Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

069. Жамоат намозининг вожиблиги

3483 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَثْقَلَ صَلاةٍ عَلَى الْمُنَافِقِينَ صَلاةُ الْعِشَاءِ وَصَلاةُ الْفَجْرِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لاتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا وَلَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ بِالصَّلاةِ فَتُقَامَ ثُمَّ آمُرَ رَجُلاً فَيُصَلِّيَ بِالنَّاسِ ثُمَّ أَنْطَلِقَ مَعِي بِرِجَالٍ مَعَهُمْ حُزَمٌ مِنْ حَطَبٍ إِلَى قَوْمٍ لا يَشْهَدُونَ الصَّلاةَ فَأُحَرِّقَ عَلَيْهِمْ بُيُوتَهُمْ بِالنَّارِ (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мунофиқларга энг оғир намоз – ҳуфтон ва бомдод намозларидир. Агар бу икки намозда қандай савоб борлигини билишганида эди, эмаклаб бўлса-да келган бўлишар эди. Хоҳлардимки, буюрсам, намозга такбир айтилса, сўнгра бир кишини одамларга имом бўлиб намоз ўқиб беришга буюрсам, - ўзим эса – боғ-боғ ўтин кўтарган одамлар билан биргаликда жамоат намозига келмаётган кишиларнинг уйларини ёқиб юборсам»,

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ أَعْمَى فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّهُ لَيْسَ لِي قَائِدٌ يَقُودُنِي إِلَى الْمَسْجِدِ فَسَأَلَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُرَخِّصَ لَهُ فَيُصَلِّيَ فِي بَيْتِهِ فَرَخَّصَ لَهُ فَلَمَّا وَلَّى دَعَاهُ فَقَالَ هَلْ تَسْمَعُ النِّدَاءَ بِالصَّلاةِ قَالَ نَعَمْ قَالَ فَأَجِبْ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир кўзи ожиз киши келиб: «Ё Расулаллоҳ, мени масжидга етаклаб келадиган одамим йўқ» деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга рухсат бердилар. Эндигина бурилиб кетаётган эди, ул зот уни чақирдилар ва: «Намозга айтиладиган азонни эшитасизми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деб жавоб берди. «Ундай бўлса ижобат қилинг (яъни, жамоатга келинг)», дедилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بنِ مَسعودٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَلْقَى اللَّهَ غَدًا مُسْلِمًا فَلْيُحَافِظْ عَلَى هَؤُلاءِ الصَّلَوَاتِ حَيْثُ يُنَادَى بِهِنَّ فَإِنَّ اللَّهَ شَرَعَ لِنَبِيِّكُمْ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُنَنَ الْهُدَى وَإِنَّهُنَّ مِنْ سُنَنِ الْهُدَى وَلَوْ أَنَّكُمْ صَلَّيْتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ كَمَا يُصَلِّي هَذَا الْمُتَخَلِّفُ فِي بَيْتِهِ لَتَرَكْتُمْ سُنَّةَ نَبِيِّكُمْ وَلَوْ تَرَكْتُمْ سُنَّةَ نَبِيِّكُمْ لَضَلَلْتُمْ وَمَا مِنْ رَجُلٍ يَتَطَهَّرُ فَيُحْسِنُ الطُّهُورَ ثُمَّ يَعْمِدُ إِلَى مَسْجِدٍ مِنْ هَذِهِ الْمَسَاجِدِ إِلا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِكُلِّ خَطْوَةٍ يَخْطُوهَا حَسَنَةً وَيَرْفَعُهُ بِهَا دَرَجَةً وَيَحُطُّ عَنْهُ بِهَا سَيِّئَةً وَلَقَدْ رَأَيْتُنَا وَمَا يَتَخَلَّفُ عَنْهَا إِلا مُنَافِقٌ مَعْلُومُ النِّفَاقِ وَلَقَدْ كَانَ الرَّجُلُ يُؤْتَى بِهِ يُهَادَى بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ حَتَّى يُقَامَ فِي الصَّفِّ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган асарда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолатда йўлиқишни истаса, (азон айтилиб) чақирилаётган мана бу намозларни (масжидда жамоат билан) адо этсин. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга ҳидоятга бошловчи йўлларни берган, намозлар ҳам ҳидоятга бошловчи йўллардан. Агар сизлар жамоатга келмайётган анави кимсага ўхшаб намозларни уйларингизда ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз суннатини тарк қилсангиз, шубҳасиз, адашиб кетасиз. Қай бир киши таҳорат олса ва таҳоратини чиройли қилса, сўнг масжидлардан биронтасига йўл олса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир босган қадамига биттадан савоб ёзади, бир даража юксалтиради ва битта гуноҳини ўчиради. Дарҳақиқат, бизнинг давримизда жамоат намозидан фақатгина мунофиқлиги маълум бўлган мунофиқларгина қолар эди. Ҳатто, бир (касал) одамни икки киши суяб олиб келишиб, сафга тургизиб қўйишарди».

Шарҳ:

Намозни жамоат билан ўқишда улкан манфаатлар борлиги учун Аллоҳ таоло жамоат намозини вожиб қилди. Жамоат намозининг вожиблигига ва уни масжидларда адо этиш вожиб эканига далолат қилувчи ҳадислар жуда кўп. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон Аллоҳ ва Расулининг амрига итоат қилиб ва мунофиқларга ўхшаб қолмаслик учун намозларни жамоат билан масжидларда адо этишга қаттиқ аҳамият бериши лозим.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Эркак кишилар учун жамоат намози вожиб.
  2. Жамоат намозига чиқмаслик мунофиқларнинг аломатларидан ҳисобланади.