Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳид китоби

13989 марта кўрилган

Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал-Фавзон
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Муқаддима

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

Бу китоб тавҳид мавзусида бўлиб, уни мухтасар шаклда ва иборалари енгил бўлишига ҳаракат қилдим. Уни буюк алломалар, хусусан шайхулислом Ибн Таймия, аллома Ибнул Қоййим, Муҳаммад ибн Тамимий ва унинг шогирдлари бўлмиш муборак даъват имомлари китобларидан иқтибос қилдим.

Шубҳасиз, исломий ақида илми энг асосий илм бўлиб, амаллар дуруст, Аллоҳ ҳузурида мақбул ва ўз эгаларига фойдали бўлиши учун бу илмни ўрганиш, ўргатиш ва амал қилишга қаттиқ аҳамият бериш керак. Хусусан, бугунгидек динсизлик, тасаввуф ва таркидунёчилик, мозорларга сиғиниш, пайғамбаримиз суннатларига зид бўлган бидъатлар каби ҳар хил оқимлар кенг тарқалган замонда яшаб турар эканмиз, унинг аҳамияти янада яққолроқ кўринади. Бу оқимлар ғоят хатарли бўлиб, мусулмон киши улар қаршисида Китобу Суннат ва салафи солиҳ йўллари асосига қурилган соғлом ақида қуроли билан қуролланган бўлиши керак. Акс ҳолда бу адаштирувчи оқимлар уни ўз домига тортиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу эса мусулмон фарзандларига соғлом ақидани асл манбаларидан ўргатишга эътибор беришни талаб қилади.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли байти ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Биринчи боб: Башарият ҳаётидаги йўлдан оғиш, куфр, динсизлик, ширк ва нифоқ тарихига бир назар

У қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

Биринчи бўлим: Башарият ҳаётидаги оғиш;

Иккинчи бўлим: Ширк – таърифи ва турлари;

Учинчи бўлим: Куфр – таърифи ва турлари;

Тўртинчи бўлим: Нифоқ – таърифи ва турлари;

Бешинчи бўлим: Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадликнинг қисмлари ва ҳукмлари билан ҳар бирининг ҳақиқатининг баёни.

Башарият ҳаётидаги оғиш

Аллоҳ таоло халқларни Ўзининг ибодати учун яратди ва бунда уларга ёрдам берадиган ризқларни муҳайё қилиб қўйди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Ваз-Зариёт: 56-58).

Инсонни ўз фитратига – табиий хилқатига қўйилса, у Аллоҳнинг илоҳлигига иқрор бўлувчи, Аллоҳни яхши кўрувчи ва Унга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қилувчи бўлади. Бироқ, инсон ва жинлардан иборат шайтонларнинг алдаш мақсадида жимжимадор сўзлар билан васваса қилиб, чиройли кўрсатадиган нарсалар уни бузади ва тўғри йўлдан оғдириб юборади. Зотан, тавҳид инсон табиатига ўрнатилган, ширк эса аслида унга бегона ва келгинди нарсадир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқат (Исломда бўлиш) ни сақланг! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас» (Рум: 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир туғилган гўдак фитрат (Ислом дини) да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий ё насроний ё мажусий қилади» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Демак, тавҳид одамзотнинг қон-қонида бор нарсадир.

Одам алайҳиссалом ва у зотдан кейин келган зурриётлари даврида узоқ асрлар мобайнида дин – Ислом эди. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213).

Ширк ва соф ақидадан оғиш биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссалом қавмида содир бўлди. Ул зот пайғамбарларнинг энг биринчиси бўлдилар. «Биз сизга, Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳй қилганимиздек ваҳй қилдик» (Нисо: 163)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ўртасида ўн аср ўтган, барчаси Исломда эди».

Ибнул Қоййим «Иғосатул-лаҳфон» номли асарининг 2/102- бетида: «Бу ҳақдаги энг тўғри сўз шу, зеро Убай ибн Каъб қироатида мазкур оят: «Сўнг ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач, Аллоҳ хушхабар элтувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юборди» деб ўқилади (Бақара: 213). «(Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар» (Юнус: 19) ояти ҳам буни қувватлайди» дейди.

Яъни, пайғамбарлар юборилишининг сабаби – халқлар аввалда ўзлари амал қилиб келган ҳақ диндан чиқиб кетишлари бўлди.

Худди шунга ўхшаш, араблар ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг динида бўлган эдилар. Бир давр келиб, Амр ибн Луҳай ал-Хузоъий номли кимса у зотнинг динларини ўзгартириб, араб ерларига, хусусан Ҳижозга бут-санамларни олиб кирди, шундан сўнг Аллоҳдан ўзгага сиғинишлар бошланди. Ушбу муқаддас диёрда ва унинг атрофларида ширк кенг ёйилди, шундан сўнг Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди ва у зот одамларни тавҳидга, Иброҳимнинг миллатига даъват этдилар, Аллоҳ йўлида ҳақиқий курашдилар, охир-оқибат тавҳид ақидаси ва Иброҳимнинг миллати қайтиб келиб, бутлар синдирилди. Аллоҳ шу билан динни камолига етказди ва бутун оламга Ўзининг неъматини мукаммал қилди.

Бу умматнинг аввалидаги энг афзал авлодлар айни шу манҳаж устида яшаб ўтдилар. Улардан кейинги авлодларда жаҳолат ёйилди, бошқа динларга мансуб бегона фикрлар сизиб кирди, залолатга чорловчилар сабабли умматнинг кўп қисмига ширк қайтиб келди. Азиз-авлиёларни улуғлаш, уларга муҳаббат қўйиш кўринишида қабрлар зиёратгоҳларга айлантирилди, сағаналар бино қилинди. Дуо, мадад сўраш, уларга атаб назр ва қурбонликлар қилиш каби ҳар хил ибодат турлари билан уларни Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган "бут"ларга айлантирилди. Ширкни «солиҳларни васила қилиш», «уларга муҳаббат изҳор қилиш» деган исмлар билан исмладилар, буни уларга нисбатан ибодат деб санамаймиз, деб даъво қидилар. Ҳолбуки, аввалги мушрикларнинг сўзлари ҳам айни шундай бўлганини унутдилар: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз», (дейдилар)» (Зумар: 3).

Башариятда қадимда ҳам, ҳозирда ҳам шу қабилдаги ширк содир бўлиб келгани ҳолда улардан кўплари рубубият тавҳидига иймон келтирадилар, фақат ибодатлардагина ширк келтирадилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).

Раб таолонинг борлигини Фиръавн, худосиз даҳрийлар ва ҳозирги даврдаги коммунистлар каби жуда озчиликдан бошқалар умуман инкор қилмаганлар. Уларнинг инкори манмансираш бобидан бўлиб, аслида ич-ичларида У зотнинг борлигига иқрор бўлишга мажбур эдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, уларни (Аллоҳнинг Мусога берган мўъжизаларини) инкор этдилар» (Намл: 14).

Ақллари тан олардики, ҳар бир махлуқ учун бир холиқ-яратувчи бўлиши, ҳар бир мавжудни вужудга келтирувчиси бўлиши зарур. Ўта аниқ ва мукаммал қурилган бу борлиқ низомини бошқариб туриш учун доно, қудратли ва билимдон зот бўлиши зарур. Ким буни инкор қилса, ё эсини еб қўйган аҳмоқ ё кибр-ҳавоси ақлига ғолиб келган ақлсиз бўладики, бундай кимсаларга эътибор берилмайди.

Ширк: таърифи, турлари

а) Ширкнинг таърифи:

Ширк – Аллоҳ таолога илоҳлик хусусиятлари (бундан кейин "улуҳийят" дейилади) ва роб (тарбияткунанда) лик хусусиятлари (рубубийят)да шерик исбот қилишдир. Кўпинча ширк улуҳийятда бўлиб у Аллоҳга қўшиб бошқага ҳам дуо қилиш ёки қурбонлик, назр, қўрқиш, умид қилиш, муҳаббат қўйиш каби Аллоҳга қилиниши лозим бўлган ибодат турларини Ундан ўзгага йўналтиришда намоён бўлади. Ширк гуноҳлар ичида энг каттаси бўлиб, бунинг бир неча сабаблари бор:

1) Чунки, у улуҳийят хусусиятларида махлуқни холиққа ўхшатишдир. Ким Аллоҳга бировни шерик қилса, уни Унга ўхшатган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13). Зулм – бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишдир. Ким Аллоҳдан бошқага ибодат қилса, у ибодатни ўз ўрнидан бошқа (ноўрин) жойга қилган ва уни нолойиқ бўлган томонга буриб юборган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир;

2) Аллоҳ таоло ширкдан тавба қилмаган одамни кечирмаслигини хабар берган: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48);

3) Аллоҳ таоло мушрикка жаннатни ҳаром қилганини, у жаҳаннамда абадий куяжагини хабар берган: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72);

4) Ширк барча қилинган яхши амалларни бекор қилади. Аллоҳ таоло деди: Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Яна деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65);

5) Мушрикнинг қони ва моли ҳалолдир. Аллоҳ таоло деди: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим. Агар уни айтсалар, мендан қонларини ва молларини сақлаб қоладилар, ҳақли ўринлар бундан мустасно» (Бухорий ва Муслим ривоятлари);

6) Ширк - гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш...», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Аллома Ибнул Қоййим «Алжавабул кафий» китобининг 109 - бетида ёзади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хабар берадики, халқ (яратиш) ва амр (буюриш)дан мақсад Аллоҳ таоло исм ва сифатлари билан танилиши, шериксиз ёлғиз Ўзига ибодат қилиниши ва одамлар адолатни барпо қилишларидир. У – осмонлар ва ерни тутиб турган адолатдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло одамлар адолатни барпо қилишлари учун пайғамбарларини юборгани ва китобларини туширганини хабар берди. Адолатнинг энг каттаси эса – тавҳиддир. У адолатнинг боши ва асосидир. Ширк эса зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

Демак, ширк зулмларнинг энг қаттиғи, тавҳид эса адолатларнинг энг каттасидир. Нима нарса мана шу мақсудга қаттиқ зид келар экан, у гуноҳларнинг энг каттасидир... Ширк бу мақсудга мутлақо зид бўлгани учун гуноҳ кабираларнинг энг улкани бўлди. Аллоҳ ҳар бир мушрикка жаннатни ҳаром қилди, унинг қонини, молини, аҳлини тавҳид аҳлига ҳалол қилди, Унга бандаликни бажо келтиришмагани боис уларни қул қилишга рухсат берди, мушрикнинг ҳеч бир амали Унинг ҳузурида мақбул бўлмайди, У мушрик учун қилинган шафоатни қабул қилмайди, охиратда унинг бирон бир дуосини ижобат қилмайди ва бирон умидини рўёбга чиқармайди. Зеро, мушрик Аллоҳни танимайдиган жоҳилларнинг энг жоҳилидирки, Унга махлуқини баробар билди. Бу эса ўтакетган жаҳолатдир. Шунингдек – гарчи мушрик воқеда Раббига зулм қилмаган ва ўз жонига зулм қилган эса-да – бу унинг тарафидан содир этилган энг катта зулм ҳамдир.

7) Ширк – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини ундан пок санаган нуқсон ва айбдир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ Ўзини ундан поклаган нарсани У зотга исбот қилган бўлади. Бу ўта саркашлик ва Аллоҳга қаттиқ қарши чиқишдир.

б) Ширкнинг турлари:

Ширк икки хил:

Биринчи: Эгасини диндан чиқарадиган, тавба қилмасдан ўлса абадий дўзахда қолдирадиган катта ширк. У – ибодат турларидан бирортасини Аллоҳдан бошқага йўналтиришдир. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш, Аллоҳдан ўзгага – хоҳ қабрларга, хоҳ жин ва шайтонларга бўлсин – қурбонлик ва назрлар қилиш, вафот этиб кетган кишиларнинг ёки жин ва шайтонларнинг бирон зиён-заҳмат етказишлари ёки касал қилиб қўйишларидан қўрқиш, ҳозирда азиз-авлиёларнинг мозорлари олдида қилинаётганидек ҳожатларни ўташ ва мусибатларни аритиш каби Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларни Ундан ўзгадан умид қилиш каби. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).

Иккинчи: Диндан чиқармайдиган, лекин тавҳидни нуқсонли қиладиган кичик ширк бўлиб, у катта ширкка олиб боради. У ҳам икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Ошкора ширк, у сўз ва иш-ҳаракатлардан иборат.

Сўзларга мисол:

Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса кофир ва мушрик бўлади» дедилар (Термизий ривояти).

Аллоҳ хоҳлади ва сиз хоҳладингиз» дейиш. Бир одам шундай деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Мени Аллоҳга тенглаштирдингми?! Фақат Аллоҳ ўзи хоҳлади дегин», дедилар (Насоий ривояти).

«Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда эди» дейиш.

«Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа», «Аллоҳ бўлмаганида, сўнгра фалончи бўлмаганида» дейиш дурустдир. Чунки, «сўнгра» боғловчиси орада бир мунча масофа билан бирин-кетинликни англатади ва банданинг истагини Аллоҳнинг истагига тобеъ эканини билдиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 29). «Ва» боғловчиси эса мутлақ биргаликни ва шерикликни ифодалайди, тартиб ва кетма-кетликни англатмайди. Масалан: «Мен учун фақат Аллоҳ ва сен борсан», «Бу Аллоҳнинг баракотидан ва сенинг баракотингдан» деганга ўхшаш.

Иш-ҳаракатларга мисол:

Балони аритиш ё даф қилиш учун ҳалқа ва ип тақиб олиш, кўз тегиши ва бошқа нарсалардан сақланиш учун туморлар тақиш каби. Агар мана шу нарсалар балони даф қилишга сабаб деб эътиқод қилса, кичик ширк бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло буларни сабаб қилмаган. Аммо агар мана шу нарсаларнинг ўзи балони аритади ё даф қилади деб эътиқод қилса, катта ширк бўлади. Чунки, бу Аллоҳдан бошқага боғланиш ҳисобланади.

Иккинчи қисм: Махфий ширк бўлиб, у хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширкдир. Риё ва сумъа – яъни, Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган бирон амални қилиб, у билан одамларнинг мақтовига эришишни исташ бунга мисол бўлади. Масалан, бировлардан мақтов эшитиш учун намозини чиройли ўқиш ёки садақа бериш ёхуд одамлар эшитиб, уни мақташлари учун зикрлар айтиш ва чиройли овозда тиловат қилиш каби. Агар амалга риё аралашса, у амал бутунлай йўққа чиқади. Аллоҳ таоло айтади. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф 110).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг қўрқадиган нарсам кичик ширкдир», дедилар. «Эй, Расулаллоҳ кичик ширк нима?» деб сўрадилар. «Риё» деб жавоб бердилар (Аҳмад ва Табароний ривоятлари).

Дунёвий тама илинжида амал қилиш – фақат мол топиш учун ҳаж қилиш ё азон айтиш ё имомлик қилиш каби. Ёки мол топиш учун шаръий илм таҳсил қилиш ё жиҳод қилиш ҳам шу жумладандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динорнинг, дирҳамнинг, латта-путтанинг қули хор бўлсин, берилса рози бўлади, берилмаса жаҳли чиқади» (Бухорий ривояти).

Имом Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Алжавабул кафий» нинг 115- бетида айтади: «Хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширк соҳили кўринмайдиган улкан бир денгиздир, камдан-кам одам ундан нажот топади. Кимда-ким амали билан Аллоҳдан бошқани кўзласа, У зотга қурбат ҳосил қилишдан бошқа нарсани ният қилса сўнгра мукофотни Ундан талаб қилса ният ва истакларида ширк келтирган бўлади. Ихлос – банда феъллари, сўзлари, ният ва истакларини холис Аллоҳ учун қилишдир. Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва ҳеч кимдан ундан бошқасини қабул қилмайдиган ҳанийфия – Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати шудир, Исломнинг ҳақиқати шудир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ким ундан юз ўгирса, ақлсиз кимсалардан бўлади».

Юқорида ўтган гаплардан хулоса шуки, катта ва кичик ширк ўртасида қуйидаги фарқлар бор:

1) Катта ширк диндан чиқаради, кичик ширк диндан чиқармайди.

2) Катта ширк ўз эгасини дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади, кичик ширкни қилган одам дўзахга кирса, унда абадий қолмайди.

3) Катта ширк барча яхши амалларни бекорга чиқаради, кичик ширк ундай эмас, балки риё ҳамда дунёвий ғараз учун қилинган амал ўзи аралашган амалнигина ҳабата қилади.

4) Катта ширк ўз эгасининг қони ва молини ҳалол қилади, кичик ширк ҳалол қилмайди.