги ёш болалар, аёллар ва қариялардан иборат қурбонлари сони 100 000 (юз минг) кишидан ошиб кетди. Бир неча юз минглаб аҳоли ватандан қувиб чиқарилди. Ўша кунлар даҳшати ва ваҳшатини кекса ёшли кишилар ҳозирда ҳам эслашади.

Роҳанжия Бирдамлик Ташкилоти раиси Шайх Салимуллоҳ Ҳусайн Абдурраҳмон Бирмадаги мусулмонлар аҳволини шундай сифатлайди:

(Роҳанжия қадимги Аракан давлати номи бўлмиш «Роҳанж» сўзидан олинган бўлиб, Мьянма давлати томонидан истило қилинган Араканнинг мусулмон туб аҳолисига айтилади, бугунги қирғин ва қувғинлар айни шу аҳоли бошига тушмоқда).

1978 йили Бирма 300 000 (уч юз минг)дан ортиқ мусулмон аҳолини Бангладешга суриб чиқарди.

1982 йили Бирма ҳукумати мусулмон аҳолини 1824 йилдан кейин, яъни Британия Бирмани мустамлака қилганидан кейин Бирмага келиб жойлашган деган даъво билан гражданликдан маҳрум қилди. Ҳолбуки, воқеълик ва тарих бу даъвонинг ёлғон эканига гувоҳлик бериб турибди.

1992 йили Бирма яна тахминан 300 000 (уч юз минг) мусулмонни иккинчи марта Бангладешга қувғин қилди.

Қолган мусулмонларга нисбатан ҳам наслни чеклаш ва жинсни қуритиш йўли орқали таг-туги билан йўқотиб юбориш сиёсати қўлланмоқда.

Муслималар 25 ёшга тўлмай туриб турмушга чиқиши қатъиян тақиқланади.

Мусулмон эркаклар эса 30 ёшдан кейингина уйланишга ҳақли бўлади.

Шайх Салимуллоҳ яна айтади:

Муслима аёл ҳомиладор бўлса, ҳукумат қарорига мувофиқ, то фарзанди туғилгунича ҳар ойда бир бор ҳудудий хавфсизлик кучлари идораси «Насака»га келиб, қорнини яланғочлаб, рангли суратга олдириши шарт. Ва ҳар сафар – ҳукумат даъвосича – ҳомиланинг саломатлигини текширтириш ва болани туғилганидан кейин ҳисобга олинишини осонлаштириш учун каттагина суммада тўлов тўлаши керак бўлади.

Аслида эса, бундай қарор чиқариш ортидаги мақсад – мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини камситиш ва уларнинг Араканда тинч-омон яшашга ҳақлари йўқлигини таъкидлашдан иборатдир.

Ундан ташқари, муслималарнинг номусларига чанг солиш амалиётлари тез-тез уюштириб турилади ва бунинг ортидан айрим муслималар фожеали ҳалок бўлишади.

Мусулмонларга нисбатан бу каби хорлаш ва зўрлаш ишларини амалга оширадиган аскарлар яҳудларнинг жирканч тарбиясини олганлар, албатта.

Бирмада мусулмонларнинг яшашга ҳақлари йўқ, фашистик ҳукуматнинг яқинда чиқарган қарорларидан бири шу маънони ифодалайди. Унга кўра, мусулмонларга уч йилгача турмуш қуриш бутунлай ман этилди. Табиийки, бунинг ортидаги мақсад – мусулмонлар наслини камайтириш ва улар ўртасида фаҳш кенг ёйилишини исташдир.

Усиз ҳам, ҳукумат бир неча ўн йиллардан бери мусулмонларнинг турмуш қуришларига қаттиқ чекловлар солиб келар, жумладан, улар ўзларига турмуш қуришга рухсат берилиши учун расмийларга катта миқдорда пора беришга мажбур бўлар эдилар.

Зўравонликлар ортидан қочқинлар сони 2 000 000 (икки миллион)га етди, қочқинларнинг аксарияти Бангладешда, Саудия Арабистонида ҳам анчагина қочқинлар келиб ўрнашиб қолишган.

Бангладешда қочқинлар ўта аянчли аҳволда ҳаёт кечиради, улар асосан «Такиноф» минтақасида тахта, шох-шабба ва барглардан қурилган лагерларда ифлос ва балчиқ жойларда, ҳаёт учун бирламчи зарурий ашёлардан ҳам маҳрум ҳолда яшашади, кўпчилик малария, холера, сурги касалликларига чалинган. Бангладеш ҳукумати уларга бундан дурустроқ шароит яратиб беришга қодир ҳам эмас, чунки, ўзининг халқи ҳам камбағаллик ва йўқсилликни бошидан кечириб келади.

Бутпараст Бирма давлатининг Аракан ўлкасини мусулмонлардан бутунлай холи қилиш режасини тўла амалга ошириш учун мусулмонларнинг уйларини ёқиб юбориш, ўзларини қувғин қилиш ишлари изчил давом этиб келмоқда.

Ушбу қайғули ҳолатларнинг энг сўнггиси яқинда, бир неча ҳафта илгари содир бўлди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларидан айримларигина хабар тарқатди. Хабарларда айтилишича, умра сафаридан қайтиб келаётган ўн нафар мусулмон уламоси буддист гуруҳлар қўлида ўлдирилди, уларни бир бутпараст қизнинг ўлдирилиши ортида турганлик туҳмати билан қаттиқ калтаклаб ўлдирдилар.

Шу баҳона билан бошланиб кетган тўқнашувлар то шу кунларгача тинмаяпти, пичоқлар ва ўткир бамбук таёқлари билан қуролланган бутпараст гуруҳлар Аракан вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида изғиб, дуч келган мусулмонни ўлдирмоқда, юзлаб уйларни ёқиб юборишди.

Ахборот воситалари хабарига кўра, қирғин бошланганидан бери ўтган бир ҳафта ичида ўлдирилганлар сони 200тага, жароҳатланганлар сони 500 кишига етган, мусулмонларнинг 20дан ортиқ қишлоғига ўт қўйилган. Расмий матбуот ҳам хавфсизлик кучлари кўз ўнгида 1600 уй-жой ёқиб юборилгани ва минглаб инсонларнинг ўт қўйилган қишлоқлардан қочиб кетишгани хабарини берди.

Ушбу қирғин натижасида мусулмонлар жамоавий шаклда Бангладешга қоча бошлаганлар, юзлаб роҳанжия мусулмонлари кемаларда Бангладешга етиб боришган.

Ушбу ҳодисанинг сиёсий жиҳатдан сабаблари ҳақида қуйидагилар айтилмоқда:

Мьянма давлатида демократик ўзгаришлар юз бериши ортидан Аракан вилоятига парламентдан 36 ўрин берилган, унинг 33таси кўпчиликни ташкил қилувчи буддист Маг қавми вакилларига ва 3 ўрин озчиликни ташкил қилувчи мусулмонлар вакилларига тақсимланган.

Бўҳрон авж палласига етиб, портлашидан бир неча кун олдин 8.06.2012 й. Мьянма ҳукумати Аракандаги роҳанжийларга ватандошлик (гражданлик) берилиши ҳақида қарор эълон қилди. Бу хабар экстремист ва террорчи Маг жамоасининг кучли норозилигига сабаб бўлди. Чунки, улар бу каби қарор келажакда Аракан ўлкасида Исломнинг тарқалишига кучли таъсир кўрсатади, деб билдилар. Зеро, бу мусулмонларга сайланишга ва давлат органларида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи кишиларни танлашга ҳуқуқ берадиган қарор эди. Ваҳоланки, Маг буддистларининг ягона орзуси, қирғин ва қувғинлар ортидан бир кун келиб, Араканда «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик берадиган бирорта ҳам муваҳҳид мусулмон қолмаслиги эди.

Шунинг учун Маг экстремистлари ҳукуматнинг роҳанжия мусулмонларига нисбатан кўзқарашини ўзгартириб юборишига ва уларни келгинди террористлар деб қарашига сабаб бўладиган ва бунинг ортидан уларни ватандош ўлароқ таниш қарорини тўхтатадиган ёки буни номаълум муддатга кечиктириб юборадиган мана шу машъум ҳодисани ўйлаб топишди.

Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, магчилар буддистларнинг мусулмонлар камдан-кам учрайдиган Тас ва Нгук шаҳарларида мусулмонлар ўтиб қолишини кутиб туришган ва умра сафаридан келаётган, баъзилари Бирма пойтахти Рангун шаҳри аҳлидан бўлган, баъзилари Аракан пойтахти Ситуэ (Акьяб) шаҳридан бўлган бир гуруҳ мусулмон уламоларини олиб кетаётган автобусга ҳужум уюштирганлар. Адоватли маглардан юзларчаси тўпланиб, одамийликнинг ҳеч бир маъносига асло тўғри келмайдиган ваҳшийлик билан уларни калтаклаб, ўлдирганлар.

Фэсбук, Твитер, Ютуб каби интернет тармоқларида тарқалган сурат ва филмларда кўриниб турганидек, аввал у бечора уламоларнинг қўл-оёқларини боғлашган, кейин улар устига ёпирилиб, таёқлар билан юз-кўзларига уришган, юзлар қонга бўялган, кўзлар косасидан чиқиб кетган, бош суяклар синдирилган, миялар чиқиб кетган ҳолда ётганлари кўринади. Отиб ўлдиришганида ё портлатиб юборишганида ҳам бунчалар бераҳмлик қилмаган бўлишарди, деб ўйлайсиз. Аллоҳ таолодан ўша мазлумларни шаҳидлар қаторида қабул қилишини сўраймиз.

Экстремист магчилар ўз жиноятларини оқлаш учун бўҳтон ва ёлғон бир баҳонани рўкач қилишди. Эмишки, улар бу ишни бир мусулмон киши томонидан номусига тажовуз қилиб, ўлдирилган бир буддист қизнинг қасосини олиш учун қилишибди, умра сафаридан қайтаётган, кўпчилиги соч-соқолларига оқ оралаган мўйсафидлар бўлган даъватчи олимларни ўлдиришибди. Қолаверса, ўша даъватчилар қиз ўлдирилган шаҳар аҳлидан бўлмай, тасодифан ўтиб кетаётган йўловчилар бўлишган. Боз устига, улар пойтахт Рангуннинг туб аҳолиси ва гражданлиги бор бўлган, маг тилида эркин сўзловчи кишилар бўлганлар.

Ҳукумат расмийларининг позицияси ҳам жуда қизиқ, мусулмонлар зиддига буддистлар билан тиллари бирдек таассурот уйғотади. Чунки, шу ҳодиса юзасидан мусулмонлардан тўрт кишини қизга тажовуз қилиш даъвоси билан қамоққа олинган, ҳалиги бегуноҳ мўйсафидларни қийнаб ўлдирган юзлаб қотилларга қарши ҳеч қандай иш очилмаган. Бу эса иш бир қизга тажовуз масаласидан анча чуқур эканига, бу бор йўғи тартибсизликлар бошлаш ва ҳукуматнинг оқ фотиҳаси билан мусулмонларни қирғин қилиш учун кичик бир баҳона бўлганига очиқ далолат қилади.

9.06.2012 йил жума куни мўйсафид даъватчилар ўлдирилишидан ғазабга келган мусулмонларнинг ҳар қандай норозилик чиқишлари ва намойишлари олдини олиш учун армия ва полиция мусулмонларнинг кўчаларини ўраб олди, намозхонларнинг тўпланиб чиқишларини ман қилди. Ўн нафар олимларининг ваҳшиёна ўлдирилиши мусулмонлар дилида йиғилиб ётган узоқ йиллик ҳақсизлик аламларини тошириб юборди ва улар ҳам кўчаларга чиқиб, анча-мунча тартибсизликларга қўл уришди. Магчи буддистлар бу бечора халқни қирғинбарот қилиш учун айни шу фурсатни кутиб турган эди.

Кейин полиция аралашди ва шундан сўнг мусулмонлар тинчланиб, ҳамма уй-уйига тарқалиб кетди. Ҳар икки тараф аҳлига ҳар қандай норозилик ҳаракатлари қилиш тақиқлаб қўйилди. Шундан сўнг мусулмон роҳанжиялар маҳаллалари буддист полиция томонидан қаттиқ қамалга олинди. Бироқ, худди шу пайтда бунинг муқобилида, буддист магчилар тўла-тўкис эркин ҳаракатланишга қўйиб берилди. Ва улар бундан фойдаланиб, мусулмонларнинг шаҳар ва қишлоқларига босқин уюштириб, пичоқлар ва бошқа темир қуроллар воситасида уларни қирғин қилдилар ва олдиндан режалаштирилган хунрезликлар амалга оширилди. Мусулмонларни ўлдириш ва қишлоқларига ўт қўйиш ана шундай, буддист ва магчи полициячилар кўз олдида, вазиятни тинчитиш учун оғзаки чақириқлар билан кифояланган ҳукуматнинг тўла ҳаракатсизлиги остида амалга оширилди. Қирғиндан тирик қолган мусулмонлар бошлари оққан томонга қочишга тушдилар, оч-яланғоч, егулик ва ичкиликсиз, ҳалокатли кемаларда сафарга чиқиб, зўр-базўр Бангладешга етиб олдилар.

Араканлик роҳанжия мусулмонлар муаммоси БМТ, АСЕАН, Ислом Конференцияси Ташкилоти томонидан кўриб чиқилганига қарамай, ҳеч қандай асари кўринмаётир, аксинча, уларнинг аҳволи кундан кун ёмонлашиб бормоқда.

Ла илаҳа иллаллоҳ... Эй мусулмонлар, биз биродарларимизга нисбатан қай ўриндамиз, бу алам-оғриқ ва жароҳатлардан қай ўриндамиз?!!

Бизнинг динимизда худбинликка ўрин йўқ. Инсоният ўзаро ёрдам ва елкадошликка бизнинг динимизча чақирадиган бошқа бирон динни билмаган, билмайди ҳам. Бу диннинг энг катта асл-асоси жамоат ва бирлашиш, қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришдир. Биз бу юксак маънолардан қай ўриндамиз?!

Аллоҳ таоло айтади:

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни(ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).

«Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар  ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир. Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига хамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур» (Анфол: 72, 73).

Аллоҳ таоло сизу бизга Қуроъни Каримни баракотли қилсин, ундаги оятлар ва ҳикматли зикрлар билан фойдалантирсин.

Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам Аллоҳга истиғфорлар айтаман, сизлар ҳам Унга истиғфор айтингиз, У гуноҳларни кечирувчи, раҳмли Зотдир.

 

Иккинчи хутба

 

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад У зотнинг бандаси ва элчиси эканларига гувоҳлик бераман, у зотга, аҳли оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Аммо баъд...

Мазкур даҳшатли қонли фожеалар ичида, қонлар ва жароҳатлар, поймол бўлган номуслар ва минглаган қочқинларнинг аччиқ кўз ёшлари оралаб юрарканмиз, биз буларнинг ҳаммасига нисбатан қандай ўриндамиз, эй Аллоҳнинг бандалари?!

Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидан қай ўриндамиз:

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси  оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситма билан ҳозир бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир мусулмоннинг (хато-камчилигини) ёпса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг (айбини) ёпади. Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, у Аллоҳнинг ёрдамида бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Амал мавсуми келди, солиҳ амаллар карвони келиб, эшигингизни қоқиб турибди. Фурсатни асло қўлдан бой бериб қўйманг. Енг шимариш ва саховат кўрсатиш вақти, нафснинг бахиллигидан қутулиш билан Аллоҳга юзланиш фурсати келди. Кимдир куч-тоқати билан, кимдир моли билан, яна кимдир хайрли дуоси билан, яна кимдир ушбу муаммони оммавий ахборот воситаларида ёйиш ва тарқатиш билан ўз ҳиссасини қўшиб олиш фурсатидир бу. Ушбу хайрли ишдан ва умуман уммат шаънидаги ҳар қандай ишдан улушсиз қолиб кетманг.

Аллоҳ таоло айтади:

«Нега сизлар Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмаяпсизлар?! ?Ҳолбуки осмонлар ва Ернинг ворислиги ёлғиз Аллоҳники-ку (яъни оз кунда сизлар бу оламдан ўтиб кетиб, қўлларингиздаги барча мол-дунёларингиз Аллоҳга мерос бўлиб қолади-ку)! Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин ин­фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Аллоҳга қарзи ҳасана (ихтиёрий қарз, яъни Унинг йўлида хайру саҳоват) қиладиган ким бор? Бас, У зот ўша (киши)га бир неча ҳисса қилиб қайтарур ва унинг учун улуғ ажр-мукофот бўлур» (Ҳадид: 10, 11).

Эй Аллоҳ! Ислом ва мусулмонларни азиз қилгин, ширкни ва мушрикларни хор қилгин, золим ва зўравонларни Ўзинг ҳалок қилгин!

Эй Аллоҳ! Бирмадаги мусулмон биродарларимизга Ўзинг ёрдамчи ва қўллаб-қувватловчи бўлгин! Уларнинг айбларини яширгин, қўрқувларига омонлик бергин, номусларини Ўзинг сақлагин, қонларини Ўзинг ҳимоя қилгин, мусибатларига юпанч бергин!

Эй Аллоҳ! Сенга ва уларга душман бўлганларни Ўзингга ҳавола қилдик, бутпараст, мушрик буддистлар устига бало ёғдиргин!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

 

Таҳририятдан: ҳечдан кўра кеч деганларидек, бу мавзуни ўз вақтида ёритишга имкон бўлмаганди. Ўтган ҳафтада Бирмада бўлган қаттиқ ер силкиниши ва у келтирган талофатлар золим Америкага етган Сенди тўфони каби Бирмалик золимларга ҳам бир эслатмадек туюлди. Қолаверса, ўтган кунлар давомида Ғаззадаги биродарларимизга яҳудлар томонидан бўлаётган зўравонликлар бизни мазлумлар ҳақида ёзишимизга ундади.

15.11.2012.