Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ТАРОВИҲ НАМОЗИ

6679 марта кўрилган

Уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Рамазон нафл намозларини унинг фазилатига ишонган ва савобидан умид этган ҳолда ўқиса, унинг илгари қилган гуноҳлари кечирилади», деган сўзларига асосланиб, Рамазон ойида нафл намоз ўқиш бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тарғиб этилганига иттифоқ қилганлар. Яна улар Рамазондаги бу нафл намозлар Умар ибн Хаттоб жамоат ҳолатига келтирган таровиҳ намози билан адо этилишида ҳам якдил бўлганлар. Сўнг бу таровиҳ намозини уйда ўқиш афзалми ёки масжидда жамоат ҳолда ўқиш афзалми деган масалада турли фикрлар билдирилган. Жумҳур уламолар сўзлари, Абу Ҳанифа, Шофеий, Аҳмад ва баъзи Моликийлар мазҳабига кўра, таровиҳ намозини Умар ибн Хаттоб ва бошқа саҳобалар амалга оширганларидек ва мусулмонлар давомли равишда қилиб келганларидек жамоат ҳолда ўқиш афзал саналади. Чунки у Ислом динимизнинг зоҳирий шиорларидан бири бўлиб, ҳайит намозига ўхшаб кетади. Имом Таҳовий у ҳақда жиддий фикр юритиб, ҳатто: «Таровиҳ намозини жамоатда ўқиш фарзи кифоядир»,- деган эканлар.

Таровиҳ намозининг ракаатларини аниқ чегаралаб берадиган бирор очиқ-ойдин ҳужжат - оят ёки ҳадис собит бўлмаган. Имом Шавконий айтганларки: «Бу бобда собит бўлган ҳадисларнинг ҳаммаси Рамазонда таровиҳ намози ўқиш машруълиги ҳамда бу намозни жамоат ёки якка ҳолда ўқиш мумкинлигига далолат қилади. Аммо таровиҳ намози ракаатларини муайян адад билан чеклаб қўйиш ёки унга махсус суралар тиловатини хослаб қўйиш тўғрисида эса бирон бир ҳадис собит бўлмаган».

Шунинг учун ҳам салаф уламолари Рамазонда ўқиладиган таровиҳ намози ракаатларини белгилашда турли фикр билдирганлар. Муҳаммад ибн Наср Довуд ибн Қайсдан шундай ривоят қилганлар: У зот айтдилар: «Мен одамларнинг Ибн Усмон ва Умар ибн Абдулазиз амирликлари вақтида (Мадинада) 36 ракаат нафл ва уч ракаат витр ўқиганларини кўрдим».

Имом Молик айтганларки: «Таровиҳ намози бизларда (Мадинада) 39 ракаат ўқилса, Маккада 23 ракаат бўлиб қарор топди. Буларнинг ҳеч бирида ман этиш йўқдир».

Термизий айтадилар: «Ракаатлар адади хақида айтилган энг кўп миқдор таровиҳ намозини 1 ракаат витр билан 41 ракаат қилиб ўқишдир».

Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад, Молик (бир ривоятда) ва Довуд аз-Зоҳирийлар (бошқа ривоятда) таровиҳ намозини витрдан ташқари 20 ракаат ўқишни ихтиёр қилганлар. Имом Молик бунда «Муватто»да келтирган Язид ибн Румон сўзларига асосланганлар: «Одамлар Умар замонларида Рамазон ойида 23 ракаат ўқишар эди».

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: «Ҳолатлар турлича бўлганини ҳисобга олинса, ушбу ривоятларни бир-бирига мувофиқлаштириш мумкин бўлади. Эҳтимол, ракаатларнинг адади қироатнинг узун ёки енгил бўлишига боғлиқдир». Яъни, қироат узун бўлганда ракаатлар сони камаяди. Ёки аксинча, қироат қисқа бўлса, ракаатлар сони кўпаяди.

Юқоридаги сўзни Довудий ва бошқалар ҳам қатъий айтганлар. Аммо Ойша разияллоҳу анҳонинг Бухорий ва бошқа ҳадис китобларидаги «У зот Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам (тунги намозни) 11 ракаатдан оширмас эдилар», - деган сўзлари афзалликка йўйилади. Лекин бу афзаллик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўқиган намозларининг кайфиятига риоя қилиниш билангина ҳосил бўлади. Бу кайфият шуки, у зот намозни узун қироат билан ўқир эдилар. Ойша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам тунги намозни 11 ракаатдан оширмас эдилар. Аввал 4 ракаат ўқир эдилар. Сиз унинг гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг яна 4 ракаат ўқир эдилар. Сиз буларнинг ҳам гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг 3 ракаат ўқир эдилар»[1].

Лекин қироат қисқартирилганда, узун қиёмдан ҳосил бўладиган ажр ўрнини тўлдириш учун ракаатлар сонини кўпайтириш афзал ҳисобланади. Ушбу ҳолат якка ҳолда ёки жамоатга имом бўлган ҳолда намоз ўқувчи учундир. Аммо имомга иқтидо қилиб намоз ўқилган пайтда имом билан бирга намоз охиригача бирга бўлиш мустаҳаб саналади. Бунга далил беш буюк муҳаддиснинг Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларидирки, унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки, тугатгунига қадар у (имом) билан бирга намоз ўқиса, унга тун бўйи намоз ўқиб чиққандек савоб ёзилади».

Аммо таровиҳни 11 ёки 13 ракаатдан зиёда ўқиш бидъатдир, деган сўз қабул қилинмайди, у бир қанча ҳужжатлар билан рад этилади.

Биринчидан: Нафл ибодатлардаги асл қоида уларни исталган миқдорда адо этиш мумкинлигидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган феълнинг ёлғиз ўзи нафлни муайян ададга чекламайди. Балки ундаги адад ва сифатга риоя қилинганда афзалликка далолат қилади.

Иккинчидан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги нафл намозлар ҳақида сўралганларида: (таровиҳ ҳам тунги нафл намозлар сирасига киради) «Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади. Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракаат витр ўқиб ол!» - деганлар. (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Агар тундаги нафл ибодатнинг ошиб кетиши мумкин бўлмаган бирор чегараси бўлганида эди, Пайғамбар алайхиссалом уни албатта баён қилган бўлардилар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун эҳтиёж вақтида баён қилишни кечиктиришлари жоиз эмас.

Учинчидан: Таровиҳни 11 ракаатдан зиёда ўқиш саҳоба ва тобеинлардан иборат салаф уламолари томонларидан инкор этилмасдан амалда давом этиб келган. Бу нарса нафл намозларнинг ракаатларини зиёда қилиш ҳеч бир гуноҳсиз жоиз эканига уламоларнинг иттифоқ қилганликларини кўрсатади. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ҳеч қачон бидъат ва залолат устида жам бўлмайдилар.

Тўртинчидан: Зиёда қилишни бидъат дейиш умматнинг энг яхши кишилари бўлган салафларни, улар орасидаги тўрт мазҳаб имомларини бидъатчи деб айблашга олиб келади. Ҳолбуки, бу айблов шубҳасиз мункар, ёлғон ва очиқ бўҳтон сўздир.

Бешинчидан: Зиёда қилишни ножоиз дейиш ибодат эшикларидан бирини ёпиб қўяди. Зеро, инсон гоҳо ўзида ибодатга кучли рағбат ва интилиш сезади. Лекин агар ибодатни зиёда қилиш ножоиз дейилса, у ибодатларни кўнгилдагидек адо қила олмай қолади. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига хилофдир. Чунки у зот Ибн Умарнинг ибодатга бўлган интилишларини кўргач, унга кунора рўза тутишга рухсат берганлар, ваҳоланки, ўзлари кўп ҳолларда бундай қилмаганлар. Валлоҳу аълам.

Интизор кўзларга бағишлаб сурур,

Шаҳри Рамазонда балқиди ҳилол.

Муборак бу кунлар, қутлуғ бу тунлар!

Азиз диндошларим, Эй аҳли ҳалол.

Манба: www.islamnuri.com

  1. Бухорий ва Муслим ривояти.