Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

078. Такбир айтилгандан кейин имом бирор ҳожат сабабли намозни кечиктириши жоизлиги

3478 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلاةُ فَسَوَّى النَّاسُ صُفُوفَهُمْ فَخَرَجَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَقَدَّمَ وَهُوَ جُنُبٌ ثُمَّ قَالَ: «عَلَى مَكَانِكُمْ فَرَجَعَ فَاغْتَسَلَ ثُمَّ خَرَجَ وَرَأْسُهُ يَقْطُرُ مَاءً فَصَلَّى بِهِمْ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Намозга такбир айтилиб, одамлар сафларини тўғрилашди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб, олдинга ўтдилар. Лекин у киши жунуб ҳолда эканлар, бизга: «ўрнинглардан қимирламанглар» дедилар-да, ортларига қайтиб, ғусл қилдилар. Сўнг бошларидан сув томиб турган ҳолатда чиқиб бизга имом бўлиб намоз ўқидилар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلاةُ فَعَرَضَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَحَبَسَهُ بَعْدَ مَا أُقِيمَتْ الصَّلاةُ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Намозга такбир (иқома) айтилди, бир киши такбирдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўхтатиб иқоматдан кейин у зотни ушлаб қолди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلاةُ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُنَاجِي رَجُلاً فِي جَانِبِ الْمَسْجِدِ فَمَا قَامَ إِلَى الصَّلاةِ حَتَّى نَامَ الْقَوْمُ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Намозга такбир (иқома) айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса масжиднинг четида бир киши билан гаплашиб тургандилар. Намозга турганларида, қавм ухлаб қолганди.

Шарҳ:

Гоҳо намозга такбир айтилгандан кейин имом баъзи ҳожатлар билан намозни бошлашга кечикиши мумкин, худди юқорида зикр қилинган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳосил бўлган воқеаларга ўхшаш. Лекин бирон ҳадис ёки ривоятларда у киши намозга кечиккандан кейин намозга янгидан такбир айтилгани ривоят қилинмаган.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Имом намозга такбир айтилгандан кейин бирон ҳожати чиқиб, кечикиши жоиз.
  2. Имом ҳожатини ўтаб келгандан кейин такбирни янгидан айтилмайди.