Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Биринчи ўн кунлик ўтгандан кейин

3822 марта кўрилган

Мишъал ибн Абдулазиз ал-Фаллоҳий
Арабчадан Абу Закария ал-Маданий ўгирди.

Мана, Рамазоннинг биринчи ўн кунлиги ҳам ўтиб кетди. Мана шу видолашув асносида қалбни ўртаб турган бир неча саволлар бор. Бу кунлар ўз саҳифаларида бизнинг фойдамизга нималарни сақладию, зараримизга нималарни сақлади экан?

Саволларнинг биринчиси: Мана шу диннинг ғами ташвишларимизнинг қанчасига тўғри келади? Биз у учун яшаймизми? Ёки ўзимиз ва шахсимиз учун яшаймизми? У учун қанча ҳаракат қиламиз? Қанча ғамимиз дин учун? Ҳаёт кечириш, яшашда инсон ўзидан бошқа барча махлуқотлар билан муштаракдир, улар ўртасидаги фарқ ҳимматлар олий бўлганда, мақсадлар буюклашгандагина вужудга келади. Иккинчи ўн кунликнинг аввалида менинг ва сизнинг насибамиз Аллоҳнинг каломида зикр қилинган «Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар.» (яъни, жиҳодга чиқмадилар) кишиларнинг ҳолига ўхшаб қолмаслигини умид қиламан.

Биринчилар маррага етиб бўлдилар, тарих бизга ўз саҳифаларида Бакр ибн Абдуллоҳнинг сўзларини сақлаб қўйибди: "Ким замонамиздаги энг илмли кишига қарамоқчи бўлса Ҳасан Басрийга қарасин, биз ундан илмлироқ кимсани кўрмадик. Ким замонамиздаги энг тақволи кишига қарамоқчи бўлса, Ибн Сийрийнга боқсин, у баъзи ҳалол нарсаларни гуноҳ бўлишидан қўрқиб тарк қиларди. Ким замонамиздаги энг ибодатли кишига боқмоқчи бўлса, Собит ал-Бунонийга қарасин, биз ундан кўра ибодатлироқ кишини учратмадик. Ким замонамиздаги энг зеҳнли, пайғамбар ҳадисини эшитганидек айтиб берадиган кишини кўрмоқчи бўлса, Қатодани кўрсин." Қани энди, сиз билан биз ҳам ўшалардан биттаси бўлиб қолсак! Бизга нақл қилингани уларнинг кундалик ҳолатлари эди. Улар Рамазонда қандай бўлган эканлар-а?!

Яна бир савол такрор, такрор келади... Рамазон кириб келган кунлардаги севинч ҳарорати ҳали ҳам борми? Қалбларимиз бу ойни улуғламоқдами? Унинг боҳордек кунларини қадрламоқдами? Ёки шуурларимиз хайрларга бой замонда аввалгидек сўниб қолдими? Ибодатлар онида заифлашиб қолдими? Салаф солиҳларимизни Аллоҳ раҳм айласин, уларнинг ҳаёти қисса қилинса, ҳудди хаёлий нарсаларга ўхшаб кетаверади. Улар ҳақида тарих шундай дейди: Авзоий айтади: "Саид ибн Мусаййибга хос бир фазилат бор эди, биз уни бошқа тобеинларда бўлганини билмаймиз. Қирқ йил давомида бирон намозда жамоатдан қолмаган, шундан йигирма йилида одамларнинг елкаларини кўрмаган" (яъни, биринчи сафда намоз ўқиган).

Масруқнинг аёли айтади: "Аллоҳга қасам, Масруқ намозда узоқ туриши боис оёқлари шишмаган ҳолда бирон кун тонг оттирган бўлса. Мен унга раҳмим келиб, орқасида йиғлаб ўтирардим, агар тун узайиб кетганидан чарчаб қолса, ўтириб намоз ўқирди, лекин намозни тарк қилмасди. Намозидан бўшаган пайт кучсизланганидан ҳудди туя эмаклагандек эмаклаб қоларди."

Абу Муслим айтади: "Агар мен Жаннатни ёки Дўзахни кўз ўнгимда кўрсам, кўпроқ амал қилиш ҳаёлимга келмайди. Агар менга Жаҳаннам қизиб бўлибди дейилса, амалимни зиёда қила олмайман." У яна шундай дерди: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари биздан Расулуллоҳга ўзиб кетганмиз деб ўйлайдиларми? Аллоҳга қасам, мен ул зотга етишишда уларнинг орасига сиқилиб, тиқиламан, токи улар ўзларидан кейин мард кишиларни қолдирганларини билсинлар."

Мана шундай ажойиб хабарлар соясида, айтингчи, қанча намозлар жамоатда ўқилмай зое бўлди? Қанча нафл ибодатлар "зарур" ишлар туфайли йўқ бўлди? Айтингчи, қанча биродарларнинг гўштларини чайнадик? Кўзларимиз ҳаромларга қараб, бизга қанча хиёнат қилди? Оёқларимиз қанча гуноҳ қадамларини ташлади? Холиқимиз ва ўзимиз ўртамиздаги қанчадан қанча пардаларни йиртиб ташладик! Эй Аллоҳ, хатоларимизни кечир, солиҳ бандаларингга инъом этганинг Тўғри Йўлингга бошла!

Такрорланаётган саволлардан бири: Ҳой, даъватчилар, мураббийлар - барака топкурлар- қани менга фақат Рамазон ойида жамиятимиз ва динимизга тақдим қилган хизматларингизни санаб беринг-чи! Сиз динингизни намойиш қилишда қанчалар муваффақиятга эришдингиз, сотувчи молини қанчалар чиройли намойиш қилса, шунчалик фойда қилади. Сизлар динингизни чиройли йўллар билан кўрсатишга ҳақлироқсиз. Жамиятга нима тақдим қилдингиз, маҳалла масжидида, қўни қўшниларга, қариндошларга хуллас калом сизнинг яхшилигингизга энг ҳақли кишиларга нима бердингиз? Саволлар такрорланаверади, бу саволларга жавоб бериш учун Рамазон энг қулай фурсат эмасми? Мен шундай бўлишини умид қиламан. Мен сиздан истайдиган нарса, эй азиз биродарим, ким бўлишингиздан қатъий назар, сиз ўзингизни даъватчи, мураббийлар карвонидан чиқариб олманг. Сиз қандай шароитда яшаманг Исломга даъват шахсий масъулиятдир. Биз масъулиятдан қочишга устаси фаранг бўлганимиз ҳолда, қўлимиздан тутиб, бу бепоён чўлда йўқотиб қўйган йўлимизга солиб қўядиган бир мушфиққа муҳтожмиз. Абу Исҳоқ ал-Фазорий дейдилар: "Мен Авзоий ва Саврийларнинг мислини кўрмадим. Авзоий ҳалқ билан бирга эди. Саврий эса хос кишилар билан эди. Уммат учун улардан бирини танлаш ихтиёри менга берилса эди, Авзоийни танлаган бўлардим."

Сўзимиз сўнггида шуни айтамиз: Биринчи ўн кунлик кетиб бўлди, агар биз унда сусткашлик қилган бўлсак, оҳ-воҳ, йиғи-сиғи фойда бермайди. Рамазондан қолгани кетганидан кўпроқ, Аллоҳга яхшилигимиз ва жиддийлигимизни кўрсатиб қўйишга ҳали вақт бор. Шундай экан, энди биз ўтгандаги дангасаликлар, тил ва аъзоларимиз билан қилиб қўйган хатоларимизни такрорламасликка азму қарор қилайлик. Ойнинг охиригача бормизми ёки йўқ, буни Ёлғиз Аллоҳ билади.

Эй парвардигор, барча муъмин, мусулмонларни Муборак Рамазон ойининг қолган кунларида солиҳ амаллар қилишларига муваффақ айла, улардан тутган рўзалари, адо этган намозлари ва тиловати Қуръонларини қабул эт! Ё арҳамар роҳимийн!