Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Фитр закоти (рўзаи фитр) нинг ҳукмлари

5463 марта кўрилган

Муаллиф: Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Аҳмад
Аҳсодаги «ал-Имом» Дорулфунунининг Шариат Факультетида устоз
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

Ушбу рисола «Фитр закоти ва Фитр байрами-хайити ҳақидаги ҳукмлар» нинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг кўрсатмалари ва суннатларидан намуна олиш нияти билан ёзилгандир.

Фитр закотининг ҳукми:

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга биноан, фитр закотини бериш, мусулмон бўлган катта ва кичик, эркак ва аёл, озод ва қулга фарздир(1) : «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг фитр закоти бўлмиш бир соъ хурмо ёки бир соъ арпани беришни озод ва қул, эркак ва аёл, катта ва кичик мусулмонларга фарз қилдилар ҳамда уни одамлар намозга чиқишларидан аввал берилишига амр этдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Фитр закоти ҳайит куни ва ҳайитдан олдинги кечада ўзи ва оиласининг озуқа эҳтиёжидан ортиқча нарсага эга бўлган ҳар бир кишига фарз бўлади.

Унинг ўзи ва қарамоғида бўлган мусулмон хотин ва болалари номидан фитр закотини бериши фарздир. Аслида, қарамоғида бўлган кимсаларнинг ўзлари чиқаришлари яхшироқдир. Чунки бу мавзудаги хитоб, уларнинг ўзларига йўналгандир. Ҳомила учун фитр закоти бериш, шариатда далиллар бўлмагани учун, фарз эмасдир. Усмон разияллоҳу анҳу ҳақида: «У ҳомиладан ҳам фитр закоти берар эди» деб қилинган нақлнинг ривоят силсиласи, заифдир (Қаранг: «Ирвоъ»: 3 / 330).

Фитр закотининг қийматини беришнинг ҳукми.

Фитр закотининг қийматини бериш кўп уламоларнинг фатволарига кўра, жоиз эмасдир. Чунки ибодатлардаги асос – тавқифдир (яъни, ибодат Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва васаллам тарафидан қандай кўрсатилган бўлса, шундай қилиниши керак). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг бирон бир саҳобаларидан фитр закотининг қийматини берганликлари нақл қилинмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни пайдо қилган кимсанинг (бу иши) рад қилингандир»- деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фитр закотининг ҳикмати.

Фитр закотининг ҳикмати Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдаги нарсалардир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадорни айтиб қўйган беҳуда ва ҳаёсиз сўзларнинг гуноҳидан поклаш ва мискинларга таом бўлсин учун фарз қилдилар. У – ийд намозидан аввал берган кишилар учун қабул қилинган закот, ийд намозидан кейин берганлар учун эса (оддий) садақалардан биридир» (Абу Довуд ва ибн Можа қониқарли ривоят силсиласи билан нақл қилдилар).

Фитр закотининг жинси.

Фитр закотининг жинси инсонлар истеъмол киладиган буғдой, гуруч хурмо, ва бошқа озиқлардир. Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида бир соъ таомни фитр закоти қилиб берар эдик. Таомимиз эса арпа, майиз, қурут ва хурмо эди»- деди (Имом Бухорий ривояти).

Фитр закотини бериш вақти.

Фитр закотини саҳобалар каби ҳайит байрамидан бир ёки икки кун аввал берилади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг озод қилган қули Нофеъ: «Саҳобалар фитр закотини ҳайитдан бир ёки икки кун аввал берар эдилар»- деди (Имом Бухорий ривояти).

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ хам Нофеъдан саҳиҳ ривоят силсиласи билан: «Ибн Умар ҳайитдан бир ёки икки кун аввал фитр закотини берар эди»- жумлаларини ривоят қилди.

Фитр закотини беришнинг охирги вақти Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анхумлар ривоят қилган ҳадисларга кўра ҳайит намозидир.

Фитр закотининг миқдори

Фитр закотининг миқдори, ҳар бир мусулмон учун бир соъдир. «Соъ» дан мақсад эса, мадиналиклар ишлатган ўлчов бирлигидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда баён қилинганидек, ўлчовни Мадина аҳлинининг ўлчови билан қайд қилдилар: «Ўлчов-меъёр мадиналиклар ўлчов-меъёрига, вазн эса маккаликлар вазнига биноандир»- дедилар (Абу Довуд ва Насоий саҳиҳ ривоят).

«Соъ» - ўлчов бўлгани учун ҳам, фитр закотининг миқдори Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонидаги мадиналиклар «соъи» билан бўлиши керак.

Камина муҳтарам илм толибларидан бирининг ривоят силсиласини Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга боғлаган «муд» ни ўлчов бирлиги қилиб олдим ва турли таомларни у билан ўлчадим. Маълумки, бир соъ тўрт мудга тенгдир. Сўнгра, қуйидаги натижага эришдим:

Биринчи: Соъ тарози билан ўлчанмас. Чунки соънинг вазни ичига солинган нарсага қараб фарқли бўлади. Масалан: Бир соъ буғдой бир соъ гуручдан, бир соъ гуруч бир соъ хурмодан оғирликда фарқ қилади. Хурмо эса навларига қараб бир-биридан фарқ қилади. «Хузарий» нави «суккарий» навидан оғирликда фарқлидир. Ва ҳатто бир навга мансуб бўлишига қарамай, босилгани[2] қуритилганидан оғирликда фарқ қилади. Шунинг учун ҳам, бу масалада ўлчов бирлиги қилиб соъни олиш, белгиланган миқдорни аниқлашнинг энг нозик усулидир.

Иккинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатган соъ, тақрибан, 3 (уч) литру 280 (икки юз саксон) миллилитрдир.

Учинчи: Камина соъ билан ўлчанган баъзи озиқларни ҳассос (сезгир) тарозида тортиб кўрдим ва натижалар фарқли эканига гувоҳ бўлиб, қуйидаги жадвални туздим:

Озиқ тури

Бир соънинг кило миқдори

Маза гуручи

2 кг 510 гр
Пешовар гуручи 2 кг 490 гр
Миср гуручи 2 кг 730 гр
Америка гуручи 2 кг 430 гр
Қизил гуруч 2 кг 220 гр
Буғдой 2 кг 800 гр
Ёрма (крупа) дони 2 кг 380 гр
Эзилган буғдой 2 кг 620 гр
Буғдой уни 1 кг 760 гр
Арпа 2 кг 340 гр
Босилмаган «Халос» хурмо 1 кг 920 гр
Босилган «Халос» хурмо 2 кг 673 гр
Босилмаган «Суккарий» хурмо 1 кг 850 гр
Босилган «Суккарий» хурмо 2 кг 500 гр
Босилмаган «Хузарий» хурмо 1 кг 480 гр
Босилган «Хузарий» хурмо 2 кг 360 гр
Қурутилган «Рўсан» хурмо 1 кг 680 гр
Босилган аралаш хурмо 2 кг 800 гр

Мен шуни эслатиб ўтмоқчиманки, бу ўлчовлар тақрибийдир. Чунки озиқларни соъ билан ўлчаш, мазкур диққат билан амалга ошмайди. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари халқ ичида ёйилиши ва одамларнинг ўлчовига айланиши керак.

Фитр закотини олишга лойиқ одамлар

Фитр закотини олишга лойиқ одамлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда: «... мискинлар учун озиқдир...» дейилганидек, фақир ва мискин мусулмонлардир.

Эслатма:
  • Фақир ва мискин бўлмаган кимсаларга фитр закотини бериш, баъзи кишиларнинг закот олишга лойиқ бўлмасалар-да, қариндошлари, қўшниларига бериш ёки ўзаро бир-бирлари билан закот алмашишлари, ёки ҳар йили муайян бир оилага, у оиланинг закот олишга лойиқ ёки нолойиқ эканига қарамай бериш, хатодир.
  • Фитр закотини бериш ери, фитр закоти бераётган одамнинг ҳозир яшаётган еридаги мусулмон фуқаролардир. Бошқа ердаги мусулмонларга олиб бориб берилса ҳам бўлаверади. Чунки бунинг асл ҳукми – рухсатдир. Фитр закотини бошқа ерларга олиб бориб беришнинг ҳаром эканига бирор далил йўқдир.

[1] - Бу ерда шуни ҳам таъкидламоқчимизки, ҳанафий мазҳабига кўра фитр закоти бериш вожиб ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабининг муассиси Имом Нўъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ фарз эканига қатъий далиллар бўлмаган ҳукмларни «вожиб» деб номлаганлар.

[2] - Одатда хурмо ҳар-хил йўллар билан сақланади. Шулардан бири хурмо ўта қуриб кетмасидан аввал тунука, пластик идишлар ёки селлофан халталарга, ораларида хаво қолмайдиган даражада босиб солинади. Буни босилган – прессланган дейлади.

ptd